banner banner banner
Суперҳаёт! Ҳақиқий ҳаётга 30 кунда!
Суперҳаёт! Ҳақиқий ҳаётга 30 кунда!
Оценить:
 Рейтинг: 0

Суперҳаёт! Ҳақиқий ҳаётга 30 кунда!


“СУПЕРҲАЁТ” ВАЪДА ҚИЛАДИ

“Суперҳаёт” онг, тана ва руҳиятни қайта тарбиялашга оид тугалланган, бугунданоқ бошлаб юборса бўладиган дастурни ўзида жамлаган. Сизга бутун борлиғингизнинг чинакам ҳукмдори бўлиш учун ажойиб имконият яратиб берилмоқда. Ҳаётингизни ҳамиша орзу қилганингиз каби чаманзор қилиб юборишингиз мумкин. Сиздан фақат қарор қабул қилиш қоляпти, холос. Агар Сиз чиндан ҳам мана шундай сеҳрли мавжудликни ҳис этмоқчи, унда яшаб кўрмоқчи бўлсангиз, у ҳолда бундай ҳаётга олиб кирувчи “олтин калит” – мана бу ҳақиқатни англаб етишингиз керак: “Ҳар қайси омаднинг, муваффақиятнинг муаллифи бу, ҳамиша ва ҳар қачон, Сизнинг онгингиздир”. Тўғри фикрлашни ўрганиб, онгингиз устидан ҳукмронлик қилишни ўзлаштирасиз. Онг устидан ҳукмронлик эса Сизга ўз ҳаётингиз устидан ҳокимият тақдим этади. Ҳаётингиз тизгини ҳам сизда бўлгач, ўз-ўзидан, тақдир ҳам Сизга, фақат Сизга бўйсунади.

Ўтмишда орттирилган барча аччиқ тажриба – мағлубият ёки омадсизликлар – Сизнинг ичингиздаги ўша потенциалга ҳеч қандай боғлиқ эмас. Улар Сизга беролган нарса фақатгина – тажриба, бундан ташқари билим ва куч – бундай тажрибаларсиз орттириб бўлмас билим ва куч. Оғриқ мураббий демак. Бугун ва бугундан бошлаб ўз ҳаётингизнинг барча масъулиятини, барча юки устидан жавобгарликни тўла-тўкис ўз зиммангизга олинг. Сизга бошқа ҳеч нарса керак эмас. Агар иқтисодий тарафлама қийналаётган бўлсангиз, Сизга маблағ етишмаётган бўлса, ҳаётингизни тубдан ўзгартиришга қаратилган қарорлар қабул қилинг ва орзуларингиз рўёбини таъминловчи аниқ йўналтирилган тадбирларни амалга оширинг. Ёки агар мукаммал соғлиқ ва кўпроқ энергияга эҳтиёж сезсангиз, у ҳолда ич-ичингиздан отилиб чиқувчи ва Сизни янаям ҳаётийроқ, жўшқинроқ бўлишингизга хизмат қилувчи қарорлар қабул қилинг. Агар Сизга атрофингиздагилар билан гўзал, бенуқсон муносабатлар ўрнатиш зарур бўлса, унда ўзингизни шундай муносабатлар ўрнатишга қодир одамга айланишга мажбур қилинг.

Сизга бир нечта саволлар беришимга ижозат берсангиз. Уларга жавоб бериш ҳам, ижозатингиз билан, бироз вақтингизни олади (вақтини аямаганлар, мевасини кўради).

Савол:

1. Ҳаётда ҳаётингиз устидан ғолиб инсон бўлишни истайсизми?

2. Янаям кўпроқ ақлий, фикрий кучга эга бўлишни хоҳлайсизми?

3. Бенуқсон саломатлик истайсизми?

4. Кўпроқ ҳаётий энергия, яшашга иштиёқ эгаси бўлишни-чи?

5. Ҳаётингизга кўпроқ завқ, қувонч қўшишни истармидингиз?

6. Орзуларингизни рўёбга чиқаришни хоҳлармидингиз?

7. Ҳаётингизда кўпроқ хотиржамлик, ҳаловат бўлишини истайсизми?

8. Ҳаётингиз саргузаштларга бой бўлишини-чи, хоҳлармидингиз?

9. Кучли характер – феъл-атвор эгаси бўлишга-чи, нима дейсиз?

10. Узоқ умр кўришни истайсизми?

11. Мукаммалликни, бенуқсонликни излаяпсизми?

Агар берилган саволларнинг биттасига бўлсин “Ҳа!” деб жавоб берган бўлсангиз, у ҳолда Сизга таклиф этилаётган бу дастур фаровон ҳаётга эришишингизда Сизга бебаҳо кўмакчи бўлиши шубҳасиз. “Суперҳаёт” дастури ўзида жисмоний камолотга элтувчи замонамизнинг энг сўнгги, энг янги усуллари ва ақлий камолоту феъл-атвор шакллантирилувига йўналтирилган қадимги Шарқ соғлом турмуш тарзи стратегияларини ўзида мужассамлаштиради.

Ўзингизни шахсий камолот ва ҳаётий муваффақиятлар ишғолига бағишлар экансиз, ўзингиз ҳам бунинг қанчалар осон ва шу билан бирга завқ берар жараён эканлигига амин бўласиз. Майда муваффақиятлар катта ғалабаларга элтади. Ўзингизни олдингидан кўра яшашга иштиёқмандроқ ва ҳаётий қувватга бойроқ ҳис эта бошлашингиз билан эришаётган ютуқларингиз, муваффақиятларингизга ҳам барака кириб келганини сезасиз. Ахир, ўзини аъло сезмагунча, аъло ишларга қодир бўлиш мумкин эканми? Ана шунинг билан омадли ҳаётнинг иккинчи ўта муҳим принципи келиб чиқади: “Биз ўсиб бораётганлигимиз ва ҳаётга у ёки бу йўл билан ҳисса қўшаётганимизни ҳис қилиш билан бахтлимиз!” Яшашдан асосий мақсад бошқаларга керак бўлиш ва ҳар биримиз ич-ичимиздан биздан “фойдали” мерос қоладиган умрни яшаб ўтишни орзу қиламиз. Ўзингизни миянгиз, танангиз ва руҳиятингиз тубидан уларнинг ақл бовар қилмас имкониятларини “кавлаб топиш”га бағишлар экансиз, ўз-ўзидан ҳаётингизнинг ҳар бир жабҳасида унинг ҳар бир дақиқасини мўъжизага айлантириб юборишга қодир қудратни уйғотганингизни, уни “ўйин”га қўшганингизни сезмай ҳам қоласиз. Ўзингизни ўстираётганингиз, камолга етказаётганингизни сезганингиз сари эса Сиздаги ишонч ва иштиёқ ўз мевасини бера бошлайди. Ана ўшанда Сиздаги бор энергия ва муҳаббат ёрқин рангларда гул солиб юборади. Ҳаётий энергия соҳилларига сиғмаётган денгиздек қирғоқларга ўзини ура бошлаганда эса Сизда бирин-кетин ҳаётингизни фаровон этувчи бир-биридан ажойиб имкониятлар туғила бошлайди. Ҳиндистоннинг, менга қолса, энг буюк файласуфи бўлмиш Патанжали юқоридагиларни энг чиройли йўл билан нақл қилганди: “Сизни қандайдир буюк мақсад ёки ғайриоддий гўё илҳомлантиришни бошлаганида, онгингиз сарҳадларни ёриб ўтади, тафаккурингиз барча жабҳалар бўйлаб кенгаяди, Сиз бўлса мутлақо янги, ажойиб, беқиёс оламга тушиб қоласиз. Мудроқ кучлар, жиҳату қобилиятлар жонланиб кетади ва ўзингизни олдинлари фақат орзу қила олган ҳолатингиздан-да буюкроқ ҳис эта бошлайсиз”.

Ушбу китобнинг келгуси бўлимлари ва ҳаётни фаровонлаштиришга қаратилган 30 кунлик “Суперҳаёт” дастури ҳаётингизнинг муҳим ҳисобланувчи ҳар бир жабҳасида ўзининг бемисл натижаларини намоён қилади. Энди ўзингиз севган машғулотларга вақтингиз етмайдигандек туюлмай қўяди. Ўзлаштиражак қобилиятларингизни қўллаш орқали Сизни ўраб турган муҳитни шу қадар ўз измингизга солиб ўзгартира оласизки, пировардида ўзингиз ҳақиқатда муҳим деб ҳисоблаган нарсаларга етасиз, эришасиз. Энди ўзингизни куз шамоли дарахтдан юлиб олиб, вақт ва ҳаёт устидан ҳеч қандай назоратсиз аҳволида учириб бораётган япроқдек ҳис қилмайсиз. Сизга таклиф қилинажак самарали ва содда методларни амалга татбиқ этиб фаолиятингизда шу қадар самарадорликни таъминлайсизки, имкониятларингиз ҳатто Сизни ҳам лол қолдиради. Ахир Сизда ҳам худди уларда бўлганидек энг асосий “зиравор” бор. Агар Сиз орзу қилаётган муваффақиятларга бошқалар эришган, эришаётган бўлсалар, демак, улар шунчаки баъзи нарсаларни бир оз бошқачароқ бажармоқдалар. Балким, улар ўз мияларини жиндек кучлироқ, самаралироқ “юргизмоқдалар” ёки ўз вақтларини тўғрироқ, тартиблироқ тақсимламоқдалар. Шу холос! Ёки бўлмаса, улар мавжуд маълумотлардан, билимлардан унумлироқ фойдаланмоқдалар ёки ҳаётларини кучлироқ интизом устига қурганлар ва ўз қоидаларига қатъий амал қилишда собитқадамлар. Узоқ муддатли ва мустаҳкам омадга эришиш воситаларини ўз ҳаётингизга татбиқ этишни бошлаш билан Сиз ўз мақсадларингизга элтувчи йўлни кўра бошлайсиз. Ўз-ўзини такомиллаштириш аҳамиятини ва ҳаёт Сизга ҳар сонияда тақдим этиб, тўхтамаётгани буюк имкониятларни ўзингиз учун қайта кашф этасиз. Ҳар бир куннинг мўъжиза эканини, ҳаётнинг эса ҳар йўлагидан юриб кўрмаслик гуноҳ бўлган бир ажиб йўл эканини тушуниб етасиз. Бу йўл эса ўз навбатида тиканзор ҳам, чаманзор ҳам бўлиши мумкин – ҳаммаси Сизга боғлиқ. Инглиз шоири Уильям Вордсворт айтганидек: “Бизни тўлдириб турган ҳаммаси ҳамдга лойиқ”.

ДАСТУР ЁРДАМИДА ЎСИШ ВА ЧИНАКАМ ҲАЁТНИ АЛАНГА ОЛДИРИШ

“Суперҳаёт” дастури Сиз учун одат тусига кирар экан, муваффақият ва қувончга элтувчи йўлда ҳеч қандай ғовларга дуч келмайсиз. “Сабр – эркакнинг муҳим жиҳати”, деб ёзган эди Квай Ку Су.

Дастур Сизга тақдим этажак фавқулодда муваффақиятларга эришиш учун қуйида келтирилажак бандларга қатъий риоя қилиш талаб қилинади.

Дастурни кунлик тартибда бажаринг. Шу 30 кун давомида Сизга таклиф қилинажак методларнинг муваффақиятлилик даражасини баҳолашни кейинроққа қолдиринг. “Суперҳаёт” дастури ўз-ўзини такомиллаштиришга оид Ғарб ва кўпчилик учун ҳалигача сирли бўлиб қолаётган Шарқ фалсафасидан сараланган энг самарали ғояларни ўзида уйғунлаштиради. Бунда Сиз танишадиганингиз кўпгина ақлий ва жисмоний тараққиёт воситалари Шарқ донишмандлари томонидан 5 000 йилдан буён ишлатилиб келинмоқда. Қаришни секинлатувчи, танамиздаги янги қувват манбаларини очувчи ва фикрлаш тиниқлигига эриштирувчи баъзи машғулотлар эса улуғ Ҳимолай тоғларида яшовчи йогаларнинг одатларини чуқур ўрганиш натижаси ўлароқ ишлаб чиқилган. Бу методлар Сиз учун бир қарашда ғайриоддийдек туюлиши мумкин, аммо уларни ўзингизда синаб кўришлик билан бемисл фойдаларини бутун танангиз билан ҳис этасиз. Шахсий самарадорликни оширишга қаратилган бошқа машқлар эса чунончи иш кунини режалаштириш ва бошқалар билан муносабатлар қуриш сингари, ғарблик ўқувчиларга таниш туюлса, ажаб эмас. Биринчи кунданоқ ижобий натижаларни пайқамасангиз, руҳингизни туширманг. Тадқиқотларга таянилса, амалиётларга куч сарфлаш бошлангач, ҳаётингиздаги ўзгаришлар сезиларли тус олгунигача 21 кундан кам бўлмаган муддат талаб қилинади. Таклиф қилинган дастурни кунлик тартибда бажариб борар экансиз, ўзингизни яхшироқ сезишни, яхшироқ ишлашни ва яхшироқ ютуқларга эришишни бошлайсиз. Ҳаётингизга унча катта бўлмаган, аммо кунлик ўзгаришларни бир маромда ва узлуксиз аснода олиб кириш билан ўзингиздаги шавқ, иштиёқни оширасиз ва бунинг ижобий натижаларини яққол кўрасиз. Майда муваффақиятлар катта ғалабаларга элтади.

Китоб сўнгида келтирилажак 30 кунлик дастурда белгиланган тартиб ва қоидаларга амал қилинмаган бир кунни, биттагина кунни ўтказиб юборинг-а, тамом… Сизда юксалиш кузатилмайди. Ҳаётингиздан биргина куннинг шахсий натижалар, ютуқларсиз сирпаниб чиқиб кетишига йўл қўйиб берсангиз (майли-да, унда эришилиши мумкин бўлган ютуқлар қанчалик камтарона бўлмасин) ҳаётингизни яхшилаш сари чиққан сафарингизда ачинарли миқдорда ортга тисарилишга маҳкумсиз. Шундай экан, бу инқилобий дастурдан бир кунни ҳам ўтказиб юбормасликка тиришинг – унинг принципларини кунлик тартибда ўзлаштириб, татбиқ қилиб бориш, шубҳасиз, буюк муваффақиятларнинг калити ҳамда мия, тана ва руҳият чиниқувида муҳим воситадир. Бу қатъий интизомдан мақсад барча “самарадорлиги паст” бўлган ёки бошқача айтганда, баракасиз ўтказилган кунларни бир-бир “босиб ўтиш”, камайтириш ва йўқ қилишдир. Тез орада улар анча камайиб қоладилар, қолганлари орасидаги баракали кунлар эса кўпайиб кетишади. Бу натижалар қатъият маҳсулига хос.

Ҳаётни фаровонлаштиришга қаратилган дастур ижроси йўлида қаттиқ тер тўкинг. Бу Сиз ўз ҳаётингизни тубдан қайта қуришингиз ва ҳаёт майдонингизда асосий ўйинчига айланиб олишингиз учун энг зўр имконият. Китоб сўнгида таклиф қилинажак “Муваффақият журнали”дан ўзингизнинг кундалик юксалиш даражангизни ўлчаб бориш, унда ўз ўй-фикрларингиз, истакларингиз ва кундалик муваффақиятларингизни ёзиб қолдиришда фойдаланинг. Бутун кун давомида ўргатилган қоидаларни ёдлаб, такрорлаб боринг ва таклиф этилган стратегияларни амалда қўлланг. Метрода, машинада ва ҳатто душ остида ҳам ҳаётингизнинг ҳамма жабҳасини тубдан яхшилашга қаратилган ўй-фикрларингиз, қарорларингизни хаёлан тинмасдан такрорлайверинг.

“Суперҳаёт”ни бошлаш борасидаги қарорингизни оммалаштиринг. Оила аъзоларингиз ва дўстларингизга шу дастурни қўллаб кўрмоқчи эканингизни ва улар тез орада Сизда содир бўлажак улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўлажакларини маълум қилинг. Уларни ўз олдингизга қўйган мақсадларингиз билан таништиринг. Режаларингиз ҳақида оммавий эълонлар беринг. Бу Сиз учун ўз режаларингиз, мақсадларингиздан тониб кетмаслигингиз, улар ҳақида унутиб қўймаслигингиз учун жуда яхши туртки бўлиб хизмат қилади. Ахир, ўз сўзида туролмайдиган, қўйган мақсадини амалга оширишга матонати етмайдиган одам сифатида ном қолдиришни ким ҳам хоҳлайди, дейсиз?

“Суперҳаёт” дастури принципларини амалда муваффақиятли қўллашнинг асосий калити бу ўз бошидан баланд сакрашга интилишдир. Ўзингизни ҳам, эришган натижаларингизни ҳам ўзгаларники билан солиштирманг. Сиз – алоҳида оламсиз, ўзининг, фақат ўзигагина хос бўлган салоҳият ва камчиликларига эга бўлган олам. Қадимий Шарқ ҳикматида айтилганидек: “Бировдан аълороқ бўлишимизда ҳеч бир самар йўқ. Ҳақиқий фойда аввалроқдаги ўзимиздан аълороқ бўлишимиздадир”.

Ҳар кунлик ўрганажак ғояларингизни ҳаётга татбиқ қилиб бориш ва уни сезилар-сезилмас, аммо доимий ўзгаришлар билан тўлдириш орқали ўз энергиянгиз ва қарор қабул қилиш қобилиятингизни қишда қорни думалатиб ясаган қортўпингиз каби босқичма-босқич улғайтирасиз. Ўз ютуқларингизни “Муваффақият журнали”га қайд этиб бориш билан қизиқиш ва иштиёқларингиз сезиларли равишда ўсганлигига гувоҳ бўласиз. Дастурга қатъий амал қилиш борасидаги қарорингизни оммага ёйиш эса олдингизга қўйган мақсадларингиз рўёби тўкин, бенуқсон ҳаёт ва мутлақ фаровонликка эришиш йўлидаги ҳаракатларингизни сидқидилдан бажаришга ундаб туради.

ИККИНЧИ БЎЛИМ

ОНГИНГИЗНИНГ ЧЕКСИЗ ИМКОНИЯТЛАРИ

ЎЗ-ЎЗИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ҚАРОРИНГИЗ – “КАЙЗЕН”

“Кайзен” япон тилида абадий, тўхтамас такомиллашувни билдиради. Ўз-ўзини мукаммаллаштириш, ўстириш йўлидан ҳам мақбул ва муҳим йўл бормикин? Кўп йиллар аввал Конфуций айтган сўзларни эслаймиз: “Яхши одамлар тинимсиз ўзларини яхшилайдилар – ўстирадилар”. Доимий ва тўхтовсиз олдинга, шу билан бирга ҳамма тармоқлар бўйлаб ҳаракатда бўлиш асл имкониятларимизни намоён қилишда жуда муҳимдир. Ҳаётида унча-мунча ютуқларга эришган одамларнинг деярли ҳар бири “ташриф қоғози”, бошқача айтганда, уларнинг муштарак жиҳатлари сифатида тинимсиз ва ҳар кунлик тартибда ишлашларини санаш мумкин (ишлаш хоҳ шахсий сифатларни сайқаллашга қаратилган бўлсин, хоҳ профессионал жиҳатлар). Бенжамин Франклиндан то Маҳатма Гандигача, Мартин Лютер Кингдан то Иван Лендлгача, Нелсон Манделадан то Тереза онагача – барча буюк шахслар ўз олдиларига қўйган мақсадлари ва орзулари рўёби томон одимлаш учун ҳар куни тинимсиз ўз кучларини сарфлаганлар.

Сиз, шунингдек “Кайзен принципи”ни кундалик ҳаётингизда, онгингизнинг ўз имкониятларини тўлиқ намоён қила олишини таъминлашда фойдаланишингиз мумкин. Кимдир пайқаб қолибди: онг деганлари жуда ёмон ҳукмдор ва шу билан бирга жуда одобли хизматкор ҳам экан. Онгингизни такомиллаштириш ва уни энг олий фикрлар чўққисигача олиб чиқишга киришиш билан Сиз ўз қарамоғингизда шундай ажойиб хизматкорга эга бўласиз. Ва бу хизматкор, шубҳасиз, Сизга ўзингиз эришишга интилаётганингиз – ҳаловат, фаровонлик ва қувончга тўла олам эшикларини очажак.

Исталган буюк муваффақиятлардан бирининг тарихига назар солиб кўринг. Ҳеч шубҳа йўқки, унинг музаффари айнан “Кайзен” принципи бўйича ҳаракат қилганлигига гувоҳ бўласиз. Бу шахслар ўз ҳаётларнинг ҳар бир муҳим жабҳасини, майли, майда бўлсин, аммо ҳар кунлик – сурункали муваффақиятлар билан таъминлаб борганлар. Шунинг учун ҳам улар ўзларидан имконлари етган жами нарсанинг энг аълоларини сиқиб чиқара олганлар. Шахсий такомиллашув банкдаги ҳисоб рақами демак (келинг, уни шахсий муваффақият ҳисоб рақами деб атайқоламиз). Ўзингизни ҳар кунлик такомиллаштирув, вақтингизни машғулотлар, ўқиш, тафаккур ёки мустаҳкам алоқалар ўрнатишга сарфлаш билан ўз ҳисоб рақамингизга омонат қўйиб бораверасиз. Ҳар ойда, масалан, Сиз ўз оламингиз сифати даражаси ва бойлиги миқдорини ҳеч бўлмаганда 30 фоизга ўстирасиз. Бир йилдан сўнг эса Сизнинг оламингиз аввалгига қараганда 365 фоиз, ҳатто унда ҳам кўпроққа (омонат фоизи ҳисобига) бойийди, яхшиланади. Аммо агарда Сиз ҳаддан ортиқ миқдорда уйқуни “тортаверсангиз”, арзимаган нарсалар устида беҳаловат бўлиб бошингизни қотираверсангиз ёки ёнбошлаб олиб телевизор кўриш, овқат ейиш билан умр ўтказсангиз… Унда шахсий муваффақият ҳисоб рақамингиздаги бойликларингизни бефойда совураётган бўласиз.

Буюк бўлиш учун буюк ишлар қилиш лозим. Тўхташдан бош тортаётган одамни ҳеч бир куч тўхтата олмайди. Шундай бўлса-да кўпгина одамлар ҳалигача ушоқдеккина муваффақиятга олам-олам муаммо ва қийинчиликлар эвазига эришиб келмоқдалар, гўё уфқдан-уфққача осмонни тўсиб қўйган қуюқ қора булутлар орасидан онда-сонда мовий осмонни кўриб қолиш умидида яшаётганлардек. Бундай одамлар ҳеч қачон асл муваффақиятнинг сеҳрли сирини англаёлмайдилар: қуёш нури ва мовий осмондан баҳра олиш учун уларни ердан туриб қўл билан ҳайдашга уриниш эмас, шунчаки ўша булутлардан юқорироққача кўтарилиш кифоя.

Булутлар ҳамиша ўзларига тақдир қилинган жойдалар ва ҳеч қаёққа жилмайдилар. Аммо кимки ўз онги ва танини энг мақбул “парвоз қиялиги”га тўғрилай билса, булутлардан юқорироққа кўтарилишнинг ва саодатнинг мовий осмони остида яшашнинг уддасидан чиқиши мумкин. Ўзингизни мана шундай қатъийликка бағишланг ва бу ҳиссиётни ҳаётингизнинг ҳар бир кунида туйинг. Ғолиб бўлинг, чемпион бўлинг. Эсланг, бахт бу ўша ажойиб саёҳатнинг, сафарнинг ўзи деб айтган эдик, келажакда етиб борадиган манзилингиз – сўнгги нуқта эмас. Сўзсиз, вақти келади, шахсиятингиздаги гўзал хислатларингиз Сизни мутлақ эркинлик ва қувончни ҳис қила оладиган гўшага элтади. Бу шундай гўшаки, у ерда барча орзулар рўёга кўчади. Ана ўша гўша шахсий КАМОЛОТдир. Ана ўша гўша – “Суперҳаёт”.

Шахсий камолот афзаллиги

Миянгиз ҳеч бўтқа билан тўлдирилган жомни эслатиб юборганми? Сизни йўлдан оздириб қўйиш ёки бутун диққат-эътиборингиз ва ҳафсалангиз талаб қилинадиган юмушдан чалғитиш қанчалик осон? Сиз ўзингизда қатъият кучи ёки шахсий интизом етишмаслигини сезасизми? Ўша машъум ва ҳалокатли фикрий қолипларга қайта-қайта мурожаат қилиб қўявераётганингизни пайқаб қоласизми? Агар шундай бўлса, ўзингиздаги жамики қатъият кучини (шубҳа йўқки, у ҳалигача ич-ичингизда мудрамоқда) онгингизни чиниқтириб, уни боп формага солишга сафарбар қилишингиз лозим. Юқорида билиб олганингиздек, онг мушакларни эслатади: агар ундан фойдаланмас, уни ҳар куни иш билан банд қилиб – чарчатиб турмас экансиз, у юмшоқ ва бўшанг бўлиб, ҳеч юмушга ярамай қолади. Бўшанг миядан ҳам – заиф фикрлар чиқади. Заиф фикрлар эса, ўз навбатида, сиздаги энергияни сўриб олади ва ҳаракатларингизни чегаралайди. Чегараланган, самарадорлиги паст бўлган ҳаракатлар эса ҳозиргидан яхшироқ бўлиш, истаган нарсангизга эришишингизга имкон бермайди.

Исаак Ньютон, анъанавий физиканинг отаси, бўлакча бир қобилият эгаси эди: аниқ бир масаланинг ечими билан шуғулланар экан, то унинг ечимини топмагунича бутун диққат-эъриборини шунга бериб, эрталабдан-кечгача айнан шу билан машғул бўларди. “Агар мен жамиятга озгина бўлса ҳам наф келтира олган бўлсам, фақатгина тоқат билан қилинган тафаккурлар эвазига эришдим”, деган. Кўпчилик одамлар ҳар ким ўзининг фикрлаш имкониятларини сезиларли даражада ошира олишига ишонмайдилар. Биз бемалол ҳозиргидан кўра ақллироқ бўла оламиз, хотирамиз имкониятларини чек-чегарасиз кенгайтира оламиз, бундан ташқари, туппа-тузук “онг атлетлари” бўлишга ҳам қодирмиз. Аммо Сиз, ҳамма жиддий спортчиларда бўлгани сингари, машғулотларда астойдил бўлишингиз ҳам зарур. Ўз онгингизни шундай тартибга мослангки, токи бу тартиб онгингизни “алангалата” олсин ва уни сезиларли даражада фаоллаштирсин. “Суперҳаёт” дастури бу ишни Сиз билан биргаликда амалга оширади, агар Сиз ундаги бандларга қатъий ва сидқидилдан амал қилсангиз, албатта. 30 кунга мўлжалланган “Суперҳаёт” дастури “ақл аэробикаси” бўлиш билан бир қаторда бажаришингиз лозим бўлган кундалик машғулот ҳамдир. Бу машғулотлар Сизни янгидан-янги тафаккур чўққиларига олиб чиқажак. Сиздан эса ҳар куни барча юмушларингизни ҳеч бўлмаганда бир соатга четга суриб туриш ва онг, тана, феъл-атворингизни янгилаш, чиниқтириш билан машғул бўлишга ўрганиш талаб этилади. Ҳафтада ҳаммаси бўлиб 168 соат мавжуд. Наҳотки шулар орасида бир соатгина вақтингизни ўзингиз учун аслида муҳим бўлган – Сизни бахтингиз ва барча истакларингиз рўёбига элтувчи – аслаҳангиз ҳақида қайғуришга ажрата олмасангиз? Албатта, жудаям банд эканлигингизни рўкач қилиб бунга вақт ажратолмаслигингизни айтишингиз мумкин. Аслида эса онгингизни чархлайдиган, танангизни яхши ҳолатга келтирадиган ва руҳиятингизга озуқа берадиган бу муҳим паллани ўтказиб юборишингиз мутлақо ярамайди. Зеро, буюк немис шоири Иоганн Вольфганг Гёте айтганидек: “Улуғроқ аҳамиятга эга нарсалар зинҳор-базинҳор камроқ аҳамиятга эгаларининг соясида қолиб кетмасликлари зарур”.

Хўш, шунчалик муҳим дейилаётган “ўт олиш” соатида нималар қилишингиз лозим? Жавоб жуда оддий. Сиз ўзингизни такомиллаштириш билан машғул бўласиз: “Кайзен”. Таклиф қилинажак дастурда ҳаммаси ипидан-игнасигача аниқлаштириб қўйилганига қарамай, билиб олишингиз лозимки қуйида келтирилганларга ҳар куни – кундан-кунга кўпроқ вақт ажратишингизга тўғри келади.

1. Шахсият тараққиёти

Табиатан шахсият тараққиётига Сизга янги билим берувчи ва ҳаётингизнинг у ёки бу элементини яхшилашга хизмат қилувчи ҳар қандай фаолият замин бўла олади. Бундай шахсий тараққиёт ўз-ўзини янгилаш ва руҳий босимларни камайтиришни ўзида мужассамлаштиради. Бунинг учун кундалик бажаришингиз мумкин бўлган машғулотлар қаторига бирор-бир фойдали китоб, масалан. “Ижобий фикр қуввати”

ёки “Ўйла ва бой бўл” мутолаасини киритишимиз мумкин. Яна иш жойингизга автомобиль, автобус, боринг, ана, пиёда йўл олар экансиз, Сизга кўтаринкилик бағишловчи мусиқа тинглаш ҳам бебаҳо фойдали одат вазифасини бажара олади. Ёки бирор-бир янги адабиётни “газак” сифатида “ҳазм қилиб” юборишингиз ҳам ва ҳатто… Оддийгина қуёш чиқишига термилишингиз ҳам. Гап шундаки, юқоридагиларнинг ҳар қайси давомида Сиз ўз онгингиз “магистрали”ни ҳаётингизни яхшилаб юборишга хизмат қилувчи бемисл маълумот оқимига буриб қўйган бўласиз.

Кўпчилик одамлар ҳаётида мўъжизалар содир этишга қодир бўлган стратегия ва методларни ўрганиш, албатта, агар одамлар улар ҳақида билсалар, ҳам қизиқарли! Биз керак нарса бу фақатгина битта кучли ғоя, ғоя бўлгандаям ҳаётни яхшилик сари ўзгартириб юборишга қодир ғоядир.

Илғор бўлишни истайсизми – кўпроқ ўқинг. Мутолаага ҳар куни вақт ажратишни ўзингизнинг қатъий одатингизга айлантиринг. Тушликни ўтказиб юбориш фалокат эмас, аммо шахсият тараққиёти учун вақт тополмаслик ҳеч ҳам ярамайди.

2. Жисмоний ривожланиш

Сиз танангиз учун жуда муҳим бўлган мукаммал саломатликни таъминлаш учун ҳар куни камида 30 дақиқа ажрата олишингиз лозим. Юқорида ҳам бир неча марта такрорлангани кундалик машғулотлар шахсий камолотга элтувчи энг самарали восита ҳисобланади. Агар кимдир Сизга узоқ умр кўриш, қўшимча қувват ва ҳаловат сирларини билишини айтса ва буни Сизга шунчаки – машаққатсиз таклиф қилса, ишонманг унга! Ахир сирнинг ҳаммаси ўзингизда-ку: кундалик машғулотлар ёрдамида ўз танангиз узоқ умр кўришга иштиёқ қандай кириб келаётганининг гувоҳи бўласиз ва Сизнинг ҳаётингиз жиддий суръатда ўзгара бошлайди.

Кундалик бир нечта машғулотлар ўзингизни янаям хотиржам ҳис қилишингизга, эътиборни жамлай олиш қобилиятингиз, самарадорлик даражангиз, ижодий салоҳиятларингизни ўстиришга ёрдам беради ва ички оламингизни яхшигина ривожлантиради. Машғулот дастури Сизга тақдим этган ўша қувватга эга бўлгач, орзуларингиз тарафга элтувчи қадамларни шахдам-шахдам ташлай оласиз. Сузинг, югуринг, карате билан шуғулланинг, сув устида чанғини ўзлаштиринг, сквош ўйнанг, велосипедда учинг, томорқачилик билан шуғулланинг, тоза ҳаводан нафас олинг, роликли доскачада сайр қилинг, аэробикадан завқ олинг, хуллас, нима қилсангиз ҳам оёққа шиппакни илиб олиб, бутун оқшом телевизорга тикилиб ўтиришдек зарарли одатдан халос бўлинг.

Дўстларингиз Сизга кўринишингиз ажойиб эканини ва ёшингиздан навқиронроқ кўринишингизни айтишса, нимани ҳис қиласиз? Ўзингизни қандай сезган бўлар эдингиз иш кунингиз якунланиб уйга қайтгач, бир муддат оилангиз бағрида бўлиб, болаларингиз билан ўйнагач, ҳовли бўйлаб енгил сайр ташкил этсангиз ёки Сизга ҳаётнинг улуғворлигини чин дилдан ҳис қилишингизда кўмак берувчи жисмоний машғулотларга бир неча соат ажратишни ният қилиб ертўлагами, омборхонагами йўл олсангиз? Менга ишонинг, жисмоний бардамлик руҳий тетикликдан устунроқ туради.

3. Хотиржам тортиш ва ўз-ўзини янгилаш