banner banner banner
Тўртинчи саноат инқилоби
Тўртинчи саноат инқилоби
Оценить:
 Рейтинг: 0

Тўртинчи саноат инқилоби

Рақамли платформалар одамлар ёки ташкилотлар биргаликда бирор воситадан фойдаланганда ёхуд хизмат кўрсатганда юзага келадиган қўшимча харажат ҳамда тушунмовчиликларни кескин камайтирди. Ҳар бир олди-сотди эндиликда жуда кичик қисмларга бўлиниши ва ундан барча томонлар манфаат кўриши мумкин. Бундан ташқари, рақамли платформалардан фойдаланилганда қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш харажатлари деярли нолга тенг бўлади. Бу ўз навбатида бизнес ва жамиятга катта таъсир ўтказади, буни китобнинг учинчи бобида батафсил кўриб чиқамиз.

2.1.3 Биологик

Биология, қисман генетика соҳасидаги инновацияларни таърифлашга тил ожиз. Сўнгги йилларда ген секвенциясини аниқлаш жараёнини арзонлаштириш ҳамда соддалаштириш, кейинроқ эса генларни фаоллаштириш ва таҳрирлаш борасида катта ютуқларга эришилди. “Инсон геноми” лойиҳасини амалга ошириш учун 10 йил ва 2.7 миллиард доллар талаб этилган бўлса, эндиликда геном секвенциясини аниқлашни бир неча соат ичида минг доллардан камроқ маблағ эвазига бажариш мумкин.[10 - K.A. Веттерстранд, “DNA Sequencing Costs: Data from the NHGRI Genome Sequencing Program (GSP),” National Human Genome Research Institute, 2015 йил 2 октябрь. http://www.genome.gov/sequencingcosts/] Компьютерларнинг ҳисоблаш қуввати кучайгани сабабли олимлар геннинг маълум бир комбинацияси қандай хусусият ёки касаллик келтириб чиқаришини синов ва хатолар орқали эмас, балки шунчаки компьютерда синаб кўриш орқали ўрганмоқда.

Кейинги босқич эса синтетик биологиядир. У бизга организмлар ДНКсини ёзиш йўли билан уларни маълум талабларга мослаштириш имконини беради. Юзага келувчи жиддий ахлоқий саволларни четга суриб турадиган бўлсак, бу ютуқлар нафақат тиббиётда, балки қишлоқ хўжалиги ва биоёқилғи ишлаб чиқаришда ҳам бевосита катта бурилиш ясаши мумкинлигини кўрамиз.

Юрак касалликларидан то саратонгача бўлган ва eчимини кутаётган муаммолар негизида генетик омиллар ётади. Шу сабабли алоҳида генетик тузилишимизни самарали ва қулай нархларда аниқлаш усуллари қўлланиши (ген секвенциясини аниқловчи қурилмалардан оддий текширувларда ҳам фойдаланиш) индивидуаллашган ва самарали соғлиқни сақлаш тизимида инқилобга сабаб бўлади. Ўсманинг генетик тузилишидан хабардор бўлган шифокорлар беморни даволашда тўғри қарор қабул қилишга муваффақ бўладилар.

Гарчи генетик маркерлар билан касаллик ўртасидаги боғланиш бўйича билимларимиз айни пайтда eтарли бўлмаса-да, маълумотлар миқдорининг ортиб бориши ўта аниқ тиббиётнинг ривожланишига, мўлжалланган даво муолажалари ишлаб чиқилиши ва даво самарадорлиги ортишига олиб келади. IBM компаниясининг “Wаtson” суперкомпьютер тизими бир неча дақиқадаёқ юзлаб касаллик ва муолажа тарихи, сканер текширувлари, генетик ахборотни (деярли) тўлиқ ва замонавий тиббий маълумотларга солиштириб, бемор учун индивидуал муолажа усулини тавсия этишга ёрдам беради.[11 - Aриана Инчжон Ча, “Watson’s Next Feat? Taking on Cancer,” The Washington Post, 2015 йил 27 июнь. http://www.washingtonpost.com/sf/national/2015/06/27/watsons-next-feat-taking-on-cancer/]

Биологик маълумотларни таҳрирлаш имкониятини ҳар қандай ҳужайра турига татбиқ қилиш мумкин. Бу нафақат генетик жиҳатдан ўзгартирилган ўсимлик ва ҳайвонларни яратиш, балки вояга eтган организм, шу жумладан, одамнинг ҳам ҳужайраларини ўзгартиришга имкон беради. Мазкур усул ўзининг аниқлиги, самараси ва соддалиги би лан 1980-йилларда қўлланган ген муҳандислиги усулларидан фарқ қилади. Илм-фан шу қадар тез ривожланмоқдаки, бугунги кунда унинг олдида турган тўсиқлар техник эмас, балки қонуний, меъёрий ва ахлоқий табиатга эга. Бу технологиялар қўлланиши мумкин бўлган соҳалар сонининг чек-чегараси йўқ. Ҳайвонларни арзонроқ озиқланадиган ёки маҳаллий иқлимга мос қилиб ўзгартириш, кескин ҳарорат ўзгаришлари ёки қурғоқчиликка чидамли ўсимлик навларини яратиш айрим мисоллар, холос.

Ген муҳандислиги бўйича тадқиқотлар давом этар экан (масалан, ген таҳрирлаш ва ген терапиясидаги CRISPR/Cas9 услуби ишлаб чиқилгани), генни танлаш ва eтказишдаги муаммолар ечимини топиб боради. Бу эса ахлоқий нуқтаи назардан олдимизга жиддий ва долзарб саволни қўяди: ген таҳрирлаш тиббий тадқиқот ва даволашда қай даражада инқилобий ўзгаришларга сабаб бўлади? Умуман олганда, ўсимлик ва ҳайвонлар дори моддалари ёки даволашнинг бошқа воситаларини ишлаб чиқариш учун генетик жиҳатдан ўзгартирилиши мумкин. Гемофилия[12 - Гемофилия – кишининг қони ивимаслиги туфайли бирор жойи қонаганда унинг тўхтамаслиги билан характерланадиган туғма касаллик – таҳр.] касаллигига чалинган беморлар учун таркибида қонни ивитувчи моддалари бўлган сут берувчи ўзгартирилган сигирлар яратилишига оз вақт қолди. Тадқиқотчилар аллақачон одамга кўчириб ўтказса бўладиган органларни яратишга мўлжалланган чўчқа геноми устида иш олиб бормоқда. (Бундай кўчириб ўтказиш ксенотрансплантация деб аталиб, одам иммунитетининг ёт органга қарши курашиши ва ҳайвонлардан касаллик юқтириб олиш хавфи бўлгани сабабли яқин вақтларгача ҳам ақлга сиғмасди.)

Турли технологиялар бир-бирини тўлдириб, ривожлантириши мумкинлиги ҳақида аввал айтиб ўтган фикримизга мисол сифатида биологик принтлашни келтириш мумкин. Бунда 3D ишлаб чиқариш технологияси ген муҳандислиги билан биргаликда тўқималарни алмаштириш ва қайта тиклаш мақсадида тирик тўқималар яратади. Ушбу усулдан ҳозирги пайтда тери, суяк, юрак ва томир тўқимаси олишда фойдаланишга эришилди. Ва ниҳоят, принтланган жигар тўқимаси қаватларини трансплантат ҳосил қилишда ҳам қўллаш мумкин.

Фаоллик даражамиз ва қоннинг биокимёвий таркиби, уларнинг жисмоний, руҳий саломатлигимиз, уй ҳамда иш-фаолиятимиздаги маҳсулдорлигимизга қандай таъсир қилиши мумкинлигини ўрганиш мақсадида кузатувчи қурилмалар, уларни ўрнатиш усуллари устида иш олиб боряпмиз. Бундан ташқари, инсон мияси айнан қандай ишлаши борасидаги билимларимиз салмоғи ортиб, нейротехнология йўналишида катта ютуқларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу ҳолатни сўнгги йилларда энг кўп пул ажратилган тадқиқотларнинг иккитаси нейробиологияга бағишлангани билан изоҳлаш мумкин.

Айнан биология соҳасида ижтимоий нормалар ва мувофиқ меъёрий ҳужжатлар яратиш борасида энг жиддий муаммолар юзага келмоқда. Инсон бўлиш нимани англатиши, ўз танамиз ва саломатлигимизга оид қандай маълумотларни бошқалар билан баҳам кўришимиз мумкинлиги, келажак авлодлар ирсиятини ўзгартиришда қандай ҳуқуқ ва масъулиятларимиз борлиги борасидаги янгидан-янги саволларга тўқнаш келяпмиз.

Ген таҳрирлаш мавзусига қайтадиган бўлсак, тирик одам эмбриони геномида турли ўзгаришларни амалга ошириш анча осонлашганини ҳисобга олиб, маълум хусусиятларга эга бўлган ёки айрим касалликларга чидамли махсус яратилган болалар дунёга келиши яқинлигини тахмин қилишимиз мумкин. Бундай имкониятлар юзага келтирадиган ижобий ва салбий тарафлар ҳақида мунозаралар кечаётганини эса таъкидлашга ҳожат йўқ. Хусусан, 2015 йил декабрида АҚШ Миллий фанлар академияси ва Тиббиёт академияси, Хитой Фанлар академияси ва Буюк Британия Қироллик жамияти вакиллари одам генини таҳрирлашга бағишланган саммитда йиғилдилар. Муҳокамаларга қарамасдан, биз ҳали энг сўнгги ген технологиялари ва уларнинг натижалари билан тўқнаш келишга тайёр эмасмиз. Улар сабаб бўлувчи ижтимоий, тиббий, ахлоқий ҳамда психологик саволлар анчагина салмоқли ва уларга жавоб топилиши ёки ҳеч бўлмаганда, яхшилаб кўриб чиқилиши даркор.

Кашфиётлар динамикаси

Инновация мураккаб ижтимоий жараён бўлиб, у ўзўзидан содир бўлади деб ўйлаш хато. Шу сабабли гарчи бу бўлимда дунёни ўзгартиришга қодир бўлган қатор технологик ютуқлар ҳақида сўз борса-да, бундай кашфиётлар давом этиши ва иложи борича яхшироқ натижаларга қандай эришиш мумкинлиги ҳақида бош қотиришимиз жуда муҳим.

Академик муассасалар истиқболли ғоялар устида ишлаш учун энг қулай жойлар саналади. Би роқ янги маълумотларга кўра, бугунги кунда олий ўқув муассасаларидаги карьера истиқболи ва молиялаштириш тизими дадил ҳамда инноватив дастурларга нисбатан босқичма-босқич, анъанавий тадқиқотларни устун кўради. [13 - Жейкоб Г. Фостер, Андрей Ржецкий ва Жеймс A. Эванс, “Tradition and Innovation in Scientists’ Research Strategies,” American Sociological Review, 80: 875-908, 2015 й. октябрь. http://www.knowledgelab.org/ docs/1302.6906.pdf]

Илм-фанда консерватив тадқиқотларни камайтиришнинг бир йўли тижоратга йўналган тадқиқотларни рағбатлантиришдир. Аммо бу ёндашув ҳам ўзига хос қийинчиликларни келтириб чиқаради. 2015 йилда “Uber Technologies Inc.” компанияси Карнеги Меллон университетидан робот технологияси соҳасидаги қирққа яқин илмий тадқиқотчилар ва олимларни ёллади. Лабораториядаги инсон капиталининг катта қисмини ташкил этган ходимлар сонининг кўплиги унинг илмий-текшириш имкониятларига таъсир қилди ва АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотлар билан тузилган шартнома шартларини бажаришда қийинчиликларга учради.[14 - Майк Рэмси ва Дуглас Макмиллан, “Carnegie Mellon Reels After Uber Lures Away Researцchers,” Wall Street Journal, 2015 й. 31 май. http:// www.wsj.com/articles/is-uber-a-friend-or-foe-of-carnegie-mellon-in-robotics-1433084582]

Илмий ва бизнес доираларда муҳим фундаментал тадқиқотлар ва инновацион техник мослашувларни рағбатлантириш учун ҳукуматлар улкан тадқиқотларга кўпроқ маблағ ажратиши зарур. Бундан ташқари, барчага фойда келтириш учун давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик билим ҳамда инсон капиталини кўпайтиришга қаратилган бўлиши лозим.

2.2 Бурилиш нуқталари

Юқоридаги мегатрендлар умумий маънода анча мавҳум туюлади. Шунга қарамай, улар ғоятда фойдали янги маҳсулот ва ишланмаларга сабаб бўлмоқда.

Жаҳон иқтисодий форуми 2015 йил сентябрь ойида чоп этган ҳисоботда келажакдаги рақамли ва ўта боғланган дунёни ҳосил қилувчи 21 та бурилиш нуқтаси – маълум технологик ўзгаришларни кенг омма қабул қиладиган вақт – келтирилган.[15 - Жаҳон иқтисодий форуми, Deep Shift – Technology Tipping Points and Societal Impact, тадқиқот ҳисоботи, “Компьютер дастурлари ва жамият келажаги” деб номланган глобал кун тартиби кенгаши, 2015 йил, сентябрь.] Уларнинг барчаси келаси 10 йил ичида бўлиб ўтиши кутилмоқда ва тўртинчи саноат инқилоби сабаб бўлган чуқур ўзгаришларни яққол акс эттиришга хизмат қилади. Бурилиш нуқталари Жаҳон иқтисодий форумининг “Компьютер дастурлари ва жамият келажаги” деб номланган глобал кун тартиби кенгашида ўтказилган сўровнома асосида тузилган. Ушбу сўровномада ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасидаги 800 дан ортиқ ижрочи ҳамда экспертлар қатнашган.

1-жадвалда сўровнома иштирокларининг неча фоизи маълум бурилиш нуқтаси 2025 йилга бориб содир бўлишини кутаётгани келтирилган.[16 - Сўровнома методологияси ҳақида қўшимча маълумот олишни истасангиз, олдинги изоҳдаги манбанинг 4- ва 39-бетларига қаранг.] Иловада ҳар бир бурилиш нуқтасининг ижобий ва салбий таъсири кенгроқ ёритилган. Шунингдек, дастлабки сўровнома таркибида бўлмаган икки бурилиш нуқтаси – лойиҳаланган мавжудотлар ва нейротехнологиялар ҳам келтирилган, аммо улар 1-жадвалда берилмаган.

1-жадвал: 2025 йилга бориб содир бўлиши кутилаётган бурилиш нуқталари фоиз ҳисобида

Манба: Deep Shift – Technology Tipping Points and Societal Impact, “Компьютер дастурлари ва жамият келажаги” деб номланган глобал кун тартиби кенгаши, Жаҳон иқтисодий форуми, 2015 йил, сентябрь

Ушбу бурилиш нуқталари олдинда қандай туб ўзгаришлар кутаётганини ва тизимли табиати туфайли бир неча бор кучайган таъсирга қандай тайёрланиш ва жавоб қайтаришни тушунишда муҳим аҳамият касб этади. Кейинги бобда келтирилганидек, ушбу ўтиш босқичида тўғри йўлни йўқотмаслик учун содир бўлаётган ва бўладиган ўзгаришлардан ҳамда уларнинг жаҳон ҳамжамиятининг барча босқичларига таъсиридан огоҳ бўлишимиз даркор.

3

ТАЪСИР

Намоён бўлаётган технологик инқилоб кўлами ва қамрови шу қадар улкан иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ўзгаришларга сабаб бўладики, уларни кўз олдимизга келтириш деярли имконсиз. Шундай бўлса-да, бу бобда тўртинчи саноат инқилобининг иқтисодиёт, бизнес, ҳукумат ва мамлакатлар, жамият ҳамда алоҳида шахсларга эҳтимолий таъсири кўрсатиб берилади, таҳлил қилинади.

Ушбу соҳаларнинг барчасида энг катта таъсир асосан бир куч натижасида пайдо бўлади. Бу куч имкониятларни кенгайтиришдан иборат бўлиб, ҳукуматларнинг ўз фуқаролари, компаниялар ўз ишчилари, акциядорлари ҳамда мижозлари, буюк давлатларнинг кичик мамлакатлар билан муносабатида намоён бўлади. Мавжуд сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий моделларда тўртинчи саноат инқилоби келтириб чиқарган бузилиш натижасида ваколатлари кенгайган иштирокчилар тақсимланган кучлар тизимининг бир қисми эканликларини, муваффақиятга эришиш учун кўпроқ ҳамкорлик талаб этилишини тушуниб eтишади.

3.1 Иқтисодиёт

Тўртинчи саноат инқилоби жаҳон иқтисодиётига мисли кўрилмаган даражада катта ва кўп тарафлама таъсир ўтказадики, бир таъсирни бошқасидан айри ҳолда ўрганиш жуда қийин кечади. Дарҳақиқат, хаёлга келиши мумкин бўлган барча макроиқтисодий кўрсаткичлар: ЯИМ, сармоя киритиш, истеъмол, бандлик, савдо, инфляция ва бошқалар ўзгармасдан қолмайди. Мен энг муҳим икки жиҳатга – иқтисодий ўсиш (унинг асосий узоқ муддатли омили бўлмиш маҳсулдорлик орқали) ва бандликка эътиборимни қаратишга қарор қилдим.

3.1.1 Иқтисодий ўсиш

Тўртинчи саноат инқилобининг иқтисодий ўсишга таъсири борасида иқтисодчилар фикри иккига ажралади. Бир томондан, технологик пессимистлар фикрига кўра, рақамли инқилоб асосий таъсирини кўрсатиб бўлди ва маҳсулдорликни ортиқ ошира олмайди. Бошқа тарафдан эса, технологик оптимистларнинг таъкидлашича, технология ва инновациялар ҳали ҳал қилувчи нуқтага eтганича йўқ ва улар тез орада маҳсулдорлик ҳамда иқтисодий ўсишда янги тўлқинга сабаб бўлади.

Гарчи ҳар икки тараф фикрини ҳам тан олсамда, амалиётга суянувчи оптимистлигимча қоламан. Технологиянинг дефляцион таъсири (гарчи уни “ижобий дефляция” деб таърифлаш мумкин бўлса ҳам) унинг қайта тақсимлаш таъсири натижасида ишчи кучидан кўра сармоя устунлик қилиши ва на тижада маош (ўз навбатида истеъмол ҳам) камайишидан яхши хабардорман. Бундан ташқари, тўртинчи саноат инқилоби одамларга маҳсулот ва хизматлардан кўпроқ ва арзонроқ фойдаланиш имконини беришини, натижада истеъмол турғунроқ ҳамда ишончлироқ бўлишини тушуниб турибман.

Тўртинчи саноат инқилобининг иқтисодий ўсишга эҳтимолий таъсирини замонавий иқтисодий йўналишлар ҳамда ўсишга таъсир қилувчи бошқа омиллар билан бирга кўриб чиқиш жуда муҳим. 2008 йилда, иқтисодий ва молиявий инқироз юз беришидан бир неча йил олдин, жаҳон иқтисодиёти йилига ўртача 5 фоиздан ўсаётганди. Агар ушбу тезлик сақланиб қолганда, глобал ЯИМ ҳажми ҳар 14-15 йилда икки баробар ортган ва миллиардлаб одамлар қашшоқликдан чиққан бўларди.

Буюк турғунликдан кейиноқ жаҳон иқтисодиёти ўзининг аввалги юқори суръатларига қайтади, деган фикр кенг тарқалганди. Аммо бундай ҳолат юз бермади. Глобал иқтисодиёт урушдан кейинги йиллардан ҳам пастроқ – йиллик ўсиш тезлиги ўртача 3-3.5 фоиз билан чегараланиб қолгандай туюлмоқда.

Айрим иқтисодчилар “юз йиллик инқироз” рўй бериши мумкинлигини тахмин қилиб, “дунёвий турғунлик” ҳақида гапирмоқда. Ушбу атамани Катта депрессия даврида Алвин Ганзен ўйлаб топган бўлиб, яқин йилларда иқтисодчилар: Ларри Саммерс ва Паул Кругманлар уни қайта муомалага киритди. “Дунёвий турғунлик” талабнинг ҳатто нолга яқин кредит фоизлари билан ҳам ўзгартириб бўлмайдиган даражада камайиб кетиши ҳолатини тасвирлайди. Гарчи бу ғоя иқтисодчилар орасида мунозарага сабаб бўлса-да, муҳим хулосалар чиқаришга имкон беради. Агар фикр тўғри бўлса, глобал ЯИМ ўсиш тезлиги янада камайиши мумкин. Глобал ЯИМ ҳажмининг йиллик ўсиши 2 фоизгача тушиб кетди деб тасаввур қилайлик, бу эса унинг ҳажми икки баробар ортиши учун 36 йил керак бўлади демакдир.

Глобал ўсиш секинлашувини сармоянинг нотўғри тақсимланиши, қарздорлик ортиши ва демографик ўзгаришлар каби қатор сабаблар билан тушунтириш мумкин. Улар ичидан технологик тараққиёт билан боғлиқ иккитасини: аҳоли ёшининг ортиб бориши ва маҳсулдорликни кўриб чиқамиз.

Аҳолининг қариши

Жаҳоннинг айни пайтдаги 7.2 миллиард аҳолиси 2030 йилга бориб 8 миллиардга, 2050 йилгача эса 9 миллиардга eтиши башорат қилинмоқда. Бу умумий талабнинг ортишига олиб келиши керак. Аммо муҳим аҳамият касб этувчи яна бир демографик ўзгариш – кексайиш ҳам бор. Кенг тарқалган қарашларга кўра, кекса ёшдаги аҳолининг ортиб бориши асосан Ғарбдаги бой давлатларга хос. Аммо бу фикр у қадар тўғри эмас. Туғилиш кўрсаткичларининг аҳоли сонини турғун тутиб турувчи даражадан камайиши нафақат бундай ҳолат дастлаб бошланган Eвропада, балки Жанубий Америка ва Кариб денгизи ҳавзаси, Осиёнинг катта қисми, шу жумладан, Хитой ва жанубий Ҳиндистон, ҳаттоки Ливан, Марокаш, Эрон сингари Яқин Шарқ ҳамда шимолий Африканинг айрим мамлакатларида ҳам кузатилмоқда.

Агар нафақага чиқиш ёши кескин оширилиб, жамиятнинг ёши катта вакиллари ҳам ишчи кучи сифатида ҳисса қўшишда давом этмаса (иқтисодиётга ижобий таъсир қилувчи зарурат), кекса ёшдаги аҳолининг ортиши катта иқтисодий қийинчиликларга сабаб бўлади. Чунки ғамхўрликка муҳтож кексалар сони ортиб боргани сари меҳнатга лаёқатли аҳоли камайиб боради. Кексалар сони ортиб, ёшлар сони камайгани сари уй, уй жиҳозлари, автомобиль ва бошқа шу каби катта харажат талаб қилувчи маҳсулотларни харид қилиш, бунга қўшимча равишда тадбиркорлик соҳасида таваккал қилувчи одамлар ҳам камаяди. Бунинг сабаби қариётган ишчилар қўлидаги маблағдан янги корхоналар яратишдан кўра яхшироқ шароитда нафақага чиқиш учун фойдаланишни афзал кўришидадир. Бу ҳолат одамлар нафақага чиқиб, омонатларини қайтариб олганда омонат ва сармоя ҳажми камайишини бироз мувозанатлаштиради.

Мазкур одатлар ва моделлар ёши катталар сони ортиб бораётган жамиятлар мослашгани сари ўзгариши мумкин. Бироқ технологик инқилоб маҳсулдорликнинг жадал ўсишига сабаб бўлмаса, кексалар сони ортиб бораётган дунёда ўсишнинг секинлашиши умумий қоида сифатида қолаверади. Технологик инқилобнинг маҳсулдорликка таъсирини содда қилиб “қаттиқ ишлаш эмас, балки ақл билан ишлаш” деб таърифлаш мумкин.

Тўртинчи саноат инқилоби бизга узоқроқ, соғломроқ ва фаолроқ яшаш имконини беради. Ривож ланган давлатларда ҳозирда туғилаётган болаларнинг чорак қисмидан кўпи 100 йил умр кўриши кутилаётган жамиятда яшар эканмиз, меҳнат ёшидаги аҳоли, нафақа ва шахсий ҳаётни режалаштириш сингари тушунчаларни қайта кўриб чиқишимиз зарур.[17 - Буюк Британия Миллий статистика бошқармаси, “Surviving to Age 100”, 2013 йил 11 декабрь. http://www.ons.gov.uk/ons/rel/lifetables/historic-and-projected-data-from-the-period-and-cohort-life-tables/2012-based/ info-surviving-to-age-100.html] Кўп давлатларда юқоридаги мавзуларни муҳокама қилишда юзага келаётган қийинчиликлар кутилаётган ўзгаришларни олдиндан кўриш ва уларга тайёрланиш борасида қанчалик оқсаётганимизнинг яна бир исботидир.

Маҳсулдорлик

Технологик ютуқлар ва инновацияга ажратилган сармоялар миқдори геометрик прогрессия бўйича ортишига қарамай, сўнгги бир неча ўн йил ичида дунё бўйлаб маҳсулдорлик (меҳнат унумдорлиги ёки умумий омил унумдорлиги [TFP] олинишидан қатъи назар) жуда секин ўсди.[18 - Анжуман кенгаши, Productivity Brief 2015. Анжуман кенгаши томонидан тўпланган маълумотларга кўра, глобал меҳнат унумдорлигидаги ўсиш 1996–2006 йиллар оралиғида 2013 ва 2014 йиллардаги умумий 2.1 фоизга таққослаганда ўртача 2.6 фоизга етган. https://www.conference-board.org/retrievefile.cfm?filename=The-Conference-Board-2015-Productivity-Brief.pdf&type=subsite] Маҳсулдорликнинг мантиққа мос келмас сўнгги тимсоли – технологик инновациялар унинг даражасини оширмайди деган фикр – иқтисодиётнинг Буюк турғунликдан ҳам олдин пайдо бўлган очилмаган тилсимидир. Унга ҳалигача қониқарли изоҳ топилгани йўқ.

АҚШни олайлик, у eрда маҳсулдорлик 1947 йилдан 1983 йилгача ўртача 2.8 фоизга, 2000–2007 йиллар да 2.6 фоизга, 2007 йилдан 2014 йилгача эса атиги 1.3 фоизга ўсди.[19 - Америка Қўшма Штатлари Меҳнат департаменти, “Productivity change in the nonfarm business sector, 1947–2014”, Меҳнат статистикаси бюроси. http://www.bls.gov/lpc/prodybar.htm] Пасайишнинг асосий қисми технология ва инновация туфайли пайдо бўладиган самарадорлик билан боғлиқ TFPнинг паст кўрсаткичларига бориб тақалади. АҚШ Меҳнат статистика бюроси берган маълумотларга кўра, 2007 йилдан 2014 йилгача TFPнинг ўсиши 0.5 фоизни ташкил этган, бу 1995–2007 йиллардаги 1.4 фоизлик ўсишдан анча паст.[20 - Америка Қўшма Штатлари Меҳнат департаменти, “Preliminary multifactor productivity trends, 2014,” Меҳнат статистикаси бюроси, 2015 йил 23 июнь. http://www.bls.gov/news.release/prod3.nr0.htm] Маҳсулдорлик кўрсаткичларидаги бундай пасайиш кредит фоизлари деярли беш йил давомида ноль фоиз атрофида муаллақ сақланиб қолган бир пайтда АҚШнинг энг йирик 50 та компанияси бир триллиондан ортиқ маблағ тўплаганини ҳисобга олганда, айниқса, хавотирли[21 - OECD, “The Future of Productivity”, Июль, 2015. http://www.oecd.org/ eco/growth/The-future-of-productivity-policy-note-July-2015.pdf АҚШнинг секинлашиб бораётган маҳсулдорлик ўсиши ҳақидаги қисқача муҳокамани кўриш учун қаранг: Жон Фернальд ва Бин Ван, “The Recent Rise and Fall of Rapid Productivity Growth,” Сан Франциско Федерал захира банки, 2015 йил 9 февраль. http://www.frbsf.org/economic-research/publications/economic-letter/2015/february/economic-growth-information-technology-factor-productivity/].

Маҳсулдорлик узоқ муддатли ўсиш ва юқори ҳаёт стандартларини белгиловчи энг муҳим омилдир. Шундай экан, тўртинчи саноат инқилоби даврида унинг ўсиши кузатилмаса, ҳар иккисининг пасайишига гувоҳ бўламиз. Бироқ маҳсулдорликнинг пасайиб боришидан далолат берувчи маълумотларни технология ва инновациядаги геометрик прогрессия бўйича ўсишдан кутилаётган юқори унумдорлик билан қандай боғлаш мумкин?

Асосий аргумент киритилган ва чиқарилган ресурслар, шу қаторда, унумдорликни ўлчаш муаммосига қаратилган. Тўртинчи саноат инқилоби натижасида яратилган инновацион товар ва хизматлар жуда юқори сифат ва функционалликка эга. Аммо уларни бозорга eтказиб бериш усуллари биз баҳолашга ўрганган анъанавий усуллардан тубдан фарқ қилади. Кўплаб янги маҳсулот ва хизматларнинг рақобатчилари йўқ, қўшимча харажатлар ҳажми нолга тенг ёки рақобатга бой бозор тузилмаларидан рақамли платформалар орқали фойдаланади. Буларнинг барчаси нархни туширади. Бундай шароитда анъанавий статистик усулларимиз қийматдаги ҳақиқий ўсишни кўрсата олмаслиги мумкин, чунки умумий савдо ва юқорироқ даромадлар истеъмол ҳажми ортганини ҳали акс эттирмаган бўлади.

“Google”нинг бош иқтисодчиси Хэл Вариан талабга асосланган иқтисодиёт қудрати орқали мобил илова ёрдамида такси чақириш ёки автомобилни ижарага олишдаги самарадорлик каби кўплаб мисолларни келтиради. Самарадорликни ва шу билан бир қаторда маҳсулдорликни оширадиган кўплаб бошқа хизматлар мавжуд. Аммо улар асосан бепул бўлгани сабабли уйда ва ишда катта фойда келтиради. Натижада маълум хизматдан олинадиган фойда ҳамда миллий статистикада ўлчанган иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари орасида тафовут келиб чиқа ди. Шунингдек, бу иқтисодий кўрсаткичларда келтирилганидан кўра самаралироқ ишлаб чиқараётганимиз ва истеъмол қилаётганимизни англатади.[22 - Иқтисодчи Брэд ДеЛонг қуйидаги мақоласида мазкур фикрни ифодалайди: Ж. Брэдфорд ДеЛонг, “Making Do with More,” Project Syndicate, 2015 йил 26 февраль. http://www.project-syndicate.org/commentary/abundance-without-living-standards-growth-by-j–bradford-delong-2015-02]

Яна бир фикрга кўра, учинчи саноат инқилоби таъсирида пайдо бўлган маҳсулдорлик, катта эҳтимол билан ўз кучини йўқотмоқда. Тўртинчи саноат инқилоби асосида вужудга келаётган янги технологиялар тўлқини туфайли маҳсулдорликда содир бўлиши кутилаётган кескин ўсиш эса ҳали олдинда.

Дарҳақиқат, амалиётга суянувчи оптимист сифатида тўртинчи саноат инқилоби дунёга кўрсатадиган ижобий таъсирни сезиш остонасида турганимизга аминман. Бундай оптимистик қарашларим қуйидаги уч сабабга асосланган.