banner banner banner
Оилада севги суҳбатлари
Оилада севги суҳбатлари
Оценить:
 Рейтинг: 0

Оилада севги суҳбатлари

Фарзандлар ҳатто, ота-оналарининг зуғумларини ҳам кўтаришни истамайдилар. Сиртдан таслим бўлгандек кўринсалар-да, кўнгилларида исён бўронлари увиллайди. Жамиятда рағбат кўрган баъзи ҳолатлар сизга мақбул келмаса-да, қатъий қаршилик кўрсатманг. Маданиятимизга мос бўлмаган жиҳатларини таҳрир қилинг, тўлдиринг, бойитинг! Туғилган кун қилишни истаган фарзандингизни ранжитиш, сиздан узоқлаштириш ўрнига тадбирни миллий маданиятимизга мос мазмун билан бойитинг. Унда ўзингиз ҳам қатнашинг.

Фарзандларингиз учун қилганларингизни писанда қилманг. «Сен учун нималар қилдим, қанча қийналдим» деб бадал тилагандек бўлиб қолманг. Бундай ота-оналардан болалар тезда зерикадилар, чарчайдилар, охир-оқибат «Кошки қилмасайдингиз!» деб юборадилар.

Болаларингизнинг даврини ўзингизнинг болалигингиз билан қиёсламанг. Кеча барча шарт-шароитлари билан ўтди-кетди… Янги кун бошланди… Ҳар кун қуёш янгидан чиқади ва дунё такрор ўзгаради. Шунинг учун Ҳазрати Али (р.а.) «Болаларингизни ўз даврингизга қараб эмас, улар яшаган даврга кўра тарбияланг», деб тавсия берганлар.

Барча ота-оналар таътил бошланган кунларда ўзларини тарбиячи сифатида кўрадилар, фарзандларига юракларини ҳар доимгидан кўра кўпроқ очадилар. Тарбия – қийин иш, душмани ҳам кўп. Бу душманларни енгишда энг муҳим омил ота-оналарнинг фарзандларни меҳр билан ҳимояларига олишларидир.

Кунлар исигани сайин ота-оналар мураббийлик маҳоратларини ишга солишлари зарур. Акс ҳолда иссиқ таъсирида бўшашган руҳ ва мияларни таътилдаги бўшлиқларда шайтон ва шериклари эгаллайди. Ёмон иллатларга жой очилиши мумкин. Аллоҳ ота-оналарга ғайрат берсин, фарзандларимизни ёмонлар ва ёмонликлардан асрасин.

Луқмони Ҳаким ўгитлари

Эй ўғлим! Саломатлик бебаҳо бойлик, гўзал ахлоқ беқиёс неъматдир.

Азиз фарзанд! Даромадингга қараб, харажат қил. Тежамкор бўл. Аммо зиқна бўлма. Ҳар ишда мўътадил бўл ва ўрта йўлни танла. Сахийликни одат қил.

Ўғлим! Яхшилик қилган яхшилик топади, сукут сақлаган саломатликка эришади, ширин сўзлаган фойда кўради, ёмон гапирган гуноҳкор бўлади, тилига ҳоким бўлмаган пушаймон ейди.

Эй кўзимнинг нури! Дунёнинг қувонч ва лаззатларини тажрибадан ўтказдим. Илмдан лаззатли нарса тополмадим.

Йўлсизликнинг йўли қаердан ўтади?

Тангри таоло ҳар нарсани йўқдан бор этганидек, йўлни ҳам яратгандир. Бу инсонни Ҳаққа элтувчи ҳидоят йўлидир. Йўлнинг тўғриси олиб борган манзилидан маълум бўлади. Шунинг учун йўлдан ташвишланган унинг ниҳоясига боқсин.

Тўғрироғи, ақлли одам йўлнинг охирига бормай сергак тортади, қаёққа кетаётганини билади. «Пайшанбанинг қандай бўлиши чоршанбадан маълум», ҳикмати бежизга айтилмаган. Яна ҳам тўғрироқ ифода изласак, йўл босадиган одам йўловчи, йўл эса жойида тураверади.

«Амаки, бу йўл қаерга олиб боради?», деб сўраган йигитга тажрибали отахон шундай жавоб берган экан: «Бўтам, 40 йилдан буён шу ерда яшайман. Бу йўлнинг бирор жойга кетганини кўрмаганман». Йўлни инсон босиб ўтади. Тафаккури, эътиқоди, маданият ва анъаналари етовида йўл босиш лозим бўлган йўловчи йўлдан адашса, айб кимда? Йўлдами, йўловчидами?

«Мен йўқотдим йўлимни, йўлларнинг гуноҳи не?» деб айбига иқрор бўлаётган шоирнинг ҳақлигига тан бермай илож йўқ.

* * *

Бу дунёдаги ҳақсизлик ҳеч кимга наф келтирмайди. Агар бу ерда ҳисоби сўралмаса, аниқроғи, сўралмаётгандек кўринса, вазият янада таҳликалидир.

Сут сотиб бойиган бир киши денгиз саёҳатига чиқибди. Тўпланган олтинлари ҳам ёнида экан, албатта. Палубага чиқибди-ю, тинчгина жой топиб, олтинларини қайта санаб чиқибди, кўнгли равшан тортибди… Айни шу пайтда бир маймун тилла тангалар жойланган ҳамённи олибди-ю чаққонлик билан устунга тирмашибди.

Бадавлат киши жон ҳолатда бақирибди. Одамлар тўпланибди. Кема масъуллари ҳамённи олиш мақсадида маймунга анчагина «илтифот» кўрса-тибдилар. Аммо наф бўлмабди. Устунга чиқмоқчи бўлишибди… Маймун ҳамённи денгизга ташламоқчи бўлибди. «Ҳамённи тушириб юбормасин» деб устунга чиқиш фикридан воз кечибдилар. Маймунга яхши кўрган нарсаларини берибдилар, натижа бўлмабди. Барча йўловчиларнинг кўзлари маймунда экан… Сутфурушнинг аҳволи оғирлашибди. Шу пайт маймун битта тилла тангани денгизга отибди… Иккинчисини палубага… Сутфуруш дарҳол тиллани олибди, аммо хаёли устунга тирмашган маймунда эмиш. Маймун учинчи тиллани денгизга, тўртинчисини кемага ташлабди… Шу ҳол давом этаверибди: бир денгизга, бир палубага… Одамлар: «Маймунни уриб, тиллаларни олайлик», дебдилар. Сутфуруш рози бўлмабди. «Ҳеч бўлмаса ярмини палубага отади, қолган ярмини йўқотишга розиман», дебди. Кишилар сутфурушнинг бу қарорини тушуна олмай, сабабини сўрабдилар. Жавоб ҳаммани лол қолдирибди: «Мен бу тиллаларни сут сотиб тўплаганман. Фақат сутга тенг миқдорда сув қўшардим. Сувдан орттирганларим сувга, сутдан орттирганларим менга насиб бўлаяпти…»

Етарлича эътибор бўлсайди!

Америкада электр стулда ўлдиришга ҳукм қилинган жиноятчига сўнгги сўз ҳуқуқини берганларида, у атрофдаги сураткашлар, журналистлар, қамоқхона маъмурига бирма-бир қараб чиққанидан сўнг изтиробли овозда шундай деди: «Агар болалигимда менга ҳозиргидай эътибор берилганида эди, бугун ажал стулида ўтирмаган бўлардим».

Онам, барча оналар каби, уйдан олисда бўлганимда қаттиқ ташвишланар, ҳар бир мактубимни, қўнғироқларимни илҳақлик билан кутар эди. Унга тасалли бериш учун: «Ташвишланманг онажон, хавотирга ўрин йўқ», дердим. У эса кўзларимга термулиб, дардли оҳангда шундай деди: «Ўғлим фарзандли бўлсанг, биласан онанинг аҳволини!». Йиллар ўтиб, ота бўлдим. «Онажоним, она бўлолмадим, аммо ота бўлдим. Энди оналарнинг аҳволи руҳиятларини биламан», дейман. У эса: «Йўқ, ўғлим, йўқ, ота бўлсанг ҳам онанинг ҳолини ҳис қилолмайсан», дейди. Табиийки, у яна ҳақ.

Баъзи ёшлар: «Ота-онам мени 16 ёшгача парваришлаганлар. Мен ҳам улар қариганларида 16 йил қарасам, қарзим узиладими?» деб савол берадилар.

Ота-онанинг ҳаққини тўлаб бўлмайди. 16 йил ўрнига 116 йил боқилганда ҳам қарз узилмайди. Чунки сен уларга қараганингда: «Нима бўлганда ҳам кексайиб қолишди. «Менда ҳақлари кўп… Яхшиси, уларга ўлгу нча қарай», деб ўйлайсан.

Фарзанднинг бу нияти олдида ота-онанинг болаларига қараган пайтдаги ўйлари, ниятлари нақадар эзгу ва муқаддас: «Боламиз улғайсин, биздан яхшироқ яшасин. Биз емаганларимизни есин, киймаганларимизни кийсин, биздан бахтлироқ бўлсин!»

Фарзанд билан ота-она ўртасида ниятда катта фарқ бор. Шу ният фарқи сабабли ҳеч бир фарзанд ота-она олдидаги қарзини уза олмайди.

Ота-онам кексайганлар. Тўрт фарзанд бўлсак-да, уларга кўнгилдагидек қарай олмаймиз. Ваҳоланки, улар тўртталамизни ҳам гулдек парваришлаганлар.

Онам инсультга чалинганида ўзгалар кўмагига муҳтож бўлиб қолди. Мен хорижга кетишга мажбур эдим. Хижолат тортсам-да, рози-ризолик тилагани ҳузурига кирдим. Онам ташвишланиб, ниманидир такрорларди. Синглимнинг ёрдамида онамнинг нима деганини тушунганимда, бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди. Онам фалаж, салкам тилдан қолган ҳолида ҳам мен ҳақимда қайғурар, «Ўғлимни оч жўнатманглар!» деб синглимга таъкидлар эди.

Шундай фикр онадан бошқа одамда бўлиши мумкинми? Онадан бошқа ҳеч кимда бўлмайдиган бу туйғу МЕҲРдир. Шу боис оналарнинг ҳақларини ҳеч қачон адо эта олмаймиз.

* * *

Онасизлик инсон қалбида тўлдириб бўлмас бўшлиқни юзага келтиради. Бу ҳақиқат Песталоззи томонидан шундай ифода этилади: «Она – оиланинг қуёши. Қайси оилада она бўлмаса, у ерда улғайган фарзандлар сояда қолган мевалардай бўладилар».

Ота-онанинг вазияти, мавқеи, фарзандга муносабати қандай бўлишидан қатъи назар эътиқодимизга кўра, фарзандларнинг уларга исён ва азият қилишга асло ҳақлари йўқ.

* * *

Ота-она боласидан имконидан ортиқ фидойилик тиламайди. Ҳатто, қила оладиганингизни ҳам камайтиришни истайди. «Қийналиб қолма», «Ўзингни уринтирма», «Ортиқча харажат қилма» каби жумлаларни тез-тез такрорлайди.

Сиз уларнинг истаганларидан ташвишланиб, сўлғин юзларига боқар экансиз, улар сўрайдилар: «Аҳволинг қандай?»

– Яхшиман, – дейсиз. – Худога шукр.

– Йўқ, чарчаганга ўхшайсан, нима гап?

Кекса ва хаста бу инсон ўрнидан тура олмайдиган даражада ҳорғин бўлса-да, ҳамон она, ҳамон отадир.

Уларга кераги – эшитадиган иккита қулоқ. Қалб қулоғи билан, меҳр-шафқат билан тинглайдиган дўст топдиларми, ҳеч қандай дорига эҳтиёж сезмайдилар.

* * *

Баъзилар ота-она вафотидан сўнг қаттиқ қайғурадилар, пушаймон бўладилар.

Бир дўстим отаси билан ҳеч чиқиша олмасди. Отаси уни ёқтирмаслигини, ўзига ҳам отасининг табиати ёқмаслигини айтарди. Отаси вафот этгач, жаноза ўқиётганларида уни «ёқтирмайдиган» ўғли қулоғимга пичирлади: «Кўп йиғлаш таҳоратимни бузадими?» Унга қарадим: отаси учун тўкилаётган кўз ёшлар юзларини ювар эди. Агар бу кўз ёшларни отаси кўрганида қанчалар қувонган, нуридийдасини бағрига босган бўларди…

Эй ёронлар, умримдан
Кечди дея йиғларман.
Кетди ақлим ўрниндан,
Шошди дея йиғларман.
Махтумқули дер марда:
Дунё – кишан, тан – парда,
Бир бошим сонсиз дарда
Тушди дея йиғларман.

* * *

Шу ўринда бир воқеа эсимга тушди. Адабиётшунос олимлардан бирини кўргани бордик. Жуда хурсанд эди. Самимий суҳбат қурдик. Бир пайт мезбоннинг қўл телефони жиринглаб қолди. Сўзлашув асносида устознинг чеҳраси ўзгарди. Овози титраб, сўзлашувчи билан хайрлашди. Биз ҳам ташвишга тушдик. Устоз дардли оҳангда: «Онажоним дунёдан ўтибдилар… Ҳар доим олисда бўлдим, фарзандлик бурчимни адо этолмадим. Кўришишни, бирга бўлишишни, меҳр кўрсатишни доим кейинга сурдим. Аммо кейинги кунлар ҳам тўла келди», деди.

Кейин биздан: «Ота-онаси ҳаёт бўлганлар борми?» деб сўради. Биз… «Ҳа», деб жавоб бергач, шундай маслаҳат берди: «Болаларим, уларнинг қадрларини билинг. Қўлингиздан келган хизматни қилинг. Ҳурматларини жойига қўйинг. Чунки эрталарнинг нима олиб келиши маълум эмас. Энди менинг «Кошки онажоним тирик бўлсайдилар!» дейишимдан нима наф?!»

Ўйинчоқ она