banner banner banner
Стив Жобс
Стив Жобс
Оценить:
 Рейтинг: 0

Стив Жобс


Икки дўст лойиҳани ҳақиқатан ҳам тўрт кун ичида атиги 45 та микросхемадан фойдаланиб тугатишга муваффақ бўлди. Мукофот пули ҳақидаги фикрлар бир-бирига тўғри келмайди, лекин кўпчилик Жобс гонорарнинг ярмини Вознякка берган деб ҳисоблайди. Аммо бу тежалган деталлар учун Бушнелл тўлаган мукофот пули эмасди. Фақат ўн йил ўтиб, Возняк Atari тарихи ҳақидаги китобни унга кўрсатишганида мукофот ҳақида билиб қолади. “Эҳтимол Стивга пул керак бўлгандир, шунинг учун у менга ҳеч нарса айтмаган бўлса керак”, – деди Возняк. Лекин бир оз жим туриб ўйлаб кўрди-да, бу воқеа унга оғир ботганини тан олди. “У менга тўғрисини айтгани яхши эди. Агар унга пул кераклигини рўйирост айтганида, мен ўзим ҳаммасини унга берардим. У ахир менинг дўстим-ку. Дўстларга эса ёрдам бериш керак”. Вознякнинг сўзларига қараганда бу воқеа уларнинг характерлари ўхшамаслигини кўрсатиб берган. “Инсофлилик мен учун бекорчи гап эмас. Стив нима учун мендан унга аслида қанча тўлашганини яширганини ҳозиргача тушуна олмайман. Ҳамма одамлар ҳар хил бўлар экан”, – деди Возняк.

Ўн йилдан кейин бу воқеа матбуотда тарқалиб кетгач, Жобс Вознякка қўнғироқ қилиб, ҳаммасини инкор этади. Вознякнинг сўзларига қараганда Стив “бундай воқеани эслай олмаслигини, агар у бундай ишни қилган бўлса, уни албатта эслаб қолган бўлишини, эсида йўқ эканми, демак, бу воқеа бўлмаганини айтган”. Жобсдан буни очиқдан-очиқ сўраганимда, у сукут сақлади, кейин эса ишончсизлик билан шундай деди: “Билмайман, бу миш-мишлар қаердан пайдо бўлди. Менга тўлашган пулнинг ярмини мен Возга берганман. Мен ҳар доим шундай қилганман. Воз ишни 1978 йилда ташлаб кетган ва шундан кейин ҳеч нарса қилмаган, лекин Apple акцияларидан мен билан бир хил улуш олган”.

Эҳтимол бу шунчаки англашилмовчилик бўлиб, Жобс аслида Вознякни алдамаганмикан? “Балки мен хато қилгандирман, унутгандирман, – деди менга Возняк, лекин шу ондаёқ тузатди. – Йўқ. Аниқ эсимда. Стив 350 долларлик чек берган”. У масалага Бушнелл ва Элкорн орқали аниқлик киритди. “Возга мукофот пули ҳақида айтганимда у хафа бўлиб кетгани эсимда – дейди Бушнелл. – Ҳар бир тежалган деталга мукофот пули берганимни тасдиқладим, у эса бошини сарак-сарак қилди”.

Нима бўлса ҳам кейин Возняк ўтган гапни ковлаш яхши эмас деб айтди. Жобс одамлардан ўз манфаати йўлида фойдаланадиган мураккаб инсон эканини айтди. Унинг бундай жиҳатлари унга муваффақият қозонишида ёрдам берди. Возняк ҳеч қачон бундай йўл тутмаган бўлардим деди, лекин Apple’ни бир ўзи ярата олмаслигини ҳам тан олди. “Низони тинч йўл билан босди-босди қилишни маъқул кўраман. Бу воқеа ҳақида Стив билан судлашмоқчи эмасман”.

Atari’даги иш тажрибаси Жобсга бизнес ва дизайнга бўлган ўз ёндашувини ишлаб чиқишда ёрдам берди. Atari ўйинларининг оддийлиги ва қулайлиги (“танга киритинг, клингонларга чап беринг”) унинг дидига мос келарди. “Жобс бу оддийликни ўзлаштирди ва Apple маҳсулотларига сингдирди”, – дейди Стивнинг ҳамкасби Рон Уэйн. Бушнеллдан Жобс ўз айтганида туриб олиш қобилиятини ҳам ўзлаштирди. “Нолан рад жавобини умуман қабул қилмасди ва Стив буни ўзининг иш принципига айлантирди. Тўғри, Бушнелл Жобсдан фарқли равишда ҳеч кимни ҳеч қачон ҳақоратламаган. Лекин қисташи мумкин эди. Бундай муносабат ғашимни келтирарди, лекин нима бўлса ҳам бундай ёндашув иш берарди. Бу жиҳатдан Нолан Жобс учун ўрнак бўлиб хизмат қилди”, – деб эслайди Элкорн.

Бушнелл бунга қўшилади. “Бизнесменнинг истеъдодини яшира олмайсан ва мен буни Стивда пайқаганман, – деди у. – Уни нафақат чизмалар, балки тадбиркорлик масалалари ҳам қизиқтирарди. Унга тушунтирдим: агар қўлимдан ҳамма нарса келади деб ҳисобласанг, мақсадингга эришасан. Ўзингни вазиятни назорат қилаётгандек тут ва одамлар бунга ишонади”.

5-боб. Apple I. Ён, созлан, парвоз қил

Оромбахш ва меҳрибон автоматлар

60-йилларнинг иккинчи ярмида Сан-Франциско ва Силикон водийсида турли маданий оқимлар параллель равишда ривожланди. Ҳарбий саноат учун ишлаган компанияларнинг ўсиши билан техника инқилоби бошланди. Тез орада радиоэлектрон қурилмалар ишлаб чиқарадиган фирмалар, шунингдек микросхема ва видеоўйинлар ишлаб чиқувчилар ҳамда компьютер компаниялари ҳам уларнинг ортидан юксала бошлади. Хакерларнинг субмаданияти гуллаб-яшнади. Бу тармоқ ходимлари ва телефон фирибгарлари, киберпанклар, оддий ҳаваскорлар ва шунчаки, гиклар, шу жумладан, HP иерархиясига кирмайдиган муҳандислар ва компаниянинг ҳеч бир бўлимида ишламайдиган уларнинг болалари фаолияти билан изоҳланарди. ЛСД таъсирини ўрганиш билан машғул бўлган квазиолимлар гуруҳи бор эди; Пало-Альтодаги Аугментация тадқиқот марказида (Augmentation Research Center) ишлаган ва кейинчалик компьютер сичқончаси ва график фойдаланувчилар интерфейсларини ишлаб чиққан Даг Энгельбарт ҳамда мусиқий нур таратадиган шоулари билан гиёҳванд моддаларни машҳур қилиб юборган ва кейинчалик Grateful Dead номи билан донг таратган Кен Кизи ҳам улар орасида бор эди. Сан-Франциско ва унинг теварагидаги битниклар авлодига мансуб хиппилар ҳаракати кучайди. Мавжуд тартибга қўшилмаган турли сиёсий арбоблар Бёрклида пайдо бўлган Сўз эркинлиги учун ҳаракат негизида шаклланди. Бундан ташқари, фикрни равшанлаштириш борасида изланишлар олиб борадиган дзен-буддизм, индуизм, медитация ва йогадан тортиб то Яновнинг психотерапиясигача, сенсор депривация ва Эрхард семинарларигача бўлган турли-туман руҳий амалиётчиларнинг фаолияти гуркираб ривожланди.

Стив Жобс хиппи ва хакерлар субмаданияти омухтаси, фикрни равшанлаштириш борасидаги изланишлар ва янги технологияларга бўлган қизиқиш тимсоли эди: эрталаблари у медитация ўтказар, кундузи Стэнфордда физика бўйича маърузалар тинглар, тунлари Atari’да ишлар ва ўз бизнесига асос солишни орзу қиларди. “Ҳаёт жўш урарди, – хотирлайди у. – Grateful Dead, Jefferson Airplane, Жоан Баэз, Женис Жоплин каби ажойиб мусиқачилар пайдо бўлди; бу ерга яна интеграл схемалар ҳамда “Бутун Ер каталоги” каби китобларни қўшинг”.

Дастлаб хиппилар илм-фан ва техника ишқибозлари билан унчалик келиша олмасди. Контрмаданият вакилларининг кўпчилиги компьютерлар Оруэллнинг башорати нақадар тўғрилигини тасдиқлаяпти деб ҳисобларди. У компьютерлар Пентагон ва ҳукмрон тузум ҳокимиятининг тимсоли деб айтганди. “Машиналар ҳақида афсона” асарида тарихчи Льюис Мамфорд компьютерлар эркинликни ўғирлайди ва ҳаётий муҳим қадриятларни йўқ қилади деб таъкидлаганди. Перфокарталардаги “Эгманг, санчманг ва ғижимламанг” ибораси сўл пацифизм тарафдорларининг кинояли шиорига айланганди.

Лекин 70-йилларнинг бошига келиб ҳиссиёт ўзгарди. “Компьютерлар бюрократик назорат қуролидан ўз фикрини билдириш ва ҳурлик воситасига айланди”, – деб ёзади Жон Маркоф контрмаданият ва компьютер соҳасининг яқинлашувига бағишланган “Уйқучи нима деди” номли китобида. Бу тенденция Ричард Бротиганнинг 1967 йилги “Ҳамма энди оромбахш ва меҳрибон автоматлар назорати остида” деб номланган шеърида ҳам куйланганди. Психофаол моддалар ва кибернетика бирлашувини Тимоти Лири ҳам тан олганди; у шахсий компьютерлар янги ЛСД бўлди, деб таъкидлаб, ўзининг машҳур даъватини ўзгартирганди. Энди у “Ён, созлан, парвоз қил” деб янграрди. U2 йўлбошчиси Боно Жобс билан дўстлашиб қолганди. У Сан-Франциско ва унинг теварагидаги исёнчи норасмий ёшларнинг рок ва гиёҳвандликка асосланган маданияти нима учун охир-оқибат шахсий компьютерлар тармоғи пайдо бўлишига олиб келгани ҳақида Жобс билан тез-тез муҳокама қиларди. “Йигирма биринчи асрни Ғарбий Соҳилбўйидан чиққан, Стивга ўхшаб шиппакда юрадиган ва гиёҳ чекадиган хиппилар кашф қилган. Улар дунёга бошқа кўз билан назар ташлай олди, – деганди Боно. – Шарқий Соҳилбўйида, Англия, Германия ва Японияда ҳукмронлик қилган кучли иерархия ўзгача фикрлашни рағбатлантирмасди. Олтмишинчи йиллар ҳали мавжуд бўлмаган оламни тасаввур қилиш имконини берган анархик ақл тузилишини вужудга келтирди”.

Стюарт Бранд дастурчилар ва контрмаданият вакилларининг яқинлашувини биринчилардан бўлиб олқишлади. Бир неча ўн йил давомида оммани янги ғоялар билан лол қолдирган алдоқчи ва башоратчи Бранд 60-йилларнинг биринчи ярим йиллигида Пало-Альтода ЛСД билан боғлиқ экспериментлардан бирида иштирок этди. Кен Кизи билан бирга у бир нечта “Трип-фестиваль” уюштирди; Том Вулф “Электр музлатувчи наркотик модда синови” асарининг бошида уни ёдга олиб ўтади. Шунингдек, Бранд Даг Энгельбарт билан бирга овоз ва нур таратадиган “Барча тақдимотларнинг онаси” номли янги технологиялар тақдимотини яратади. “Бизнинг авлоднинг катта қисми компьютер технологияларини марказлаштирилган назорат тимсоли деб биларди, – деганди кейинроқ Бранд. – Лекин кичкинагина гуруҳ (уларни кейинчалик хакерлар деб аташади) компьютерларга бошқача нигоҳ билан қаради ва уларни инсониятни эркин қилиш воситасига айлантира олди. Ва бу келажак томон қўйилган чин йўл бўлиб чиқди”.

Бранд The Whole Earth Truck Store (“Бутун Ер автобозори”) дўконини бошқарарди. У ерда хилма-хил ускуналар, қурилмалар ва китоблар сотиларди; 1968 йили у фаолият соҳасини кенгайтиришга қарор қилди ва “Бутун Ер каталоги”ни чоп этди. Биринчи саҳифада Ернинг космосдан олинган машҳур фотосурати ва “Ускуналар танлови” дейилган кичик сарлавҳа жойлаштирилганди. Бу техника инсоннинг дўстига айланиши мумкинлигини англатарди. Биринчи нашрнинг илк саҳифасида Бранд шундай деб ёзганди: “Шахсий эркинлик инсоннинг ўзини ўзи маълумотли қилиш, ўз руҳини кўтариш, ўз муҳитини шакллантириш ва ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш имкониятларини кенгаймоқда. Бунга кўмаклашадиган ускуналарни сиз “Бутун Ер каталоги” ёрдамида олишингиз мумкин”. Бакминстер Фуллер бунга шеър билан жавоб берди. У “Мен мустаҳкам ишлайдиган ускуналар ва механизмларда худони кўраяпман…” деган қаторлардан бошланарди.

Жобсга каталог жуда маъқул келди. Унга, айниқса, каталогнинг 1971 йилги сони ёқди. У ўшанда ҳали катта синфда ўқирди. Жобс уни мактабга олиб келди, кейинчалик эса “Ягона ферма”га олиб борди. “Орқа муқовасида эрта тонгдаги қишлоқ йўли сурати жойлашганди. Бу йўлда автостоп билан сайр қилиш мумкин эди, сизга бундай саргузаштлар ёқса, албатта. Тагига шундай ёзиб қўйилганди: “Оч бўл. Аҳмоқ бўл”. Бранд Жобсни икки маданиятнинг органик тимсоли деб ҳисоблайди. Каталог ҳам айнан шунга бағишланганди. “Стив – контрмаданият ва технологиялар ўртасидаги боғловчи бўғиндир, – деганди у. – У шахсий ўсишда компьютерлар қандай фойда келтиришини тушуниб етганди”.

Бранднинг каталоги компьютер саводхонлиги даражасини ошириш учун ташкил этилган Portola Institute жамғармаси кўмагида нашр этиларди. Шунингдек, жамғарма People’s Computer Company нашри чоп этилишида ҳам ёрдам берарди; бунинг ортида компания эмас, балки ахборот рисоласи ҳамда “Компьютерларнинг имкониятлари – инсонлар учун” шиорига амал қиладиган ташкилот яширинганди. Вақти-вақти билан чоршанба кунлари учрашувлар ўтказиларди; бу учрашувларни ҳеч ҳам қолдирмайдиган Гордон Френч ва Фред Мур ўзининг янги кашфиётлари ҳақида сўзлаб бериш мумкин бўлган доимий клуб ташкил этишга қарор қилишди. Икки дўстни Popular Mechanics журналининг 1975 йилги сони илҳомлантирган эди. Журналнинг муқовасида Altair шахсий компьютери учун илк тўплам сурати туширилганди. Унинг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати йўқ эди – у бирлаштирилиши мумкин бўлган оддий деталлар тўплами эди холос; унинг нархи 495 доллар эди. Лекин компьютер ишқибозлари ва хакерлар учун бу янги эра бошланишини англатарди. Билл Гейтс ва Пол Аллен мақолани ўқиб чиқишди ва Altair учун бейсик тилининг версиясини ишлаб чиқа бошлашди. Жобс Возняк билан бирга янги компьютерга қизиқиб қолди. Altair нусхаси People’s Computer Company’га, Френч ва Мур томонидан ташкил этилган клубнинг илк йиғилишига юборилганида, у дастурнинг энг қизиқ мавзусига айланди.

“Уй компьютерлари клуби”

Тўгарак “Уй компьютерлари клуби” (The Homebrew Computer Club) деб номланди. Тўгарак “Бутун Ер каталоги”да акс этган технология ва контрмаданиятни бирлаштириш ғоясини тарғиб қиларди. Шахсий компьютерлар учун у доктор Жонс вақтидаги “Туркларнинг боши” қаҳвахонасини эслатарди. Тўгарак фикрдошлар ўзаро ғоя алмашадиган жойга айланди. 1975 йил 5 мартда Френчнинг Менло-Паркдаги гаражида бўлиб ўтган биринчи учрашувга берилган таклифномага Мур шундай деб ёзиб қўйганди: “Ўз компьютерингизни ясаяпсизми? Балки телевизор ёки ёзув машинаси ясамоқчидирсиз? Худди шундай қизиқишга эга одамлар билан мулоқот қилиш учун ташриф буюринг”.

Аллен Баум HP эълонлар тахтасида таклифномага кўзи тушиб, Вознякка қўнғироқ қилди. У бирга боришга рози бўлди. “Ўша кеча ҳаётимдаги энг муҳим кечалардан бири бўлди”, – деб эслайди Возняк. Френчнинг гаражида ўттиз киши тўпланди ва барча навбатма-навбат ўз қизиқишлари ҳақида айтиб берди. Возняк жуда ҳаяжонланганини кейинчалик тан олди. Мур олиб борган протоколларга ишонилса, унга “видеоўйинлар, илмий ҳисоб-китоблар учун микрокалькуляторларни лойиҳалаштириш ва телевизорлар учун видеотерминаллар ёқади”. Учрашувда янги Altair намойиш этилди, лекин Возняк учун микропроцессорга қўйилган техник талаблар рўйхатини кўриш муҳимроқ эди.

Воз микропроцессор (ўрнатилган марказий процессорга эга микросхема) устида мулоҳаза қилаётганда, унинг хаёлига бир фикр келди. Ўшанда у масофавий мини-компьютерга улаш учун клавиатура ва мониторли терминал ясайди. Микропроцессор қурилмага мини-компьютер ҳисоблаш қувватининг бир қисмига эга бўлиш имконини берарди, яъни мустақил стол компьютери вазифасини бажарарди. Ғоя доҳиёна бўлиб чиқди: клавиатура, экран, компьютер – ва бунинг барчаси битта комплектда. “Бирдан мен шахсий компьютер қандай бўлишини тасаввур қила бошладим, – дейди Воз. – Ўша кеча мен унинг чизмаларини чиздим, кейинчалик у Apple I компьютери бўлди”.

Воз Altair компьютерига ўрнатилган Intel 8080 микропроцессоридан фойдаланишни режалаштираётганди. Лекин бундай битта деталнинг қиймати “бир ойлик квартира ижара ҳақи”га деярли тенг эди, шунинг учун бошқа вариантни излашга тўғри келди. Дастлаб Воз Motorola 6800 микропроцессорида тўхтади: HP компаниясидаги дўсти бир дона бундай микропроцессорни 40 доллардан сотишга тайёр эди. Лекин тез орада Стив айнан шундай хусусиятларга эга, бироқ 20 доллар турадиган MOS Technologies компаниясида ишлаб чиқарилган процессорни топди. Бу у кашф қилган ихтиронинг нархини арзонлаштирар эди, лекин келгусида ортиқча сарф-харажатни келтириб чиқарарди. Вақт ўтиб Intel микросхемалари тармоқ стандартига айланди ва охир-оқибат бу Apple’га таъсир кўрсатди, чунки компьютерлар улар билан чиқиша олмади.

Ҳар куни Возняк ишдан кейин уйга қайтар, телевизори олдида кечки овқат қилар ва ўз ихтироси устида ишлаш учун яна HP’га қайтиб борарди. Компьютер деталларини у ўз хоначасида тахлаб чиқди, қайси деталь қаерда туришини аниқлади ва уларни асосий платага улади. Кейин дастур ёза бошлади. Унинг ёрдамида микропроцессор тасвирни экранга узата олиши керак эди. Ҳисоб-китоблар учун компьютердан фойдаланишга Вознинг пули йўқ эди ва у кодни қоғозга ёзиб чиқди. Бир неча ой ўтгач, ихтиро синаш учун тайёр эди. “Мен бир-иккита клавишни босдим ва ларзага келдим. Экранда ҳарфлар пайдо бўлди!” Шундай қилиб, 1975 йилнинг 29 июни шахсий компьютерлар саноати ривожида муҳим кун бўлди. “Биринчи бўлиб инсоният экранда клавиатурада терилган белгиларни кўрди”, – деб эслайди Воз.

Жобс лол қолди. У Вознякни саволларга кўмиб ташлади: Бир нечта компьютерни тармоққа улаш мумкинми? Компьютерга маълумотларни сақлаш учун диск қўйиш мумкинми? Шундан бошлаб у дўстига деталь топишда ёрдам берди; динамик оператив хотира энг муҳим деталь бўлиб чиқди. Жобс керакли одамларга қўнғироқ қилиб, Intel’нинг бепул микросхемаларини қўлга киритарди. “Стив шунақа, у ҳар доим келиша оларди. Бу менинг қўлимдан келмасди. Мен жуда тортинчоқман”, – дейди Возняк.

Жобс Воз билан “Уй компьютерлари клуби”да бўларди: телемонитор олиб борарди, созлашда ёрдам берарди. Энди йиғилишга 100 дан зиёд ишқибоз ташриф буюрарди ва йиғилиш Стэнфорд линиявий тезлаштиргичлар марказининг кутубхонасига кўчирилди. Бу ерда икки дўст бир вақтлар кўк қутича ҳақидаги журнални излашганди. Учрашувлар ҳали ҳам норасмий муҳитда ўтказиларди. Одатда учрашувларга яна бир контрмаданият ва компьютер технологиялари бирлашуви тимсоли – Ли Фелзенштейн раислик қиларди. Ли Сўз эркинлиги ҳаракати иштирокчиси бўлганди, фаол пацифизм тарафдори эди, Berkeley Barb норасмий газетаси учун мақолалар ёзарди; у олий маълумот ололмаганди, лекин кейинчалик компьютер муҳандиси бўлиб ишлаганди.

Фелзенштейн ҳар йиғилишни қисқа фикр алмашувидан бошларди. Сўнгра кимдир маъруза қиларди; у тугагач, ҳамма бир-бири билан мулоқот қилиши, фикр алмашиши, танишиши мумкин эди. Воз одатда нотаниш кимсалар билан гаплашишга уяларди, лекин тақдимотлардан кейин унинг компьютери атрофида синчков одамлар тўплана бошлади ва у мағрурланганча ишлар қандай кетаётганини кўрсатиб берди. Мур “Уй клуби” тижорат учун эмас, балки эркин фикр алмашиш учун хизмат қилишини хоҳларди. “Клубнинг ғояси – бир-бирига ёрдам бериш”, – деб эслайди Воз. Хакерлар этикаси ахборот эркинлигини ва ҳокимиятга ишонмасликни назарда тутарди. “Мен Apple I тердим, чунки уни бошқалар билан баҳам кўришни хоҳлагандим. Устига-устак бепул баҳам кўришни хоҳлагандим”, – дейди Возняк.

Билл Гейтсга бундай саховат ёт эди. Клубда улар Altair учун ёзган бейсик версиясининг нусхалари қўлма-қўл бўлиб юрганини билиб қолган Гейтснинг жаҳли чиқди: ҳеч ким унга бунинг учун бир цент ҳам бермади. Ўшанда у клубга ўзининг машҳур хатини ёзди: “Сизлар бировнинг ғояларини ўғирлаётганингизни тушунишингиз керак. Шу ишинглар тўғрими?.. Сизларга ўхшаганларни деб ҳеч ким яхши дастурлар ёзмайди. Ҳеч ким ўз ишини бепул қилмайди. Агар сиз мактубимга эътибор бериб, менга ҳақ тўласангиз хурсанд бўлардим”.

Стив Жобс ҳам Вознякнинг ихтиролари – у кўк қутича бўладими ёки компьютер бўладими – даромад келтириши керак деб ҳисобларди ва дўстини ўз чизмаларининг нусхаларини тарқатмасликка кўндирди. “Нима учун босма платаларни сотиш учун ясамаслигимиз керак?” Мана сизга улар симбиозининг яна бир мисоли. “Мен бирорта қизиқарли нарса яратардим, Стив эса бу орқали қандай қилиб пул ишлаб олишга ечим топарди”, – дейди Возняк. Унинг сўзларига қараганда, у ҳеч қачон бу ҳақда ўйламаган бўларди. “Компьютерларни сотиш хаёлимга ҳам келмаган, – деб эслайди Возняк. – Буни Стив шундай таклиф қилди: “Кел, бир-иккитасини ўзимизга қолдирамиз, қолганларини эса сотамиз”.

Жобс режа тузди: Atari’даги танишига монтаж платаларини чизиши ва элликта нусха тайёрлаши учун ҳақ тўлайди. Бу тахминан минг долларга тушади, қўшимчасига конструкторга гонорар тўланади. Агар ҳар бир чизма нусхаси 40 доллардан сотилса, соф фойда 700 долларни ташкил этади. Возняк буни кимдир сотиб олишига ишонмади. “Биз сарфлаган маблағни қайтара олишимизга ҳам шубҳаландим”, – дейди у. Устига-устак квартира хўжайини унга тиш қайраб турганди, чунки унинг чекларини банк қабул қилмаётганди, шунинг учун Возняк ҳар ой нақд пул тўлаб қарзини узишига тўғри келаётганди.

Лекин Жобс дўстини қандай кўндиришни биларди. У Возни улар албатта пул ишлаб оламиз деб ишонтирмади: шунчаки бу мароқли саргузашт бўлишини айтди. “Агар панд есак ҳам ўзимизнинг компаниямиз бўлади, – деди у ўзининг “фольксваген”ида кетаётиб. – Ҳаётда бир марта бўлса ҳам компаниямиз бўлади ва биз бу нима эканини ҳеч бўлмаса билиб оламиз”. Бу Вознякни бойиб кетиш истиқболидан кўра кўпроқ қизиқтириб қўйди: “Бу зўр бўлади деб ўйладим. Икки қалин дўст ўз компаниясини ташкил этади. Ажойиб. Мен буни жуда хоҳлаётганимни тушундим. Нима учун уриниб кўрмаслик керак?”

Зарур суммани тўплаш учун Возняк ўзининг HP 65 калькуляторини 500 долларга сотди; тўғри, якунида харидор уни алдаб кетди ва пулнинг ярмини берди. Жобс 1500 долларга ўз микроавтобусидан қутулди. Отаси эса умуман уни сотиб олаётган кишини қайтармоқчи бўлди ва Жобс Пол ҳақ бўлганини тан олишига мажбур бўлди: “фольксваген” ўлик бўлиб чиқди. Жобсдан уни сотиб олган одам икки ҳафта ўтгач, унга двигатель ишдан чиқди деб даъво қилди. Стив ремонт қийматининг ярмини тўлаб беришга рози бўлди. Лекин алам қиладиган бундай тўсиқларга қарамай, дўстларда 1300 долларлик капитал, чизма ва режа бор эди. Улар хусусий компьютер компаниясига асос солмоқчи эди.

Apple’нинг дунёга келиши

Янги компанияга ном керак эди. Жобс бир вақтлар олма узган “Ягона ферма”га борганди, Возняк уни аэропортда кутиб олди. Лос-Альтосга қайтаётиб, дўстлар ном ўйлаб топа бошлашди. Matrix каби стандарт техник номларни бирма-бир хаёлдан ўтказишди, Executek сингари бир-иккита неологизмни кашф қилишди ва рўйхатни Personal Computers Inc. каби сийқаси чиққан номлар билан тўлдиришди. Эрталабгача узил-кесил вариантни танлаш керак эди: Жобс ҳужжатларни расмийлаштиришни бошламоқчи эди. Ниҳоят Жобс Apple Computer’ни таклиф қилди. “Мен олма парҳезида эдим, – деб тушунтирди у. – Ва яқиндагина фермадан қайтгандим. Бу қизиқ, жўшқин ном эди ва қўрқинчли эмасди. Аpple сўзи “компьютер” деган жиддий сўзни юмшатарди. Бунинг устига телефон маълумотномасида биз Atari’дан олдинда турардик”. Стив Возга агар эртагача бундан яхшироқ ном хаёлга келмаса, компания Apple деб номланади деб айтди. Шундай бўлиб чиқди.

Apple. Ақл бовар қилмайдиган ечим. Бу сўз ўзида оддийликни мужассам этарди ва ўзига оғдириб оларди. Оригинал ном эди, одамлар учун пирог бўлаги каби таниш эди. Бу номда контрмаданиятнинг қайсидир жиҳати бор эди, табиатга қайтишни англатарди; бунинг устига, бу ном Америка компанияси учун жуда мос келарди. Apple ва Computer сўзлари бир-бирига умуман ҳамоҳанг эмасдек туюларди ва бу шуниси билан қизиқ эди. “Бу сўз бирикмасининг маъноси йўқ эди. Лекин ўйлашга мажбур қиларди, – дейди янги компаниянинг тез орада биринчи директори бўлган Майк Марккула. – Олмалар ва компьютерлар: улар орасида қандай ўхшашлик бор? Лекин ҳамма бу номни эслаб қолди ва бизни таний бошлашди”.

Возняк янги компанияга тўлиқ ишга ўтишни дарров хоҳлагани йўқ. Дилида у HP муҳандиси эди ва ишдан бўшашга тайёр эмасди. Жобс Вознякни HP’ни ташлашга кўндириш учун ёрдамчи кераклигини тушунди. Шунинг учун у ўзининг дўсти – Atari муҳандиси Рон Уэйнни таклиф қилди. У бир пайтлар ўйин автоматларини ишлаб чиқарадиган ўзининг компаниясига асос солиб касод бўлганди.

Уэйн Вознякни HP’дан кетишга кўндириш осон бўлмаслигини биларди; қолаверса, у зудлик билан у ердан кетишига ҳожат ҳам йўқ эди. Асосийси – Возни унинг компьютерларга оид барча лойиҳалари Apple’га тегишли бўлиши кераклигига ишонтириш эди. “Воз ўзи ўйлаб топган схемаларига ҳадик билан қарарди ва улардан бошқа мақсадлар учун фойдаланишни ёки HP’га беришни хоҳларди, – деб эслайди Уэйн. – Биз эса Стив билан бу чизмалар Apple’га пойдевор бўлиб хизмат қилиши кераклигини билардик. Биз роса икки соат буни менинг уйимда муҳокама қилдик ва ниҳоят мен Возни кўндиришга муваффақ бўлдим”. Рон унга буюк муҳандис ўз саъй-ҳаракатларини буюк бизнесмен билан бирлаштирсагина шуҳрат қозониши мумкинлигини, демакки, барча бу чизмалар Apple компаниясига тегишли бўлиши лозимлигини тушунтирди. Жобсда Уэйннинг гаплари шу даражада таассурот қолдирдики, у Apple акцияларининг 10 фоизини ва компания асосчиларидан бири деган мақомни унга таклиф қилди. Шундай қилиб, Уэйнга Apple’да Пит Бест The Beatles’да эгаллаган мавқе ва, асосийси, агар Жобс ва Воз фикрлари бир-бирига тўғри келмай қолса, холис шахс роли таклиф этилди.

“Улар бир-биридан анча фарқ қиларди, лекин биргаликда кучли жамоа эди”, – дейди Уэйн. Жобс бутун вужудини иблислар қамраб олган шахсни эслатса, кўнгилчан Воз худди ёш боладек соддадил эди. Жобснинг дадиллиги баъзида бошқаларни алдаб бўлса-да, ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилишда ёрдам берди. Унинг таровати сеҳрлаб қўярди, лекин у илтифотсиз ва ҳатто бағритош ҳам бўлиши мумкин эди. Возняк эса журъатсиз, тортинчоқ эди ва шунинг учун у ёш болага ўхшаб кўринарди, лекин ёқимтой эди. “Воз – ақлли, мияси ўткир одам, лекин бегоналарнинг олдида ўзини йўқотиб қўйиб, нима қилишни билмай қолади. Шу сабаб биз бир-биримизни узвий тўлдирдик”, – дейди Жобс. Жобс Вознинг муҳандислик қобилиятига қойил қолиши, Возняк эса Стивнинг тадбиркорлик маҳоратини қадрлаши ҳам бунда қўл келди. “Мен битимлар тузишни, кимнидир тирсагим билан туртишни, ким биландир мусобақалашишни ҳеч қачон хоҳламасдим. Стив эса ўзи танимайдиган одамларга қўнғироқ қилишга ботина оларди ва хоҳлаган нарсасига эришарди. Стив ўзи бефаҳм деб ҳисоблаган одамларнинг кўнглига қараб ўтирмасди. Лекин мен бутун ҳаётим давомида, ҳатто унинг саволига ўзи хоҳлагандек яхши жавоб айта олмаган пайтларимда ҳам ундан қўпол сўз эшитмаганман”, – дейди Возняк.

Возняк гарчи у ўйлаб топган янги компьютер Apple мулки бўлиши кераклигига рози бўлган бўлса-да, барибир чизмаларни дастлаб ўзининг бевосита иш берувчиси – HP компаниясига таклиф қилмоқчи эди. “Мен HP компаниясида ишлаётган вақтимда ўйлаб топган ихтироимни компанияга айтишим шарт деб ҳисоблардим, – дейди Возняк. – Шундай бўлса, тўғри бўлар эди”. 1976 йилнинг баҳорида Возняк чизмаларини ўзининг боссига ва компания раҳбариятига кўрсатди; уларда бу таассурот қолдирди, лекин яхшилаб ҳисоб-китоб қилиб, улар HP бу лойиҳа устида ишламайди, деган қарорга келишди. Айтишдики, бу маҳсулот шундай кўринишда кам сонли ҳаваскорларга мўлжалланган, демакки, компаниянинг юқори сифатли оммавий товарлар ишлаб чиқариш концепциясига тўғри келмайди. “Мен хафа бўлдим, – тан олди Возняк, – лекин HP’нинг рад этиши менга эркинлик берди ва мен чизмаларни Apple’га бердим”.

1976 йилнинг биринчи апрелида Жобс ва Возняк шериклик тўғрисида битим тузиш учун Маунтин-Вьюдаги Уэйннинг уйига боришди. Уэйн унга бир вақтлар бунақа “юридик сафсата” ёзганини айтди ва уч варақ ҳужжатни ўзи шипиллатиб ёзиб берди. Уни оддий одам ўқигиси келмасди. Матнда “Ушбу ҳужжатда қуйидагиларни маълум қиламиз…, Юқорида баён этилганларга асосланган ҳолда…, Юқорида қайд этилганларни инобатга олиб ва тегишли улушлар ўтказилишини эътиборга олиб…” каби иборалардан ташкил топган жумлалар ёзилганди. Лекин фоизларни аниқ қилиб ёзишди: 45 % – 45 % – 10 %. 100 доллардан ортиқ ҳар қандай харажат учун камида икки нафар шерикнинг розилиги талаб этилишини кўрсатишни унутишмади. Томонларнинг мажбуриятларини ҳам санаб ўтишди. “Возняк электроникани лойиҳалаштириш учун асосий жавобгар; Жобс электротехника ва маркетинг учун, Уэйн эса техник лойиҳалаштириш ва ҳужжатлар учун жавоб беради”. Жобс битимни кичик ҳарфлар билан имзолаган бўлса, Возняк чиройли қилиб имзо чекди, Уэйн эса шунчаки ўқиб бўлмас гажак қўйди.

Кейин Уэйн қўрқиб кетди. Жобс кредит олиш ва пул сарфлаш ҳақида режа туза бошлагач, Рон ўзининг аввалги фирмаси муваффақиятсизликка учраганини эслади. У яна хонавайрон бўлишни хоҳламади. Жобс ва Вознякнинг йиққан пуллари йўқ эди, лекин Уэйн (глобал молиявий инқироздан хавфсираб) матрасида олтин тангалар сақларди. Ҳужжатларга кўра Apple корпорация бўлмай, шунчаки ширкат эди ва шериклар қарзлар учун шахсан жавоб берарди. Уэйн у бу нарса бўлса, кредиторлар уни қувлаб юришидан қўрқди. Ўн бир кун ўтгач, у “ширкатдан чиқиш тўғрисидаги ариза” ва шартномага тушунтиришлар билан Санта-Кларадаги солиқ инспекциясига келди. “Томонлар битимни қайта кўриб чиққанлиги муносабати билан Уэйн шерик мақомини йўқотади”, – деб ёзилганди ҳужжатда. Шунингдек, ўзининг компания акцияларидаги 10 фоизлик улуши учун у 800 доллар, кейин эса яна 1500 доллар олиши ҳам кўрсатилганди.

Агар Уэйн фикридан қайтмаганида, 2010 йилда бу 10 фоизлар тахминан 2,6 миллиард долларни ташкил этарди. Энди эса Рон Невада штатининг Парампа шаҳридаги кичкина уйда пенсия нафақасига яшайди, бир-бир автомат ўйнаб туради, лекин ҳеч нарсадан афсусланмаслигини айтади. “Ўшанда бу менга вазиятдан чиқишнинг энг яхши йўли бўлиб кўринганди, – мулоҳаза қилади у. – Йигитларнинг ғайрати тўлиб тошаётганди ва мен буни эплолмаслигимни билиб, уларни тарк этишга қарор қилдим”.

Apple’ни яратиш тўғрисида шартнома тузилгач, Жобс ва Возняк “Уй компьютерлари клуби” йиғилишида сўзга чиқишди. Возняк микропроцессорли ва и 8 Кбайт хотирали ўзлари яқинда ясаган платалардан бирини кўрсатди ва унга мослаб ёзилган бейсик версияси ҳақида сўзлаб берди. Ўзи асосий деб ҳисоблаган жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди: “Кўплаб чироқчалар ва ўтказгичларга эга мураккаб панел ўрнига қулай ва оддий клавиатура”. Ундан кейин Жобснинг навбати келди. У Altair’дан фарқли равишда Apple’да барча асосий компонентлар компьютерга ўрнатилганини айтди. Шундан кейин тингловчиларга шундай савол берди: уларнинг наздида харидор бу ажойиб компьютер учун қанча пул сарфлашга тайёр? Шундай усул билан у Apple’нинг муҳимлигига урғу бермоқчи бўлди. Кейинчалик тақдимотларда Жобс бундай риторик саволни бир неча бор қўллайди.

Уларнинг чиқиши аудиторияда катта таассурот қолдирмади. Apple I компьютерига Intel 8080 эмас, арзон микропроцессор ўрнатилганди. Лекин бир одам компьютерга қизиқиш билдирди. Унинг исми Пол Террелл эди; 1975 йили у Менло-Паркедаги Камино-Реалда “Байт” номли компьютер дўкони очганди. Бир йил ўтгач, унда учта дўкон бор эди ва у вақт ўтиб бутун мамлакат бўйлаб дўконлар очишни режалаштираётганди. Жобс унинг эътиборидан боши осмонда эди ва Террелл учун жон деб тақдимот ўтказиб берди. “Бу компьютерга қаранг! Сизга бу албатта ёқади”, – деди у тантанавор оҳангда. Терреллга бу таъсир қилди ва у Жобс билан Возга ўзининг ташриф қоғозини берди. “Ўйлашиб кўрамиз”, – деб ваъда қилди у хайрлашаётиб.

“Мен бунга тайёрман”, – деб кириб келди эртаси куни Жобс оёқ яланг Терреллнинг дўконига. У битим тузишга муваффақ бўлди. Террелл 50 та компьютерга буюртма берди, лекин битта шарт қўйди: унга 50 доллар турадиган босма платаларнинг кераги йўқ эди, чунки унда харидорлар ўзлари зарур микросхемалар сотиб олиб, компьютерни мустақил теришига тўғри келарди. Бундай маҳсулот кўпчилик харидорни ўзига тортмасди. Террелл платалар тўлиқ комплект ҳолда бўлишини талаб қилди; ўшанда у буюртма тайёр бўлиши билан уларнинг ҳар бирига 500 доллардан тўлашга тайёр эди.

Жобс дарҳол HP’даги Вознякка қўнғироқ қилди. “Ўтир, бўлмаса думаллаб тушасан!” – деди у. Возняк тик турганини айтди, лекин Жобс барибир унга янгиликни етказди. “Мен шунчаки қаттиқ ҳайратда қолдим, – деб эслайди Возняк. – Бу лаҳзани мен ҳеч қачон унутмайман”.

Буюртмани бажариш учун икки дўст 15 минг долларлик деталь сотиб олиши керак эди. Уларнинг Хоумстеддаги эски таниши Аллен Баум ва унинг отаси Воз ва Жобсга 5 минг доллар қарз беришга рози бўлишди. Стив Лос-Альтосдаги банкдан кредит олишга уриниб кўрди, лекин кутилганидек, уни кўрган менежер талабномани рад этди. Ўшанда Жобс Halted дўконига бориб, деталлар эвазига Apple акцияларининг бир қисмини таклиф қилди, аммо дўкон эгаси “иккита исқирт йигит”га рад жавобини берди. Atari’даги Элкорн уларга микросхемаларни сотишга тайёр эди, лекин улар бунинг ҳақини олдиндан тўлаб қўйиши керак эди. Ниҳоят Жобс Cramer Electronics менежерини Терреллга қўнғироқ қилишга кўндира олди. Террелл Жобс ва Возга компьютерларга 25 долларлик буюртма берганини тасдиқлаши керак эди. Террелл уни баланд овозда телефонга чақиришган вақтда мажлисда эди (Жобс ўз айтганида туриб олишни биларди). Cramer менежери унинг олдига пала-партиш кийинган икки йигит “Байт” буюртмаси билан келганини айтиб, уларга ишониш мумкинми деб сўради. Террелл барчаси тўғрилигини тасдиқлади ва дўкон Жобсга 30 кунга деталларни кредитга беришга рози бўлди.

Гараждаги цех

Кредитга сотиб олинган деталлар ҳақини тўлаш муддати тамом бўлиши билан бир ойдан сўнг “Байт”га етказиб берилиши керак бўлган илк 50 та Apple I компьютери Жобсларнинг Лос-Альтосдаги уйида терилди. Ишга бўш бўлган ҳар ким, масалан, Жобс, Возняк, Дэниел Коттке, унинг собиқ севгилиси Элизабет Холмс (у сектани ташлаганди) ва Жобснинг ҳомиладор синглиси Патти жалб қилинди. Паттининг собиқ ётоқхонаси, ошхона столи ва гараж иш жойига айлантирилди. Заргарлик маҳорати дарсларига қатнайдиган Элизабет микросхемаларни кавшарлади. “Умуман олганда, мен ишнинг уддасидан чиқдим, лекин бир марта микросхемалар устига қотишмани томизиб юбордим”, – деб эслайди Элизабет. Стивнинг жаҳли чиқди. “Ортиқча деталлар бизда йўқ”, – деди у ҳақли равишда ва Элизабетга ҳисоб юритишни ва ҳужжатларни расмийлаштиришни топширди, кавшарлашни эса ўзи бажарди. Тайёр монтаж платасини Вознякка беришарди. “Мен платалар ишлашини телевизор ва клавиатурага улаб текшириб кўрардим. Агар ҳаммаси яхши бўлса, қутига жойлаштирардим. Агар ишламаса, нуқсонни аниқлаб, уни бартараф этардим”, – деб сўзлаб берди Воз.

Пол Жобс вақтинча эски автомобиллар билан шуғулланмай қўйди ҳамда ўғли ва унинг дўстлари ихтиёрига бутун гаражни бўшатиб берди, у ерга узун эски дастгоҳни олиб чиқиб берди, деворга гипсокартон тахтасини осди, унга компьютер схемаларини улади ва деталлар учун рақамланган қутиларни қўйиб берди. Яна компьютерлар тунда юқори ҳароратда қандай ишлашини текшириш учун у инфрақизил чироқлар остига иссиқлик ўтказмайдиган контейнер ўрнатди. Вақти-вақти билан Стив тоқати тоқ бўлиб, бақириб юборарди ва Пол уни тинчлантирарди. “Нима бўлди? Орқанг қичишиб кетдими?”, – деб сўрарди у. Яна у баъзан бирорта футбол ўйини финалини томоша қилиш учун телевизорни қайтариб беришларини сўрарди (уйда битта телевизор бор эди). Ўшанда Жобс ва Коттке танаффус қилиб, уй олдидаги майсазорда гитара чалиб ўтирарди. Клара уйда Стивнинг дўстлари доим ўралашиб юришига ва ҳаммаёқни компьютер деталлари босиб кетганига эътироз билдирмасди; унинг кўнглини ўғлининг тушунарсиз тарзда овқатланиши ғаш қиларди холос. “Стивнинг навбатдаги парҳезини эшитиб онаси уф тортарди, – деб эслайди Элизабет. – Клара Стив соғлом бўлишини хоҳларди, у эса “мен фрутарианман, ой шуъласида бокира қизлар терган баргларнигина ейман”, – деб сафсата сотарди”.

Возняк тўпланган бир нечта монтаж платасини маъқуллагач, Жобс уларни “Байт”га олиб борди. У олиб борган нарсадан Терреллнинг боши қотди. Платаларга на таъминот блоки, на қутичалар, на клавиатура монитори уланганди. У қўшимча ишни талаб қилмайдиган тайёр маҳсулот олишни хоҳлаганди. Лекин Жобс унга диққат билан қараганидан кейин Террелл буюртмани қабул қилиб, унинг ҳақини тўлашга рози бўлди.

Ўттиз кундан кейин Apple тез орада фойда келтириши аён бўлиб қолди. “Плата биз ўйлагандан арзонга тушди, чунки деталларни анча пасайтирилган нархларда сотиб олгандим, – деб эслайди Жобс. – “Биз “Байт”га сотган элликта компьютерга кетган харажатни ортиғи билан қоплади”. Энди улар қолган платаларни дўстларига ва “Уй компьютерлари клуби”даги танишларига сотиб, фойда олиши мумкин эди.