banner banner banner
УМР КИТОБИ 3-жилд
УМР КИТОБИ 3-жилд
Оценить:
 Рейтинг: 0

УМР КИТОБИ 3-жилд


Қувонч қанотида кўкка учмадим.

Ниятда нур билан келдим дунёга,

Шу нурлар соҳиби Ҳақни хушладим.

БИЛГАНИМ

Ким қувончни қўш-қўллаб, қучоқ очиб кутмайди,

Ким қувончнинг болидан боларидек тотмайди.

Бу дунёда қувончи қувиб юрган одамнинг,

Қуёши кулиб чиқар, шомда бўзлаб ботмайди.

Вале дўстим қувончнинг меъёрида мурод бор,

Ҳаддин билган одамнинг ишларида кушод бор.

Қайғу – қувонч сояси, турмушнинг тоши эрур,

Имтиҳон – интиҳосиз, агар сенда сабот бор.

Одамзод орзусидан мудом ортда яшайди,

Шоҳман деб дона сурар, лекин мотда яшайди.

Совуннинг кўпигидек ўз жомига сиғмасдан,

Оқибат кир ўрада абад додда яшайди.

Мен кўнглимнинг тубидан дардимни сидирмадим,

Ё насиҳат назмига қофия қидирмадим.

Улуғлар уқтиргандек, тилимни тийдим, Маҳмуд,

Ва лекин сўз текканда туйғумни сўндирмадим.

ФЕВРАЛЬ

Қишнинг қабоғидан қаҳри томса ҳам,

Баҳор эпкинлари кирди дилимга.

Юлдузлар юзини булут ёпса ҳам,

Ниятим нур сочди юрган йўлимга.

Майсалар шивирлаб салом бердилар,

Бойчечак боғимда юзини очди.

Ирмоқлар ирғишлаб хандон урдилар,

Наздимда тошлар ҳам кўзини очди.

Ойнинг чеҳрасидан доғлари кетиб,

Сойларнинг сувига зулфини солди.

Яратган меҳрибон, буни ҳис этиб,

Қишнинг эшигига қулфини солди.

Бу қандай гўзаллик қиёс йўқ сира,

Сувратин сўз билан чизиб бўлмайди.

Баҳор оғушида олам бокира

Бир нафас кўнгилни узиб бўлмайди.

Ёлғонни қаро ер ямлаб ютгандек,

Ростнинг рухсорида кўклам жамоли.

Баҳор – тўрт фаслга ёғду тутгандек,

Баҳор – тўрт фаслнинг мангу аъмоли.

Шоирлар шеър битар такрор ва такрор,

Қалами юракнинг қонига ботар.

Лек нетай, мен ҳозир соғинган баҳор,

Оппоқ қор остида тушиб кўриб ётар.

ОЛТИН ОРОМИ

Олтин жилосида осмон моҳи бор,

Олтин жилосида олам чоҳи бор.

Бу дунёдан яшаб кетганлар айтар.

Олтин жилосида одам оҳи бор.