banner banner banner
Бепарво бўлмоқчиман
Бепарво бўлмоқчиман
Оценить:
 Рейтинг: 0

Бепарво бўлмоқчиман


Хотин, илоё кетгани рост бўлсин, дея бир коса сувни кўча эшикнинг бўсағасига қуйиб келди.

Эрталаб, кўча эшик тақиллаб қолди. Кимдир эшикни синдиргудек бўлиб урарди.

– Қаранг – чи, болам, – дедим ўғлимга, қайси бефаросат экан.

Отабек дарвозахонага бордию қайтиб келди.

– Бир аёл сизни сўраяпти дада.

Галстукни чала боғлаб, эшикка чиқдим. Қишлоқча кийинган ориққина бир аёл, қора – қура тўрт болакай. Кенжатойи онасининг қўлида, қолганлари ер тепиниб туришибди.

– Кечирасиз, акамулло, – деди аёл ийманиб, – биз Сахобадан келувдик. Бизнинг хўжайин шу ерда эмасми?

Дарров миямга урди. Бир куни Бўтақўзи, “Болаларни ҳам чақирдим. Беш олти кун Тошканни айланиб, музқаймоқ еб кетишсин” дегандай бўлувди. Отасининг изидан келишибди– да…

– Марҳамат қилсинлар, хуш кўрдик!– деб эшикни очдим. Болалар суваракдай ҳовлига отилди. Мен ҳам лабимда ханда, тилимда хиргойи билан ичкарига зинғилладим:

– Қарғалар учса қарайлик Марғилоннинг йўлига! Суюнчи беринг, хоним, меҳмонлар келди!…

ҲУРМАТЛИ ЎРТОҚ РАФИҚАМ

Ўттиз ёшимгача умрим қиз танлаш билан ўтди. Бирини ориқ, деб унамадим, бирини семиз деб. Биттасининг қадди – қомати ёқса, қилиғи ёқмайди, қилиғи ёқса, қадди– қомати.

Бир куни онам уришиб берди:

– Ўўв! Бирини ўпоқ дейсан, бирини сўпоқ. Кимни оласан ўзинг, осмондаги ойни оласанми?

– Бизга аталгани ҳам тургандир, – дедим эснаб.

Мени бўйдоқлар оламидан Ҳабибахон қутқариб қолди. У ҳам институтдан кейин ишга шўнғиб кетибди– ю, эрга тегишга вақти бўлмабди. Қараса, дугоналари шўрпешона йигитларнинг бахтини битта – битта очиб кетаётганмиш. Ҳабибахон ҳам, ке, жамият олдидаги бурчимни бажарай, дебди–ю, менга тегиб олибди. Шундоқ қилиб, бизникида ҳам “келин” сўзи ишлатиладиган бўлиб қолди.

Бурунги замонда “келиннинг оёғидан” деган гап бўларди. Менимча бу гап эскирди. Энди уни “куёвнинг оёғидан” деб ўзгартириш керак. Нега дейсизми? Мана, қулоқ солинг. Менга тегмасдан олдин Ҳабибахон бир лойиҳа институтида шунчаки инженер экан. Ҳовлимиздаги тўйқозонлар совимасдан лип этиб бўлим бошлиғи бўлиб олди. Яна олти ойдан кейин директорнинг биқинига кириб, ёрдамчисиман, деб ўтирибди. Шу кетиши бўлса, бир–икки йилда директорнинг ўрнини ҳам эгаллашдан тоймасди–ю, билмай ҳалақит бериб қўйдим. “Ассалому алейкум!” деб ўғлим Ҳикматилло туғилди.

Ўғлим деворга суянмай, алпанг–талпанг юра бошлаган кезлар эди. Бир куни хоним оқ балиқдай ўйноқлаб кириб келдилар. Пальтосини ечиб отиб юборди– ю, тўғри келиб бўйнимга осилди. Ҳикматилло туғилгандан бери онда– сонда бўлмаса, хотин мени ўпмай қўйган эди. Нуқул боласини ялаб–юлқайверарди. Бу сафар соғ жойим қолмади. Юз–кўзим аралаш чўлпиллатиб ўпаверди…

– Ҳўв, бўлди, хотин, саккизинчи мартга узоқ! – дедим ғашим келиб.

Ҳабибахон икки қўлимдан маҳкам ушлади. Никоҳ кечасидагидек кўзларимга ажиб бир меҳр билан тикилди.

– Мени табрикланг, адаси! – деди энтикиб. Институтга бош инженер бўлдим!

Диванга шилқ этиб ўтириб қолдим.

– Мени қўяверинг, ҳеч бўлмаса анави норасидани ўйламайсизми? – бир бурчакда чўнқайиб ўтирган Ҳикматиллони кўрсатдим. – Алла айтишни энди ўрганувдим, колготкани қандоқ юваман?

– Ташвиш тортманг, – деди хоним,– Ўзим телефонда маслаҳат бериб тураман.

Хотин пинжимга кириб, суйкалди.

– Нима қилай, адаси, вазиримиз қўймади. Тажрибангиз бор, беш– олти йил ишлаб берасиз, деб туриб олди. Ҳикматиллони яслига берамиз. Ҳа, айтганча, мен сизга ажойиб бир нарса олиб келдим.

Хоним ирғиб туриб, “Ажойиб нарса”ни кўрсатди. “Уй бекаларига маслаҳат” деган китоб экан. Энсам қотиб варақладим. Биринчи бетда менга ўхшаган рангпаргина йигит боласига шишадан сут эмизиб турибди. Тагига: “Аёлларни эҳтиёт қилинг!” деб ёзиб қўйилибди. Китобни отиб юбордим.

Шундай қилиб бир йилча бош инженернинг эри бўлиб юрдим. Кейин… даҳшатли воқеа юз берди. Хотин лоп этди– ю, кўтарилиб кетди. Яна денг, жой қуригандай, келиб– келиб мен ишлайдиган институтга директор бўлди. Сочимни чангаллаб қолавердим.

Кечқурун Ҳикматиллони ухлатиб қўйиб, хотин билан дўстона, самимий суҳбат ўтказдик. Аризам тайёр эди, тап эткизиб олдига ташладим.

– Мана, ўртоқ директор, қўл қўйсинлар, мен ишдан бўшадим!

Хотин аризани ўқиб кулди.

– Нима бўлди, Роҳатилло ака?

– Мен сиз билан ишлашни хоҳламайман, тамом!

– Мен ҳам қўл қўёлмайман, – деди хотин керилиб. – Биринчидан, бунақа нарсаларни идорада гаплашамиз. Иккинчидан, местком билан маслаҳатлашишим керак. Бошлиғингиздан сўрашим керак. Сизни яхши инженер дейишади.

– Қўл қўймайсизми?

– Йўқ.

– Унда эртадан бошлаб ишга чиқмайман.

– Ишга чиқмасангиз прогул ёздириб қўяман. Кейин ҳайфсан беришади.

Жон ҳолатда Хабибахонни қўлларига ёпишдим.

– Менга қара, Хабиб, – дея сенсирашга ўтдим. – Мен қандоқ қилиб ўз хотинимни директор опа, дейман. Сенга қуллуқ қилиб турсам ярашадими? Оғайниларим билиб қолса, нима дейди? Қалай директорнинг этагидан ушлаб юрибсанми, деб аския қилишади– ку! Яхшиликча менга жавоб бер, онаси.

– Тилингиз маҳкам бўлса, ҳеч ким сезмайди. Менга хушомад қилманг. Ишингизни виждонан бажариб юрсангиз, ғиринг демайман. Опа дейишга тилингиз бормаса, Хабиба Шомуродовна денг.

Чидамай кулиб юбордим.

– Ҳа… Ҳабиба– хон Шо– муродов– на! Жуда ғалати эшитилар экан. Ўртоқ Шомуродовна, каминангизнинг оғиз бўшлиқлари қуриб кетди, чой ичиш масаласини ижобий ҳал қилсак, деган таклифим бор эди…

Хотин ҳазилимни тўғри тушуниб, ўрнидан турди.

– Ҳозир чой дамлайман. Роҳатилла ака, бир нарсани келишиб олайлик. Идорада бир– биримизни танимаймиз. Сиз ходим, мен директорман. Уйга келганда майли, нима десангиз розиман. Ҳайми?

Эрталаб эшикка оқ “Волга” келди. Ҳабибахон, чиқасизми, дегандай имо қилди. Мен бош чайқадим. Хотиннинг чўнтагини қоқиштириб майда пулларини олдиму автобусга қараб кетдим.

Одатдагидек ишга ярим соат кечикиб келдим. Директорнинг кабинетида мажлис экан. Секин кириб пойгакка ўтирдим. Ҳабибахон мени кўрди– ю, ўзини кўрмаганга олди.

Нима қилар экан, деб яна уч– тўрт кун атай ишга кечикиб бордим. Ниҳоят, директор чақиртирди. Қийшайиб кириб бордим. Местком раиси, бухгалтеримиз, яна икки киши ўтирибди.

– Келинг, ўртоқ Асқаров, – деди Ҳабибахон чимирилиб, – ўтиринг.

Қайсарлигим тутиб ўтирмадим, тикка туравердим. Местком собиқ улфатимиз эди, мени ёқлади. Бухгалтеримиз – бадбашара, бева хотин табелдан ўчириш керак, деб туриб олди, хуллас, оғзаки ҳайфсан билан қутилдим.