banner banner banner
Илоҳийнома
Илоҳийнома
Оценить:
 Рейтинг: 0

Илоҳийнома


Қарашди парваришлаб кеча-кундуз,
Ки ўз ҳолига қайтди ул дилафруз.

Яна товланди ул, гулдек очилди,
Гулидин атру амбарлар сочилди.

Тозарди юзлари, гулнори яшнаб,
Кўринди сочлари, зуннори яшнаб.

У сангсордин чиқиб, чун ёнди ял-ял,
Ки тошлар бағридин чиққан каби лаъл…

515     Аъробий кўрди не ҳусну жамол ул,
Чу ошиқ бўлди, бас, ошуфтаҳол ул.

Чунон ўртанди, ёнди, йўқ қиёси,
Кафан бўлди унинг кийган либоси.

Аёлга деди: бўл жуфти ҳалолим,
Ўлибмен, жон бағишла, бер висолим.

Аёл деди: менинг шаръий эрим бор,
Нечук этгаймен ўзга бирла дийдор?

Аъробий ўртанаркан жисму жони,
Аёлни чорлади кел деб ниҳоний.

520     Аёл дедики, эй сен диндан озган,
Худойимдин наҳотки қўрқмагайсен?

Қарашдинг менга чун, Ҳақ ёринг эрди,
Нечун шайтонга эш бўлгайсен энди?

Ўшал хайринг зиён этмоққа шошма,
У иймон каъбасин йиқмоққа шошма.

Бу йўлга юрмадим, кўл бўлди ёшим,
Не тошлар зарбига дуч келди бошим.

Бу таклифни этарсен сен-да бул дам,
Вале покдир менинг диним, хазинам.

525     Магар юз пора қил, майли, омон йўқ,
Менинг покиза жисмимга зиён йўқ.

Кел энди, бир нафас шаҳват тўкай деб,
Ўзингга гўр азобин кўрмагил эп…

Аёлким эрди чун покиза гавҳар,
Аъробий эгди бош, бас, деди хоҳар[33 - Хоҳар – сингил.].

Пушаймон бўлди бас андишасидин,
У шайтон макри бўлган пешасидин.

Аъробийда бор эди бир қаро қул,
Баногоҳ кирди уйга бош суқиб ул.

530     Кўриб ой юзлини ул чекди бир оҳ,
Уни мавҳ этди ишқ, ошуби савдо.

Аёлнинг васлин айлар эрди орзу,
Ва лекин номуяссар эрди орзу.

Аёлга деди: сен ой, мен қаро тун,
Не бўлгай бирга бўлсак, кун аро тун?

Аёл деди: дам урма, бўлмагай бу,
Хўжанг ҳам айламишди бўйла орзу.

У истаб, етмади, кўнгли кетиб суст,
Сенга бўлгаймиди васлим, қаро юз?

535     Деди қул: термилиб, ҳеч тўймагаймен,
Мени қувдинг, вале мен қўймагаймен.

Нетармен, ҳийлайи шайтон этармен,
Бу юртдин ҳайдатиб, сарсон этармен.

Аёл деди: не қилсанг, қил, не боким,
Агар қисматдин эрса ул ҳалоким…

Қаро қул ранжиди, чун заҳри келди,
Меҳрли эрди, энди қаҳри келди.

Ғазабнок чиқди бир кеча эшикка,
Арабнинг ўғли бор эрди бешикда.

540     Бориб, қонга ботирди қўзичоқни,
Кейин элтиб ўшал қонли пичоқни

Аёлнинг болиши остига қўйди,
Пичоқни ул аёл қасдига қўйди.

Саҳар кўз очди она уйқудин шод,
Гўдакни ул эмизмоқ истади бот.

Ва лекин кўз солиб жонсиз гўдакка,
Фиғони чиқди, юксалди фалакка.