banner banner banner
Илоҳийнома
Илоҳийнома
Оценить:
 Рейтинг: 0

Илоҳийнома

Этишди унда бир маъбадни барпо,
Кўриб, ул каъбами, дерсан, мабодо.

645     Аёл бўлди ибодат бирла машғул,
Мудом сабру қаноат бирла машғул.

Ажал етди чу шаҳга, найза урди,
У барча аҳли арконни чақирди.

Дедиким, кўз юмиб кетсам жаҳондин,
Жаҳон отлиғ бу турфа хонумондин,

Анув зоҳид йигит ўрнимда турсин,
Бўлиб шоҳ, амр ила фармонни берсин.

Ки то осуда бўлсин эл, раият,
Бажо айланг буни, этдим васият…

650     Шу гапни айтдию жон таслим этди,
Юриб йўқлик сари, мақсадга етди.

Аёлнинг олдига келди вазирлар,
Раият бирла аъёну амирлар.

Не эрди шоҳда ният, бўлди оғоз,
Не эрди ул васият, айтдилар боз.

Дедилар унга: бас, ҳукми равосен,
Юрит ҳукмингни, бизга подшосен.

Аёлга келмади хуш бўйлаким кор,
Қачон бўлгай, деди, зоҳид жаҳондор?

655     Дедилар унга: эй зоҳид нишона,
Ўтиргил тахтгаву қўйил баҳона.

Аёл деди: йўқ эрса ўзга чора,
Менга хотин керак чун моҳпора[35 - Моҳпора – ойпарча, гўзал.].

Ки бўлсин маҳрамим, жуфти ҳалолим,
Баҳам кўрсин ҳамма ранжу малолим.

Улуғлар дедилар: ҳар кимда қиз бор,
Бирисин сайлаб олгил, эй ҳукмдор.

Деди ул: юзта қиз омода бўлсин,
Аноси бирла сўнг қошимга келсин.

660     Бари келсин қошимга, кўз солай мен,
Улардан биттасин сайлаб олай мен.

Улуғлар этдилар ҳозир ўшал кун,
Келишди юзта қиз ораста, гулгун.

Барида талъат эрди, дилраболиғ,
Бари бошин эгиб, шарму ҳаёлиғ.

Кутарди интизор ул барчаким, шоҳ
Ўзига кимни айлар ёри дилхоҳ?

Аёл кўрсатди ўзни ва деди: бас,
Аёлга подшолик жоиз эрмас.

665     Боринг, бу гапни эркакларга айтинг,
Бу юкни ортмасинлар менга, айтинг.

Аёллар ҳайрат ичра қайтдилар то,
Улуғлар бўлдилар бу гапдин огоҳ.

Бу гапни ким эшитгай, кимки дерди,
Ҳамма ҳайрон қолиб, ҳайратда эрди.

Аёлга бир аёлни йўллашиб боз,
Дедилар: эй валиаҳди сарафроз,

Бировни танла, бизга подшо қил,
Йўқ эрса, бизга подшолик бажо қил.

670     Бировни этди шоҳ, чун эрди мақбул,
Ўзи бўлди ибодат бирла машғул.

Бировни шоҳ этиб илки-ла лекин
Ўзи бир чўзмади сарватга илкин…

Сен эрсанг, эй ўғил, нон деб баякбор
Жаҳонни осту уст этмоққа тайёр.

Аёл бир боқмади давлат учун-да,
Бу янглиғ борми бир эрлар ичинда?

Жаҳонга кетди овоза фалон деб,
Ки пайдо бўлди бир соҳибқирон деб.

675     Дуоси мустажобдир, бўйла кас йўқ,
Ки эрлар ичра унга ҳамнафас йўқ.

Касалларга саломатлик етишгай,
Фалажлар тикка тургай, йўлга тушгай.

Жаҳонда бўйлаким овоза бўлди,