banner banner banner
Сармоядор
Сармоядор
Оценить:
 Рейтинг: 0

Сармоядор


Каупервудга эшикни чиройли ясаниб олган ирландиялик ходима очди. Йигит ичкарига кириб, аёлга ўзининг ташриф қоғозини узатди.

– Жаноб Батлер уйдами? – сўради йигит.

– Сэр, бирор нарса дея олмайман. Ҳозир билиб келаман. У чиқиб кетган бўлиши ҳам мумкин, маъзур тутинг!

Бир неча дақиқадан кейин Фрэнкни юқорига олиб чиқишди. Батлер уни ўзининг идорани ёдга соладиган хонасида қабул қилганди. У ерда ёзув столи, ёғоч кресло, қандайдир чарм қопланган мебель ва китоб жавони турарди. Бу нарсаларнинг бари алоҳида-алоҳида жойлаштирилганди. Мебеллар на идора, на хонадон тартибқоидаларига кўра қўйилганди. Деворлар ажиб расмлар осилганди: улардан бири мўйқаламда, тўқ рангларда чизилган хунук алламбало нарса эди! Бошқасида эса пуштиранг ва ёйилиб кетган яшил рангдаги, ичида баржалар сузиб юрган канал ўз аксини топган ва ниҳоят қариндошу дўстларнинг бир нечта дагерротип[10 - Ўша даврлардаги илк фотосурат – Тарж. изоҳи.] лари бор эди.

Каупервуд иккита қизнинг сал рангли қилиб чизилган ажойиб портретига эътибор қилди. Қизлардан бирининг сочлари малла – олтинранг бўлса, иккинчисиники қизғиш-қўнғирранг бўлиб, ипакдеклиги кўриниб турарди. Кельтлар типидаги бу қизлар ойдеккина, соғлом, кучли ва қувноқ боқиб турар, бошларини бир-бирига текизганча, шаҳло кўзлари билан суратга қараб ўтирган одамни кузатишарди. Фрэнк расмга завқ билан қараб туриб, бу уй эгасининг фарзандлари бўлса керак, деб тахмин қилди.

– Жаноб Каупервудмисиз? – деган савол билан йигитни кутиб олди жаноб Батлер. У унли товушларни ғалати тарзда чўзиб гапирар, умуман олганда, жуда салмоқли, мағрур ва сермулоҳаза инсон эди. Фрэнк унинг ёмғир ва шамолларда чиниққан қари эман дарахти каби бақувват гавдасига ҳайрат билан тикилиб қолди. Унинг ёноқлари таранг тортилган, бўш ва осилган жойи йўқ эди.

– Ҳа, – жавоб берди Фрэнк.

–Акциялар сотиб олиш масаласида сиз билан гаплашмоқчи эдим ва идорангизга боргандан кўра, уйимга келганингиз яхшироқ, деб ўйладим. Бу ерда юзма-юз гаплашиб олишимиз мумкин, бундан ташқари, аввалгидек югуриб кетаверадиган ёшда эмасман.

Жаноб Батлер меҳмонга кўзларини қисиб тикилди. Каупервуд жилмайди.

– Хизматингизга тайёрман, – деди сўнг самимий оҳангда.

– Айни пайтда мен биржада баъзи кўнка темир йўлларининг акцияларини сотиб олишга қизиқиб қолгандим. Майда-чуйда томонларини сизга кейин гапириб бераман. Бирор нарса ичасизми? Кунни қаранг, эрталабдан совуқ бўляпти-а?!

– Миннатдорман, мен ҳеч қачон ичмаганман.

– Ҳеч қачон? Вискихўрлик ҳақида гапирадиган бўлсак – бу ҳазил гап эмас! Бироқ нима бўлганда ҳам, мақтаса арзийдиган хислат. Менинг ўғилларим ҳам ичкиликни оғизларига олишмайди ва бундан жуда хурсандман. Хуллас, биржада акция сотиб олмоқчи эдим, бироқ очиғини айтсам, сизга ўхшаган тажрибали ёрдамчи топишим муҳим ва мен ўша одам орқали ҳаракат қилмоқчиман. Бир ишнинг орқасидан бошқаси келиб чиқади, буни ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз, – жаноб Батлер меҳмонига кузатувчанлик билан, бироқ самимий қараб қўйди.

– Тўғри айтасиз, – муносиб равишда жилмайиб жавоб қилди Каупервуд.

– Ҳа-а… – бу тасдиқ ўз сўзларигами ё Каупервудгами, билиб бўлмасди. Батлер ўйчан ҳолда давом этди. – Ёнимда бирор ақлли йигит бўлса, ишларимга фойдаси тегарди. Иккита қобилиятли ўғлим бор, бироқ уларнинг биржада ўйнашларини хоҳламасдим, истаганимда ҳам, улар эплай оладими-йўқми, билолмайман. Бироқ гап бунда эмас. Сизга айтиб ўтдим: мен жуда банд одамман, аввалгидек ёш ҳам, чаққон ҳам эмасман. Агар менга тўғри келадиган йигит бўлса (айтганча, қилган ишларингиз ҳақида ҳамма нарсани суриштириб билдим), у улуш ва заёмларим бўйича майдароқ ишларимни қилиб юрган бўларди – бу иккаламизга ҳам оз бўлса-да, нимадир берарди. Ўз маблағларини бирор нарсага тикмоқчи бўлган баъзи ёшлар кўпинча мендан у ёки бу масала бўйича маслаҳатлар сўрашади…

Жаноб Батлер меҳмоннинг жиғига тегмоқчидек бироз жим туриб қолди. У Каупервудни қизиқтириб қўйганини, ишбилармонлик дунёси ва тижорат муносабатлари уни янада қизиқтиришини жуда яхши тушуниб турарди. Жаноб Батлер йигитга бу ишларда асосий нарса – содиқлик, хушмуомалалик, зукколик ва сир сақлай билиш эканлигини билдириб қўйди.

– Агар ишимга қизиққан бўлсангиз… – деди Фрэнк ўзига хос бўлган ёқимли жилмайиш билан, аммо гапини тугатмади. Батлер мана шу сўзларнинг ўзидаёк куч ва ишончни ҳис қилди. Бу йигитнинг ўзини тута билиши унга ёқаётганди. У Каупервуд ва унинг компанияси ҳақида кўплардан эшитганди (Айни пайтда фирма “Каупервуд энд Компани” деб аталаётган, “компания” сўзи шунчаки расмиятчилик учун эди). У Фрэнкка биржа иши ва бозорнинг ҳолатига оид яна бир нечта савол берди ва темир йўллар ҳақида унга нималар маълум экани ҳақида сўради. Ниҳоят, Тўққизинчи, Ўнинчи, Ўн Бешинчи ва Ўн олтинчи кўчалардан ўтадиган кўнка йўллари акцияларини иложи борича кўпроқ ва зимдан, шовқин солмай сотиб олиш режаси ҳақида айтиб берди. Бу ерда акцияларнинг бир қисмини биржадан, бошқа қисмини эса алоҳида одамлардан сотиб ола туриб, эҳтиётлик билан ҳаракат қилиш керак эди. Батлер қонун чиқарувчи органларга босим ўтказмоқчилиги ва шу йўл билан кўнка темир йўлларнинг айни пайтдаги охирги пунктларини давом эттириш учун рухсат олиш мақсади борлиги ҳақида индамай қўя қолди. У шу йўл орқали иш бошлаш пайти келганда темир йўл концернларини уларнинг йирик акционерлари ота ва ўғил Батлерлар эканлиги ҳақидаги хабар билан эсанкиратиб қўймоқчи эди. Бу узоқни кўзланган режа бўлиб, охироқибатда бу линиялар бутунлай Батлерлар оиласи қўлида бўлиб қоларди.

– Сизга маъқул бўлган ҳар қандай йўл билан шерикчилик қилишдан бошим осмонга етган бўларди, жаноб Батлер, – деди Каупервуд. – Ҳозир қўлимда катта иш бор дея олмайман, бу дастлабки қадамлар, холос. Бироқ менинг яхши алоқаларим, Нью-Йорк ва Филадельфия биржасида ўз ўрним бор. Менга иш билан мурожаат қилганлар, менимча, доим натижаларидан хурсанд бўлишган.

– Фаолиятингиз ҳақида баъзи нарсалардан хабардорман, – такрорлади жаноб Батлер.

– Жуда яхши. Сизга керак бўлсам, идорамга кирарсиз ёки ёзиб юборсангиз, ўзим олдингизга келаман. Сизга ўзимнинг махфий кодимни айтаман: ёзган нарсаларингиз ҳаммаси қаттиқ сир сақланади.

– Майли, майли! Энди ҳозир бу ҳақда ортиқ гаплашмаймиз. Тез орада биз яна учрашамиз ва ана ўшанда менинг банкимда сизга маълум бир миқдордаги суммага кредит очилади.

Жаноб Батлер ўрнидан турди ва деразадан ташқарига қаради. Каупервуд ҳам ўрнидан турди.

– Бугун ҳаво жуда яхши, шекилли?

– Жуда ажойиб!

– Демак, вақти келиб яқинлашиб кетамиз деб умид қилсам бўлади, – дея жаноб Батлер Каупервудга қўлини узатди.

– Мен ҳам шундай бўлади, деб умид қиламан.

Каупервуд ташқарига йўналаркан, Батлер уни катта эшиккача кузатиб қўйди. Шу пайт кўчадан ёшгина, юзлари қип-қизил, қип-қизил пелеринасининг капюшонини олтинранг сочлари устига ташлаб олган кўзлари ҳаворанг қиз югуриб кириб келди.

– Вой, дадажон, сал қолса, сизга урилиб кетардим!

Қизнинг кўзлари чақнаб аввал отасига, кейин Каупервудга қараб жилмайди. Қизнинг тишлари ялтираб турар, улар оппоқ ва майда бўлиб, лаблари бўлса қип-қизил ғунчадек эди.

– Бугун вақтли қайтибсанми? Мен бутун кун бўйи қоласан деб ўйловдим.

– Ўзи шундай қилмоқчи эдим, кейин фикримдан қайтдим.

Қиз қўлларини силкитганча нари кетди.

– Демак, бир-икки кун кутиб турамиз. Хайр! – деди жаноб Батлер.

– Хайр!

Каупервуд олдида очилаётган имкониятлардан қувониб зинадан тушаркан, бирдан кўз олдида ҳозиргина кўргани – ёшликнинг тиниқ тимсоли, қирмизи юзли қиз пайдо бўлди. Қомати қандай гўзал, бунинг устига, соғлом, хушчақчақ! Унинг товуши ўн беш-ўн олти ёшдаги ўсмир қизларникидек мусаффо ва жарангдор. Ундан ҳаётга муҳаббат уфуриб турарди! Вақти келиб бирорта йигитга насиб қиладиган бахт ва у шунчаки бахт эмас, куёвни янада бойроқ қиладиган ёки жуда бўлмаганда унинг бойишига ёрдамлашиб юборадиган бетакрор ўлжа!

12

Орадан икки йилча ўтгач, Каупервуд агар чиқарилган заёмларнинг бир қисмини тарқатишни менга топширишганида салмоқли даражага эришган бўлардим, деган ўйда Эдвард Мэлия Батлерга мурожаат қилди. Батлер Фрэнкка нафақат уларни тарқатишга ёрдам берар, балки облигация пакетларига ўзи ҳам қизиқиб қолар… Бу пайтга келиб Эдвард Батлер Каупервудни чин дилдан ёқтириб қолган ва бухгалтерия китобларида у эндиликда йирик миқдордаги қимматбаҳо қоғозлар харидори сифатида қайд қилинарди. Бу бақувват, салобатли ирландиялик ҳам Каупервудга ёқаётганди. Батлернинг кечмиши ҳам йигитчага маъқул эди. Каупервуд унинг тўладан келган ва тепса-тебранмас ирланд хотини билан танишиб олганди. Аммо идроки соғлом бўлган бу аёл сунъийликни сира ёқтирмасди. У шу пайтгача ошхонага киришни ва пишир-куйдирни ўзи бошқаришни яхши кўрарди. Фрэнк эндиликда Батлернинг ўғиллари: Оуэн ва Кэлем ва қизлари: Нора ва Эйлин билан ҳам танишиб олганди. Эйлин икки йил аввал қиш чилласида Батлерларникига илк бор келганида, зинада дуч келиб, кўзини куйдирган ўша бетакрор қиз эди.

Каупервуд Батлернинг ўзига хос хона-идорасига кириб келганда, каминда олов ёниб турарди. Батлер меҳмонни камин олдидаги чарм қопланган чуқур креслога қулай ўтириб олишга таклиф қилди ва уни тинглашга ҳозирланди.

– Ҳа-а, осон нарса эмас экан! – Каупервуд гапини тугатганда, деди у. – Ахир сиз бу нарсаларни мендан яхши роқ тушунасиз. Сизга маълумки, мен финансист эмасман, – Батлер ўзини оқлаётгандек жилмайиб қўйди.

– Мен биладиган ягона нарса шуки, бу таъсир ўтказиш ва ҳомийлик қилиш билан бўладиган иш, – гапида давом этди Каупервуд. – “Дрексель энд Компани” ва “Кук энд компани”ларнинг Гаррисбергда ҳомийлари бор. Шаҳарда ҳам уларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган ўз одамлари етарли. Штатнинг бош прокурори ва ғазначиси билан улар жуда яхши муносабатда. Мен ўз хизматимни таклиф қилиб, ҳатто заёмларни тарқатишни бўйнимга олсам ҳам, бу ишни барибир менга топширишмайди. Бу нарса бир марта бўлгани йўқ. Дўстларимнинг қўллаб-қувватлаши, таъсир ўтказа олишидан кўнглим тўқ бўлиши керак. Бу ишлар қандай қилинишини яхши биласиз-ку…

– Агар кимга мурожаат қилиш кераклигини билсангиз, бу ишлар жуда осон ҳал қилинади. Масалан, Жимми Оливерни олайлик – озми-кўпми, унинг ҳамма нарсадан хабари бор.

Жимми Оливер ўша пайтда округ прокурори бўлиб, вақти-вақти билан Батлердан қимматли маслаҳатларини аямасди. Бахтли тасодифга кўра, у ҳали ҳам штатнинг ғазначиси билан дўстона муносабатда экан.

– Сиз заёмнинг қанчасини мўлжаллаяпсиз?

– Беш миллионини.

– Беш миллион?! – Батлер ўтирган жойида қаддини ростлади. – Йигитча, нималар деяпсиз? Ахир бу жуда катта пул! Шунча кўп облигацияни қаерга ўтказасиз?

– Мен беш миллионга ариза бераман, қўлимга эса фақат бир миллионлик қимматли қоғоз оламан, – юмшоқлик билан Батлерни тинчлантирди Фрэнк. – Бундай талабнома фақат обрўимни кўтаради, обрў эса бозорда қадр-қийматга эга.

Батлер енгил хўрсиниб, креслога суянди.

– Беш миллион?! Обрў?! Сиз эса фақат бир миллион хоҳлаяпсизми? Майли, бу бошқа гап! Очиғи, бу ёмон фикр эмас. Аслида бу пулни топа оламиз.

Батлер кафти билан иягини силаб қўйиб, каминдаги оловга тикилди.

Каупервуд шу куни кечқурун Батлерларникидан кетаётиб, у алдамаслигига ва бу иш учун ўзининг бутун техникасини ишга солишига шубҳа қилмаётганди. Бир неча кун ўтиб Батлер уни шаҳар ғазначиси Жулиан Боуд билан таништирганида у ҳайрон бўлмади ва бу нимани англатишини тушунди. Боул эса Каупервудни Ван-Ностренд штати ғазначиси билан таништириш ва иши ижобий ҳал бўлишини шахсан кузатиб туришга ваъда берди.