banner banner banner
Илоҳийнома
Илоҳийнома
Оценить:
 Рейтинг: 0

Илоҳийнома

Ва андин равшан ўлмиш икки олам.

Ародин сурмиш ул зулму ситамни,
Адолат бирла фатҳ этмиш Ажамни.

Араб андин қавий бўлмиш ва илғор,
Ажам андин басе порсою диндор.

Темир бўлмиш унинг азми била мум,
Эшик очмиш унинг амри била Рум.

Икки кўйлак киярди бошда, лекин
Мусулмон бўлдию кечди биридин.

320     Киярди битта кўйлак, битта тан деб,
Бирисин асрор эрди, бу кафан деб.

Ямоқ солгай эди кўйлакка ҳар он,
Шу важдин кўйлаги ўн етти ботмон.

Чу ўн етти ямоқ кўйлакка тушди,
Ул ўн сакиз минг оламга етишди.

Солиб кўз ҳар сафар чун аҳли олам,
Нега кийгай ямоқ, деб чекдилар ғам.

У кўйлак бирла сомон эрди унда[21 - Сомон – бу ерда давлат, бойлик маъносида.],
Ҳаловат эрди, иймон эрди унда.

325     Салобатлик эди, қабрига бир дам
Яқинлаб келмади Мункар, Накир ҳам.

Ҳисобчи эрса гар Форуқи олий,
Не ҳожат унда Мункарнинг саволи?

Этаркан муҳтасиб чун амри маъруф,
Наҳи мункар қилур ул, ҳамда мавсуф[22 - Мавсуф – мақташ, мадҳ этиш.].

Кўзим, деди паямбар, не шараф бул,
Чароғи хулд, деди, ҳам пешво ул.

Чароғи этди Ғарбу Шарқни равшан,
Фақат мой олмамишди Ғарбу Шарқдан.

330     Чароғи кўз эди, юз бурмагинг не?
Чароғсиз, кўрмайин, йўл юрмагинг не?

Чароғинг бўлмаса, фарқ этмагайсен,
Кўзинг олдида ул гулханми, гулшан?

Сенга кўз чин мулозимдир ҳамиша,
Чароғ ҳам сенга лозимдир ҳамиша.

Улар йўқ эрса, аҳволинг табоҳдир,
Билолмай қайда йўлдир, қайда чоҳдир.

Уларсиз сен адашмоғинг тайиндир,
Баногоҳ чоҳга тушмоғинг тайиндир.

335     У олди Мустафодин бўйла кўзни,
Ва Тангри номи бирлан айтди сўзни.

Агар кўр бўлмасанг, очгил қароғинг,
Агар кар бўлмасанг, тутгил қулоғинг.

Кишиким бўйла нурдин гар йироқдир,
Агарчи жаннатийдир, бечироқдир.

Чароғи чарх эрур меҳри мунаввар,
Чароғи жаннат ул Форуқи Акбар.

Чалинса эрта сури жовидоний,
Йиқилгай ул чароғи осмоний.

340     Ва лекин бул чароғи жаннатафрўз,
Йиқилмас, нур таратгай кеча-кундуз…

АМИРУЛ МЎМИНИН УСМОН РОЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУ ВАСФИДА

Ҳаёни зийнати иймон этибдир,
Амирул мўминин Усмон этибдур.

Фалак ул илмидин буғу бухордир,
Замин ул ҳилмидин гарду ғубордир.

Жаҳони маърифат, жони мусаввар,
Насиби икки ул нури Паямбар.

У икки нур, яна ул нури Қуръон,
Улардин мунчаким файзи фаровон.

345     Ки Усмон уйида уч карра нурдир,
Буни ким кўрмас эрса, кўзи кўрдир.

Кишида хуршиди айн шуъласидир,
Аниқ бил, Зиннурайн шуъласидир.

Паямбарга икки карра куёв ул,
Назар сол, не шараф, не эҳтиром бул.