banner banner banner
Миллиардернинг хотиралари
Миллиардернинг хотиралари
Оценить:
 Рейтинг: 0

Миллиардернинг хотиралари


Рокфеллернинг юзага чиқишидаги илк даврларда қанчадан-қанча босимлар, қанчадан-қанча аёвсиз ҳақоратлар бўлмади! Масалан, унинг одамлари (тўғри, фақат тасвирларда) осилган, кейинроқ трестга тегишли фирмаларнинг цистерналари бурғуланган. Рокфеллернинг атоқли номи қандай маломатларга қолмади! Ажойиб жиҳати шундаки, қандай номаълум душман билан учрашишига тўғри келмасин, қўй терисини ёпинган бу душман бўрига нисбатан қанчалик ғазаб билан шайланган бўлмасин, жаҳл отига минган бу душман Рокфеллернинг ажойиб ва очиқ муносабати туфайли дўст ва мухлисга айланарди. Яқинда газета саҳифаларида бир хонимнинг мактуби пайдо бўлди, аёл хатда “фарзандимни очликдан ўлишдан сақлаб қолиш учун бу қонхўрдан пул олмайман” деб таъкидлаган. Энди эса у қуйидагича иддао қиляпти: “Қўй терисини ёпиниб олган бўридан шубҳаланиш учун асос бўладиган бир ҳаракатни пайқаш учун, кундан-кунга Рокфеллерни кузатиб бордим. Барчаси бекор! Бу кекса, меҳрибон, ҳиссиётлари самимий инсон менга нисбатан ҳамиша хотиржам, адолатли, нима бўлишидан қатъи назар, адолатли, кўк рангдаги икки ёрқин кўзлари билан табассум қилишга тайёр бўлди, мутлақ ошкоралик билан ўзининг ўтмиши, бугунги кунгача босиб ўтган йўли ҳақида гапириб, турли хил саволларга бажонидил жавоб берди”.

Ҳозирги замоннинг мафкуравий оқимида Рокфеллер ҳарактеристикаси биз учун аниқ бўлмаслиги мумкин, у ҳали ҳам ҳаёт бўлса-да, ҳар қандай бўёқдан холи бу каби камсуқум картиналар, мемуарларда – фақат шу ерда унинг ажойиб шахсияти ва буюк ишлари билан танишамиз ва, эҳтимол, унинг бадавлатликкача бўлган йўлини билиб олармиз.

    Dr. A. Hn.

СЎЗБОШИ

Ишонаманки, ҳар бир инсоннинг ҳаётида шундай вақт келади, ўтмишининг асосий босқичларини шакллантирган ҳаётидаги катта ва кичик ҳодисаларни кузатиш учун ортга қараш истаги пайдо бўлади. Менда ҳам кутилмаганда эски суҳбатларни эсга олиш ва ҳаловатсиз ҳаётим давомида гувоҳ бўлган одамлар ва воқеалар ҳақида ҳикоя қилиш истаги пайдо бўлди.

Бутун ҳаётим давомида бизга ватандош бўлган жуда ғалати одамлар билан учрашишга тўғри келди (тўғри, бу муносабатлар асосан иш юзасидан эди), улар шундай одамлар эдики, Қўшма Штатлар савдо соҳасининг ривожланишида ва товарларининг бутун дунё бўйлаб тарқалишида катта рол ўйнаганди. Бу воқеалар айни дамда менинг хотирамда аниқ-равшан қўзғолон кўтарди, улар аввалбошда содир бўлганидек ҳозир ҳам мен учун жуда муҳим.

Инсон ўзининг шахсий ишларини жамиятнинг диққатидан сир тутиш ва ҳужумлардан сақланиш ҳуқуқи борасида озмунча тортишувлар бўлмаган. Гап шундаки, агар у ўзининг шахсий ишлари ҳақида гапирса, эгоизмда айбланиши мумкин. Агар сукут сақласа, ўзини оқлаш учун бир оғиз сўз айта олмай, айбини тан олган саналади.

Шахсий ишларимни жамоатчиликка очиқлаш менинг табиатимга мос келмайди. Лекин бир сафар оилам, дўстларим тушунмовчиликларга ва мунозараларга сабаб бўлаётган вазиятларга барҳам бериш учун ҳисоботга ўхшаш нимадир ёзишни маслаҳат берди, фаолиятим ҳақида дунёга йилт этган ойдинлик беришимни сўрашди, мен эса бунга жавобан, уларнинг таклифини инобатга олиб, ҳаётимга маъно бағишлаган воқеалар ҳақида ёзишни бошладим.

Хотираларимни ёзишга яна бир туртки бор эди. Агар мен ҳақимда айтилганларнинг ўндан бир қисми ҳақиқат бўлганида, мен билан ишлаётган юзлаб қобилиятли инсонларнинг барчаси атрофдагиларнинг кўзи ўнгида оғир жиноятларда айбдор деб топилган бўлур эди. Менинг ўзимга келадиган бўлсак, аввалбошда, ўлимимдан кейин барча ҳақиқат юзага чиқишига авлодлар ўзининг адолатли ҳукмини чиқаришига умид қилган ҳолда, бир оғиз ҳам сўз айтмасликни истагандим. Лекин ўзим етакчи ролга эга бўлган кўплаб воқеаларни фақатгина ўзим изоҳлай оларканман, демак, ўзим баъзи тушунтиришларни беришим керак деб ўйладим, умид қиламанки, бу кескин мунозараларга сабаб бўлган кўплаб вазиятларга ойдинлик киритади. Ишончим комилки, менинг ҳаётимда нотўғри талқин қилинган воқеалар жуда кўп бўлган.

Мен ҳикоя қилмоқчи бўлганларнинг барчаси марҳумлар хотирасига тааллуқли бўлиб, тирикларнинг обрўсига ҳам дахл қилади. Менинг назаримда, жамоатчилик илк ҳаракатлардан тортиб энг охирги ҳукмгача бўлган кўплаб жиҳатлар билан танишиб чиқса тўғрироқ бўлар эди.

Ушбу хотираларнинг бошланишида, менинг бу масалада тайинли яхлит фикрим ҳам йўқ эди, улар қачондир алоҳида китоб ҳолида дунё юзини кўради деб ўйламагандим. Ҳатто уларни оддий таржимаи ҳол кўринишига келтиришни режа қилмаганман. Ҳеч қандай тартиб ва режаларсиз барчасини қоғозга туширдим, бу эса, ҳар қандай мукаммаллик талабларидан қочган ҳолда, менга қизиқ туюларди.

Кундалик машғулотлар ва узоқ йиллар давомида ишдаги қадрдон ҳамкасбларим, компания аъзолари билан дўстона муносабатлар ҳақида батафсил ёзиш имконияти менга мислсиз завқ ва чин дилдан қониқиш ҳиссини берар эди. Мен учун қанчалик қадрли эканига қарамай, бу каби битиклар ўқувчини қизиқтирмаслигини яхши тушунаман. Шу сабабли ўз хотираларимда компанияни ташкил этишда меҳнат қилган сон-саноқсиз ишчилар армияси, мен билан елкама-елка ишлаган қўллар ҳақида баъзи жиҳатларни ёзаман.

    Ж. Д. Р. Март, 1909 йил.

ҚАБУЛ ҚИЛИШ САНЪАТИ

Ота уйи

Ҳаётимда тўғри йўлни кўрсатгани учун отамнинг олдида бир умр қарздорман. Саноат соҳасида тўла иштирок этган, улар ҳақда мен билан суҳбатлашишни хуш кўрган отам менга ишнинг моҳиятини англатди, уни юритиш усуллари билан таништирди. Болалигимданоқ кичкина бир китоб тутар эдим (уни “ҳисоб-китоб дафтари А” деб номлаганман ва у ҳозиргача сақланиб қолган), унга мунтазам равишда хайрия учун сарфланган барча кирим ва чиқимларни тартиб билан ёзиб борар эдим.

Оз даромадга эга одамлар, ўзининг кўплаб эҳтиёжларини қондириш учун қатор хизматчиларга эгалик қиладиган бой-бадавлатларга қараганда, асосан, уюшган оила даврасида яшайди. Менинг ота-онам уларнинг биринчи турига мансуб бўлгани учун тақдиримга шукрона айтмай иложим йўқ.

Етти ёки саккиз ёшларимдан бошлаб тижорат билан шуғуллана бошладим, биринчи “бизнес”им-ни онамнинг раҳбарлиги остида йўлга қўйдим. Менинг бир нечта куркаларим бор эди, уларни боқиш учун онам сутли маҳсулотлардан қолган қолдиқларни берар эди. Уларни боқиш ва сотиш билан ишбилармон киши сифатида ўзим шуғулланар эдим. Барча даромад менинг фойдамга кетар, ҳеч қандай чиқим йўқ эди, бори ҳам онамнинг ҳисобидан бўлган. Шундай қилиб, менинг “давлатим” ўсиб борди. Унинг ўсиб боришини қўлимдан келганча аниқ қилиб ҳисоб-китобимга белгилаб бордим.

Бу иш мени қувонтирарди. Ҳатто ҳозир ҳам озуқлантирилган паррандаларимизнинг сув бўйида ва унча катта бўлмаган мулкимизнинг дарахтзорларида мағрур сайр қилиб юрганини кўргандек бўламан. Ўша болалик кунлари билан биргаликда, куркалар подасига нисбатан хайрихоҳлик ҳиссини бутун умр сақлаб қоламан ва улардан завқ олиш имконини бой бермайман.

Онам “оиламизнинг обрўси”ни сақлаш учун биздаги тартиб-қоидага амал қилинишини қаттиқ назорат қилган, бу “обрў”ни бизнинг номаъқулчиликларимиздан қайин таёғи билан ҳимоя қилган. Бир куни, аниқ эслайман, қишлоқ мактабимиздаги бир кўнгилсиз воқеа туфайли онамнинг бу жонкуярлиги билан яқиндан танишиш имкони бўлди. Кейин, жазоланиш пайтида менинг умуман айбдор эмаслигимни исботлашга ҳаракат қилиш фикри туғилди.

– Ҳечқиси йўқ! – деди онам бунга жавобан. – Жазолашни бошлаб бўлдик-ку! Нега уни тўхтатишимиз керак, келажакда фойдаси тегади!

Бундай мантиқий эҳтиёткорликни онам ҳеч қачон канда қилмаган. Ҳалигача ёдимда, бир куни тунда биз, болаларни ой нури остида конькида учиш истаги тинч қўймади, аслида бизга тунда муз учиш қатъий тақиқланмаган ҳам эди. Биз барибир чиқдик, завқланишни энди бошлаган ҳам эдикки, кимнингдир ёрдам сўраб бақираётганини эшитдик ва ўша томонга югурдик. У ерда муз ёрилиб сувга тушиб кетган қўшнимизни кўрдик, у ўлим ёқасида эди. Биз унга дарҳол қўл узатдик, уни ўрадан чиқариб олишга ва соғ-саломат оиласининг бағрига қайтаришга муваффақ бўлдик. Акам Вильям ва мен ўзимизни бир умид билан овутар эдик: конкида муз учиш чоғида кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш ҳар куни ҳам насиб этавермайди, шундай экан, хатти-ҳаракатларимиз учун жазоланаётганимизда энг камида мана шу енгиллаштирувчи ҳолат бизнинг фойдамизга ишлаши мумкин эди. Лекин жазонинг енгиллатилиши борасидаги умидларимизни қаттиққўл ҳакам – онамиз пуч ёнғоққа айлантирди.

Ишнинг бошланиши

Аввалига мени университетга ўқишга беришмоқчилигига қарамай, 16 ёшга тўлишим билан, ота-онам мактабни битиришимга оз қолганда бир неча ойга Кливленддаги савдо-сотиқ мактабига жўнатишни маъқул кўрдилар.

У ерда бухгалтерияни ўргандик ва ўқувчиларни савдо-сотиқ илмининг асосий принциплари, муомаласи ва бошқалар билан таништиришди. Бу мактабда мен унча кўп бўлмаган бўлсам ҳам, атиги бир неча ойда ўзим учун жуда катта фойда билан чиқдим. Бу мактабни тугатгач, қаердан иш топсам бўлади, деган саволга дуч келдим. Бир неча ҳафта ва ойлар давомида мен ҳар бир дўкон ва идоралар остонасига кириб чиқдим. Ҳар бир кирган жойимдан ўқувчи керак ёки йўқлигини сўрадим ва рад жавобини олдим. Жуда камчилик инсонлар мен билан одоб юзасидан гаплашдилар. Ва ниҳоят, кливлендлик бир тижоратчи менинг тушликдан сўнг келиб-кетишимни сўради. Мен ўзимда йўқ хурсанд эдим: ва ниҳоят узоқдан нимадир порлаяпти, ва ниҳоят иш бошланяпти.

Бу воқеа 1855 йил 26 сентябр куни бўлиб ўтган эди. Фирма “Гевит ва Теттл” деб аталарди. Узоқ изланишлардан сўнг топилган бу бахтли тасодиф бир зумда йўқ бўлиши мени даҳшатга солар эди. Бу фирмага боришни интизорлик билан кутардим. Бориш вақти келганда эса бўлажак принципиалим, яъни раҳбарим менга: “Мен сизни синов тариқасида ишга оламан”, деди. Ойлик маош ҳақида на у, на мен бир оғиз сўз айтмадик.

Менинг иштиёқим жуда баланд эди. Бошқа ўқувчилар билан таққослаганда, менинг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳатим бор эди, яъни отам мен билан амалий характерга эга бўлган суҳбатлар ва муҳокамалар олиб борар, бундан ташқари, мен мактабда савдо-сотиқ принциплари билан танишиб чиққан эдим. Шундан келиб чиқиб, савдо-сотиқ бўйича етарли билим захираси ва малакасига эга эдим. Ва бу билимларни ривожлантиришим мумкин эди. Бахтли тасодиф туфайли менинг тақдиримга ўз ишининг устаси бўлган бухгалтер бўлиш ёзилган, у менинг ишларимдан чин кўнгилдан мамнун эди.

Кейинги йилнинг биринчи январида Теттл менга йилнинг биринчи чораги учун 50 доллар ойлик берди. Бу менинг меҳнатларим учун яхшигина мукофот эди ва мен бундан хурсанд эдим.

Кейинги йилни ҳам тўлиқ шу ерда ўтказдим. Идора ишларини ўрганиш ва бу корхонанинг бир неча соҳаларини ўзлаштириш эвазига ойига 25 доллардан ола бошладим. Бу улгуржи комиссион ва экспедицион савдо-сотиқ эди ва мен шуғулланаётган ишларнинг маркази идора эди. Менинг бошқарувчим юқорида тилга олинган бухгалтер эди, у йилига ҳеч қандай фойдасиз 2000 доллар ойлик олар эди. У йил давомида ишдан кетди. Унинг ўрнини мен эгалладим ва менга бухгалтерия, шунингдек, собиқ бошлиғим бажарган бошқа ишлар учун 500 доллардан ойлик берила бошлади.

Ўқувчи сифатида мана шу даврдаги ишимга қараб, шу ишим кейинги ҳаётимда жуда катта маъно-мазмунга эга эканини англадим.

Шундан бошлаш керакки, ишим деярли идорада бўларди. Ҳар доим менинг иштирокимда иш ҳақида гапирилар, ўша жойда янги корхоналар режаси тузилар ва янги ишбилармонлик иттифоқларининг лойиҳалари ишланарди. Шу йўл билан мен ўзим билан тенг бўлган бошқа ўқувчиларга қараганда кўпроқ нарсани ўргандим. Бу ўқувчилар характерига кўра мендан фаолроқ, балки яхшироқ бўлгандир, улар арифметикани ҳам яхшироқ билишар ва ёзувлари ҳам жуда чиройли эди. Бизнинг фирмамиз мана шундай турли хил ишбилармонлик муносабатларига асосланган эди. Менинг бу соҳага тайёргарлигим, истайманми-йўқми, тижоратнинг барча соҳаларини қамраб олган эди. Раҳбаримнинг уйлари, омборлари, қурилишлари идора учун берилган эди, энди менинг вазифам ижара ҳақини йиғишдан иборат эди, бундан ташқари, бизнинг экспедицион ишимиз бор эди ва бизнинг юкларимиз темирйўл, сув йўллари, ҳаттоки денгиз йўллари орқали ҳам юрар эди. Кундан-кунга ишимиз кенгайиб, янги соҳаларни эгаллаб борар эдик. Буларнинг барчаси билан мен иш жараёнида тўқнаш келдим.

Мана, нима учун бирор бир йирик ишда замонавий бухгалтер бажарадиган вазифалардан кўра менинг ишимнинг кўлами қизиқроқ. У ҳақиқатан ҳам мени қизиқтирар эди. Кейинчалик эса менга ҳисоб-китоблар ревизияси топширилди, яъни ҳар бир ҳисоб рақам моддасини битталаб текширишга тўғри келарди, шу тариқа фирманинг барча ҳисоб-китоблари менинг қўлимдан ўтар ва бу ишга виждонан ёндашар эдим.

Аниқ эслайман, бир куни қўшни идорадаги тижоратчининг ёнига кирдим. Шу пайти унинг ёнига маҳаллий пудратчи катта ҳисоб рақами бўйича ҳисобот топширишга кирди. Тижоратчи эса директор каби доимий банд инсонлар қаторига киради, эҳтимол, у ўнлаб жамиятларнинг аъзосидир. У катта ҳисоботга кўз югуртириб олди-да, ниҳоят, бухгалтерга қараб: “Илтимос, ҳисоб бўйича тўлов қилинг”, деди.

Бу пайтда эса мен бир неча бор бу пудратчининг ҳисоботини кўриб чиқиб, унинг хулосасини яхшилаб текширар эдим. Бу ўзига хос юзаки кўриб чиқиш ва тўлов қилиш учун берилган буйруқ менга ёқмаётган эди, чунки ҳисобларни жиддий назорат қилиб кўриб чиқиш хўжайинларимиз учун фойдали эканига ишонч ҳосил қилдим. Энди бу фикримга кўпгина замонавий тижоратчилар қўшилади, деб қаттиқ ишонаман, менинг назоратим худди экзекуцияга ўхшарди, яъни мен раҳбаримнинг пулларини етказиб берувчиларнинг очкўз чангалидан озод қилардим. Бу иш менинг бошқа ишларимга қараганда жуда ҳам масъулиятли эди.

Ишни юқорида келтирилганидек юритиш услуби ҳеч қачон яхшиликка олиб бормаслигини жуда эрта тушуниб етдим.

Менинг бутун фаолиятим давомида: ҳисобларни текшириш, ижара тўловларини ундириш, ҳисобларни тартиблаш талаблари ва бошқаларда турли-туман инсонлар билан ишлашга тўғри келган. Тижорат нуқтаи назаридан яхши ишбилармонлик муносабатларини бузмаган ҳолда турли табақадаги инсонлар билан қандай муомала қилиш кераклигини ўргандим. Вақти келганда ишни муваффақиятли якунлаш учун қўлимдан келганча ўзига хос чаққонлик билан ҳаракат қилишга уриндим.

Мисол келтирамиз: биз Вермонтдан Кливлендга мармар тоши етказиб беришимиз керак эди. Ишнинг моҳияти юкни дарё ёки денгиз орқали кемада юк ташиш нархини чаққонлик билан тақсимлашдан иборат эди. Йўқотиш, юк ташиш вақтидаги товарларнинг шикастланишидан пайдо бўлган зарарлар ва бошқалар ҳар қандай йўл билан бу уч хил транспорт воситасини тарқатишдан иборат бўлиб, бу масалани ечиш учун ёш мутахассиснинг ақли зарур эди. Бу масала барчани, шу қатори менинг хўжайинимни ҳам қизиқтирарди. Аввалига бу ишга кучим етмайди, деган фикр хаёлимдан ўтди. Бу борада бирор бир одам билан тўқнашув бўлмади деб ҳам айтолмайман. Бу тажриба, яъни ҳар бир инсоннинг қизиқишларини раҳбарим иштирокида ўзаро боғлаш, мен билан маслаҳатлашиш учун учрашишга бажонидил келаётганлар айни менинг жуда ёш, таъсирчан давримда ўзим учун фавқулодда ибратли эди. Бу менинг савдо-сотиқ алоқаларидаги биринчи қадамларим эди. Лекин бу масалага кейинроқ тўхталамиз.

Бошқа шахслар олдида ўз фаолиятинг учун масъулият ҳиссини тарбиялаш ҳамма учун фавқулодда фойдали. Бу нарса менга ҳам фойда келтирди.

Мен ўзим учун бахт деб ҳисоблайдиган ҳолат шуки, ўша пайтлари биз ҳозиргига қараганда икки баробар кам маош олганмиз. Кейинги йил раҳбарлар менинг маошимни 700 долларга кўтаришди. Лекин мен уларнинг ишида энг камида 800 доллар олишим керак деб ҳисоблардим. Кейинги йилнинг апрел ойигача бу масала менинг фойдамга ҳал бўлмади. Қулай имкониятдан фойдаланиб, мана шу турдаги мустақил ишни очишга қарор қилдим ва ўз иш ўрнимдан воз кечдим.

У вақтлар Кливлендда ҳамма бир-бирини танир эди. Шаҳар тижоратчилари ичида бир ёш инглиз М. Б. Кларк бор эди. У мендан 10 ёш катта эди. Кларк мустақил иш очмоқчи ва бунинг учун шерик излаётган эди. Бу ишга 2000 доллар сармоя киритмоқчи ва мана шундай сармояга эга бўлган шерик қидираётган эди. 700-800 доллар маблағ йиққан мендек одам учун бу жуда қулай имконият эди. Масаланинг иккинчи томони эса қолган маблағни қандай топишдан иборат эди.

Мен отам билан гаплашдим. Отам менга анчадан бери фарзандлари 21 ёшга тўлгач ҳар бирига 1000 доллардан беришга қарор қилиб юрганини айтди. Лекин айни пайтда кута олмасам, у менга сўраган пулимни беришга тайёрлигини билдирди. Албатта, мен 21 ёшга тўлгунимча унга ўз сармоямдан фоиз тўлаб туришим керак эди. “Лекин, Жон, менга 10 керак!”, деб сўзини якунлади отам.

Ўша вақтларда бундай қарзлар учун 10 фоиз нормал ҳисобланар эди. Тўғри, банкларда фоизлар бироз пастроқ эди; лекин ташкилотлар, албатта, барча кредит талабларини қаноатлантира олмас эди. Шунинг учун алоҳида шахслар учун белгиланган фоизлар баланд эди.

Ҳаётда ўз ўрнимни топиш учун пулга муҳтож бўлганим сабабли отамнинг таклифини хурсандчилик билан қабул қилдим ва шу тарзда “Кларк ва Рокфеллер” фирмасининг кичик компаниони сифатида ўз шахсий ишимни бошладим.

Мен учун фирманинг ўз раҳбари ва иш берувчиси бўлиш жуда муҳим эди. Ақлан ўйлаб қаралганда, мен асосий капитали 4000 доллар бўлган фирма-да шерик эканимдан бахтиёр эдим. Кларк сотиш ва сотиб олиш билан, мен эса бухгалтерия ва маблағ билан шуғулланар эдим. Бошида бизнинг омадимиз келди. Биринчи йилданоқ ярим миллион долларлик буюртма олдик. Бу масалада бизнинг кичик капиталимиз етмас эди. Шундай экан, бизнинг бирор бир банкдан қарз олишга уриниб кўришдан бошқа чорамиз қолмаган эди.

Лекин ҳали банк бизга қарз берадими?

Биринчи кредит

Истасам-истамасам ўзим таниган банк эгасининг ёнига боришимга тўғри келди. У ҳам мен ҳақимда озмунча билар эди. Ҳалигача аниқ эслайман, қарз ололаманми-йўқми, банк бошлиғи бўлмиш Г. П. Гендини қай йўсинда ишонтиришим мумкин, деган савол кета-кетгунимча ич-этимни еганди. Ҳаммага бирдек ёқадиган, оқкўнгил ва қўли очиқ бу меҳрибон қария доимо болалар билан ўралашиб юрар, уларга нима маъқул келишини фаҳмлар ва, албатта, менинг Кливленд мактабининг ўқувчиси эканимни ҳам биларди. Мен унга ҳамкорлигимиз, қандай иш бошламоқчи эканиму пулни нималарга сарфламоқчи эканимни батафсил баён қилдим ва мурожаатимга жавобини титроқ билан кутдим.

– Сизга қанча керак? – деди у бироздан кейин.

– Икки минг доллар.

– Ўша пулларни оласиз, Рокфеллер, – деди у. – Сўраганини беринглар, сиз эса менга тилхат ёзиб берсангиз бўлди. Мен сизга тўлиқ ишонаман!