banner banner banner
Илоҳийнома
Илоҳийнома
Оценить:
 Рейтинг: 0

Илоҳийнома

Дегилким, ғишт замирида биҳиштдир.

Чу Одам ҳам ўшал ғишт ёри эрди,
Ки ул икки жаҳон асрори эрди.

У ғиштга олам ичра тўрт канордир,
Канор ул тўрт саҳоба, чор ёрдир.

Чу ёри ғор ила бўлди равона,
Жаҳонга сочди нур икки ягона.

155     Етишди бир эшикка, унда турди,
Ўшал уй эчкиси сут бермас эрди.

Чу мезбон бўлди жон бирлан харидор,
Қуёш очмишди кўз ўнгида дийдор.

Сут истаб эчкига ёндошди бобо,
Елиндин оқди сут селдек ҳамоно.

У сутдин хўжа илки топди иззат,
Яди байзони зоҳир этди қисмат[11 - Яди байзо – Мусонинг мўъжизакор қўли.].

Расулуллоҳки комил эрди ул дам,
Гўдак эрди унинг наздида одам.

160     Ўшал айёмда ул ҳижратда эрди,
Кираркан ғорга, ўргимчак-да кирди.

Кириб, ғор оғзига дорини осди,
Тўқиб тўр, парда бирлан йўлни тўсди.

Мухолиф келди бир шумликни ўйлаб,
Шу ғорга бош суқишни мақсад айлаб.

Боқиб, тўр бирла ўргимчакни кўрди,
Қани, деб икки ул ошиқни сўрди.

Бу парданг менга девордир баайни,
Чиқаргил менга ул қўш қарчиғайни.

165     Атайлаб парда осдинг, мен билармен,
Келибмен, икки лочинни тилармен.

Чу ўргимчак тушунди, гап не эрди,
Гапирди, ҳол тилини сўзга бурди.

Деди: бу пардайи ушшоқ эрур чун,
На Жам кўрмиш буни, на ул Фаридун.

Аё, айт, қилча ақлинг бормидир, сен
Шу пашша домидин Семурғ тиларсен?

Магар бир пашша тутсам, ул етар, ҳай,
Қачон лочин менинг домимга тушгай?

170     Бу тўрким, бори тори анкабутдир,
Қачон ул жойи фарди лоямутдир?..

Ки меҳри бирла айлангай фалак ҳам,
Ҳамиша шавқида юргай малак ҳам.

Фақирлик нури чун тобанда бўлди,
Сулаймон келди, унга банда бўлди.

Гаҳи ул уй супурмоқ бирла машғул,
Гаҳи ухларди қумга бош қўйиб ул.

Чопарди гоҳида ул Ойша бирлан,
Мачитга ғишт таширди, гоҳи лой ҳам.

175     Гаҳи кафшин ямарди, мойлар эрди,
Гўдаклар бирла ўйнаб, қувнар эрди.

Жаноза бўлса, қолдирмай борарди,
Касаллар ҳолини доим сўрарди.

Расулуллоҳ, сифотингким чунондир,
Ки юз олам элига ақлу жондир.

Агарчи сўйладим васфинг, нечук ул,
Билолмасмен, магар келгайму маъқул?

Агар маъқул десанг ушбу суханни,
Қурардим қайтадин чархи кўҳанни.

180     Агарчи даргоҳинг баҳри азимдир,
Вале бу қатра ҳам дурри ятимдир.

Денгизда гарчи сувлар беканордир,
Вале ҳар қатранинг бир тоби бордир.

Денгизким, унда офтоб сайр этар, ой,
Берар ҳар қатрага ўз бағридин жой.

Не дейман, ё Расулуллоҳ, тағин мен?
Кучим етганча васфинг сўйладим мен.

Каримдирсен ўзинг, кўргувчи ҳам сен,
Берарда юз тўним бергувчи ҳам сен…