banner banner banner
Ибтидо
Ибтидо
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ибтидо


Епископ йигитни хона марказидаги катта стол томон бошлади. Ёғочдан ишланган стол атрофида икки ёши улуғ киши уларни кутиб ўтирарди. Чап тарафдаги одамнинг қалин, оппоқ соқоли кўксига тушган, кўзлари чарчоқдан толиққан эди. У уринган қора костюм, оқ кўйлак ҳамда махсус шляпа – федора кийиб олганди.

– Бу жаноб раввин Иеҳуда Кёвеш, – таништирди епископ, – Каббала космологиясини кўп ва хўп ёритиб берган таниқли яҳудий файласуфлардан бири.

Кирш столга яқинлашди, қўлини чўзиб раввин Кёвеш билан илтифотли кўришди ва деди:

– Сиз билан шахсан танишиш бахтига сазовор бўлганимдан мамнунман, жаноб. Каббалага оид китобларингизни мутолаа қилганман. Тўлиқ тушунмаган бўлсам‐да, уларни мутолаа қилганим аниқ эсимда.

Кёвеш намланган кўзларини дастрўмоли билан артаркан, мамнуният‐ла бош ирғади.

– Қаршингиздаги муҳтарам зот, – давом этди епископ иккинчи одамга ишора қилиб, – ҳурматли аллома Саид ал-Фадл бўлади.

Машҳур исломшунос олим ўрнидан туриб, ёйилиб жилмайди. Миқтидан келган бу одамнинг табассум аримайдиган юзи қувноқ киришимлиликдан далолат берса‐да, тим қора кўзлари жуда ўткир боқарди. Унинг эгнида кўзга ташланмайдиган одмигина оқ либос – савб бор эди.

– Мен ҳам, жаноб Кирш, – гап бошлади Саид, – инсоният келажаги ҳақидаги башоратларингизни ўқиганман. Фикрларингизга қўшиламан, деб айтолмасам‐да, башоратингиз билан танишганим аниқ эсимда.

Кирш мулойим жилмайганча Саиднинг қўлини сиқди.

– Бу киши меҳмонимиз, обрўли ва машҳур компьютер олими, ўйин назариётчиси, кашфиётчи ва техника оламининг салкам пайғамбари ҳисобланмиш Эдмонд Кирш бўлади. Унинг келиб чиқишини назарда тутсак, бизга қилган мурожаатидан таажжубландим. Келинглар, ушбу кутилмаган ташрифга жаноб Киршнинг ўзи изоҳ берсин, – Вальдеспино фикрини якунлаб, Кёвеш ҳамда ал-Фадлнинг ўртасидан жой эгаллади ва қўлларини қовуштирганча Киршнинг оғзига тикилди.

Хонада вужудга келган муҳит олимларнинг дўстона учрашувидан кўра инквизиция залини эслатарди. Ҳар учала эркак Киршнинг рўпарасида ўтириб, жиноятчининг сўнгги иқрорини кутаётгандек ўткир нигоҳларини унга қадаганди. Бечора йигитни ҳеч ким, ҳатто Вальдеспино ҳам стулга ўтиришга бир оғиз таклиф этмади.

Кирш қаршисидаги қарияларга разм соларкан, юрагини қўрқув эмас, ажабланиш ҳисси қамраб олди. “Демак, бу – ўша оламшумул Муқаддас Учлик. Доно зотлар учлиги.”

Диққатини жамлаш мақсадида Кирш бир лаҳза тин олди ва секин одимлаб дераза ёнига борди, пастдаги мафтункор манзарага кўз ташлади. Қуёш нурлари остида ястаниб ётган яйловлар водий бўйлаб чўзилиб, Кольсерола тоғ тизмасининг этакларигача етиб борган ва юксак чўққиларга йўл очган эди. Уфқнинг олис бурчагида, Балеар денгизи томонларда паға‐паға қора булутлар ғазабга тўлгандек шиддат билан тўпланаётганди.

“Ўхшашликни қаранг”, хаёл қилди Кирш. У ташқарида кўтарилажак бўронга ҳамоҳанг равишда, тез орада дастлаб бу хонада, сўнгра бутун дунёда тўс‐тўполон кўтарилишини ич‐ичидан ҳис қилиб турарди.

– Жаноблар, – хитоб қилди Кирш дабдурустдан ортига ўгирилиб, – ишончим комил, руҳоний Вальдеспино махфийлик ҳақидаги илтимосимни аллақачон сизларга етказган. Суҳбатимизни давом эттиришдан аввал аниқлаштириб олишни истардимки, ҳозир сиз билан бўлишмоқчи бўлган гапларимнинг бари мутлақо сир тутилмоғи даркор. Оддийроқ қилиб тушунтирганда, орамизда бўлғуси гаплар ҳақида чурқ этмасликка қасам ичишингизни сўрайман. Келишдикми?

Учала эркак сўзсиз бош ирғади. Кирш қасам ортиқча эканини ҳис қилди. “Буюк зотлар бу хабарни, шаксиз, ўзлари билан гўрига олиб кетишни афзал билишади, овоза қилиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.”

– Ушбу учрашувдан мақсад, – сўз бошлади Кирш, – яқинда қилган илмий кашфиётим ҳақида хабар бериш эди. Янгилигим сизларни бефарқ қолдирмаслигига ишонаман. Инсоният ҳаётининг асоси бўлган икки саволга жавоб олиш учун камина узоқ йиллар мобайнида изланиш олиб бордим ва ниҳоят, муваффақиятга эришдим. Мен атайдан ёнингизга ташриф буюрдим, чунки бу хабарим дунё художўйларига кучли таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Таъбир жоиз бўлса, кашфиётим диндорлар учун улкан бурилиш ясаб, уларнинг эътиқодига путур етказиши эҳтимоли юқори. Айни дамда сизларга айтмоқчи бўлган маълумотимдан хабардор ер юзидаги ягона тирик жон ўзимман.

У гапини тугатиб, костюмининг чўнтагига қўл суқди ва смартфон чиқарди. Бошқа қўл телефонларига қараганда анча йирик бўлган бу смартфонни Киршнинг шахсан ўзи ясаган бўлиб, махсус эҳтиёжлар учун хизмат қиларди. Ёрқин рангли мозаика кўринишида бўлган телефонни у бир ҳаракат билан кичик телевизор шаклига киритди ва ҳурматли зотларнинг рўпарасига жойлаштирди. Йигит телевизорда жонли тақдимотини кўрсатиш учун ўта даражада ҳимояланган серверга уланиб, қирқ етти белгидан иборат кодни теришга ҳозирланди ва гапида давом этди: – Ҳозир кўрсатмоқчи бўлган нарсам – тахминан бир ойдан кейин бутун жаҳонга ошкор этилажак янгилигимнинг бир қисми. Лекин бу хабарни улашишдан олдин дунёга таъсири кучли дин пешволари билан маслаҳатлашишга қарор қилдим. Чунки кашфиётимдан энг кўп таъсирланадиган кишилар қандай муносабат билдириши билан қизиқдим.

Руҳоний уф тортиб юборди. Унинг сасида хавотир эмас, балки зерикиш зоҳир эди.

– Интригага гап йўқ, жаноб Кирш. Кўрсатажак маълумотингиз дунё динлари асосини титратиб юборадигандек гапиряпсиз гўё.

Кирш нигоҳини атрофдаги муқаддас қўлёзмаларга қаратди ва ўйлади: “Кашфиётим динларингиз асосини титратмайди, балки бутунлай чилпарчин қилади.”

Йигит қарияларга маъноли тикилди. Муҳтарам зотлар, аслида Кирш оламшумул кашфиётини атиги уч кундан кейин, барчани лол қолдирадиган даражада пухталик билан ташкилланган томошада оммага ошкор қилмоқчилигини қаердан ҳам билишарди?! Шу иш амалга ошгандан сўнг одамлар ер юзидаги динлар, қанчалик хилма‐хил бўлмасин, ягона умумий хусусиятга эга эканини англаб етади. Яъни динларнинг барчаси тамоман янглиш экани инсониятга ошкор бўлади.

Биринчи боб

Профессор Роберт Лэнгдон майдондаги бўйи нақ 12 метр келадиган баҳайбат ит ҳайкалига қизиқсиниб тикилди. Жониворнинг юнглари ўрнида хушбўй гуллар ёйилган майсазор қопланган эди.

“Мен сени ёқтиришга ҳаракат қиляпман, ростдан ҳам ҳаракат қиляпман”, ўйлади Лэнгдон.

Лэнгдон ажабтовур монументга яна бироз қараб тургач, четдаги йўлка томон олға юрди. Йўлка пастга буралиб тушган ғайриоддий пиллапояга уланиб кетганди. Зинанинг ғалати жиҳати шунда эдики, ундаги поғоналар ўлчами турлича бўлиб, йўловчиларни бир маромда қадам босишига йўл қўймасди. Лэнгдон ҳар қанча эҳтиёт бўлмасин, салкам икки марта қинғир‐қийшиқ поғоналарга мослашолмай, йиқилаёзди. Амаллаб пастга тушиб олгач, “Ниҳоят, вазифа уддаланди”, дея кўнглидан ўтказди. Нафас ростлаш учун бир муддат тўхтаб, олдинга назар ташлади ва рўпарасида намоён бўлган улкан мавжудотни кўриб, оғзи очилиб қолди.

“Ҳаммаси тушунарли.”

Лэнгдон қаршисида баҳайбат ўргимчак – “Қора бева” қад ростлаганди. Унинг тахминан ўн метр узунликдаги ингичка темир оёқлари семиз танасини тутиб турар, қорнидан пастроққа шиша шарлар билан лиқ тўла тухум учун мўлжалланган тўрли қоп илинганди.

– Биз уни Маман деб чақирамиз, – деган товуш эшитилди.

Лэнгдон нигоҳини овоз келган ёққа йўналтирди. Ўргимчак тагида ҳиндларнинг қора рангли миллий чопони – шервани кийган Салвадор Далиникидек кулгили бурама мўйлов қўйган қилтириқ одам турарди.

– Менинг исмим Фернандо. Музейимизга хуш келибсиз, – қилтириқ одам гапида давом этди ва олдидаги стол устида териб қўйилган бейжикларга кўз югуртириб, сўради: – Исмингизни билсам бўладими?

– Албатта, Роберт Лэнгдон.

Фернандо ажабсиниб кўзларини пирпиратди ва хижолат бўлиб узр сўради: – Вой, кечирасиз, жаноб. Сизни танимабман!

“Ўзим ҳам ўзимни базўр танияпман”, деб ўйлади Лэнгдон. Эгнидаги олифта қора фрак, оқ нимча ва капалакнусха оқ галстукда ўзини ноқулай ҳис қилаётганди. “Худди 'Whiffenpoof' қўшиқчисига ўхшайман.” У кийиб олган фрак салкам ўттиз йил олдин Принстондаги “Печакгул клуби”га борган вақтлардан эсдалик эди. Кундалик сузиш машғулотлари туфайли қоматини яхши сақлаган Лэнгдонга ўттиз йиллик камзул ҳануз лойиқ келарди.

Бу ерга йўлга чиқаётганида шошилганидан доимий киядиган камзули бир четда қолиб, эскирган кийимлари солинган чамадонни кўтариб келибди. Мана, 30 йиллик қадрдон фракини кийиб турибди.

– Таклифномада оқ ва қора кийимда бўлиш керак дейилган экан. Умид қиламанки, эгнимдагилар талабингизга мос келади, – жилмайди Лэнгдон Фернандога яқинлашиб.

– Классик услуб сизга ярашибди, – дея хушомад қилди Фернандо ва эҳтиёткорлик билан бейжикни Лэнгдоннинг ёқасига илиб, қўшиб қўйди: – Сиз билан учрашиш мен учун катта шараф. Олдин ҳам келганмисиз музейимизга?

Лэнгдон улкан ўргимчак ортидаги ярқироқ бинога яна бир кўз ташлади:

– Очиғини айтсам, бу ерда илк марта бўлишим.

– Бўлиши мумкин эмас! – хитоб қилди Фернандо ишонқирамай, – Замонавий санъатнинг мухлиси эмасмисиз?

Умуман олганда, Лэнгдон замонавий санъат юзасидан муҳокамалардан ҳамиша завқ олган. У, айниқса, айрим тасвирий ишлар, масалан, Жексон Поллокнинг бўёқ томчилатиб ишланган расмлари, Энди Уорхолнинг “Консерваланган Кэмпбелл шўрваси” тасвири, Марк Ротконинг оддий рангларнинг тўртбурчак ёйилмасидан иборат расмлари нодир санъат намунаси сифатида кўрилиши сабабини тадқиқ қилишни ёқтирарди. Шундай бўлса‐да, Иероним Бошнинг асарларидаги диний расмлар ёки Де Гойянинг ўзгача рассомлик услуби тўғрисида баҳслашганда ўзини сувда сузган балиқдек ҳис қиларди.

– Мен кўпроқ мумтоз санъат шайдосиман, – жавоб қайтарди Лэнгдон. – Де Кунингдан кўра да Винчи ҳақида кўпроқ биламан.

– Лекин да Винчи билан де Кунинг бир-бирига жуда ўхшаш!

Лэнгдон босиқ жилмайди:

– Ундай бўлса, Кунинг тўғрисида кўпроқ ўрганишим керак, шекилли.

– Роса боп жойга келдингиз! – мезбон қўли билан баҳайбат бинога имо қилди. – Бу музейда замонавий санъатнинг дунёдаги энг яхши намуналари жамланган. Вақтингизни мазмунли ўтказинг.

– Ниятим ҳам шу, – деди Лэнгдон. – Фақат нима сабабдан бу ерга чақирилганимни билсам эди.

– Буни билишни нафақат сиз, балки ҳамма истайди, – кулиб юборди Фернандо бошини чайқаб. – Кеча мезбони асл мақсадини сир тутди. Ҳатто музей ходимлари ҳам нима бўлаётганидан бехабар. Турли миш-мишлар тарқалди. Ичкарида бир неча юз меҳмон йиғилган – кўпчилиги машҳур шахслар – лекин бугунги ўтиришнинг сабаби ҳақида ҳеч кимда аниқ бир фикр йўқ!

Лэнгдоннинг пешонаси тиришди. Фақат саноқли мезбонлар: “Шанба куни кечқурун. Ўша ерда бўлинг. Менга ишонинг”, деган жумлалар битилган шошилинч таклифнома юборишга қодир эди. Ундан ҳам камроқлари юзлаб VIP шахсларни барча ишларини ташлаб, тадбирда қатнашиш учун шимолий Испанияга учишга мажбур қила оларди.

Лэнгдон темир ўргимчак тагидан ўтиб, катта ҳарфлар туширилган қип‐қизил афиша осилган йўлкага қараб юрди.