banner banner banner
Ота макон
Ота макон
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ота макон

Қани эди хотинингдан қутулиб,
Кетиб қолсанг, бирон овлоқ жой бўлса.
Ўшал − яноғи ол қизга тутулиб,
Севги изҳор қилсанг, гувоҳ ой бўлса.

Очиб қўйсанг, ўқи! деб дил дафтаринг,
Ғўлдирасанг, қовушмаса гапларинг…
Муччи олсанг, ёниб кетса лабларинг,
Ёрнинг лаби шаккар, тили мой бўлса.

Яноғини боси-и-и-б… сенинг юзингга,
Толе тўлиб қолса икки кўзингга…
Ҳаяжондан келолмасанг ўзингга,
Тун бўлса-ю чинор бўлса, сой бўлса.

Шу тун ҳеч ким келолмаса қошингга,
Таёғини ўқталмаса бошингда…
У ўн саккиз, сен йигирма ёшингда,
Ғанимларнинг келар йўли лой бўлса.

Ҳар кун шундай ширин-ширин ўй бўлса,
Зўр қўчқорни ошга сўй ҳа сўй бўлса…
Душманларнинг кўзларини куйдириб,
Булутларнинг устида оқ тўй бўлса…

Қани эди хотинингдан қутулиб
Кета олсанг, бирон овлоқ жой бўлса.
Ўшал − дудоғи бол қизга тутулиб
Севги изҳор қилсанг, гувоҳ ой бўлса…

    1981

ЎТТИЗДАГИ АЁЛ

1

Чаккада оқ толалар пайдо,
Ҳечқиси йўқ.
Теграсида болалар пайдо,
Ҳечқиси йўқ.
Уйқуда ҳам олалар пайдо,
Ҳечқиси йўқ.
Тунлар гоҳо нолалар пайдо,
Ҳечқиси йўқ.

Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.

Эрта кетиб, кеч қайтар эри,
Ҳечқиси йўқ.
Ўттизгами чиққаннан бери,
Ҳечқиси йўқ.
У зулфидан пахталар терар,
Ҳечқиси йўқ.
Кўкрагида бир умид эрир:
− Ҳечқиси йўқ.

Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.

Турмуш деган дор келиб қолди,
Ҳечқиси йўқ.
Рўзғор деган ғор келиб қолди,
Ҳечқиси йўқ.
Турфа ташвиш ёр келиб қолди,
Ҳечқиси йўқ.
Сийнабанд ҳам тор келиб қолди,
Ҳечқиси йўқ.
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.

Ўсма тортиб яйрайди бу қуш,
Ҳечқиси йўқ.
Сурма тортиб яйрайда бу қуш,
Ҳечқиси йўқ.
Ўз ўзини аврайди бу қуш,
Ҳечқиси йўқ.
Бир нағмани сайрайди бу қуш:
− Ҳечқиси йўқ…
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.

Бир сўз мудом узади тизгин −
Ҳечқиси йўқ.
Лабига ўт қўяди эзгин
Ҳечқиси йўқ.
Тошойнанинг қошида ғамгин
“Ҳечқиси йўқ.”
Қароғидан ахтарар таскин:
− Ҳечқиси йўқ.
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.

2

− Ҳаққингизни олдингиз, янга.
− Ҳечқиси йўқ.
− Эрта қариб қолдингиз, янга.
− Ҳечқиси йўқ.
− Гул эдингиз, сўлдингиз, янга.