СЕНГА ОСОН
Сенга осон,
кўнглинг бузилиб кетса,
кўкрагинг тўлиб кетса,
йиғлаб оласан.
Ҳеч нарсага ақли етмай,
айланиб гирдингдан кетмай,
гина, кудуратни ҳис этмай,
сочингними силаб,
бардошларми тилаб
қўшилиб йиғлайди
қизалоғинг ҳам.
Сен кимнидир қарғаб,
кимнидир алқаб,
кимнингдир
гўрига ғишт қалаб
бемалол, бехижолат
йиғлашинг мумкин…
Мен-чи…
мен бўғзимни
қонатиб бўлса-да,
(Отам ўлса…
онам ўлса-да…)
барча дардларимни,
аламларимни
ичимга ютишим лозим,
ёлғизим.
Сенга осон…
1984
НЕ ТИЛАЙ?
Осмонга устун тилайму,
Шоҳга адолатму тилай?
Ошпичоққа қин тилайму,
Қулга шафоатму тилай?
Ҳовузга тилайму қопқоқ,
Бойга мурувватму тилай?
Кўрпага енг тилайму, ё
Йўқсулга давлатму тилай?..
1981
ИНСОННИНГ КЎНГЛИ
Карвонсарой эмас,
Қўналға эмас,
Қизил майдон эмас
Инсоннинг кўнгли.
Босқинни бас қилинг,
Топтамакни тўхтатинг энди;
Ўзбекистон эмас
Инсоннинг кўнгли.
1987
ҚАДИМ ҚАЛЪА
Бир қадим
қалъанинг деворларинда
қон кўрдим:
ҳар ғишт қон!
ҳар қадам қон!!!
Токчаларга қўнган ғуборларинда
қонталаш замонга
жонталаш исён!
Кўзларимни юмдим:
Ёлғонми дедим.
Гувоҳга айланди
ҳар ғишт,
ҳар қадам…
Бир аччиқ ҳақиқат тиғлади дилим:
Ҳақиқат ўлмайди!
ўлади одам.
1981
ШУКРОНА ЎРНИНДА
Кўксимни
захга бериб
кўкардим мен,
минг бир дардни бир ўзим
кўтардим мен.
Хос жом топсам дардимни
тўкардим мен,
Сўнг бемалол дунёдан
ўтардим мен.