banner banner banner
САҲИФАЛАР
САҲИФАЛАР
Оценить:
 Рейтинг: 0

САҲИФАЛАР


Татаристоннинг машҳур шоири, ёзувчи ва публицист Абдулла Тўқай ўзининг “Онг” деган шеърила:

Биз Бешинчи йилда бир кунда уйғондик тонг билан,

Ишга даъват этди бизни кимдир эзгу ном билан…

… Ўтди энди, дўстларим, ул ўтган иш, не бўлса ул;

Энди ишлайлик очиқ кўзлар билан, чин онг билан,-

деб ёзади. (Абдулла Тўқай. Асарлар. Беш томлик. Қозон. 2-жилд. 216 бет. )

Манифест халққа матбуот ва сиёсий ташкилотлар тузишга рухсат берганлигидан фойдаланиб, Туркистон жадидлари бир қатор уюшма-жамиятлар билан бирга газета-журналлар чиқардилар. Тошкентда “Тараққий” (1906, 27 июн. Муҳаррири: Исмоил Обидий) , “Хуршид” (1906, сентябр. Муҳаррири: Мунаввар қори Абдурашидхонов ), “Шуҳрат” 1907,

1 декабр. Муҳаррири: Абдулла Авлоний), “Тужжор” (1907. Муҳаррири: Саидкарим Саидазимбой ўғли), “Осиё” (1908. Муҳаррири: Аҳмаджон Бектемиров) газеталари чиқа бошлади.

Бухорода “Турон”газетаси (1912. Муҳаррири: Ғиёсиддин Ҳасаний) ўқувчиларга етиб борди.

Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ойна” (1908) журнали, кейинроқ “Самарқанд ” (1913) газетаси нашрларини йўлга қўйди.

Фарғонада “Садойи Фарғона” (1914. Муҳаррири: Обиджон Маҳмудов)

чиқиб турди.

Айни чоғда Тошкентда 1909 йилнинг 12 майида “Жамияти хайрия” (муассислари Абдулла Авлоний, Мунаввар қори Абдурашидхонов ва бошқалар) , Бухорода 1909 йилнинг 18 июнида “Тарбияти атфол” (муассислари Ҳамидхўжа Меҳрий, Усмон Хўжа ва бошқалар) жамияти ташкил топади. Бу жамиятларнинг 41 моддага эга бўлган ҳаракат дастурида ёшларни ривожланган чет мамлакатларга ўқишга юбориш ҳам назарда тутилган эди. Бухоронинг “Тарбияти атфол” жамияти бу масалани тез ҳал қилишга киришди. Бухороликлар бундан олдин, аниқроғи, 1908 мартида жадид мактаблари ташкил қилиш учун “Ширкати Бухорои шариф” тузган ва Садриддин Айнийнинг маълум қилишича, жадид мактабларининг тажрибаларини ўрганиш учун Меҳрий ва Усмонхўжани Боқчасарой ва Истанбулга юборган ва улар уч ой давомида у ерларда бўлиб, кўп нарсалар ўрганган ва керакли китоблар олиб келишган эди. Энди “Тарбияти атфол” беш кишини Истанбулга ўқишга юборди, буларнинг орасида Абдурауф Фитрат ҳам бор эди.

Фитратнинг Истанбулга борган вақти Садриддин Айний, Ҳамид Олим-жон, Заки Валиди Тўғон, америкалик Эдвард Олворт, япониялик Хисао Кўматсу каби бир қатор ёзувчи ва олимлар томонидан ҳар хил кўрсатилган. Бу нарсага аниқлик киритиш учун фитратшунос олим Ҳамидулла Болтабоев Бухоро, Тошкент, Истанбул кутубхона ва архивлари, шунингдек, ДҲҚ архивидаги 4269 рақамли йиғма жилд материалларини дақиқ тадқиқ этгандан сўнг, Фитратнинг Истанбулда 1909 йил сентябридан 1914 йилнинг баҳорига қадар бўлганини аниқлади (Ҳамидулла Болтабоев. Фитрат ва жадидчилик. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси. Тошкент -2007, 28 бет. Фақат Ҳ.Болтабоев 1909 йил сентябр сўзининг ёнида ойнинг туркча номини еким деб ёзган; еким эса сентябр эмас, октябрдир; сентябрнинг туркчаси эйлулдир. Шунга кўра, Фитратнинг Истанбулга келган вақти октябр ойи бўлса керак, деб ўйладим.-М.А. ).

Фитрат Истанбулга келиши биланоқ ўзидан олдин келган туркистонлик ёшлар бошлаган – Истанбулда “Бухоро умумий маориф жамияти” тузиш

ишини тезлаштиради. Бу жамиятнинг Низоми ва Дастурини ёзади. Расман тан олинган бу ҳужжатлар 1909 йилнинг 26 октябрда эълон қилинади.

(Ҳ. Болтабоев.Юқоридаги китоб. 19 бет.)

Фитрат учун буишларнинг енгил кўчиши фақат унинг турли илмларни билиши туфайлигина эмасди, Туркияда ва бошқа мамлакатдарда илгари ҳам унинг кўрган-кечирганлари бор эди. Гап шундаки, Фитратнинг отаси сар-роф, савдогар эди. Фитрат эса “Бухорода 18 ёшларига қадар” ўқиган, сўнг, отаси ёнида хизмат қилган. Ота-бола бирга ҳажга боришган, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Арабистонда бўлишган” эди. (“Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти”. Тошкент. “Маънавият”, 2004. 357 б). Шу дарсликнинг айнан шу саҳифасида яна “унинг Москва, Петербург шаҳарларига ҳам саёҳат қилгани маълум. Бу сафар-саёҳатлар 1904-1907 йилларга тўғри келади” дейилган. Шу маълумотга асосланиб, Фитрат Русия ва Яқин Шарқ мамлакатларини кезган чоғида у ерлардаги ижтимоий-сиёсий ҳаракатларни ҳам кузатган ва озми-кўпми малака орттирган, деб тахмин қилиш мумкин.

Фитрат Истанбулда 1909-1913 йилларда Дорулмуаллимин (Педагогика Институти)да , баъзи тадқиқотларга кўра, Истанбул Университетида ўқиган

ҳамда Иттиҳод ваТараққий жамияти, Ёш Турклар инқилобининг ҳар бир қадамини катта ҳаяжон билан кузатган, “Сирот-и мустақим” журнали муҳар-ририяти билан яқин алоқалар ўрнатган.

Фитрат ҳали Бухорода эканлигидаёқ бу журнал билан узлуксиз танишиб борарди. Япон олими Хисао Кўматсунинг ёзишича, 1908 йилда таниқли олим Абдурашид Иброҳим Бухорода бўлганида талабалар билан кўп учрашгани-нини, “талабаларнинг қобилиятини синаб кўрганини, Бухоро талабасида бир нави қобилият мавжудлигини” эътироф этган (Абдурашид Иброҳим. 20-аср бошларида Ислом дунёси ва Японияда исломият. 1-жилд. Истанбул. 1987. Ени Осиё нашриёти. 50 бет.) Х.Кўматсу давом этиб шундай дейди:

“Мирараб мадрасасида таҳсил олаётган Фитратни Иброҳимбек учратганми, йўқми, билмаймиз. Шундай бўлса ҳам маълум вақт ўтиб Фитрат Бухорода усмонлилар газетаси “Сирот-и мустақим” учун бир ўқув тўгараги ташкил этган эди.” (Ҳ.Болтабоев. Фитрат ва жадидчилик. 269 бет).

“Сирот-и мустақим” газетаси Ислом оламидаги орқага кетишларнинг сабаблари тўғрисида муҳим хулосаларни баён этар, мадрасаларни ислоҳ қилишга чақирар, калом ва ҳадис илмини бу кунги ҳаёт муаммолари билан боғлаб шарҳлар, янги-янги таклифларни ўртага қўяр эди. Унда Ҳиндистон, Русия, Туркистон, Яман, Ҳижоз, Миср мусулмонларининг аҳволига доир жуда кўп мақолалар бериларди. Булардан ташқари Меҳмед Окиф вақтинча Саъдий номидан фойдаланиб, ўзининг янги шеърлари ва мақолаларини шу газетада эълон қилиб борардики, улар ҳам ўта долзарб ва замонавий мавзуларда эди.

“Фотиҳ жомеи”, “Хаста”, “Майхона”, ”Сайфи бобо” манзумалари шулар жумласидандир. Бу шеърлар ўта “самимий, содда ва равон эди” (М.Эртуғрул Дуздоғ).

Меҳмед Окиф яна газетада Яқин Шарқнинг атоқли шахсиятлари асарлари-дан бериб боришни ҳам ўзининг бурчи деб билди. Фарид Важдий, Муҳаммад Абдуҳ, Азимзода Рафиқ, Шибли ан-Нуъмони, Аддулазиз Човуш, Саид Ҳалим Пошо асарларидан намуналар таржима қилди.

Фитрат газета саҳифаларини варақлаб, Меҳмед Окифнинг ўз шеър ва мақолалари билан бирга ўгирмалари билан ҳам танишаркан, бу олим ва арбобларнинг қалбини безовта қилаётган қилаётган муаммолар ҳақида ўйлаб, ҳаяжони кескинлашиб борарди. Айниқса, Муҳаммад Абдуҳнинг “Сирот-и мустақим” газетининг 17 сонида давомли қилиб берилган “Ҳаното билан муноқаша (тортишув)” асарини ўқиб чиққанда жонажон Бухоросининг аҳволи кўз олдидан кетмай қолди. Шиа ва суннийлар нифоқи, қадим(эскичи) ва жадид (янгичи) мунозаралари, фақат Бухорода эмас, бутун Туркистон, бутун Шарқ ўлкаларидаги таълим борасидаги қолоқликлар, Бухоро армиясининг фақат шамширу эгри камон ва етмиш нафар фалокатга йўлиқажак сарбоз билан чекланганлиги, тўп, милтиқ, бомба, динамит ва бошқа қуроллар ясашни ҳаром деб фатво чиқарганлиги, Бухоро зиёлиларинингжаҳолати, талабаларни талаётган мударрислар, халқнинг ночор аҳволи, Бухоро амири ва аъёнларининг мутаассиб хатти-ҳаракатлари, муқаррар йиқилиш сари олиб боришини ўйлар эди. Аҳмад Донишнинг Бухоро армиясини янги ҳарбий қуроллар билан таъминлашга даъвати,Исмоил Ғаспиралининг ҳам янги мактаблар қуриш учун берган ўринли кенгашлари, Абдурашид Иброҳимнинг амирни Бухоро мустақил-лигини сақлаш учун тадбирлар кўриши зарурлиги ҳақидаги маслаҳатлари на амирнинг, на аъёнларининг қулоғига кирди. Абдурашид Иброҳим ёзганди: “Бухоро амири шу қадар олижаноб одамдирки, қаерда руслар бир иш бошласа, Бухоро амири ўша ерга етиб боради. Болтиқ денгизида бир зирҳли ҳарб кемаси бутунлай амирнинг пули, маблағи билан қилингандир.Япон-рус урушида, ўзининг айтишига қараганда, беш миллион рубл ёрдам бергандир.” “Бухоро амирлиги ўзида бир боқимсизлик ҳис этиб ўзини мустақил деб ҳисобламоқда. Лекин аслида Бухоро боқимсизлиги Бухорода рус маъмурлари йўқ, ўз ёғларига ўзлари қоврилиб ётишибди” дейишдан иборатдир. Рус маъмурлари ва рус аскари Бухородан тўққиз километр нарида Когон (аслида Қоғон) дейилган ерда жойлашган. Хоҳлаган пайтида бир рус маъмури келади-да,истаган ишини қилади ва ҳар ишга ҳам аралашади.” (А.Иброҳим. Ислом дунёси. 1-жилд. 50 бет). Аммо Бухоро амири Саид Олимхон бу уч буюк инсоннинг маслаҳатларини писанд қилмади.

Фитратнинг уйқуси ўчди. Муҳаммад Абдуҳ йўлида “Мунозара”ни ёзишга киришди. Агар ёзмаса, илҳом уни бўғиб қўйиши ҳам мумкин эди. Асарнинг тўла номи “Ҳиндистонда бир фаранги ила Бухороли мударриснинг жадид мактаблари хусусинда қилған мунозараси” бўлиб, икки кишининг суҳбат-баҳси (диалог) тарзида саҳна учун мўлжаллаб 1911 йилда ёзилган. Бир йилдан кейин “Ҳинд сайёҳининг қиссаси” ҳам шундай диалог тарзида битилди.

Раҳматли Озод Шарафиддинов ўзининг Фитрат ҳақидаги мақоласида юнон файласуфлари Афлотун, Арасту, Диоген каби буюк олимларнинг

анча-мунча асари диалог шаклида ёзилганлигини ва Фитрат “Ҳинд сайёҳи”-

ни яратишда жаҳон адабиётининг бой тажрибасига мурожаат қилгани ва ундан озиқлангани фикрини илгари суради. Шундай бўлиши ҳам мумкин, аммо Фитратнинг бу асарларни яратишига кўпроқ таъсир қилган асарлар қаторида Исмоил Ғаспиралининг “Дор-ур-роҳат” (“Ғанимат диёр”) романини, Мирза Фатали Охундовнинг “Ҳинд шаҳзодаси Камол уд-давланинг Эрон шаҳзодаси Жалол уд-давлага уч мактуби ва унинг ҳинд шаҳзодасига жавоблари” номли бадиий-публицистик асари ва ҳаммадан кўпроқ Муҳаммад Абдуҳнинг “Фаранги нотиғи Ҳаното ила муноқаша” асарини санаш тўғрироқ ва асослироқ кўринади. Чунки булар шундоқ ёнбошидаги манбалар эди.

Ғаспиралининг “Дор-ур-роҳат…” романи турки тилдаги биринчи роман бўлиб, олдин “Таржумон” газетида босилган, 1906 йилда китоб бўлиб чиқ-қан эди. Унинг бир қисмини тошкентлик Мулла Аббоснинг гўё Францияга қилган саёҳати асосида “Фарангистон мактублари”ташкил қиларди.

Мулла Аббос Андалузияни сайр этар экан, бир маҳкамага кириб хизмат қилаётган қози билан танишади. Қози мулланинг араб, форс тиллари грамматикасидан бошқасини ўқимаганлигидан ҳайратга тушади:

“ –Воажаб! Ўн икки йил таҳсилда бўлиб, ҳисоб, ҳандаса, ҳукумоти таъбия, тарих каби фанлар кўрмадингизми?

–Шундай, афандим, кўрмадим

–Балки илми саноидан, тиббиёт, муҳандислик, кимё ва меъморлик таҳсилида бўлгандирсиз?

–Бўлмадим. Лекин Франса ўлкасида, аксинча,бир неча фандан сабоқ олдим.

–Франклардан қандай сабоқ олдингиз?

– Мухтасар тарихи умумий, фанни жаҳоннома, илми ҳайвонот, ҳукумот ва бироз ҳисоб ва илми сиҳҳат сабоқлари олдим.” (Н.Каримов. Чўлпон.55-56б.)

Наим Каримов бу парчани кетириб, Чўлпон “Дўхтур Муҳаммадёр”ни “Дор-ур-роҳат” романидан таъсирланиб ёзганини кўрсатади. Кўриниб турибдики, Фитрат ҳам “Мунозара”ни ёзишда шу романдан таъсирланган. Лекин Фитрат Муҳаммвд Абдуҳнинг “Муноқаша”сидан кўпроқ таъсир олган. Буни япон олими Куматсу шундай далиллайди:

“Абдуҳ расмий тақлиддан холи тургани ҳолда, ўзининг ислом қонунини англатишдаги маслаҳат (ижтимоий фикрга қизиқтириш) ва талфиқ (кашфиёт, яъни фикрни очиб бериш) каби икки ғояни илгари сурди.Унинг услубияти ва мантиқи қуйидаги ифодаларда кўриниши мумкин.

Қуръоннинг 2-сура, 194-оятида: “Бас, кимки сизга адолатсизларча тажовуз қилса, сиз ҳам у қилган адолатсизликка яраша жавоб қайтаринг” деган буйруғига биноан иш кўриб, кўп ҳам мулоҳаза қилиб ўтирмай, тўп, милтиқ, бўмба, динамит ва бошқа қуроллар ясашни ва ҳарбий низом таҳсилини ҳаром демаганингизда… ислом ҳеч қачон бугунгидек инқироз ҳолига тушмаган бўлур эди.”

Фитратнинг “Муноқаша”дан таъсирланганини унинг қуйидаги жумлаларидан сезиш мумкин:

“Мулоҳаза қилинг, насронийлар бутун ҳамюртларини ислом динини рад қилишга қаратиб… кунига бир неча жилд китоб ижод ва нашр қилмоқдалар.

… Бухоро уламосидан биронтаси насронийликни рад қилиш у ёқда турсин, ҳатто бирортасини мақтаб ёзганини ҳалигача эшитмадим”(Ҳ.Болтабоев, 270).

Яна бир нарсани: Фитрат “Мунозара”сини ҳам, “Ҳинди саёйҳи”ни ҳам даставвал тожик тилида ёзганини унутмаслик керак. Нега тожик тилида? Нима у тожикмиди? З. В.Тўғон уни тожик деб ёзади. Аммо Фитратнинг тожиклигини тасдиқлайдиган биронта ҳам ҳужжат йўқ. Ҳамма ҳужжатларда, паспорт ва умр баёнларида, ҳамма ерда уни ўзбек деб ёзилган. Бўлмаса нега дастлабки асарларини тожикча ёзди? Гап шундаки, Бухоро амири ва 89 фоиз аъёни ўзлари ўзбек бўлсалар ҳам, давлат ишларини тожик тилида олиб борардилар. Бухоро халқи ўзи умумун икки тилли халқ. Одамнинг ҳаваси келади.

Латифанамо бир воқеа.

Ёзувчимиз Ражаббой Рауф ўзи ҳам, хотини ҳам бухоролик.

Бир куни Ўктам Ҳакимали Ражаббойдан сўради:

–Тўғрисини айт, ўзбекмисан, тожикмисан?

– Ўзбекман, ака.