banner banner banner
ҚАШҚАДАРЁ ТОМОНЛАРДА
ҚАШҚАДАРЁ ТОМОНЛАРДА
Оценить:
 Рейтинг: 0

ҚАШҚАДАРЁ ТОМОНЛАРДА


ЖАРАЁН

Аямай ишладим, аяшдиларми,

Тайёрдим жонимни қилмоққа нисор.

Суриндим, йиқилдим, суяшдиларми,

Кишига керакдир далда, ғамгусор.

Тарихни варақланг, бунга мисол кўп,

Инкорни пеш қилар мудом фалсафа.

Бечора ҳолига тушган қанча хўб,

Танимай қўйганлар дўсту ҳамсафо.

Ҳашамат, назокат кераги йўқдир,

Анжуман, ҳайъатлар истамас кўнгил.

Қалтайиб, соғ юрса бас, кўнгли тўқдир,

Руҳи равон, сўрса укалар, сингил.

Кимларда боқувда эски ҳасадлар,

Яшаб турганингга куярлар ичи.

Жам бўлса, қўзғошар фисқу фасодлар,

Болалаб кўпайган қасд ила ўчи.

Улардан ўлиб ҳам қутилмоқ қийин,

То иблис бор экан, яшарлар аниқ.

Иғво, бўҳтон, туҳмат – қуроли тайин,

Эсга келмас дўзах гулҳани ёниқ.

Қулоққа чалинар бадбин қилмишлар,

Тасалли айтурман ўзимга ўзим.

Ёмон эмас, дейман, қилганим ишлар,

Элимнинг олдида ёруғдир юзим.

Курашдан безганман, бўлсинлар ғолиб,

Дунёни кўтариб кетмаслар, охир?!

Кун келар, ажалга бўлурлар мағлуб,

Аллоҳ қудратини қилажак зоҳир.

ТАШРИФ

Бахтнинг этагини тутганлар, айтинг,

Иқболни энтикиб кутганлар, айтин.

Шоҳона асарлар битганлар, айтинг,

Мақсудига комил етганлар, айтинг.

Осон бўлмагандир саодат йўли,

Ранжитгандир, балким, рақобат йўли?

Текис эмас, одамзод сабот йўли,

Ҳам жозибали, ҳам синоат йўли.

Ёнма-ён сиз билан келяпман бу кун,

Йўл юриб, нимадир биляпман бу кун.

Омадни ахтарув қиляпман бу кун,

Гоҳо йиғлаб, гоҳо куляпман бу кун.

Узанган сўқмоғим тўсдилар атай,

Қароқчи зўрайиб, ўсдилар, атай.

Камонин ҳозирлаб, пўсдилар, атай,

Умидим чинорин кесдилар, атай.

Адашдим сарсона, саҳрода, чўлда,

Манзил сароб эди ўнг ила сўлда.

Ҳамду сано, шукрим ифода тилда,

Ҳавони чангаллаб турардим қўлда.