banner banner banner
УМР КИТОБИ 3-жилд
УМР КИТОБИ 3-жилд
Оценить:
 Рейтинг: 0

УМР КИТОБИ 3-жилд


Шоирнинг бир нафасда ёзилгани равшан кўриниб турган мана бу қуйма сатрларига эътибор беринг. Уларда халқ достонларига хос поэтик тафаккур, элимизнинг қадим мақолларига, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девон”ида зикр этилган халқчил ҳикматларга ҳамоҳанг теранлик, Лутфий, Отойи, Махтумқули сингари мумтоз шоирларимиз ижодига хос донишмандлик ва табиий равонлик акс этмаганми:

Шоирлари ухлаб ётса, элини ким уйғотар?..

***

Уйида бахти борлар ҳар ерда бахтиёрдир.

***

Нафс ғолиб келган жойда

Кўнгил кўзи кўр бўлур.

***

Майдонга тушган мард манглай қашимас.

***

Ўтган ишга домонгир бўлма,

Тўкилмасанг, шунчаки тўлма.

***

Тулпор тоққа чопиб чиқмас,

Балиқ гавҳар топиб чиқмас,

Қарич билан қадамлама,

Сохта кўз ёш қалқиб чиқмас.

***

Сиз ойга осилманг, нарвонингиз йўқ,

Қуёшга қўл чўзманг, давронингиз йўқ.

Юлдузлар узоқда, етмайсиз, аниқ,

Чунки қалбингизда осмонингиз йўқ,

***

Тўлқин-тўлқин дарёлар,

Тўлқинида оҳим бор.

Ўртамизда риёлар,

Менинг не гуноҳим бор?

***

Қошларингда камон, ёй кўрдим,

Ёноғингда ёнар ой кўрдим,

Мен ўзимни бир гадой кўрдим,

Бир бўса бер кулгуларингдан.

***

Отанг обрўсига кўксингни кериб,

Юрсанг ҳар юлдузни бенарвон уриб,

Ногоҳ қоқилсангу кетмасанг туриб,

Марднинг боласиман, деганинг бекор.

***

Ҳар дарёнинг боши бор,

Ҳар кўзнинг ўз ёши бор,

Ҳам табибман, ҳам бемор,

Мендан мени сўрама.

Албатта, шоир ижодининг гултожи бўлган бундай гўзал мисраларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Шу маънода, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов: “Маҳмуд Тоир шеърларида жилғалар рақсга тушиб, тошлар қўшиқ айтади”, деганида юз бора ҳақ эди. Чиндан ҳам, шоир ижодига хос инжа хусусиятлардан бири ҳам шу: унинг асарларида гиёҳлар, тоғу тошлар, жилғаю ирмоқлар китобхон кўз ўнгида табиатнинг тил-забонсиз, жонсиз унсурлари эмас, балки тирик мавжудотлар, жонли образлар сифатида намоён бўлади.

Ярим асрдан зиёд давом этган қизғин ва самарали ижодий фаолияти мобайнида шоир “Огоҳ бўл, дунё!”, “Янги Тошкентнома”, “Ошиқ оҳи”, “Оқиб кетган армонлар”, “Отамнинг ўкинчи” каби салмоқли достонлар, туркум сафарномалар яратди. Бу асарлар жамоатчилик томонидан ўзига хос адабий воқеалар сифатида эътироф этилди.

Маҳмуд Тоир ўзбек замонавий қўшиқчилик санъати ривожига ҳам муҳим ҳисса қўшаётган шоирларимиздан. Аслида, у бирор мисрани атай қўшиқ бўлсин деб ёзмайди, балки шеърлари ўз куйи, ўз оҳанги билан дунёга келади. Чуқур мазмуни, ёрқин услуби боис, улар ҳофизлар ўртасида талаш бўлади. Бугун машҳур хонандалар томонидан куйланаётган ўнлаб шеърлари миллионлаб санъат мухлислари қалбидан муносиб жой олган, десак адашмаймиз.

Маҳмуд ака пойтахтдан ташқарида яшаб ҳам жамият ижтимоий ҳаётининг қайноқ нуқталарида кўзга кўринган намоянда бўлиш, “Ўзбекистон халқ шоири” деган юксак рутбага эришиш мумкинлигини исботлаган ижодкорлардан биридир.

У ўтган давр мобайнида моҳир публицист сифатида ҳам шаклланиб, кўплаб мухлисларига эга бўлди. Қалби, фикри уйғоқ адиб бугунги кунда ҳам муҳим ва долзарб мавзудаги чиқишлари билан марказий газета ва журналларда, маънавий-маърифий анжуманларда мунтазам иштирок этиб келаётгани барчамиз учун ўрнакдир.

Яхши шоир, яхши инсон бўлиш мумкиндир, лекин ўзи туғилиб ўсган, севиб-ардоқлаган юртида ўзига хос адабий мактаб яратиш камдан-кам шахсларга насиб этади. Маҳмуд ака нафақат Паркент, балки Тошкент вилояти миқёсида ҳам ана шундай адабий муҳит яратишга эришган бахтли адиблар сирасига киради. У шарқона одоб билан ўзидан ёши улуғ барча адибларни устоз деб билгани ҳолда, ўзи ҳам қанчадан-қанча ёшларни тарбиялаб, уларга чин дилдан устозлик қилиб келмоқда.

Айни пайтда Ёзувчилар уюшмасининг ҳудудий бўлимлари орасида энг кўп аъзога эга бўлган Тошкент вилояти бўлими раҳбари, “Адабиёт зиёси” газетасининг муҳаррири сифатида у кекса адибларни эъзозлаш, ижод аҳлини янги режаларга руҳлантириш, ёшларга тўғри йўл кўрсатиш сингари муҳим вазифаларни сидқидилдан адо этиб келмоқда.