banner banner banner
Илоҳийнома
Илоҳийнома
Оценить:
 Рейтинг: 0

Илоҳийнома

Ки андоқ чекди фарёд жон узиб ул,
Сочини бойлади белга, кесиб ул.

545     Кейин ахтардилар: ул ботили ким?
Шу бечора гўдакнинг қотили ким?

Ва излаб топдилар қонли яроқни,
Аёл болиши остидин пичоқни.

Дедилар барча: қилмишга далил бу,
Гўдакни қонга қорган нобакор шу!..

Гўдакнинг онаси бирлан қаро юз
Аёлни урдилар, айтмоққа йўқ сўз.

Аъробий сўрди: айтгил, эй аёл сен,
Сенга қандай ёмонлик айладим мен?

550     Бу менга ҳурматинг ё ҳимматингми?
Гуноҳсиз қон тўкишдин қўрқмадингми?

Аёл деди: эшитгил, эй биродар,
Ақлни не учун этди муяссар?

Ақлни ишга сол, қўй аҳраманлиғ,
Сенга ақлу хираддин баҳрамандлиғ.

Ақл кўзи-ла боққил, эй хирадманд,
Менга не яхшиликлар айладинг сен.

Мени синглим дединг, тутдинг наботлар,
Яна этдинг менга не илтифотлар.

555     Мукофотинг бўлурму бўйла беқайд?
Бу қотиллик менга не бергуси, айт?

Аъробий чин хирадманд эрди, оқил,
Аёлнинг сўзларин чин англади ул.

Муҳаққақ билдиким, ул бегуноҳдир,
Ва лекин бунда турмоғи табоҳдир.

Аёлга дедиким, не бўлса, бўлди,
Бу манзилда туролмассен, кет энди.

Ки ишни хотиним кўргуси сендан,
Сени кўрса, тушар ёдига фарзанд.

560     Ғами чун лаҳза-лаҳза тоза бўлгай,
Аламлар унда беандоза бўлгай.

Сени койир, ўзига эшламас ул,
Магар мен хушласам-да, хушламас ул…

Аъробий ундади кетмоққа они,
Анга уч юз дирам берди ниҳоний.

Деди: йўл харжи қил, ҳар не улушди,
Аёл олди дирамни, йўлга тушди.

Ғаму андуҳ чекиб, йўл босди, юрди,
Йироқдин бир хароб қишлоқни кўрди.

565     Кўринди йўл бўйида дор оғоч ҳам,
Халойиқ эрдилар атрофида жам.

Ва дор қурбонига тикмишдилар кўз,
Турарди бир йигит дилхун, жигарсўз.

Фалакка ўрлар эрди чекан оҳи,
Аёл сўрди: ким ул, недир гуноҳи?

Дедилар: ушбу қишлоқ кўпу ози
Ситамгар бу амирнинг мулки хоси.

Амир бермиш уни осмоққа буйруқ,
Хирожга бергали маблағ, пули йўқ.

570     Аёл сўрди: хирожи кўпми, камдир?
Хирожи, дедилар, уч юз дирҳамдир.

Деди дилда аёл: гар меҳрибонсен,
Сотиб ол жонни, сен ҳам бўйла жонсен.

Халос этдинг ўзингни тошу дордин,
Халос этгил уни бул кирдикордин…

Ва сўрди: ҳаққига берсам агар пул,
Уни сотгайму? Дедилар: сотар ул.

Ҳамоно берди ул уч юз дирҳамни,
Йигитнинг бошидин даф этди ғамни.

575     Дирҳамни бердию, бас, тушди йўлга,
Йигит елдек елиб, эргашди унга.

Аёлни кўрдию ўртанди жони,
Фалакка юксалиб ишқи фиғони.

У фарёд айламакни кўрди чун эп,