banner banner banner
Сармоядор
Сармоядор
Оценить:
 Рейтинг: 0

Сармоядор


– Шундай ишларни бажара олар экансиз, бу ерда кўп қолиб кетмайсиз…

Тез орада Фрэнкни кўплаб маклерларнинг конторалари ва биржада танийдиган бўлишди. У ўз хўжайинлари учун маҳсулотлар қолдиқларини, тасодифан чиқиб қолган керакли моллар партияларини сотиб олар, янги мижозлар топар, ортиқча молларни кутилмаганда чиқиб қолган харидорларга майда партиялар билан ўтказиб, йўқ қиларди. “Уотермен энд Компани” савдо уйининг эски ўзанида янги булоқ отилиб чиққанди. Энди мижозларга жуда яхши хизмат кўрсатилаётган, Жорж савдони жонлантириш учун Фрэнкни қишлоқларга юборишни талаб қилар, йигитча энди тез-тез шаҳардан ташқарига қатнарди.

Рождество байрамидан сал олдин Ҳенри Уотермен акасига:

– Каупервудга байрамга яхши бир совға қилиш керак, – деди. – Ахир у маош олмайди-ку. Нима дейсан, беш юз доллар етармикин?

– Ҳозирги пайтга нисбатан бу жуда катта пул, аммо у шунга лойиқ хизмат қилди. Шубҳасиз, бу йигит умидимизни ортиғи билан оқлади. У худди фақат шу иш учун яратилганга ўхшайди.

– Унинг ўзи бу ҳақда нима деяпти? У хурсандми, эшитмадингми?

– Менимча, унинг ўзи жуда хурсанд. Ўзинг ҳам уни мендан кам кўрмаяпсан. Демак, келишдик – беш юз доллар берамиз. Вақти келиб уни ишимизга шерик қилиб олсак бўлади. Унинг ҳақиқий тижоратчилик қобилияти бор. Бу пул ҳақида буйруқ чиқариб, иккаламизнинг номимиздан унга яхши гап айтиб қўй.

Фрэнк рождество байрами олдидан барча ишларини тартибга солиб кетиш учун қоғозларини кўриб ўтирганида, Жорж Уотермен унинг столи олдига яқинлашди.

– Ҳали ҳам ишлаб ўтирибсизми? – сўради у кўзни оладиган газчироқ олдида тўхтаб. Ташқарида қоронғи тушган, ойналарга қиров қўнганди.

– Шунчаки, уйга кетиш олдидан баъзи нарсаларни кўздан кечириб чиқаётгандим, – жилмайиб жавоб берди Каупервуд.

– Шу ярим йил ичида қандай ишлаганингиздан жуда хурсандмиз. Сизга қайсидир йўл билан ўз миннатдорлигимизни изҳор қилишимиз керак. Биз мукофот сифатида беш юз доллар беришга қарор қилдик. Келаси йилдан эса сизга ҳафтасига ўттиз доллардан доимий маош ажратамиз.

– Жуда миннатдорман, – севиниб жавоб берди Фрэнк. – Бундай маошга умид ҳам қилмаётгандим. Бу кутганимдан ҳам ортиқ. Ахир кўп нарсани сизларда ишлаб юриб ўргандим.

– О, буни эслатишга ҳожат йўқ. Сиз бу пулга муносибсиз ва бу ерда истаганингизча қолишингиз мумкин. Биз ёнимизда эканлигингиздан доим хурсанд бўламиз!

Каупервуд одатдагидек самимийлик билан чин дилдан жилмайди. Ўзининг хизматлари тан олиниши унга жуда ёқиб кетганди. Қувноқ, доим жилмайиб турадиган, инглиз мовутидан яхши тикилган костюм кийган бу йигитга қараш ёқимли эди.

Кечқурун уйига қайтаётиб, Фрэнк ўзи ишлаётган бу жойнинг қандайлиги ҳақида ўйлаб кетди. Олган мукофоти ва ваъда қилинган маошга қарамай, у ишида кўп қолмоқчи эмасди. Ака-ука Уотерменлар ундан миннатдор эдилар – бунинг нимаси ажабланарли? У ҳаракатчан хизматчи эди ва буни ўзи ҳам яхши биларди. Ўзини майда хизматчилар қаторида кўриш унинг хаёлига ҳам келмасди, аксинча, вақти келганида бу одамлар унга ишлашади. Унинг ҳаётга нисбатан бу қарашларида на ғазаб, на омадсизликка учрашдан қўрқув бор эди. У ўз хўжайинларига ишбилармонларнинг маълум бир вакиллари сифатида қарарди. У худди катталар боласининг камчиликларини кўргандек, хўжайинларининг нозик томонларини ҳам, нуқсонларини ҳам яққол кўриб турарди.

Тушликдан сўнг дўсти Маржори Стэффорднинг олдига боришга ҳозирланаркан, йигит отасига мукофот пули ва ваъда қилинаётган маош ҳақида айтди.

– Қойил! – хурсанд бўлиб кетди катта Каупервуд. – Сен кутганимдан ҳам ортиқ даражага эришяпсан. У ерда ишлашда давом этмоқчимисан?

– Йўқ, узоқ қолмайман. Келаси йили у ердан кетаман.

– Нега?

– Мени бу иш жуда қизиқтирмаяпти. Ёмон иш эмас, лекин мен кучимни фонд биржасида синаб кўрмоқчиман. Шу менга қизиқроқ.

– Хўжайинларингни бу ҳақда олдиндан огоҳлантириб қўймаслик адолатдан эмас, деб ҳисобламайсанми?

– Асло. Мен уларга барибир керакман, – кўзгу олдида турганча бўйинбоғини тақиб, сюртугини тўғрилар экан, жавоб берди Фрэнк.

– Бу ҳақда онангга айтдингми?

– Йўқ, ҳали. Ҳозир бориб айтаман.

Йигит онаси ўтирган хонага кириб, унинг нозик елкаларидан қучди:

– Ойижон, топинг-чи, сизга нима демоқчиман.

– Хўш, нима экан, – деди аёл ўғлининг кўзларига меҳр билан қараб.

– Бугун беш юз доллар мукофот пули олдим, келаси йилдан эса менга ҳафтасига ўттиз доллар маош белгилашди. Рождествога сизга нима совға қилай?

– Наҳотки? Жуда зўр-ку, ўғлим! Беҳад хурсандман! У ерда сени яхши кўришса керак-а?! Кап-катта йигит бўлиб қолганингни қара!..

– Хўш, рождествога нима совға қилай?

– Ҳеч нарса. Менга ҳеч нарса керак эмас. Сиз, азиз болаларим борлигининг ўзи етади.

Фрэнк жилмайди:

– Майли, сизнингча бўла қолсин: ҳеч нарса бўлмаса, ҳеч нарса.

Бироқ онаси ўғли унга, албатта, нимадир олишини биларди. Чиқиб кета туриб Фрэнк бир дақиқа эшик олдида ушланиб, синглисини қучоқлаб қўйди, онасига кеч қайтишини айтиб, огоҳлантирди ва Маржорининг олдига шошди, чунки уни театрга олиб боришга ваъда берганди.

– Сенга рождествога қандай совға қилсам экан, Маржи? – нимқоронғи йўлакда қиздан бўса олар экан, сўради йигит. – Бугун беш юз доллар мукофот олдим.

Эндигина ўн бешга кирган беғубор қиз на айёрликни, на тамагирликни биларди.

– Вой, бу нима деганинг, менга ҳеч нарса керак эмас…

– Ҳеч нима керак эмасми? – такрорлади йигит ва қизни белидан қучаркан, лабидан бўса олди. Оҳ, бу дунёда ўзингга йўл очиш, ҳаётдаги ҳамма нарсадан завқланиш қандай яхши!

5

Кегалнасиид айнилсўннигн голоткит яборйьўотйиибд, аФ–р эўннк снаокнк-икзогмаитсўсилон иши унга тўғри келмаслигига (Уотерменлар компаниясидаги ҳолатдан келиб чиқиб) тўлиқ ишонч ҳосил қилиб, бу фирмадан кетишга ва “Тай энд Компани” банкирлик конторасига ишга киришга қарор қилди. У жаноб Тай билан “Уотермен энд Компани”нинг ташқи савдо-сотиқ ишлари бўйича агенти сифатида танишган ва Тай шу заҳотиёқ бу йигитга қизиқиб қолганди.

“Хўжайинларингизнинг иши қандай кетяпти?” – баъзан кўнгилчанлик билан сўраб қоларди у. Ёки “Қалай, вексель портфелингиз катталашяптими?” – дерди қизиқиб.

Мамлакат бошидан оғир кунларни кечирарди, қимматбаҳо қоғозларнинг кўплаб чиқарилиши, қулдорликка қарши тарғибот ва бошқа нарсалар туфайли одамлар келажакдан хавотирда эдилар. Тайнинг наздида – сабабини ўзи ҳам тушунтириб бера олмасди – бу йигит билан шу кунги муҳим масалалар тўғрисида гаплашса бўладиганга ўхшаб туюларди: бу нарсаларни тушуниш учун йигит етарли даражада улғаймаган, бироқ унинг ақли ҳар балога етади.

– Миннатдорман, жаноб Тай, ишларимиз ёмон эмас, – деб жавоб берарди одатда ёш Каупервуд.

– Мана кўрасиз, – деди бир куни Тай йигитга, – агар қулдорликка қарши тарғибот тўхтайвермаса, биз ҳали тоза ёмон кунларни бошдан кечирамиз.

Айни шу пайтда штатда келгинди бир кубаликка тегишли қулни эгасидан тортиб олиб, озод қилиб юбо ришганди, чунки Пенсильваниянинг қонунлари бўйича штат ҳудудида бўлган ҳар бир қора танли, ҳатто бу ердан ўтиб кетаётган бўлса ҳам, озод бўларди. Бу воқеа халқ орасида анча шов-шувга сабаб бўлди, бир нечта одам қамалди, газеталар шовқин-сурон солди.

– Жануб одамлари бундай нарсаларга чидаб ўтиришига ҳеч қачон ишонмайман. Бу воқеа бизнинг ишларимизни ҳам чалкаштириб юборади ва, айтиш мумкинки, бошқа тармоқларда ҳам шундай бўлади. Гапимни эслаб қолинг: биз жанубий штатларнинг ажралиб чиқишига олиб келамиз, – жаноб Тай бу гапни сезилар-сезилмас ирландча талаффуз билан айтди.

– Ҳа, шунга қараб кетяпти, – хотиржам жавоб берди Каупервуд. – Ва ҳеч нарса қилиб ҳам бўлмайди. Қора танлилар албатта, бу ҳаяжонланишларга арзимайди, бироқ уларнинг фойдаларига тарғибот ишлари давом этаверади. Ҳиссиётга бой инсонлар яна нима қилсин? Бу Жануб билан савдо ишларимизга жуда кучли зарар келтиради.

– Мен ҳам шундай деб ўйлайман, ҳамма шунақа деяпти ўзи.

Ёш Каупервуд кетгандан сўнг ҳам жаноб Тай бошқа мижозга қарар экан, ўзини молия ишларидаги чуқур билими билан қойил қолдирган йигитни тез-тез эсга олиб турарди.

“Агар у иш жойини ўзгартиришни ўйлаб қолса, мен билан ишлашни таклиф қиламан”, – дея аҳд қилди у ва бир куни яна Фрэнкни учратганида: “Ўз кучингизни биржада синаб кўришни хоҳламайсизми? Менга ёш ходим керак, ишчиларимдан бири бўшаб кетяпти”, – деди.