banner banner banner
Ишққа оид 40 қоида
Ишққа оид 40 қоида
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ишққа оид 40 қоида


Азизам Элла (Сизни шундай аташимга рухсат этсангиз, албатта)!

Хатингиз менга Гватемаланинг Моностенанго, деб аталган қишлоғидалигимда етиб келди. Бу одамлар ҳамон майя календарига риоя этиб келаётган камдан-кам жойлардан бири. Мен қўнган меҳмонхонанинг нақ рўпарасида хилма-хил ранглардаги юзлаб мато парчалари билан безанган хоҳиш-истаклар дарахти кўриниб турипти. Уни бу ерда чилпарчин бўлган (парчаланган юраклар) дарахти деб аташади. Юраклари чил-чил бўлган одамлар, синган юракларига шифо истаб, илтижо қилган ҳолда мато бўлагига ўз исмларини ёзишади ва дарахт шохларига осиб қўйишади.

Сизнинг e-mail ингизни ўқигач, менинг шу дарахт ёнига келиб, Сиз билан қизингиз ярашиб кетишингизни тилаб, дуо қилганим Сизга нисбатан унча катта беҳурматлик бўлиб кўринмас, деган умиддаман. Зеро, муҳаббатнинг бирон учқуни ҳам увол кетмаслиги керак, чунки Румий айтганидек, муҳаббат – тириклик чашмасидир.

Ўтмишда менга бир нарса ёрдам берган эди. Мен атрофимдаги одамларга улар ўзлари истаганларидай яшашларига халал беришдан, уларни ўзгартира олмаганимдан, руҳан эзилишлардан ўзимни тўхтатдим.

Агар рухсат этсангиз, Сизга (бошқа инсонлар ҳаётига) аралашишдан кўра (бошга тушган ишларга) ризолик вазиятида бўлишни маслаҳат берган бўлардим.

Баъзилар «ризоликни» (мўминликни) «заифлик» деб тушунар эканлар, улар катта хатога йўл қўядилар,

ваҳоланки, заифликнинг бунга мутлақо алоқаси йўқ.

Ризолик (мўминлик) инсоният бир жамоа бўлиб яшаши шартларини тинчлик билан (қаршиликсиз) қабуллаши шакли бўлиб, бунга биз ҳозирда ўзгартира олмайдиган ёки тушуна олмайдиган барча вазиятлар ҳам киради.

Майя жадвалига кўра, бугун яхши кун. Астрологиявий ўзгаришларнинг кўпи энди содир бўлади ва улар инсонларда янги онг шаклланаётганидан дарак бермоқда.

Мен бу хатни қуёш ботмасидан олдин, яъни бугунги куннинг охирига қолмасдан етказишга улгуришим керак.

Ишқ кутмаган вақтингизда ва кутмаган ерингизда Сизни тутиб олади.

Сизга самимият ила Азиз.

Элла буткул бегона инсон дунёнинг бошқа чеккасида туриб унга эзгулик тилаб дуои илтижо қилганидан таъсирланган ҳолда ноутбукни ёпди. Кўзларини юмиб, истаклар дарахтига боғланган матога кимнинг исми ёзилганини ва унинг шамолдаги варрак каби силкинаётганини тасаввур этди.

Бир неча дақиқадан сўнг Элла ошхона эшигини очди ва ҳовлига чиқиб, салқин эсган шамол лаззатини туйди. Мамнуният ҳис этмаётган, нотинч Спирит ёнида турар ва зўр бериб ҳавони искар эди. У олдин кўзларини қисди, кейин узоқда қўрқинчли бир нимани кўраётгандай, кўзларини очди ва қулоқларини динг қилди. Ой ёруғида Элла ва ити ёнма-ён турар ва ҳар иккиси ҳам зим-зиё қоронғуликка қараб, у ерда ҳаракатланаётган нарсадан ва номаълумликдан бир хилда қўрққанларича турар эдилар.

Хизматчи

1242 йил, апрель, Бағдод.

Мен қозикалонни қуюқ таъзим ва тавозе билан эшикка қадар кузатиб қўйдим ва идиш-товоқларни йиғиштириб олиш учун дарҳол орқага қайтдим.

Ажабки, Бобо замон (Устоз) ва дарбадар дарвиш, аввал қандай ўтирган бўлсалар шундай, бирон сўз ҳам айтмасдан ўтирардилар. Сўзсиз суҳбат – бу қанақаси, тушунмай кўз қиримни ташлар эдим мен. Қизиқишнинг зўридан ёстиқларни тузатаётиб, чиқиндиларни йиғиштираётиб, гиламдаги ушоқларни териб олаётиб, вақтни атайлаб чўзардим, лекин охири чиқиб кетишимга тўғри келди.

Истар-истамас ошхонага кирганимда, мен кўрган заҳоти ошпаз менга буйруқлар бериб ташлади.

– Пештахтани арт, ерни супур! Идишларни ювиш эсингдан чиқмасин! Ўчоқ ва деворларни артиб қўй!

Кейин сичқоннинг қопқонини текшир!

Мен сўфийлар хонақоҳига келганимга ярим йилча бўлди, ошпаз эса мени ҳамон куткилайди. Кун бўйи итдай чарчайман, у эса ўзи бераётган бу азобларни руҳий тайёргарлик деб атайди, гўёки чирк босган идишларни ювиш руҳий иш эмиш.

Гапга унча чечан бўлмаган бу одам фақат бир ҳикматни – «Озодалик – дуо билан баробар, дуогўйлик – бу тозалик демак» деган гапни тинмай такрорлайверарди.

– Агар шундай бўлса, у ҳолда Бағдоддаги барча аёллар аллақачон авлиё бўлиб кетган эканлар, – деб юбордим унга жавобан бир кун жасорат қилиб.

Ўшанда у менинг бошимга ёғоч қошиқни отиб юборган ва бор овози билан бақирган эди:

– Бундай гаплар яхшиликка олиб бормайди, бола!

Дарвиш бўлишни истасанг, мана шу ёғоч қошиқдай сўзсиз бўл. Маҳмадоналик – соликка хос фазилат эмас.

Кам гапириб, қўп ўйла!

Мен ошпазни ёмон кўрардим, лекин кўпроқ қўрқардим ундан. Ҳеч қачон буйруқларини бажармай қолдирмаган эдим. Шу бугунги кечга қадар.

Ошпаз сал чалғиган заҳоти, қизиқишдан тоқатим тоқ бўлганча, оёқ учида юриб ошхонадан чиқдим, дарбадар дарвиш ҳақида бирон бир нарса билишга қарор

қилиб, асосий меҳмонхона эшиги олдига келдим. Ким ўзи бу? Бу ерга нима учун келди? У бошқа дарвишларга ўхшамас эди. Унинг нигоҳлари ҳатто тавозе билан бош эгган вақтларида ҳам ўткир ва мустақил эди.

Эшик тирқишидан қарадим. Аввалига ҳеч нима кўринмади. Бироздан кейин кўзларим меҳмонхона нимқоронғусига кўниккач, устоз билан дарвишнинг юзларини фарқлай бошладим.

– Шамс Табризий, сендай инсонни Бағдодга нима олиб келди? – сўради устоз.

– Бизнинг шаҳримизни тушингда кўриб келдингми?

Дарвиш бош чайқади:

– Йўқ, тушимда кўриб келмадим. Менда намоёнлик содир бўлди. Мен ҳеч қачон туш кўрмайман.

– Ҳамма туш кўради, – деди мулойимлик билан Бобо Замон. – Сен балки уларни эслаб қолмассан. Лекин бу туш кўриш йўқ, дегани эмас.

– Туш кўрмайман, – ўз гапида қаттиқ турди дарвиш.

– Мен Худо билан шунга келишганман. Болалигимда мен фаришталарни кўрардим ва кўзларимга коинот сирлари очилар эди. Мен кўрганларимни ота-онамга айтардим, лекин бу уларга ёқмас эди, улар менга бошқа эртак тўқимасликни буюришди. Дўстларимга айтиб берардим, лекин улар мени хаёлпарастга чиқаришди.

Кейин кўрганларим ҳақида ўқитувчиларимга айтдим, улар ҳам шундай жавоблар қилишди. Ниҳоят, одамлар барча ғайриоддий нарсаларни туш ёки хаёл, деб ҳисоблашларини тушундим.

Кейин дарвиш худди қандайдир шовқинни эшитгандай, тўсатдан жим бўлиб қолди. Шунда ғалати иш бўлди. У ўрнидан туриб, қаддини ростлади ва мен томонга қараганича, секин-аста эшикка яқинлашди.

Гўё менинг яширинча кузатаётганим унга маълумдай эди.

Наҳотки, у эшик ортидагини кўрар экан?

Юрагим жуда қаттиқ дукилларди. Ошхонага қочиб кетишни истардим, лекин бундай қила олмасдим. Қўлларим, оёқларим, бутун танам қотиб қолгандай эди.

Эшик ортидан Шамснинг тим қора кўзлари менга қараб турарди. Мени даҳшат босди, лекин айни пайтда бутун танам бемисл кучга тўлди.

Дарвиш яқин келди, кафтини эшик дастасига қўйди, лекин ҳозир эшик очилади ва у мени ушлаб олади, деб турганимда, нимадир уни тўхтатди. Менга унинг юз ифодалари кўринмас эди ва мен уни нима учун мақсадини амалга оширмаганини тушунмадим. Биз иккимиз эшикнинг икки томонида, менга чидаб бўлмас даражада узун кўринган икки дақиқа мобайнида, шу тариқа туриб қолдик. Кейин дарвиш менга орқасини ўгирди, эшикдан нари кетди ва ўз ҳикоясини давом эттирди:

– Бироз каттароқ бўлганимдан кейин мен ҳар сафар Уни кўрганимда бу туш эмаслигини билишим учун, мендан туш кўриш қобилиятини олиб ташлашини Худодан илтижо қилиб сўрадим. У рози бўлди, шунинг учун мен буни аниқ биламан, туш кўрмайман, менга воқелик ўзи намоён бўлади.

Шамс Табризий хонанинг нариги томонидаги дераза олдида тўхтади, ташқарида ёмғир шивалаб турарди, у гапида давом этишдан олдин ёмғирга узоқ қараб турди:

– Худо мендан туш кўриш қобилиятини олди. Бироқ бунинг ўрнига У менга бошқалар кўрган тушларини тушуниш имконини берди. Мен одамларга улар кўрган тушлари маъносини тушунтираман.

Мен Бобо Замон, одатда ҳамиша менга қилганидай, унинг бундай пуч гапига ишонмаслиги ва дарвишнинг устидан кулишига амин эдим.