banner banner banner
Илоҳийнома
Илоҳийнома
Оценить:
 Рейтинг: 0

Илоҳийнома

Таралди номи, беандоза бўлди.

Аёлнинг эри алҳол қайтди ҳаждин,
Вале ному нишон йўқ эрди андин.

Уйини кўрди ул бир йўла вайрон,
Иниси кўр эди, дилхаста, гирён.

680     Фалаж бўлмиш эди унда оёқ, қўл,
Тўшакка михланиб қолмиш эди ул.

Етиб унга аёлнинг изтироби,
Уни тутмиш эди дўзах азоби.

Ағоси ҳаққидин ўт ичра жони,
Ёнарди ҳар нафас эт, устухони.

Ағоси сўрди ундан ўз аёлин,
Иниси бўйла англатди заволин:

Зино қилди сипоҳий бирла чандон,
Гувоҳлик берди бунга неча инсон.

685     Уни сангсор этингиз, деди қози,
Эшитганлар ҳукмдин бўлди рози.

У сангсор ичра кетди хору нолон,
У ўлди, сен омонсен, айла шукрон…

Эшитди чун суханни марди маҳжур,
Бу ҳижрону аламдин бўлди ранжур.

Ва урди ўзни, йиғлаб ғамга ботди,
Тутиб бир гўшани, мотамга ботди.

Инисин кўрди чун пажмурдаву зор,
Тилидин ўзга ҳар аъзоси абгор.

690     Деди унга: аё бедасту бепой[36 - Бедасту бепой – қўлсиз-оёқсиз.],
Эшитдим, манзили эрмиш фалон жой.

Аёл чиқмиш, мисоли офтобмиш,
Дами ўткир, дуоси мустажобмиш.

Неча кўрлар етиб кўзу қароққа,
Фалажлар ул сабаб турмиш оёққа.

Гар истарсен, сени этгаймен унга,
Ки шояд офиятлар етса сенга…

Иниси бўлди шод, деди: шитоб эт,
Туганди сабру бардошим, мени элт.

695     Ағоси ортди эшакка ҳамона,
Икковлон бўлдилар йўлга равона.

Етишди бул ажабким ул икковлон
Аъробий эшигига вақти хуфтон.

Аъробий эрди одамдўст, жавонмард,
Уларни кутди, меҳмон этди ул мард.

Ва сўрди: йўл босиб, оворадирсиз,
Икковлон қайси манзилга борурсиз?

Деди ҳожи: фалон манзил, фалон кўй,
Ки бир зоҳид аёл бормиш, дуогўй.

700     Не кўру нобино, не мубталолар
Дуосидин топибдирлар даволар.

Фалаждир бул иним, чун хастаю зор,
Яна кўрликка ҳам бўлмиш гирифтор.

Аёлга элтамен, юргаймикин деб,
Очилгай кўзлари, кўргаймикин деб…

Аъробий дедиким, бир мунча аввал
Аёл келмишди бир доно, мукаммал.

Қулим урди уни, кўп ўтмайин дам,
Фалаж бўлди ўзи, бир зумда кўр ҳам.

705     Уни сиз бирла элтай, бу балодин
Қутулсин, офият топсин дуодин…

Уларким тушдилар чун йўлга охир,
Етиб қишлоққа, бир манзилга охир.

Тикилмиш эрди бунда бир замон дор,
Бир уйга кирдилар ул ҳамраҳи чор[37 - Ҳамраҳи чор – тўрт йўловчи.].

Бу ул номард йигитнинг жойи эрди,
Уларга бундан ўзга зое эрди.

Йигит эрди сўқир, кўзу қароқсиз,
Тўшакда, қўлсиз эрди ҳам оёқсиз.

710     Дедилар: бизда ҳам шу, айни ҳолдир.
Шу қайғу, шу фалокат, шу заволдир.