banner banner banner
Тўртинчи саноат инқилоби
Тўртинчи саноат инқилоби
Оценить:
 Рейтинг: 0

Тўртинчи саноат инқилоби

Тўртинчи саноат инқилоби
Клаус Шваб

Бугунги технологиялар асрида ҳар бир қадамимиз кузатув остидами? Сунъий интеллектдан ким кўпроқ манфаатдор-у, ким жабр кўради? У қайси соҳаларда устунлик қилиши кутилмоқда? Муаллиф ўлчами, кўлами ва мураккаблиги жиҳатидан “Тўртинчи саноат инқилоби” деб номлаган ҳодиса инсоният бошидан кечирган ҳеч бир жараёнга ўхшамайди. Ушбу китобни мутолаа қилиш орқали нафақат юқоридаги саволларга жавоб оласиз, балки глобал ўзгаришлар ҳақида кенгроқ тушунчага ҳам эга бўласиз.

Клаус Шваб

Тўртинчи саноат инқилоби

СЎЗБОШИ

Биз ҳаяжонли туб технологик ўзгаришлар даврида яшаяпмиз. Илмий текшириш марказлари, стартаплар ва йирик ташкилотларда яратилаётган инқилобий, илмий ҳамда технологик ютуқларнинг суръати, кўлами мени мудом лол қолдириб келган. Кечаги куннинг “илмий фантастика”си бугуннинг маҳсулот ва хизматларида намоён бўлмоқдаки, илгари уларсиз қандай ҳаёт кечирганимизни ҳатто тасаввур қилиш қийин.

Технологиядаги бундай шитоб ўзгаришлар биз учун янги имкониятлар яратибгина қолмай, балки ҳаёт тарзимиз, иш-фаолиятимиз ва ўзаро муносабатларимизга ҳам таъсир этмоқда. Клаус Шваб ушбу долзарб ҳамда сермазмун китобида таъкидлаганидек, рақамли технологиялар материалшунослик ва биологиядаги ютуқлар билан туташди, натижада бутунлай янгича турмуш тарзлари шаклланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Технология ошкора ва кўз илғамас йўллар билан яна бир тушунчани – инсон бўлиш нимани англатишини ҳам ўзгартирмоқда.

Клаус Шваб – Жаҳон иқтисодий форуми ва унинг ҳар йили Давос (Швейцария) шаҳрида ўтадиган дунёга машҳур учрашувлари асосчиси ҳамда ижрочи раиси. Шу нуқтаи назардан у жаҳоннинг иқтисодиёт ва технология соҳасидаги илғор экспертлари, дунёдаги энг йирик компаниялар раҳбарларининг тажрибалари, қарашлари, ҳукуматлар ҳамда фуқаролик жамияти вакилларининг олдимизда турган муаммо ва имкониятлар борасидаги фикрларини умумлаштиришдек ноёб имкониятга эга шахс ҳамдир.

Клаус Шваб аввалги саноат инқилоблари жамиятда катта ўзгаришларга сабаб бўлгани, янги имкониятлар яратганини, лекин бугунги ўзгаришлар янги ғоя ва технологияларнинг дунё бўйлаб ўзига хос тарқалиш тезлиги билан ажралиб туришини таъкидлайди. Саноатнинг турли жабҳаларидаги компаниялар жадал ўзгариб бораётган технологиялардан ортда қолмаслик ва истеъмолчилар ишончини оқлаш учун ўз анъанавий бизнес амалиётларини қайта кўриб чиқиши даркор.

Келгуси бир неча ўн йил ичида тўртинчи саноат инқилобини ҳаракатга келтирувчи технологиялар жаҳон иқтисодиёти тузилишини, жамият, ҳатто инсон шахсиятини ҳам бутунлай ўзгартириб юборади. Бу чуқур ўзгаришлар диққатимизни биз цивилизация сифатида дуч келаётган улкан масъулиятга қаратади. Биз масаланинг ижобий ва салбий томонларини чуқур ўйлашни таъминлайдиган тизимларни ишлаб чиқишда, шунингдек, сайёрамиздаги барчага фойда келтирувчи, умумий қадриятлар ҳамда аниқ мақсадларга эга янги тизимларни яратишда танловлар қилишимиз, бу ишларга фуқаро, давлат ходими ҳамда тадбиркор сифатида ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур. Барча ҳолларда, айниқса, назорат қила олмай қолишимиз мумкин бўлган сунъий интеллект, ген муҳандислиги каби технологияларда, хавфни камайтирувчи ва инсониятнинг яшаш шароитини яхшилайдиган тизимларни яратишга алоҳида эътибор беришимиз лозим.

“Тўртинчи саноат инқилоби” биз яшаб турган дунёни шакллантираётган асосий йўналишларни тушунишга ёрдам берувчи муҳим китобдир. У инсониятга йўналтирилган, барчанинг имкониятларини кенгайтирадиган, гуллаб-яшнашини таъминлайдиган келажакни биргаликда яратишимиз учун айни пайтда юз бераётган тарихий жараёнларни таҳлил қилиш ва улар ҳақида мулоҳаза юритиш имконини беради. Аминманки, ушбу қизиқарли китобни ўқиш давомида келажакда асқатиши мумкин бўлган қимматли маълумотларни оласиз.

    Марк Р. Бениофф, “Salesforce” компанияси раиси ва бош ижрочи директори ҳамда
    Жаҳон иқтисодий форуми васийлар кенгаши аъзоси

КИРИШ

Олдимизда турган хилма-хил ва қизиқарли муаммолар бисёр. Улар ичида энг жиддий ва муҳими – инсониятнинг ўзгаришига олиб келувчи янги технологик инқилобни тушуниш ва шакллантиришдир. Биз яшаш тарзимиз, иш-фаолиятимиз ва ўзаро муносабатларимизни тубдан ўзгартириб юборувчи инқилоб остонасида турибмиз. Мен ўлчами, кўлами ва мураккаблиги жиҳатидан “тўртинчи саноат инқилоби” деб номлаган ҳодиса инсоният бошидан кечирган ҳеч бир жараёнга ўхшамайди.

Биз ҳали бу инқилобнинг шиддати ва кўламини тўлалигича тушуниб eтмадик. Миллиардлаб одамларнинг мобил қурилмалар ёрдамида ўзаро боғланиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган маълумотларни қайта ишлаш қуввати, сақлаш ҳажми ва билимлардан фойдаланиши натижасида келиб чиқадиган чексиз имкониятлар ҳақида ўйлаб кўринг. Ёки сунъий интеллект (AI – Artificial Intelligence), робот технологиялари, буюмлар интернети (IoT – Internet of Things), ўзиюрар автомобиллар, уч ўлчамли (3D) принтлаш, нано ва биотехнологиялар, материалшунослик, қувватни захиралаш, квант компьютерлари ва бошқа кўплаб соҳаларда эришилган технологик ютуқларнинг ақл бовар қилмас кесишувини олайлик. Ушбу инновацияларнинг кўпи ҳали синов босқичида, аммо улар моддий, рақамли ҳамда биологик дунёлардаги технологиялар бирлашувида бир-бирини кучайтириши ва жадаллаштириши натижасида ривожланишнинг бурилиш нуқтасига шиддат билан яқинлашиб бормоқда.

Саноатнинг барча соҳаларида туб ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Ушбу ўзгаришлар янги бизнес моделлари юзага келиши, мавжуд етакчи компаниялар фаолиятига путур етиши[1 - “Путур” ва “бузғунчи инновация” атамалари бизнес ва менежмент стратегияси доираларида кўп муҳокама қилинган. Энг сўнгги муҳокамалар қуйидаги китобда келтирилган: Клейтон М. Кристенсен, Майкл Э. Рейнор ва Рори Макдональд, “What Is Disruptive Innovation?” Harvard Business Review, 2015 йил, декабрь. Профессор Кристенсен ва ҳамкасбларининг атама таърифи бўйича қарашларини ҳурмат қилган ҳолда улардан кенгроқ маънода фойдаландим.] ва ишлаб чиқариш, истеъмол, транспорт ҳамда eтказиб бериш тизимлари шаклининг ўзгариши билан тавсифланади. Ижтимоий жабҳада қандай ишлашимиз ва ўзаро мулоқотимиз, шунингдек, ўзимизни ифода этишимиз, ахборот олишимиз ва вақтичоғлик қилишимиз борасидаги фундаментал қарашларимиз ҳам бутунлай ўзгариб кетиш арафасида турибди. Шу сингари таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт ҳамда бошқа тизимлар қатори давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳам ўз шаклини ўзгартирмоқда. Одамлар хулқ-атворини, ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш тизимларини ўзгартириш учун технологияларни янги усулларда қўллаш, шунингдек, ёндош таъсир каби яширин ха ражатлар яратиш ўрнига атроф-муҳитни асраш ва қайта тиклаш имкониятларини яратади.

Бу ўзгаришлар ҳажми, тезлиги ва кўлами жиҳатдан тарихий аҳамиятга эга.

Янги технологиялар ишлаб чиқилиши ва татбиқ қилиниши борасидаги ноаниқликлар туфайли саноат инқилоби натижасида келиб чиқадиган ўзгаришлар қандай намоён бўлишини тўла билмаймиз. Уларнинг мураккаблиги ва соҳалар бўйича ўзаро алоқадорлиги глобал жамиятнинг барча манфаатдор вакиллари – ҳукуматлар, бизнес, илм-фан ва фуқаролик жамияти ушбу янги трендларни тушуниш учун биргаликда ишлашга масъул эканини англатади.

Умумий мақсадлар ва қадриятларни ўзида мужассам этган келажакни барпо этишда англашнинг муштараклиги, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. Технологиялар яшаш тарзимизни қандай ўзгартираётгани ва уларнинг келажак авлодларга таъсири, ҳаётимизнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва гуманитар жиҳатларини қандай қайта шакллантираётгани тўғрисида ҳар томонлама ва глобал миқёсдаги умумий қарашларга эга бўлмоғимиз керак.

Ўзгаришлар шу қадар чуқурки, инсоният тарихи нуқтаи назаридан қараганда ҳали ҳеч қачон бу қадар катта истиқбол ваъда қилувчи ва потенциал хавфли давр бўлмаган. Аммо қарор қабул қилувчи шахслар жуда кўп ҳолларда анъанавий, чизиқли (ва бузғунчи бўлмаган) фикрлаш билан чегараланиб қолгани ёки келажагимизни шакллантирувчи “бузғунчи” кучлар ва инновациялар ҳақида узоқни кўзлаб ўй лаш ўрнига эътиборни қисқа муддатли муаммоларга қаратаётганидан хавотирдаман.

Айрим олим ва мутахассислар мен ёритаётган ўзгаришларни шунчаки учинчи саноат инқилобининг бир қисми деб ҳисоблашидан хабардорман. Бироқ тўртинчи ва алоҳида инқилоб кечаётганига ишончимни орттирувчи уч сабаб бор:

Тезлик: Аввалги саноат инқилобларининг акси ўлароқ, ушбу инқилоб чизиқли тезлик ўрнига геометрик прогрессия бўйича кечмоқда. Бу кўп қиррали, ўзаро кучли боғланган дунёда яшаётганимиз ва янги технологиялар янада қудратли технологияларга сабаб бўлиши туфайлидир.

Кенглик ва чуқурлик: У рақамли инқилобга асосланиб, иқтисодиёт, бизнес, жамият ва шахсий қарашларда мисли кўрилмаган ўзгаришларга олиб келувчи кўплаб технологияларни бирлаштиради. Бу нафақат “нима”ни ва “қандай қилиб” бажаришни, балки “ким” эканимизни ҳам ўзгартиради.

Тизимли таъсир: У компаниялар, саноат соҳалари, мамлакатлар ўртасида (мамлакатлар ичида ҳам) ва бутун жамият бўйлаб бутун бошли тизимлар ўзгаришини қамраб олади.

Китобни ёзиш давомида мен тўртинчи саноат инқилоби ҳақида умумий тушунча – унинг нима экани, қандай натижалар келтириши, бизга қандай таъсир қилиши, барчага фойдали бўлиши учун уни қандай қўллаш зарурлиги ҳақида маълумотлар беришни ният қилганман. Асар келажагимизга қизиқувчи, инқилобий ўзгаришлардан дунёни янада яхшилашда фойдаланишга аҳд қилган барча одамларга мўлжалланган.

Менда учта асосий мақсад бор:

• технологик инқилобнинг кенг қамровлилиги, тезкорлиги ва кўп қиррали таъсири ҳақида огоҳликни ошириш;

• технологик инқилоб ҳақида фикрлашга имкон берувчи, унинг асосий мазмуни ва эҳтимолий жавоб реакцияларимизни ўз ичига олувчи умумий тушунча ҳосил қилиш;

• технологик инқилоб билан боғлиқ масалалар бўйича давлат ва хусусий секторлар ўртасидаги ҳамкорлик ва шерикликни рағбатлантириш учун платформа яратиш. Энг аввало, ушбу китобда технология ва жамият биргаликда қандай мавжуд бўлишини яққолроқ ёритиб бериш мақсад қилинган. Технология инсон назорат қила олмайдиган ташқи куч эмас. Биз “технологияни қабул қилиб, у билан яшаш” ёки “воз кечиб, усиз яшаш” каби икки танлов билан чегараланиб қолмаганмиз. Аксинча, ушбу сезиларли технологик ўзгаришларга ким эканимиз ва дунёга қандай назар билан қарашимиз ҳақида ўйлаб кўриш таклифи сифатида қаранг. Технологик инқилобдан қандай фойдаланиш ҳақида қанча кўп ўйласак, бу технологияларни ўзида мужассам этган ва уларни қўллаб-қувватлайдиган ижтимоий моделлар ва ўзимиз ҳақимизда шунча кўпроқ билиб оламиз, инқилобни дунёни янада яхшилайдиган тарзда шакллантириш имконига эга бўламиз.

Тўртинчи саноат инқилобини инсон қадр-қимматига путур eтказадиган ва ўртага нифоқ солувчи эмас, балки имкониятлар яратадиган ва инсониятга йўналтирилган ҳолда шакллантириш фақатгина ягона манфаатдор томон ёки соҳа, бирор минтақа, саноат ёки маданият олдида турган вазифа эмас. Инқилобнинг глобал ҳамда туб табиати шуни англатадики, у барча мамлакатлар, иқтисодиётлар, соҳа ва одамларга таъсир қилади, уларнинг таъсирида ўзгаради. Шундай экан, эътибор ва кучимизни илмий, ижтимоий, сиёсий, миллий ва саноат соҳалари орасидаги ўзаро самарали ҳамкорликни таъминлашга қаратишимиз жуда муҳим. Ўзаро алоқа ва ҳамкорлик дунёнинг барча бурчакларидаги одамлар ва гуруҳларга кечаётган ўзгаришларда қатнашиш ҳамда улардан фойда кўриш имконини берувчи ижобий, умумий ва умидбахш ҳикояларни яратиш учун зарур.

Китобда келтирилган маълумотларнинг катта қисми ҳамда менинг таҳлилларим Жаҳон иқтисодий форумининг амалдаги лойиҳа ва ташаббусларига асосланган, унинг йиғилишларида фойдаланилган, муҳокама қилинган, синаб кўрилган. Шундай экан, китоб Жаҳон иқтисодий форумининг келажакдаги ишларини режалаштириш учун ҳам дастуруламал бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, китобда тадбиркорлар, давлат раҳбарлари, фуқаролик жамияти вакиллари, технология соҳаси eтакчилари ҳамда ёшлар билан ўтказган суҳбатларимдан ҳам фойдаланганман. Шу маънода уни Форум иштирокчиларининг умумий қарашларини ифодаловчи кўп муаллифли китоб сифатида ҳам кўриш мумкин.

Китоб уч бобдан иборат. Биринчи бобда тўртинчи саноат инқилоби ҳақида умумий тушунча берилади. Иккинчи бобда ўзгаришларга сабаб бўлаётган асосий технологиялар келтирилади. Учинчи бобда эса инқилобнинг таъсири ва у келтириб чиқариши мумкин бўлган қийинчиликлар чуқурроқ кўриб чиқилади. Китоб улкан ўзгаришларга энг яхши усулда мослашиш, уларни шакллантириш ва ижобий жиҳатларидан қандай фойдаланиш бўйича аниқ фикр ва eчимлар таклиф қилиш билан якунланади.

1

ТЎРТИНЧИ САНОАТ ИНҚИЛОБИ

1.1 Тарихий назар

“Инқилоб” сўзи кескин ва туб ўзгаришларни англатади. Тарих давомида янги технологиялар ва янгича дунёқараш иқтисодий тизим ҳамда ижтимоий тузумдаги чуқур ўзгаришларга туртки берганда инқилоблар кузатилади. Ўлчов бирлиги сифатида тарихий жараёнларни оладиган бўлсак, бу ўзгаришларнинг тўла намоён бўлиши учун кўп йиллар кетиши мумкин.

Ҳаёт тарзимиздаги илк жиддий силжиш – термачиликдан деҳқончиликка ўтиш – ҳайвонларнинг хонакилаштирилиши натижаси ўлароқ бундан тахминан 10 000 йил аввал содир бўлган. Қишлоқ хўжалигидаги ушбу инқилоб ишлаб чиқариш, транспорт ва алоқа мақсадлари йўлида ҳайвонлар кучини одам кучи билан уйғунлаштирди. Бора-бора озиқ-овқат ишлаб чиқариш такомиллашиб, аҳоли сонининг ортиши ва йирикроқ манзилгоҳлар юзага келишига сабаб бўлди. Бу эса охир-оқибатда урбанизация ва шаҳарлар пайдо бўлишига олиб келди.

XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб қишлоқ хўжалиги инқилоби ортидан қатор саноат ин қилоблари рўй берди. Улар қўл кучининг механик кучга алмашуви билан кечиб, шу даражада ривожландики, айни пайтда, тўртинчи саноат инқилоби даврида, когнитив қобилиятнинг кучайиши инсон маҳсулдорлигини оширмоқда.

Биринчи саноат инқилоби тахминан 1760-йиллардан 1840-йилларгача давом этди. Темир йўллар қурилиши ва буғ машинаси кашф қилиниши туртки бўлган бу жараён механик ишлаб чиқаришни бошлаб берди. ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида бошланган иккинчи саноат инқилоби электр қуввати ва йиғув линияси яратилиши билан оммавий ишлаб чиқариш имконини яратди. Учинчи саноат инқилоби 1960-йилларда бошланди. У яримўтказгичлар, марказий компьютер (1960-йиллар), шахсий компьютер (1970–1980-йиллар) ва интернет (1990-йиллар) ривожланиши билан авж олгани сабабли рақамли инқилоб ёки компьютер инқилоби деб ҳам аталади.

Дастлабки уч саноат инқилобини таърифлашда фойдаланилган тушунчалар ва илмий далилларни ҳисобга олган ҳолда бугун биз тўртинчи саноат инқилоби остонасида турганимизга аминман. У ХХI аср бошида юзага келган бўлиб, рақамли инқилобга таянади. У кенг тарқалган ва тезкор интернет, кичикроқ, арзонроқ ва кучлироқ сенсорлар, сунъий интеллект ҳамда машинавий таълим (Machine learning) билан таснифланади.

Асосида компьютер аппаратлари, дастурлари ва тизимлари бўлган рақамли технологиялар янгилик эмас, аммо учинчи саноат инқилоби билан бўлган оралиқда улар анча мураккаблашиб, интеграллашди, натижада жамиятлар ва жаҳон иқтисодиётини ўзгартирмоқда. Шу сабабга кўра Массачусетс технология институти (MIT) профессорлари Эрик Бринолфссон ва Эндрю Макафилар 2014 йилда шу ном остида чиққан китобида ушбу даврга “иккинчи машина даври”[2 - Эрик Бринолфссон ва Эндрю Макафи, The Second Machine Age: Work, Progress, and Prosperity in a Time of Brilliant Technologies, W. W. Norton & Company, 2014.] деб ном берган. Китобда дунё автоматлаштириш ҳамда “мисли кўрилмаган нарсалар” яратилиши ҳисобига рақамли технологияларнинг таъсири “тўлалигича” намоён бўладиган кескин бурилиш остонасида экани айтиб ўтилган.

Германияда “4-авлод саноати” борасида баҳслар кетмоқда. Ушбу атама 2011 йилги Ҳанновер кўргазмасида юзага келган бўлиб, юқорида келтирилган технологиялар қандай қилиб глобал қадриятлар занжири тузилишида инқилобга сабаб бўлишини ифодалайди. Тўртинчи саноат инқилоби “ақлли заводлар” қурилиши орқали ишлаб чиқаришнинг виртуал ва моддий усуллари бир-бири билан мослашувчан тарзда ишлашини таъминловчи дунё яратмоқда. Бу эса маҳсулотларни истеъмолчи талабига батамом мослаш ва янги бошқарув моделларини яратиш имконини беради.

Бироқ тўртинчи саноат инқилоби ақлли ва ўзаро боғланган машиналар ҳамда тизимлар билангина чекланиб қолмайди. Унинг кўлами анча кенгроқ. Унинг натижаси ўлароқ ген секвенциясини аниқлашдан нанотехнологияларгача, қайта тикланадиган энергия манбаларидан квант компьютерларигача, турли соҳаларда янги техник ютуқлар тўлқинлари рўй бермоқда. Ушбу технологиялар уйғунлашуви ва моддий, рақамли ҳамда биологик соҳалардаги ўзаро алоқаси тўртинчи саноат инқилобини аввалгиларидан тубдан ажратиб туради.

Мазкур инқилоб даврида пайдо бўлаётган технологиялар ва инновациялар дунёнинг айрим ҳудудларида ҳалигача давом этаётган аввалги инқилобларга қараганда тезроқ ва кенгроқ тарқалмоқда. Иккинчи саноат инқилобини дунёнинг 17 фоиз қисми ҳали тўлалигича ҳис қилгани йўқ, чунки 1.3 миллиард одам ҳалигача электр энергиясисиз ҳаёт кечирмоқда. Ушбу фикр учинчи саноат инқилобига ҳам тегишли: дунё аҳолисининг ярмидан ортиғи, асосан ривожланаётган давлатларда яшовчи 4 миллиард одам интернетдан фойдаланиш имконига эга эмас. Биринчи саноат инқилобининг ёрқин белгиси бўлган урчуқ Eвропадан ташқарида оммалашиши учун деярли 120 йил кетган. Ундан фарқли ўлароқ, интернет бир неча йилдаёқ бутун дунёга тарқалди.

Биринчи саноат инқилобидан олинган хулоса ҳалигача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ: жамиятнинг технологик инновацияни қабул қилиш даражаси унинг тараққиётида ҳал қилувчи омилдир. Давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусий сектор ўз зиммаларидаги вазифаларни бажариши зарур, аммо оддий фуқаролар ҳам технологияларнинг узоқ муддатли афзаллигини тушуниши жуда муҳим.

Тўртинчи саноат инқилоби кучи, таъсири ва тарихий аҳамияти билан аввалги инқилоблардан сира қолишмайди деб ишонч билан айта оламан. Бироқ фикримча, тўртинчи саноат инқилобининг барча имкониятларининг самарали ва тўлалигича намоён бўлишига халал бериши мумкин бўлган икки омил мавжуд.

Биринчидан, барча йўналишларда талаб этилаётган eтакчилик ва юз бераётган ўзгаришларни тушуниш даражаси иқтисодий, ижтимоий ҳамда сиёсий тизимларимизни тўртинчи саноат инқилобига мослаб қайта кўриб чиқиш учун зарур бўлган даражадан анча паст. Натижада миллий ва глобал миқёсда инновациянинг тарқалишини назорат қилиш ва етиши мумкин бўлган путурни камайтириш учун зарурий институционал қолип ёки eтарли эмас, ёки умуман йўқ.

Иккинчидан, турли хилдаги шахс ва жамоаларни руҳлантирувчи, олдимизда турган фундаментал ўзгаришларга жавобан оммавий қаршиликларнинг олдини олиш учун зарур бўлган, тўртинчи саноат инқилобининг эҳтимолий имкониятлари ва муаммолари ҳақида изчил, ижобий ва умум тан олинган қарашлар йиғиндиси ҳали мавжуд эмас.

1.2 Чуқур ва тизимли ўзгариш