banner banner banner
УМР КИТОБИ 3-жилд
УМР КИТОБИ 3-жилд
Оценить:
 Рейтинг: 0

УМР КИТОБИ 3-жилд


Ўзгаларда ўзбекона нусрат борми,

Яхшиликдан – руҳга аъло қувват борми?

Миллатимнинг хуш каломи – яхшиликдир,

Саховатнинг асил номи – яхшиликдир.

ЧИРОҚ

Одамзоддан бир сўроқдир яхшилик,

Муҳтож учун бир фироқдир яхшилик.

Дилдан дилга, тилдан тилга ўтганда,

Эллараро бир яроқдир яхшилик.

Дариганнинг кўксини тоғ қилғуси,

Бир ғарибнинг вақтини чоғ қилғуси.

Бандасидан қайтмаса – Худойим бор,

Қиёматда бошга чироқ қилгуси.

АСРАЙ БИЛГАНГА

Кўнгилдан учган қуш осмон қушимас,

Тошни майдалаган инсон тишимас.

Элу юрт ичрадир миллат улуғи,

Халқни эргаштириш ҳар ким ишимас.

Иқрор дўст бўлолмас инкор қилганга,

Омонлик Оллоҳдан асрай билганга.

Халқнинг ризосини олганлар билар,

Кулги ярашади бахти кулганга.

БОШИДАН БАЛАНДДА

Гуллар олов билан сўлдирилмайди,

Обрў қоплаб-қоплаб тўлдирилмайди.

Мардларнинг устози азалдан айтмиш,

Чумоли қиличда ўлдирилмайди.

Осмони хаёлда учганлар кўрар,

Ер юзин ётиб сув ичганлар кўрар.

Бошидан баландга сакраганларнинг,

Бошидан баландда гуноҳи турар.

КЎНГИЛ ҚУЛОҒИ

Ўзимдан ўзгага етмай қулочим,

Ҳаёт сўқмоғида оқарди сочим.

Дилимдан дилларга йўл излаганда,

Шеър бўлди, фақат шеър, менинг тилмочим.

Мен сўзнинг ортидан чопганим ростдир,

Мен сўздан саодат топганим ростдир.

Шоирни савдойи деганлар – билсин,

У сўз уммонида моҳир ғаввосдир.

Ҳар ким тақдирида ўз битиги бор,

Ниятим, тушмасин сўзимга ғубор.

Бир сатрим бир дилда гар қўним топса,

Ўзинг суюмли эт, эй Парвардигор!

Сийланган сўз асли ҳикмат булоғи,

Ҳикматда очилсин кўнгил қулоғи.

Сўзига гар чимдим ҳикмат эш бўлса,

Битганда бозиллар Маҳмуд бармоғи.

ҚИЗАРИБ КЕТСАНГ

Йўлдан адашса ким орқага қайтар,