banner banner banner
МАНГУ АФСОНА
МАНГУ АФСОНА
Оценить:
 Рейтинг: 0

МАНГУ АФСОНА

Ўзим кўтараман ўз жасадимни.

    7.07.2013

МЕН КЕЛДИМ, САМАРҚАНД…

Мен келдим, Самарқанд – пештоқи фалак!
Мақбарада ётган Туркон Оқодир.
Кўк узра чирмашган овозим ҳалак,
Ватан тупроғида изим оқадир.

Кўкайи кўклаган отам орзуси…
Кечир. Мен шоирман! Онажон, кўник.
Ўзгариб бормакда фалакнинг туси,
Чўққига қарайман. Кўзларим сўник.

Бургут болалари – титраб турган жон.
Мен умримдан буюк ёлғонлар титдим.
Қушларга мақтандим: онам меҳрибон
Ҳамда қанча хатлар соғиниб битдим.

Бахтсиз болалигим олис ақида,
Топгани ғам бўлган, йўқотгани ҳам…
Айтгил, қандай ёзсин меҳр ҳақида,
Бирда меҳризори бўлмаган одам?!

Бесамар йилларим… Сарсон кезгайман.
Ўтмишим ётибди қайда бўғилиб.
Яшагим келади қайта туғилиб…
Шеър ёзмаслик нима?.. Унга ҳам шайман!

О, сўзлар! Ишлатма. Бу буғдой қишки…
Кечганим ҳаётдир. Ичганим шароб.
Остонанг чангида бўлганман хароб,
Озғин жуссам қолди. Тугатган ишқим.

Энди на шукуҳ бор! Қара! Жасадман…
Оналар бор ўғлин жангга шайлаган,
Оналар бор ўғлин шоҳ деб сайлаган,
Кўраяпсанми, қандай қора ҳасадман!

Биламан. Барчаси сен учун бир пул.
Шеърим-ку арзимас сариқчақага…
Парвозим бургутдек. Онажон, шод бўл,
Ахир, ўхшамайман шонсиз бақага.

Заминдан отилдим. Нишоним қайда?
Фалакнинг қаърига санчилади ўқ.
Қарилик майда гап. Ўлим ҳам майда.
Она! Ишонмайман ажалга… Йўқ-йўқ!

Кошкийди умримни умрингга берсам,
Берсам яшамакнинг мангу бахтини,
Сенга берсам етти олам тахтини…
Афсус… Мен бир оддий ёниб турган шам.

Ўчирар… Сезади юрак. Ул туғдек.
Томчилаб турибди шаҳидларда хун.
Тирик қабрларни қоплаганда тун,
Чақмоқдек чатнадим. Тўкилдим чўғдек…

Гар кишан кўтариб ёвлар ўраса,
Йиқилса хоинлар яралаган тан,
Бир кун ўғлим дея Ватан сўраса,
Она, туғиб бергин мени қайтадан…

Мен келдим, Самарқанд – пештоқи фалак!
Мақбарада ётган Туркон Оқодир,
Дейман ўшанда ҳам овозим ҳалак,
Фақат фалакларни изим ёқадир…

    4.08.2013.

ШОҲ МАШРАБДАН

Йўллар юрдим – йўллар қадим,
Бу йўлларда қалбим надим,
Эй жон, сани кўп изладим,
Гоҳ ўзимдан, гоҳ Машрабдан.

Қалдиғочдек қанот ургил,
Дор остида мағрур тургил,
Эй жон, мани сўраб кўргил,
Ҳоҳ фалакдан, ҳоҳ Машрабдан.

Мезонлар ҳам учар зардек,
Бошим урсам тошлар пардек,
Зикр тушиб қаландардек,
Ридо кийсам роҳ Машрабдан.

Ишқ қасрида жонни узма,
Фарёд ура олам бузма,
Ғариб ошиқ, қўлинг чўзма,
Тўлиб турган моҳ Машрабдан.

Ўзан бузган дарё тинар,
Кечир, Ватан, созим синар,
Кўргил, гадо деган каслар,
Тиланади Шоҳ Машрабдан.