banner banner banner
Фаренгейт бўйича 451º
Фаренгейт бўйича 451º
Оценить:
 Рейтинг: 0

Фаренгейт бўйича 451º

Фаренгейт бўйича 451º
Рэй Брэдбери

Ҳаёт тезлашган, бир хиллик тенглик тусини олган, одамлар бир-бирини эшитмайди, фикрлашдан тўхтаган, ҳурлик маҳв этилган… Бу жамиятда китобларга ақл кушандаси деб қаралади, тақиқлар туфайли одамлар аста-секин улардан воз кечган, адабиётдан қўрқади. Улар фақат қулоқларидаги “чиғаноқ”лардан тараладиган маънисиз мусиқадан маст, рекламалардан сархуш яшайди. Китоблар тақиқланган яқин келажакдаги хаёлий Америка жамияти ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу асар бош қаҳрамони Гай Монтэг – ўт ўчирувчи. Номи ўт ўчирувчи, аммо китобларни улар топилган уйлар билан қўшиб ёқиш унинг аъмолидир. Аммо куни келиб, у ўз касбининг тўғрилигига шубҳаланиб қолди ва аста-секин фикрлашни истаётганини сезди, ана шундан бошланган исён ортидан у ўзи яшаб турган жамиятдаги тутумни, тартиботни савол остига ола бошлади. Алалоқибат у ўзи каби инсонлардан иборат яширин гуруҳга қўшилди… Илк бор нашр этилганига қарийб 70 йил бўлса-да, Рэй Брэдберининг дунё миқёсида тан олинган “Фаренгейт бўйича 451º” асари ҳамон жаҳон адабиётининг сара асарларидан бўлиб келмоқда. Ушбу дистопик асарда кўтарилган мавзулар бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ тус олиб боряпти.

Рэй Брэдбери

Фаренгейт бўйича 451°

1

Ўт қўйиш завқи

Миннатдорлик ила Дон Конгдонга бағишланади

Олов ёнаётган нарсаларни ўз домига олиб, уларни қорайтириб, куйдиришини ва шаклини ўзгартира боришини томоша қилиш завқли эди. Улкан илон атрофга заҳарли керосин пуркар, томирларида қон жўш урар, жез пойнакни маҳкам сиққан қўллари эса култепага айланган жулдур тарихни ёндириб йўқ қилиш симфониясини ижро этаётган дирижёр каби ҳаракатланарди. 451 рақами туширилган рамзий дубулғасини бостириб кийган; олдида турган иш ҳақидаги биргина ўйдан кўзлари чақнайди: у ўт олдиргични ёқади ва уй аланга олиб, тунги осмонни тўқ қизил, сариқ ва қора рангларга бўяйди. У учқунлардан ҳосил бўлган митти гулханчалар оралаб қадам ташларкан, эски латифадаги каби, айвонда ва майсазорда китоб саҳифалари кабутар қанотлари каби шитирлаб, оловда ҳалок бўлаётган бир пайтда, уларнинг алангасига таёқ учига суқилган зефирни тутиб тургиси келди. Китоблардан қолган куйинди парчалари эса қора тутун билан бирга гирдоб ҳосил қилиб, ҳавога кўтарилади.

Монтэгнинг юзида аланга тафтидан куйган ва ортга тисарилган одамнинг шафқатсиз табассуми қотиб қолган эди.

У ўт ўчириш бўлимига қайтгач, кўзгудаги аксига қараб мағрур кўз қисиб қўйишини билади. Кейинроқ, уйқуга ётган пайтда ҳам у юзида қотиб қолган ифодани ҳис қилади. Бу ифода эсини таниганидан бери уни тарк этмайди.

У қора қўнғиз рангли дубулғасини ялтиратиб артди ва ўт ўтказмас либоси билан ўз жойига илди. Маза қилиб душ қабул қилди. Сўнг қўлларини чўнтакка солганча ўт ўчириш станциясининг юқори қаватида ҳуштак чалиб юрди ва туйнук орқали пастки қаватга сирғалиб тушди. Сўнгги онда йиқилиб, жароҳат олиши муқаррар бўлиб қолганда, товонлари бетон полга тегиши олдидан қўлларини чўнтагидан чиқариб тилларанг устундан тутиб қолди.

Кўчага чиққанида тун чўккан, атрофда ҳеч ким йўқ эди. У метро томон йўл олди. Мойланган труба орқали овозсиз ҳаракатланувчи ҳаво поезди илиқ шамол пуфлаб, шаҳар четига олиб чиқувчи қаймоқранг эскалатор олдида эшикларини очди.

Монтэг эскалаторда ҳуштак чалганча тунги сукунат чўккан кўча томон кўтарилди. Шу кетишда у ҳеч нарса тўғрисида ўйламай борарди. Муюлишга яқинлашганда тўсатдан юзига кучли шамол урилгандай ёки кимдир исмини айтиб чақиргандай бўлди ва қадамини секинлатди.

Кейинги пайтларда уйига олиб борадиган йўлдаги бу муюлишга яқинлашганда шу ғала ти туйғуни ҳис қиладиган бўлиб қолди. Кимдир пойлаб тургандек ва унинг қайрилишидан бир лаҳза аввал сояга айланиб уни ўтказиб юбораётгандай эди. Эҳтимол, бурни енгил ис туйгандир, балки, қўллари ва юз териси орқали ўша кўринмас одам ўз тафти билан турган ердаги ҳароратни билинар-билинмас оширганини сезгандир? Буни тушунтириб бера олмасди. Бироқ ҳар сафар муюлишдан қайрилганда йўлакнинг оппоқ плиталарини кўрарди, холос. Фақат бир сафаргина майсазордан нимадир ўтганини кўргандай бўлди. Лекин яхшироқ қарагунича ва бирор сўз айта олгунича, у ғойиб бўлди.

Бугун у шунчалик секинлашдики, деярли тўхтаб қолди. У хаёлан бурчакдан қайрилди ва жуда секин шивирлашни сезди. Бу кимнингдир нафас олаётган овозими? Ёки ҳаво у ерда жимгина кутиб турган киши сабаб тебрандими?

У муюлишдан қайрилди.

Шамол ой ёритган йўлакдан кузги баргларни учирар, рўпарадан келаётган қиз эса йўлакдан қадам ташлаб эмас, сузиб келаётгандек эди. У бошини бироз эгиб, айланиб учаётган барглар туфлисига тегиб ўтаётганини томоша қиларди. Қизнинг юзи нозик ва сутдек оқ, унда ҳар нарсага бўлган беқиёс қизиқувчанлик барқ урарди. Ҳозир эса юзида бироз ҳайрат зоҳир эди. Тим қора кўзлари оламга шундай синчковлик билан боқардики, улардан бирор нарса яширин қолиши маҳол эди. Оппоқ кўйлаги шамолда учиб шивирларди. Монтэгга қизнинг қадамларига ҳамоҳанг қўл ҳаракатлари эшитилгандек туюлди. Қиз бошини кўтариб, қаршисида эркак киши турганини кўрди.

Дарахт шохлари уларнинг бошлари узра барг ёмғири ёғдирарди. Қиз тўхтади. Кўринишидан қиз ортга тисариладигандек эди. Бунинг ўрнига у Монтэгга қаттиқ тикилди. Қизнинг тим қора, ёрқин ва жонли кўзлари Монтэг унга жуда бир ажойиб гап айтгандек порлаб кетди. Бироқ Монтэг шунчаки “Салом” деганди, холос. Либосининг енгига туширилган самандар расмига ва кўксидаги қақнус белгисига қизнинг тикилиб қолганини кўриб, яна тилга кирди:

– Сиз янги қўшнимиз бўлсангиз керак, шундайми?

– Сиз эса… – ниҳоят қиз унинг либосидаги касбининг белгисидан кўз узди, – ўт ўчирувчимисиз? – қизнинг овози пасайиб кетди.

– Буни жуда ғалати айтдингиз.

– Мен… мен буни кўрмай туриб ҳам билган бўлардим, – деди қиз секин.

– Керосин ҳидиданми? – деди Монтэг кулиб. – Хотиним ҳам доим шундан нолийди. Уни ҳеч қачон тозалаб кетказа олмайсан.

– Ҳа, кетказиб бўлмайди, – деди қиз ҳадик билан.

Қимир этмай турган бўлса ҳам, қиз Монтэгга унинг атрофида айланаётгандек, уни енгил силтаётгандек ва чўнтакларини қоқаётгандек туюларди.

– Керосин, – деди Монтэг чўзилиб кетган сукутни бузиб, – мен учун атирдай гап.

– Чиндан ҳам шундайми?

– Албатта. Нега ҳайрон бўляпсиз?

Қиз бироз ўйлаб:

– Билмадим, – деб уйи томон борадиган йўлакка юзланди. – Майлими сиз билан қайтсам? Исмим Кларисса Маклеллан.

– Кларисса. Меники эса Гай Монтэг. Қани, юра қолинг. Бундай кечда бир ўзингиз нима қилиб юрибсиз? Ёшингиз нечада?

Улар илиқ тун шамолида ой нуридан кумушдек товланган йўлакдан кета бошлашди. Атрофдан янги пишган ўрик ва қулупнай иси таралаётганга ўхшади. Монтэг атрофга назар ташлаб, бунинг имкони йўқлигини тушунди. Ахир йил якунига етмоқда.

Ёнида фақатгина қиз кетиб борар ва унинг юзи ой нурида қордек ялтирарди. Қиз унинг саволларини ўйлаётгани ва яхши жавоб ахтараётганини ҳам сезиб турарди.

– Ёшим ўн еттида ва бироз телбароқман, – деди қиз. – Амакимнинг айтишича, бу иккиси доим ёнма-ён юрармиш. У доим: “Агар ёшингни сўрашса, ёшим ўн еттида, ўзим эса савдойиман, деб жавоб бер”, – дейди. Тун – сайр қилиш учун ажойиб вақт-ку. Мен нарсаларни ҳидлашни, уларни томоша қилишни ёқтираман. Баъзан тун бўйи ухламай айланиб чиқаман ва қуёш чиқишини томоша қиламан.

Улар бироз жим боришди.

– Биласизми, – деди қиз ўйчан. – Сиздан умуман қўрқаётганим йўқ.

– Нега ўзи қўрқишингиз керак? – сўради Монтэг ҳайрон бўлиб.

– Ахир кўпчилик қўрқади-ку. Ўт ўчирувчилардан демоқчиман. Бироқ сиз ҳам ҳаммага ўхшаган одамсиз-ку…

Қизнинг сув томчиларидек порлаб турган кўзларида у ўз аксини аниқ-тиниқ, ҳатто лаблари атрофидаги чизиқларигача кўрди. Қизнинг кўзлари унинг аксини абадий акс эттирган икки митти бинафшаранг каҳрабодек туюларди, юзи эса оппоқ нур таратаётган нозик биллурдек кўринарди. Бу кўзни толдирадиган электр нури эмас. Аммо нима? Бу тинчлантирувчи ва сокинлик бахш этувчи шам ёғдусига ўхшарди. Болалигида бир марта уйларида электр ўчиб қолганда онаси уйдаги охирги шамни қидириб топиб, ёққанди. Бу унинг учун ажойиб янги кашфиётлар соати бўлган эди. Шундай улкан олам бир зумда шам ёруғи етган майдон ўлчамида қисқарганди. Она-бола шам олдида электр иложи борича кечроқ ёнишини тилаб ўтиришганди.

– Сўрасам майлими, – деди Кларисса Маклеллан тўсатдан, – қанчадан бери ўт ўчирувчи бўлиб ишлайсиз?

– Йигирма ёшимдан бери. Ўн йил бўлди.

– Ёндирган китобларингизни ҳеч ўқиб кўрасизми?

Монтэг кулиб юборди.

– Бу қонунга хилоф-ку.

– Ҳа-я, албатта.

– Бу қизиқарли иш. Душанбада Миллейни ёқамиз, чоршанбада эса Уитменни, жума куни Фолкнернинг кулини кўкка совурамиз. Ёқиб кул қилиш, кейин кулини ҳам ёндириш. Бизнинг касбий шиоримиз шундай.

Улар яна бироз жим юришди.

– Қачонлардир ўт ўчирувчилар ўт қўйиш ўрнига ўт ўчирганлари ростми? – сўради қиз тўсатдан.

– Йўқ. Уйлар ёнмайдиган бўлган. Гапимга ишонаверинг.

– Қизиқ, мен қачонлардир уйлар бирор эҳтиётсизлик оқибатида ёниб кетган ва ўшанда оловни ўчириш учун ўт ўчирувчилар керак бўлган, деб эшитгандим.