banner banner banner
УМР КИТОБИ 3-жилд
УМР КИТОБИ 3-жилд
Оценить:
 Рейтинг: 0

УМР КИТОБИ 3-жилд


Вилоят ҳокимлиги билан биргаликда ҳудудда маънавий-маърифий ишларни жонлантириш, зиё масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кутубхона фондларини бойитиш каби хайрли ишларда ҳам Маҳмуд аканинг алоҳида ўрни ва муносиб ҳиссаси бор.

У кишининг Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатидаги ибратли фаолиятини ҳам сайловчилар, жамоатчилигимиз яхши билади.

Бағрикенг, меҳр-оқибатли бу инсон барча билан тил топишиб, дўст ва ҳамкор бўлиб яшашга, ҳеч кимнинг кўнглини оғритмасликка интилади. Ҳатто ўзига ноҳақ маломат тошларини отган баъзи ҳамкасбларига ҳам сира ёмонлик соғинмасдан, кечиримлилик ва самимият билан муносабатда бўладики, бундай жўмардлик ва олижанобликка, очиқ айтиш керак, ҳамма ҳам қодир бўла олмайди.

Айни пайтда у киши ҳаётнинг ҳал қилувчи паллаларида, энг зарур дамларда қиличнинг тиғи каби кескир бўла олишига, миллат ва халқ манфаати йўлида принципиал позицияда тура олишига кўп бора гувоҳ бўлганман.

1990 йил 3 март куни собиқ Марказ томонидан уюштирилган бузғунчи кучларнинг қутқуси билан Паркент туманида оммавий тартибсизлик ҳаракатлари содир этилди. Бир қатор бино ва иншоотлар, автомашиналарга шикаст етказилди. Энг ёмони, ўнлаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлди.

Ана шундай таҳликали вазиятда маҳаллий аҳолининг талаби билан Паркентда вазиятни барқарорлаштириш учун жамоатчилик комиссияси тузилди. Ҳамқишлоқларимиз ишонч билдириб, ушбу комиссия таркибида Маҳмуд Тоиров билан бир ойдан зиёд вақт мобайнида бирга фаолият олиб бордик. Шу мураккаб жараёнлар чоғида мен у кишининг энг ўткир ва мушкул масалалар бўйича ҳам доимо оғир-вазмин бўлиб, ҳақиқат ва адолат тарафида туриб фикр билдиришига ишонч ҳосил қилдим.

Ҳали совет мафкураси ҳукмрон бўлган ўша шароитда оммавий ахборот воситалари, айниқса, Москва матбуоти Паркентда содир бўлган воқеаларга нохолис, бирёқлама тус бериб, асосан маҳаллий аҳолини айбдор деб, уларни экстремист, нашаванд банги ва ҳоказо кимсалар қилиб кўрсатмоқда эди. Шундай кескин шароитда биз Паркент воқеалари ҳақидаги асл ҳақиқатни нафақат собиқ иттифоқ, балки жаҳон жамоатчилигига етказиш мақсадида бор куч ва имкониятларимизни ишга солдик.

Ўша пайтда Тошкентда яшаган Ўзбекистон халқ ёзувчиси, русийзабон адиб Темур Пўлатовни қишлоғимизга таклиф этдик. У киши фожиа гувоҳлари, жабрдийдалар, расмий шахслар билан бевосита суҳбатлашиб, кўплаб ҳужжатлар билан танишди ва орадан кўп ўтмай, Москвада рус ва инглиз тилларида чоп этиладиган “Московские новости” газетасида “Паркентда ўқ отишга рухсат берилган” номли таҳлилий мақола эълон қилди. Холис ва ҳаққоний руҳдаги ушбу мақола жамоатчиликда катта резонанс уйғотди, аммо унинг ўзбек тилидаги таржимасини Ўзбекистондаги биронта матбуот нашрида чоп эттиришнинг иложи бўлмади. Шунда Маҳмуд Тоиров бутун масъулият ва жавобгарликни бўйнига олиб, ушбу мақолани “Паркент тонги” газетасида босиб чиқарди ва бу кўнгли озор топган, яқинларидан жудо бўлган, ноҳақ туҳматга учраган Паркент аҳлининг ярасига маълум маънода малҳам бўлди.

Бу ўзбошимчалик учун “муҳаррир М.Тоиров”нинг “партиявий линия” бўйича тегишли идоралардан эшитган таъна-дашномлари – бу энди бутунлай бошқа тарих…

Бу мураккаб, сирли дунёнинг ёзилган ва ёзилмаган қонунларига кўра, инсон ҳаёти ҳамма вақт ҳам бир текис, силлиқ кечмайди. Маҳмуд ака умри давомида шодлик ва қувонч билан бирга, турли синовларни ҳам бошидан ўтказди. Отаси Тўхтақори ака қирқ олти ёшида вафот этгач, ўн икки ёшидан етимлик машаққати билан бирга, рўзғор юкини ҳам елкасига олишига тўғри келди, онасининг ишончи, жигарларининг суянган тоғи бўлиб, уларни касб-ҳунарли, уйли-жойли қилди. Энди барча ташвишлар ортда қолди, яйраб, тўлиб-тошиб ижод қиламан, деганида коронавирус балоси туфайли энг азиз ва яқин инсонларидан жудо бўлди. Бироқ у ҳеч қачон қайғу-аламларга таслим бўлмади. Бунга унинг мустаҳкам иродаси, юрагини, қалбини тўлдириб турган иймон нури йўл қўймади.

Дилнинг туморидир иймоннинг нури,

Жоннинг жамолидир иймоннинг нури.

Тилдаги тўғри сўз забоннинг нури,

Маҳмуд, Ҳақни таниб ҳур бўлар одам,

Кўнгил осмонида нур бўлар одам.

Чиндан ҳам, Ҳақни таниган инсон ҳеч камлик кўрмагай, эзгу ниятларига албатта етгай.

Чин маънода адабиёт мухлисларининг, халқимизнинг меҳри ва эҳтиромини қозонган, табаррук 70 ёшга – донишмандлик ва камолот фаслига катта адабий хирмон билан кириб келаётган устоз шоиримизга сўнмас илҳом ва эл-юрт муҳаббати ҳамиша йўлдош бўлишини тилаб қоламиз.

Хайриддин СУЛТОН

БУ ҲИКМАТЛАР

БОБОМЕРОСДИР…

Неки айтсам, ёниблар айтдим,

Аввал ўзим қониблар айтдим.

Ақли ҳушнинг баридан тутиб,

Ақли тилдан тониблар айтдим.

ВАТАН ДЕСАМ

Ватан десам, кўнглимда кўз очган булоқлар бор,

Ватан десам, жонимда порлаган чироқлар бор,

Ватанга садоқатда минг битта сўроқлар бор,

Шукрким, бошимизда мусаффо, тиниқ осмон,

Жонажон Ўзбекистон, омон бўл, мангу омон!

Деҳқонин тилагида буғдойи бошоқлаган,

Чўпони қир султони, қўзиси қўшоқлаган.

Сочига рўмол сириб, эгатни тароқлаган –

Ўзинг онам, ягонам, меҳри дарё, меҳрибон,

Жонажон Ўзбекистон, омон бўл, мангу омон!

Бахт тилаб, бахтиёрдир, тилагидан нур топган,

Яхшилик қилиб, яйраб, юрагидан қўр топган,

Худо берган сарбонин, зўр танлаган, зўр топган,

Қардошга қучоқ очган, ётга ҳам ширин забон,

Жонажон Ўзбекистон, омон бўл, мангу омон!

Эзгу ният, эзгу иш, инсон қадри, ғояси,

Тинчлик, дўстлик тоғидир байроқ тиккан қояси,

Бу элдан мангу йироқ, ёмонликнинг сояси,

Ҳам ҳавас, ҳам ҳайратда боқмоқда бугун жаҳон,

Жонажон Ўзбекистон, омон бўл, мангу омон!

Илму ҳикмат ушбу кун тоғдек таянчи эрур,

Ўзбек халқи юрт бузмас – озод, обод юрт қурур,

Ҳар бир тилда шукрона, ҳар бир дилда завқ, сурур,

Ёшларинг – ёнар чақмоқ, шаъну қадрингга қалқон,

Жонажон Ўзбекистон, омон бўл, мангу омон!