banner banner banner
Менинг ҳаётим
Менинг ҳаётим
Оценить:
 Рейтинг: 0

Менинг ҳаётим

Менинг ҳаётим
Ҳенри Форд

Дунёнинг юзлаб мамлакатларида минглаб марта миллионлаб ададларда нашр этилган бу автобиографик китобни XX асрнинг буюк менежерларидан бири, ишлаб чиқаришда оқим-конвейер йўлини жорий этган, АҚШ автомобиль саноатининг “отаси”, миллиардер Генри Форд ёзган. Форд ҳаётининг тилсимлари, муваффақиятининг сирлари ҳақида кўплаб асарлар битилган. Бу китоб унинг ўзи ёзган, ёрқин, тимсолли, қатъият ва илҳом билан битилган асардир. Форднинг бу ҳаётномаси тарихий қимматидан ташқари, бугун ҳам ислоҳотлар ўтказаётган ва ўз иши ҳамда ҳаётини ижодий ўзгартиришга чоғлаган иқтисодчилар, инженерлар, конструкторлар, руҳшунослар, социологлар, бизнес ташкилотчилари ва раҳбарлари, ҳаётда муваффақиятга эришаман деган ҳар бир одам учун долзарб асардир.

Ҳенри Форд

Менинг ҳаётим

“ҲАЁТ БЕКАТ ЭМАС, ҲАЁТ – САЁҲАТДИР…”

Таржимон сўзбошиси

Мазкур китоб дунёнинг деярли барча мамлакатларида, кўплаб тилларда чоп этилган ва ҳамиша талашиб ўқилган. Бугун китоб илк бор ўзбек тилида, ўзбек ўқувчиларига ҳавола этилмоқда.

Ҳенри Форд ҳақида кўп ёзилган, у бой-бадавлат, миллиардер экани, “Янги дунё”нинг буюк саноатчиси, ўқимаган даҳо бот‐бот айтилган. Лекин унинг ўзи узоқ жим турди, матбуотда ҳам, адабиётда ҳам кўринмади. Ўзи ҳақидаги китоблар ва мақолаларни ўқиб-ўрганиб, охири ўзи ҳақида ўзи ёзишга қарор қилди. Китоб зумда бутун дунёда машҳур бўлиб кетди.

Дунёнинг юзлаб мамлакатларида минглаб марта нашр этилган бу автобиографик китобни 20‐асрнинг буюк менежерларидан бири, ишлаб чиқаришда оқим-конвейер йўлини жорий этган, АҚШ автомобил саноатининг “отаси” ҳисобланган, миллиардер инсон ёзган. Форд ҳаётининг тилсимлари, муваффақиятининг сирлари ҳақида кўплаб китоблар ёзилган. Бу китоб унинг ўзи ёзгани билан ҳам аҳамиятли, ёрқин, тимсолларга бой, қатъият ва илҳом билан битилган асардир. Форднинг қарийб бир аср олдин – 1922 йилда чоп этилган бу ҳаётномаси тарихий қимматидан ташқари, бугун ҳам ўз иши ҳамда ҳаётини ижодий ўзгартиришга чоғланган иқтисодчилар, муҳандислар, конструкторлар, руҳшунослар, социологлар, бизнес ташкилотчилари ва раҳбарлари, ҳаётда муваффақиятга эришаман деган ҳар бир одам учун зарурдир.

Форд нафақат муаммолари ва рақиблари билан, балки ўзи-ўзи билан ҳам курашиб яшаган ва бундан осон моҳият топа олган: ҳамма одамлар ҳар хил, тенглик бўлиши мумкин эмас, ҳатто Ҳенри Форднинг ўзидан иккита бўлса, улар ҳам бир-бирига тенг бўлмасди, дейди у.

Ўз замонасида дунёнинг энг бой одами бўлган Форднинг ҳаёти ҳайратли кунларга ҳам, қийинчилик ва машаққатга ҳам, омад ва завқ-шавққа ҳам тўладир.

“Кимдир машиналар ва саноатнинг ортиб бораётган қудрати ҳақида гап бошласа, кўз ўнгимизда темир машиналарнинг совуқ дунёси гавдаланади, бу совуқ дунёда дарахтлар, гуллар, қушлар, ям-яшил яйловларни улкан заводлар сиқиб чиқаради. Биз шу билан металл машиналар ва металл одамлар дунёсига эга бўламиз. Мен бунақа тасаввурни қабул қилмайман, – дейди у. – Фикримча, машиналардан фойдаланишни пухта ўрганиб олсак, ҳаётнинг механик қисмини тўғри англасак, бизда дарахтлар ва қушлар, гуллар ва ўтлоқлардан баҳра олиш учун вақт кўпроқ бўлади.”

21-аср шоирининг “Агар ишламасак – қандоқ ошаймиз, Тинимсиз ишласак – қачон яшаймиз”, деган ҳайқириғига жавобан ундан юз йил аввал Ҳенри Форд ёзади: “Яшаш” ва “яшаш учун шароит яратиш” тушунчаларини бирбирига қарама-қарши қўйиб, ҳаётдан қувончни қувиш учун кўп ишлар қилиб қўйдик. Биз шунча кўп вақт ва қувватни ҳавога совуряпмизки, ҳаётдан завқ олиш учун вақт ва куч оз қолмоқда. Куч-қувват ва машина, пул ва мол-мулк бизга ҳаётий эркинлик берсагина фойдалидир. Улар мақсад эмас, балки мақсад йўлидаги воситадир”.

Ҳенри Форд бойлик ва одамийлик, манфаат ва шафқат, ғамхўрлик ва боқимандалик моҳияти ҳақида кўп ўйлайди: “Агар шахсий манфаатимни ўйлаганимда, мавжуд ҳолатни ўзгартиришга интилмас эдим. Мақсадим фақат бойиш бўлса, ҳозирги тизим менга жуда маъқул; у менга каттагина даромад келтирмоқда. Бироқ мен хизмат кўрсатиш ҳақида ўйлашим лозим. Мавжуд тизимда ишлаб чиқариш юксак даражада эмас, зеро у турли шаклдаги исрофгарчиликка йўл очади; кўплаб одамларни ўз меҳ нати маҳсулидан бегоналаштиради”.

Ўзимча фикрлар эканман, Ҳенри Форднинг юз йил аввал ёзган гаплари нега ҳануз долзарб эканини ўйлайман ва инсонлар ҳамиша бир хил доирада, бир тусдаги кучлар қуршовида эканини кўраман. Яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, тоқатсизлик ва сабр-қаноат доимо тўқнашади, инсон нафс, ҳирс ва кибрга қарши гоҳ самарали, гоҳо самарасиз курашади. Масалан, ислоҳотчилик зеҳниятини олайлик. Инсоният, давлатлар ва жамиятлар ҳам вақти-вақти билан ислоҳотларни бошдан кечиради. Форднинг қайд этишича: “Ўзини ислоҳотчи атайдиган шахс аслида ҳаммасини вайрон қилишни истайди. У ёқасидаги тугмача ўз тешигига сиғмаётгани учунгина бутун кўйлакни бурда-бурда қилиб ташлаётган кимсага қиёс. Тугма ўтадиган тешикчани сал кенгайтириш фикри унинг хаёлига келмайди”.

Бугун инновациялар ҳақида кўп гапирамиз, ҳолбуки, Форд юз йил аввал ишлаб чиқаришга киритган инновацияларнинг санаб адоғига етиш қийин. Иқтисодда Форд киритган тамойилларни “фордизм” дейдилар. Ишлаб чиқариш конвейерлари – унинг ихтироси. Ҳенри Форд бизнес дунёсини ўзгартира олган шахсдир. У секундомер билан мантиққа таянган ҳолда ҳар бир цехга ислоҳотларни жорий этган. У ишчиларига шундай маош берганки, уларнинг ҳар бири завод машинасидан харид қила олган, яъни пул яна бизнес айланмасига қайтган.

Ҳенри Форд давлатнинг иқтисодни бошқаришдаги роли ошишига, тадбиркорларнинг давлатдан кўп нарса умид қилиб қолишига ҳам ўз муносабатини билдиради: “Бутун мамлакатга Вашингтонни бир Арши аъло, унда ҳар нарсага қодир ва ҳар нарсадан воқифлар ўтиради деб таълим берсангиз (худди бизникилар каби), ўша мамлакатни ўз келажагини барбод қилувчи ғояга мубтало қилиб қўясиз. Бизга мадад Вашингтондан келмайди, мадад ўзимиздан келади. Лекин биз берадиган мадад Ва шингтонга – меҳнатимиз маҳсули тўпланадиган ва умум манфаати учун тақсимланадиган марказга боради. Биз ҳукуматга ёрдам беришимиз мумкин, аммо ҳукумат бизга ёрдам беролмайди”.

Айни шу мавзуни давом эттириб Форд таъкидлайди: “Ишбилармонликда ҳукумат таъсири оз бўлсин, ҳукуматда эса ишбилармонлик кўпроқ бўлсин”, деган шиор жуда ўйлаб айтилган, чунки у нафақат ишбилармонга ва ҳукуматга, балки халққа ҳам фойдалидир”.

Ўзи бизнес одами бўлган Ҳенри Форд ҳукуматнинг бизнес ва халқ ҳаётидаги ўрнига тугал муносабатини шундай ифодалайди: “Америка Қўшма Штатлари ишбилармонлик учун бунёд этилгани йўқ. Мустақиллик декларацияси – тижорат хартияси эмас, АҚШ Конституцияси – тижорий каталог эмас. Америка Қўшма Штатлари – унинг ери, аҳолиси, ҳукумати ва бизнеси – фақат восита бўлиб, унинг мақсади халқ ҳаётига қадрқиммат бахш этишдир. Ҳукумат – халқнинг хизматкори ва ҳамиша шундай бўлиб қолиши керак. Ҳукумат ўзини тана ҳисоблаб, халқ унинг думига айланган заҳоти, қасос қонуни кучга киради, зеро бундай муносабат нотабиий, ахлоқсиз ва ноинсонийдир”.

Марказлашув ва унинг меваси бўлмиш бюрократиянинг, расмиятчиликнинг ривожланишга тўсиқ эканини Ҳенри Форд оддий тарзда кўрсата олади: “Агар ишбоши катта раҳбарга мурожаат қилмоқчи бўлса, унинг йўли аввал участка бошлиғи ўринбосари, участка бошлиғи, цех бошлиғи ва кейин раҳбарнинг барча муовинлари орқали ўтади. Етиб боргунча, бечора ишбоши бошлиққа айтмоқчи бўлган масала тарихга айланади. Буюк маъмурий дарахтнинг пастки чап бурчакдаги “меваси” то директор ёки бошқарув кенгаши президентига етиб келгунича олти ҳафта ўтади. Ғоя бу қудратли шахсга етиб боргунича, танқид, таклиф ва шарҳлар юки остида қолади. Кўпинча иш расмий “тасдиқ”ланганда уни бажаришга аллақачон кеч бўлади. Қоғозлар у ёқдан бу ёққа айланиб юради ва ҳар бир раҳбар масъулиятни бошқасига ағдаришга ҳаракат қилади, “битта калла яхши, иккита калла ундан яхшироқ” деган тамойил бу тахлит бошлиқчалар учун қулайдир”.

Биз бугун ўз маҳсулотини харидорга баланд нархда олдириш ва фойда кўриш учун бошқаларнинг йўлини тўсиш, сифатсиз ички маҳсулотни қимматга ўтказиш учун сифатли ва арзон ташқи маҳсулот йўлига катта божлар ва солиқлардан иборат тўсиқлар қўйиш каби ноҳалол рақобатчи ва монополистлар ҳақида гапиряпмиз. Ҳенри Форд бу каби ҳолатни шундай изоҳлайди: “Кимнингдир бизнесини барбод қилишга уриниш – жиноят, чунки бу шахсий фойда кетидан қувиб, ўзганинг шароитини бузишга уриниш – ақл ўрнига кучдан фойдаланиб ҳукм ўрнатишдир”.

Мазкур китобни ўқир экансиз, муаллифнинг файласуфона ҳикматларидан баҳраманд бўласиз. У нима қилса, қанча фойда келади, деган ечимлардан ҳам аввал қандай яшаш керак, ҳаёт нега берилган, сингари азалий саволлар устида бош қотиради: “Ҳаёт, менинг англашимча, манзил эмас, ҳаёт – саёҳат. Унда “кўзлаган манзилимга етдим” дея тўхтаган одам, аслида ортга, пастга кетаётган одамдир. Чунки ҳамма нарса ҳаракатда ва аввал бошданоқ ҳаракат учун яратилгандир. Ҳаёт оқиб боради. Инсоннинг яшаш манзили ўзгармаслиги мумкин, аммо унинг ўзи ҳамиша ўзгаради… Ҳаёт – бу жанг, хато қадам қўйсанг, ўша заҳоти ютқазасан”, деган ақида туфайли ўзгаришларни ёқтирмаслик пайдо бўлади. Одамлар ярим ўлик ҳолатларига кўникади…Бунақа одамларни ҳар қадамда учратаман, улар англамайдиларки, кечаги кун ўтмишга айланган, бугунги тонгда кечаги хаёллар билан уйғонмаслик керак. “Ўз йўлимни батамом топиб олдим, етади”, дейдиган одам зудлик билан ўзига боқиб, миясининг бирор қисми ухлаб қолмаганини текширгани маъқул. “Ҳаётда қиладиган ишимни қилиб қўйдим” деб ўйлайдиган кишига яширин хавф таҳдид солади: у тинимсиз ҳаракатланаётган тараққиёт ғилдираги остида қолиб кетади.”

Миллатни олдинга тортадиганлар аслида шиддатли, фавқулодда фикрловчи, четдан қараганда девонароқ кўринадиганлар бўлади, шекилли. Шу билан бирга, одамлар нима деркан, деган исканжага тушиб қолмаслик керак. Аҳли донишларнинг гапи бор: “Халқ нима деркан, деб эмас, Холиқ нима деркан, деб яшаш керак”. Шу йўсинда Ҳенри Форд айтади: “Тан оламан, ижтимоий фикр кучли сиртмоқ. Эҳтимол, кўпчилик учун ижтимоий фикр қўядиган чекловлар керакдир. Жамоатчилик фикри кишини ахлоқан мукаммаллаштирмаса ҳам, ижтимоий жиҳатдан бир қадар жиловлаб туради. Лекин адолат ва тараққиёт йўлида бироз тентак бўлиш ёмон эмас. Қолаверса, тентаклар ўзларининг тентак эмаслигини исботлаш учун ҳам узоқ умр кўради. Ёхуд улар бошлаган иш ўлганларидан сўнг ҳам давом этиб, улар тентак бўлмаганини исботлайди”.

*

Ҳенри Фордни энг кўп ўйлантирган масала – ҳаётдан, яшашдан маъно‐мақсаддир. Биламизки, унинг бу қизиқиши уни ўз замонасининг машҳур сўфийларидан бўлган Иноят Хон билан учрашувига сабаб бўлган. Бу учрашувбаҳс матнини А.Смит ёзиб олганди. Учрашув “Форд мотор компанияси”нинг Дирборндаги (Мичиган) қароргоҳида 1926 йилнинг февралида бўлиб ўтган. У ҳақда “Detroit News” газетаси ўша йилги 7 февраль сонида хабар берган.

Шарқ мистицизми даҳоси ва Ғарб материализмининг даҳоси учрашиб, бир соатларча гаплашади. Суҳбат мавзуси ҳаётнинг ибтидоси, Яратувчи, моддий дунё, инсон ҳаёти, қалб синоатлари, абадиятнинг бизгача ва биздан кейинги воқелиги масалалари бўлган эди.

“Менинг ўйлашимча, ҳар қандай дин эзгуликни туғ диради”, – дейди Форд. Иноят Хон давом эттиради: “Мен ҳам шундай фикрдаман, бироқ, келинг, янада чуқурроқ фикрлайлик, бу нарсалар…” “Автомобиллар… – жилмаяди Форд, – машиналарни ҳаракатга келтирадиган куч ҳам кўзга кўринмайди… Менинг билишимча, инсонни ҳаракатга келтирадиган куч унинг қалбида, руҳиятида, эҳтимол, ундан ҳам нарида яширинган, инсоннинг ичида ва атрофида қандайдир кучлар, онгнинг ва қудратнинг улгилари бор – уларни истасангиз электронлар деб атанг, инсон нимадир эзгу иш қилмоқчи бўлса, ана шу кучлар ёрдам беради. Менинг назаримда, ана шу бўлинмас моҳиятнинг энг кичик зарраси ҳам ақллидай, у инсон руҳиятига кўмак беришга тайёр туради, аммо биз ана шу кўринмас кучни топа оламизми ва уни ўзимизга торта оламизми… Биз жуда шошамиз ва сабрсизлик қиламиз. Бесабрлик билан натижани истаймиз. Биз қалбимиз билан ана шу бизни зор кутаётган куч ила жипслашиш йўлини топишимиз лозим”.

Пири муршид Иноят Хон айтади: “Коинотдаги ҳар бир зарранинг, ҳар бир атомнинг туғма онглилигида намоён бўладиган Биру Бор, зоҳиру ботин барини қамраб олган Яратган бор. Ва ана шу Биру Бор билан руҳан яқинлашиш ва бирлашиш йўли мавжуддир”.

“Сизнинг усулингиз ибодат ҳаловатими?” – сўрайди Форд.

“Ҳа, ибодат, ўзини унутар даражадаги сомеълик. Моддиятдан руҳан ажралиб, қайта ва қайта ўз руҳимизни оламларнинг, коинотнинг сарвари билан боғлашдир”, – жавоб беради Иноят Хон.

“Менинг тушунчамда – дейди Форд, – бу ҳар бир инсоннинг шахсий динидир… Мен дин, иймон инсониятга атрофдаги ҳамма нарсада намоён бўлган чинакам куч билан руҳан бирлашиш эшикларини очишига ишонаман. Лекин мен шуни билдимки, агар, сиз айтгандай, буюмлар, мол-дунё, бизнес билан боғлиқ ҳар ёндан босиб келадиган асабий кечинмаларимдан бир лаҳза чекинсам, кучларимнинг, фикримнинг янгиланаётганини сезаман, сиз буни истанг Худо, истанг Онг деб атанг, бу фойдали ва дилни қониқтирадиган кучдир”.

Иноят Хон, буни ҳам инкор этмаган ҳолда, Биру Борга интилишнинг юқори чўққиси томон йўл борлигини кўрсатади: “Банда Биру Бор билан ажралганлик ва бирликни батамом англаганидан сўнг, ҳаққоний фароғат ва чуқур қувончга тўлади, шундай ҳолга тушадики, инсоннинг руҳияти бир лаҳзада яратувчига айланади… Масалан, мусаввирнинг илҳом билан яратган асари дастлабки режасидагидан бошқача чиқади. Инсон ўзини ўз вазифасига тўла бахш этганда, ўзини унутиб ишлаганда, ташқи дунёдан буткул узилганда, уни яратувчилик ҳисси қамраб олади, у шундай асар яратадики, инсоннинг дил қаъридан у буткул унутган нарсалар қалқиб чиқади…”

“Ҳаёт, гўзаллик, куч, ҳақиқат ва ҳаловатнинг соҳиби бўлган Биру Бор билан бирлик ҳолати фақат инсон ўзини, нафсини, истакларини унутган ҳолда юз беради…”, дейди Иноят Хон.

“Пири Муршид Хон, – дейди Ҳенри Форд, – сизнинг фикрларингизни барча динларнинг инсонлари тушуна олади… Агар ғайб илмини сўнгигача муҳокама қилишга уринсак, англай олмай қоламиз. Фақат бир нарсани англадимки, оламда ҳадсиз руҳий қудрат яширин ва биз ўзимизни ундан бебаҳра қолдирганмиз. Мен инсоният бу қудрат билан ҳаёт учун муҳим тарзда юзлаша олишига ишонаман”.

“Демак, Сизнинг Худога ростакамига ишончингиз борми, жаноб Форд?” – сўрайди Иноят Хон.

“Албатта! – тез жавоб беради Форд. – Ахир, бу олам қачондир яралмаганмиди ва ҳар куни янгиланиш ва яралишда давом этмаяптими?! Мен шунга ишонаманки, бир куни биз шу яратилганларнинг Яратувчиси, ҳаққоний кучнинг манбаи ҳақида, руҳнинг салтанати ҳақида етар лича билиб оламиз ва ўзимиздаги яратувчилик қудратини очамиз. Қатъий ишончим борки, бугун моддий нарсаларга берилган инсоният эртага руҳиятга эътибор бера бошлайди. Биз бугун фақат ишонишга уринаётган нарсаларни улар эртага аниқ биладилар… Бунинг учун Аршнинг салтанатига, жаннатга кириш учун болаларнинг беғуборлиги даражасига монанд ҳолда қайтишимиз керакдир”.

*

Ҳенри Форднинг қўлингиздаги ушбу ҳаётномаси унинг ана шу эзгуликка ҳам эшлигидан келиб чиқиб ёзилган. Бу китоб унинг бизнес юритиш сирларини очганидан ташқари, инсоний оламини, нафақат машиналарга, балки борлиққа ва жонлиларга меҳрини, ҳатто қушларни асраш мақсадида АҚШ Конгрессига ижтимоий фикрни қувватлаш орқали босим ўтказганлигини, шафиқлигини кўрсатади.

Бу асар бизнеснинг одамийлиги ҳақидадир.

    Карим БАҲРИЕВ
    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, публицист ва таржимон

КИРИШ

Менинг бош ғоям

Мамлакатимиз энди ривожлана бошлади; ҳайратомуз ютуқларимиз ҳақида қанчалик кўп гапиришмасин, биз далани энди шудгор қилдик, холос. Эришганларимиз етарлича улуғвор, бироқ қилганларимизни ҳали қилишимиз зарур бўлган ишлар билан қиёсласак, барча ютуқларимиз ҳеч нарса бўлмай қолади. Ерни шудгор қилиш учун мамлакатнинг барча саноат корхоналаридагидан кўра кўпроқ куч сарфланишини эсга олганимиз заҳоти қаршимизда турган имкониятлар ҳақида тасаввур пайдо бўлади. Айнан ҳозир, қанчалаб давлатлар талатўп даврни бошдан ўтказаётганда, дунёда хавотир кезиб юрган чоғда, аён бўладики, эришганларимизни ёдда тутиб, олдимиздаги ҳал этилиши зарур бўлган вазифалар тўғрисида мулоҳаза қилиш фурсати келди.

Кимдир машиналар ва саноатнинг ортиб бораётган қудрати ҳақида гап бошласа, кўз ўнгимизда темир машиналарнинг совуқ дунёси гавдаланади, бу совуқ дунёда дарахтлар, гуллар, қушлар, ям-яшил яйловларни улкан заводлар сиқиб чиқаради. Биз шу билан металл машиналар ва металл одамлар дунёсига эга бўламиз. Мен бунақа тасаввурни қабул қилмайман. Фикримча, машиналардан фойдаланишни пухта ўрганиб олсак, ҳаётнинг механик қисмини тўғри англасак, бизда дарахтлар ва қушлар, гуллар ва ўтлоқлардан баҳра олиш учун вақт кўпроқ бўлади.

“Яшаш” ва “яшаш учун шароит яратиш” тушунчаларини бир-бирига қарама-қарши қўйиб, ҳаётдан қувончни қувиш учун кўп ишлар қилиб қўйдик. Биз шунча кўп вақт ва қувватни ҳавога совуряпмизки, ҳаётдан завқ олиш учун вақт ва куч оз қолмоқда.

Куч-қувват ва машина, пул ва мол-мулк бизга ҳаётий эркинлик берсагина фойдалидир. Улар мақсад эмас, балки мақсад йўлидаги воситадир. Мен, масалан, исмим билан аталган автомобилларга фақат автомобиль сифатида қарамайман. Агар улар шунчаки автомобиль бўлганда эди, мен бошқа бирор иш билан машғул бўлардим. Мен учун улар қандайдир ишбилармонлик назариясининг амалий маҳсулидир. Бу назария, умид қиламанки, шунчаки ишбилармонлик назариясигина эмас, ундан каттароқдир, унинг мақсади – дунёни яшаш учун яхшироқ маконга айлантиришдир. Форд мотор компанияси[1 - “Ford Motor Company” Ҳенри Форд томонидан 1903 йилда асос солинган компаниядир.] эришган мислсиз ютуқлар шунинг учун муҳимки, у менинг назариям шу пайтгача ҳам тўғри бўлганидан муқаррар гувоҳлик беради. Худди шу тарзда мен мавжуд ишлаб чиқариш усуллари, молия тизими ва жамият ҳақида улардан енгилмаган инсон нуқтаи назаридан баҳо бера оламан.

Агар шахсий манфаатимни ўйлаганимда, мавжуд ҳолатни ўзгартиришга интилмас эдим. Мақсадим фақат бойиш бўлса, ҳозирги тизим менга жуда маъқул; у менга каттагина даромад келтирмоқда. Бироқ мен хизмат кўрсатиш ҳақида ўйлашим лозим. Мавжуд тизимда ишлаб чиқариш юксак даражада эмас, зеро у турли шаклдаги исрофгарчиликка йўл очади; кўплаб одамларни ўз меҳнати маҳсулидан бегоналаштиради. Унинг келажаги йўқ. Ҳамма нарса пухта режа ва ўзгаришга боғлиқдир.

Мен янги ғояларни масхараловчиларга мухолиф эмасман. Ҳар қандай ғояга шубҳа билан қараш ва исбот талаб қилиш ғоялар гирдобида дайдиб, ҳар қандай янги ғоянинг ортидан чопаверишдан яхшироқдир. Эҳтиёткорона шубҳакорлик тамаддуннинг мувозанат тошидир. Дунёдаги мавжуд ўткир муаммолар янги ғояларни астойдил текширмай қабул қилиш оқибатида юз беради. Ғоя кўҳна бўлгани учунгина тўғри бўлмайди ёки фақат янгилиги туфайли хато бўлмайди, бироқ кўҳна ғоя амалда ишласа, шу унинг фойдасига қатъий далилдир. Ғоялар ўз-ўзича қимматли, аммо ҳар қандай ғоя алалоқибат бир ғоядир. Ғояни ҳар ким мулоҳаза қилиб айта олади. Гап уни амалга оширишдадир.

Энг аввало мен биз қўллаётган ғоялар ҳамма ерда жорий қилиниши мумкинлигини, улар фақат трактор ёки автомобиль ишлаб чиқаришга тааллуқли эмаслигини, балки умумаҳамиятли қонунлар эканини исботлашни истайман. Шунга аминманки, бу қонунлар табиийдир ва буни изчил исботлагим келади, токи бизнинг ғоялар янги эмас, табиий бир кодекс ўлароқ эътироф этилсин.