banner banner banner
Илоҳийнома
Илоҳийнома
Оценить:
 Рейтинг: 0

Илоҳийнома

Агарда бўлмаса шаҳват арода,
На мен бўлгаймену на сен қарода.

Дегайсен: юрмасин шаҳватга мардум,
Менга бу сирни англат, айла маълум…

ОТАСИНИНГ ЖАВОБ БЕРГАНИ

Атоси деди: бундоқ ўйлама сен,
Тушун, шаҳватни мен рад этмагаймен.

Вале оламда улдир сайлагонинг,
Мудом тинглаб, ҳамиша сўйлагонинг.

780     Шу олам ичра юзлаб сирру асрор,
Сен эрсанг битта шаҳватдин хабардор.

Сенга дерман этиб мен бўйла хилват:
Ҳазир бўл, тортмасин домига шаҳват.

Агар Ийсо била ҳамроз эрурсен,
Қачон эшшак ила анбоз эрурсен?[39 - Анбоз – шерик, ҳамдам.]

Сену эшшакдадир ул айни шаҳват,
Бориб, Ийсо билан этсанг-чи хилват…

Фақат бир лаҳзадир ул шаҳват охир,
Бўлакдир жовидоний хилват охир.

785     Келур сенга сафо ул хилватингдин,
Не келгай бир нафаслик шаҳватингдин?

Чу хилват бўлмагай шаҳватга матлуб,
Буни ким билмас эрса, ул эмас хуб.

Ва лекин эрса ул шаҳват бағоят,
Туғилгай ишқ андин бениҳоят.

Вале ул ишқу савдо эрса бисёр,
Муҳаббат ўртада бўлгай намудор.

Муҳаббат ошса ҳаддин, жон фидодир,
Етиб маҳбубга ул, буткул адодир.

790     Чу шаҳватни ўзингга этма матлуб,
Асл оламда маҳбуб иста, маҳбуб.

Бу йўлда гар сени ўлдирсалар зор,
Шараф бил, бўлма шаҳватга гирифтор…

БИР ХОТИН ШАҲЗОДАГА ОШИҚ БЎЛГАНИ

Бор эрди бир ажиб шаҳзода, барно,
Мунаввар ҳуснига ой эрди шайдо.

Уни ким кўрса, қувнаб бул шарафдин,
Кўзини узмас эрди ул тарафдин.

Бу янглиғ гавҳари офоқ эди, бас,
Ки офоқ оҳ чекиб, ушшоқ эди, бас.

795     Икки қоши камон эрди ажойиб,
Ки жон султони эшигида ҳожиб.

Кўзу мижгонини ким кўргай эрди,
Муқаррарки, анга жон бергай эрди.

Қоши ёйини кимса кўрса бир бор,
Бўларди жонини бермоққа тайёр.

Тиш эрмас оғзида дур эрди яккаш,
Икки лаъли ёнарди мисли оташ.

Хати ҳам қоши янглиғ кўркам эрди,
Боқиб ошиқ, адо мен сенга, дерди.

800     Занахдонига ҳайрон эрди барча,
Етолмай, кўнгли вайрон эрди барча…

Бор эрди бир аёл, чун бўлди ошиқ,
Ки ошиқ бўлмамишди андин ортиқ.

Ёниб ул ишқ аро саргашта бўлди,
Куйиб, жону тани оташда бўлди.

Сочиб кул, тутди кул устида маскан,
Кул эрди унга чун маъвойи гулшан.

Куну тун йиғлар эрди, оҳ чекарди,
Кўзидин қон тўкиб, эвоҳ чекарди.

805     Агар дашту далога чиқса ул моҳ,
Аёл ҳам йўлга тушгайди ҳамоно.

Оти олдида тўпдек чарх урарди,
Ўзи тўп эрса, сочи чавгон эрди.

Боқарди қайрилиб ул ой юзига,
Ва кўз ёшин тўкар эрди изига.