banner banner banner
АСРОРНОМА
АСРОРНОМА
Оценить:
 Рейтинг: 0

АСРОРНОМА


185 Йўқолди неча бир бидъат ўшандин,

Ёришди гавҳари давлат ўшандин.

Етишди нуридин чун талъату тоб,

Дурахшон бўлди кўкда ою офтоб.

У келди кокили мушкинни ёза,

Бошига қўндириб тожи мурассаъ.

Ки сочи атри осмонларга етди,

Юзи нури бутун оламни тутди.

У мушкдин еру кўк бўлди муаттар,

У нурдин икки олам чун мунаввар.

190 Ажаб хуршиди руҳи дилситони,

Ёпинчиқдир қуёшга тайласони

.

Ажабдир икки гесуйи сиёҳи,

Ки ҳар торида юз бир жон паноҳи.

Етарди унга Ҳақдин нур дамо-дам,

Намоз чоғида жаннатдин узум ҳам.

Узумким айлар эрди ул тановул,

Таралгай эрди андин нур бўлиб ул.

Агарчи жони Ҳақдин пурнур эрди,

Вале кофир туфайли ранжур эрди.

195 Тиши сингай эди гоҳида тошдин,

Оёғи ҳам шишиб тоат, талошдин.

Босаркан гоҳи ғам, айларди бардош,

Гаҳи бойлаб юрарди қорнига тош.

У боис келди дунё бирла уқбо,

У боис осмон юксалди зебо.

Бу йўлда қанча жонлар чекдилар ранж,

Магар ранж чекмайин келгаймидир ганж?

Амин эрди, муфассир эрди гарчанд,

Тузатди, раъйини ўзгартди баъзан.

200 Чу айлантирди илкида узукни,

Етишди Жабраил, деди тузукни

.

Ки, эй саййид, узукдин сен йироқ тур,

Узук бирлан ишингда бўлмагай нур.

Узукдек шу фалак илкингга инди,

Узук бирлан нечун машғулсен энди?

Нигини Ҳақда эрмиш гар дилинг у,

Сулаймоннинг узугин этма орзу.

Не эрмиш гар унинг нақшида номдир,

Агар олтиндан эрса, ул ҳаромдир.

205 Узукмас, сен ўгир тасбиҳни ҳар он,

Бугун тасбиҳ ўгиргай марди майдон.

Сенга ой бўлди ангишвона, тақдинг,

Замоннинг кўзига бармоқни тиқдинг.

Сенинг ҳар бармоғингда юз ҳунар, сен

Нечун кўнгил узукка бойлагайсен?

Ўра бармоққа ипни, айла бандлиғ,

Ки то ёдингга тушгай дардмандлиғ.