banner banner banner
АСРОРНОМА
АСРОРНОМА
Оценить:
 Рейтинг: 0

АСРОРНОМА


Гаҳи султони дин, гаҳ марди хуммор,

Гаҳи мурдори май, гаҳ пири асрор.

Неча минг пардада дунё кўрарсен,

Неча минг суврату маъно кўрарсен.

Бу водий ичраким, ишқ унга номдир,

Саросар пардадир дунё, тамомдир.

640 Киши билгайму, не сирри жаҳон бул?

Не сир эрмишки, нури ақлу жон бул.

Аё, оч дил кўзингни унга рўй-рост,

Ки ҳар бир зарра сенга сўйлагай роз.

Ҳама зарроти оламда шу аҳвол,

Кўрарлар ҳар нафасда шу равиш, ҳол.

Шу ҳолдир ҳаммада, шу айланишдир,

Назар сол, сенда ҳам шундоқ равишдир.

Аё, сен бехабар, ишқ не нафасдир,

Сенинг наздингда ул эрмак, ҳавасдир.

645 Не бордир сенда дўстинг наздида нақд,

Ки етсин унга дўст наздида равнақ?

Сўра андин, ажиб дарёга эврил,

Ажиб дарёйи нопайдога эврил.

Дилингни ишқ-ла айла соҳиб асрор,

Туби, қаърида гавҳар, мавжи анвор.

Ўшал денгизда маънолар очарсен,

Йўлингда дурру гавҳарлар сочарсен.

Мунаввар денгизинг йўлга нисор эт,

Йўлингга қўнмасин гард, беғубор эт.

650 Нисор этсанг анга жонингни, ул дам

Нисор бўлгуси сенга икки олам…

Бир чол вазир Низомулмулкнинг бошидан

тилло сочгани

Низомулмулк қошига келди бир пир,

Тутиб халта, деди: тиллога тўлдир…

Деди вазир анга: бу халта тўлмас,

Мисоли бўридир ул, берса, тўймас…

Буюрди сўнгра ул: зар келтиринглар,

Шу чолнинг халтасини тўлдиринглар.

Ҳамон сандиқчани шай этдилар, ўнг,

Очиб, бир неча олтин олдилар сўнг.

655 Ва лекин халтага ул бўлмади юқ,

Сезилмас эрди олтин бормидир, йўқ.

Ҳовучлаб солдилар ўн бора тилло,

Ютарди халта, лек тўлмасди асло.

Ниҳоят халта ул тиллога тўлди,

Қиёслаб боқди сўфий, рози бўлди.

Боқиб олтинга бир ҳолатга тушди,

Яқин келди вазирга, кўнгли жўшди.

Кўтарди халтасин ногоҳ яшинвор,

Вазирнинг бошидин тўкди баякбор.

660 Чекармен, деди, андоқ рўзгор мен,

Бошингга борим этмакка нисор мен.