banner banner banner
Намоз ўқишни биласизми?
Намоз ўқишни биласизми?
Оценить:
 Рейтинг: 0

Намоз ўқишни биласизми?


Учинчидан, таҳорат олинади. Сўнгра даставвал бошга, кейин ўнг ва чап елкаларга сув қуйилиб, яхшилаб ювилади. Бу шундай бўлиши керакки, баданда мутлақо қуруқ жой қолмаслиги керак.

Савол: Ғуслнинг нечта фарзи бор?

Жавоб: Ғуслнинг 3 та фарзи бор:

1. Оғизни ғарғара қилиб чаймоқ.

2. Бурунни ачишгунча сув тортиб чаймоқ.

3. Ҳамма аъзоларни батамом ювмоқ.

ТАЯММУМ НИМА?

Савол: Таяммум қачон қилинади?

Жавоб: «Таяммум» деган сўз, «қасд қилиш» деган маънони англатади. Таяммум қилишнинг бир қанча шартлари бор. Мисол учун, намоз вақти кириб қолди. Яқин атрофда сув йўқ. Уламоларимиз айтадиларки, сув 1 мил узоқликда бўлса, 1 мил эса 1848 метрни ташкил қилади.

Бундан ташқари:

– оғир касал бўлса;

– совуқда қолиб кетган бўлса;

– душман хавфи бўлса;

– ийд ёки жаноза намози ўтиб кетиш хавфи бўлса, таҳорат ўрнига таяммум қилинади.

Савол: Таяммум масаласида қандай далиллар бор?

Жавоб: Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 43-оятида шундай марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз!* Яна жунуб (нопок) ҳолларингизда ҳам, то покланмагунча (намозга яқинлашмангиз). Магар сафарда бўлсангиз (бу мустаснодир). Борди-ю, бетоб ё сафарда бўлсангиз, ёки сизлардан бирортангиз ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёхуд хотинларингиз билан яқинлик қилган бўлсангиз-у, (ғусл қилишга) сув топа олмасангиз, покиза ер (тупроқ, тош, қум, чанг кабилар) билан таяммум қилиб, юзларингиз ва қўлларингизга суртинг. Албатта, Аллоҳ афв этувчи ва кечирувчидир».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у Зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байда ёки Зотул Жайшда эканимизда мунчоғим узилиб кетди. Уни ахтариш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб қолдилар. У киши билан бирга одамлар ҳам туриб қолишди. Уларнинг сувлари йўқ эди. Одамлар Абу Бакрнинг олдига бориб: «Оишанинг нима қилганини кўрмайсанми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у киши билан бирга одамларни ҳам тутиб қолди-ку! Одамлар сув бор жойда ҳам эмаслар, ўзлари билан сувлари ҳам йўқ», – дедилар.

Абу Бакр келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб, ухлаб қолган эдилар. Бас, у (Абу Бакр) менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва одамларни тутиб қолдинг. Улар сув бор жойда ҳам эмаслар, уларнинг сувлари ҳам йўқ»,– деди.

Абу Бакр мени итоб қилиб, Аллоҳ нима дейишини хоҳлаган бўлса, ўшани деди ва қўли билан биқинимга турта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб ётганлари учун мен қимирлай олмасдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ухлаб туриб, сувсиз бўлиб қолдилар. Бас, шунда Аллоҳ таяммум оятини нозил қилди: «Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар» (Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган).

Савол: Таяммум қай тартибда адо этилади?

Жавоб: Аввало, ният қилинади. Таяммум қилишда таҳорат билан ғуслни қўшиб ният қилиш ҳам мумкин. Тартиби эса қуйидагича:

1. Ният.

2. Кафтларни тоза ер жинсига: тупроқ, тош ва шунга ўхшаган нарсаларга бармоқлар озгина очиқ ҳолатда бир урилиб, юзга масҳ тортилади. Масҳ шундай бўлиши керакки, таҳорат олганда юз қай тариқа ювилса, масҳ ҳам юзнинг ҳамма қисмига тегиши керак.

3. Кафтлар иккинчи марта ер жинсига урилиб, аввал ўнг қўлга, сўнгра чап қўлга тирсаклари билан қўшилган ҳолда масҳ тортилади.

Савол: Таяммум қачон бузилади?

Жавоб: Таҳоратни бузадиган ҳамма ҳолатлар таяммумни ҳам бузади. Шунингдек, сувсизлик туфайли таяммум олган кишининг сувга етиши билан таяммуми кетади.

АЁЛЛАРГА ХОС НОЗИК МАСАЛАЛАР

Савол: Аёлларнинг ҳайз ҳолати нима?

Жавоб: Балоғатга етган қизларда, аёлларда ҳар ойда энг ками уч кун, кўпи билан ўн кун давомида бачадонидан келиб турадиган қонга ҳайз дейилади. Улар учун бу кунлар ҳайз кунлари ҳисобланади.

Савол: Аёллар ҳайз кунларида қай тариқа ибодат қиладилар?

Жавоб: Аёллар ҳайз кунларида ибодат қилолмайдилар. Жумладан, уларга ҳайз кунларида:

– намоз ўқиш;

– рўза тутиш;

– масжидга кириш;

– Куръон ўқиш;

– Каъбани тавоф этиш;

– жуфти билан жинсий алоқада бўлиш сингари амаллар тақиқланади.

Савол: Ҳайз кунларида ўқиёлмаган намозлари, тутолмаган рўзалари нима бўлади?

Жавоб: Улар бу кунларда ўқиёлмаган намозларининг қазосини ўқимайдилар, аммо рўзасининг қазосини тутишади.

Савол: Нега намозининг қазосини ўқимай, рўзасининг қазосини тутадилар?

Жавоб: Чунки рўза улуғ ибодат бўлиб, у бир йилда бир марта келади. Рўзанинг савобини тўлиқ топиш учун шариятимиз аёлларга қазосини тутиш имконини берган.

Савол: Аёллар нифос ҳолатида қандай йўл тутишади?

Жавоб: Ҳа, ҳар бир аёл туққанидан кейин қирқ кунгача нифос ҳолатида бўлади. Яъни, бу кунларда аёл бачадонидан нифос қони келиб туриши мумкин. Албатта, аёлларимиз ўзининг ҳолатига қараб, бутунлай қон тўхтаганидан кейин ғусл қиладилар ва кундалик ибодатларини давом эттиришади.

Савол: Нифос ҳолатида қандай ибодат қиладилар?

Жавоб: Аёлларга ҳайз кунларида нималар тақиқланган бўлса, улар нифос ҳолатида ҳам тақиқланади. Яъни, намозларнинг қазосини ўқишмайди, рўзанинг қазоси тутилади.

НАМОЗ – БУЮК ИБОДАТ

Cавол: Намоз нима?

Жавоб: Намоз – буюк ибодат. Аллоҳ таолонинг буйруғи билан мусулмонлар бир кеча-кундузда 5 маҳал намоз ўқиб, руҳини, вужудини поклайдилар. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 45-оятида марҳамат қилади:

"(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас”.