banner banner banner
Аслингиздек бўлишга тайёрмисиз?
Аслингиздек бўлишга тайёрмисиз?
Оценить:
 Рейтинг: 0

Аслингиздек бўлишга тайёрмисиз?


Иккинчидан, Ер – Улуғ Аллоҳнинг Қаламида битилган режаси. Инсонлар жазони ўташ учун Ерда дунёга келмайдилар. Аллоҳ ҳали Ерни яратмасдан бурун, унда ўсимлик, дарахтлар, ҳайвонларни яратмасдан, осмонлардаги фаришталар ва ердаги жинларни яратмасдан туриб, бизни Ерда яшашимизни Ўз Қаламида битган. Аллоҳ Ерни биз инсонларни муносиб ҳаёт кечиришимиз учун яратди. Қуръонда Аллоҳ Одам атони ва унинг авлодларини улуғ қилиб яратганини таъкидлайди: “ Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини азиз ва мукаррам қилдик” (Исро сураси,70-оят). Олимларнинг таъкидлашича, Одамнинг Ерга тушиши жазо эмас. Одам Ерда маълум бир муддат муносиб ҳаётни ўтаганидан сўнг, абадий жаннатга боради, иншаллоҳ. Лекин шайтоннинг Ерга тушиши ва Аллоҳ томонидан лаънатланиши унинг учун жазо эди. У Аллоҳнинг раҳматидан, марҳаматидан юз ўгирган эди.

Ман қилинган дарахт – бу бир тимсол, нафс тимсоли. Биз инсонларнинг Аллоҳга итоат этмаслигимизнинг тимсоли, Аллоҳ ман қилган ишларнинг тимсоли. Адолатсизлик тимсоли. Аллоҳнинг ҳар биримизнинг тепамизда Қойюм бўлиб турганини унутиш сабабидан юзага келган адолатсизлик тимсоли! Шайтоннинг эса Аллоҳ ман қилган ишларини бизга яхши қилиб кўрсатиб қўйганлигининг тимсоли. Бизнинг Ердаги ҳаётимиз учун синов тимсоли. Дарҳақиқат: “Токи сиз Ердаги ҳаётингизни муносиб ўтамагунингизча, жаннатни қўлга кирита олмайсиз”. Аллоҳ ман қилган ишларни қилмаслик, зулм, адолатсизлик қилмаслик – бу ҳам ҳидоят йўли. Шунинг учун ҳам Аллоҳ бизларни огоҳлантириб: “ Мендан келган ҳидоятга ким эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас”, деб айтади (Тоҳо сураси, 123-оят).

Ердаги ҳаётни ўташ, бу худди Навоий асаридаги қушлар кабидир. Кимдир манзилга интилади, жахт қилади, кимдир эса истамай қолиб кетади. Танлаш ҳуқуқи эса ўзимизга берилган.

Шундай қилиб, Одам ато билан момо Ҳавво Ерга тушадилар. Одам ато Ҳиндистон томонлардаги Цейлон оролларига, момо Ҳавво эса Жидда томонларга тушадилар. Одам ато билан онамиз Ҳавво икки юз йил бир-бирларини қидиришади, икки юз йил Аллоҳга тавба қилишади. Айтишларига қараганда, Довуд алайҳиссалом ҳам жуда кўп йиғлаган эканлар. Уларнинг тўккан кўз ёшлари бутун ер юзи аҳлининг тўккан кўз ёши билан баробар бўлган экан. Одам алайҳиссаломнинг эса тўккан кўз ёшлари Довуд алайҳиссалом билан ер юзи аҳлининг тўккан кўз ёшларига ҳам тенг келмаган экан. Шу даражада кўп йиғлаган эканларки, ҳаттоки уларга қўшилиб, Жаброил алайҳиссалом ҳам йиғлаган эканлар.

Жуда ҳам кўп тавба қилиб, фиғон чеккан эканлар. Жаброил алайҳиссалом улардан нима учун бунчалик кўп йиғлайсиз, деб сўраганларида Одам алайҳиссалом: “Қандай қилиб йиғламай, ахир Аллоҳ мени малаклар оламидан хорлик ерига туширди, абадий яшайдиган жойдан вақтинчалик яшайдиган жойга туширди, неъматлар тўла жойдан, йўқчилик юртига туширди, Мен бу мусибатларни қандай қилиб тузатишим мумкин”, деб яна йиғлайдилар.

Ва ниҳоят, Аллоҳ Одам алайҳиссаломнинг тавбаларини қабул қилади. Аллоҳнинг буйруғига кўра Жаброил алайҳиссалом Одам алайҳиссаломни Ҳиндистондан Арабистон томонларга олиб бориб қўядилар. Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Одам алайҳиссалом Арофат водийсида онамиз Ҳавво билан учрашадилар. Аллоҳ уларнинг гуноҳини кечирган эди. Одам алайҳиссалом ва момо Ҳавво Аллоҳнинг буйруғига кўра ҳаж амалларини бажаришади. Шунинг учун ҳам ҳаж амалини бажараётган мусулмонлар ҳар йили зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Одам алайҳиссалом ва момо Ҳавво учрашган жойда Арофат водийсида тикка туриб Аллоҳдан мағфират сўрашади, ўнинчи кунини эса Аллоҳ Одам алайҳиссаломни кечирган кун, гуноҳимизни кечирди, деб байрам қилиб нишонлашади. Мусулмонларнинг ҳайит байрамлари ана шу қисса билан боғлиқ.

Одам алайҳиссалом қиссаси Одам боласи учун ниҳоятда ибратли. Биз бу қиссани қисқача айтиб ўтдик, холос.

Шундай қилиб, Одам алайҳиссалом билан онамиз Ҳавво бирга яшай бошлайдилар, фарзандлар кўришади, фарзандлар кўпаяди. Авлоддан-авлодга, наслдан-3наслга ўтиб, Ер юзида уларнинг авлодлари – биз инсонлар то ҳозирги кунгача давом этиб, кўпайиб яшаб келмоқдамиз.

Иблис эса Одам алайҳиссалом яратилганидан бош лаб, то ҳозирги кунгача инсониятнинг душманига айланиб қолди. Унинг олдига қўйган ўз программаси бор: ман қилинган “дарахт мевасидан” Одам авлодларига едириш. Неча ўн минг йиллар давомида нафақат одамларнинг ўзаро муносабатидаги адолатсизлик, ҳасадгўйлик, адоват, кибр, манманлик, риё, ёлғон, ўғрилик, порахўрлик, ҳаром-хариш ишлар, жиноят, балки ҳозиргача давом этаётган катта-катта урушлар, қон тўкилишлар аслида ана шу иблиснинг онт ичиб битиб қўйган дастури – фитнасининг амалга ошираётганидир. Демак, шундай хулоса қилишимиз мумкин: Иблиснинг ўз Программаси бор: Одамга душманлик қилиш учун “ман этилган дарахт” мевасига одамзодни қизиқтириб қўйиш, ейишга ундаш.

Биз Иблиснинг Программаси – ўзидан улуғ қилиб яратилган Одамни ўз ҳақиқатидан адаштириш, одамни тубанлашириш эканлиги ҳақида иншааллоҳ, яна суҳбатлашамиз. Лекин, Одамнинг ҳақиқати нимада?

IV. ОДАМНИНГ ҲАҚИҚАТИ ҲАҚИДА ТАФАККУР

Иймоннинг кучи

“Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга хушхабар берингки, улар учун жаннатда остиларида анҳорлар суви оқиб турувчи боғлар бордир… Улар у ерда абадий қолувчилардир” (Бақара сураси, 25-оят).

Аллоҳ иймон келтирган ва солиҳ ишлар қилган одамларга жаннатдан хушхабар бераяпти. Солиҳ ишлар нима эканлигини ҳар қалай тушунамиз. Лекин, биз иймон келтириш нима эканлигини, иймоннинг ўзини қанчалик англай оламиз?

Мазҳабларнинг тўрт имомлари иймон – бу Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг расули эканлигига қалбинг билан ишониб, тилинг билан тасдиқлашингдир”, деб уқтирганлар. Лекин ҳамма вақт ҳам тилимиз билан айтган гапларимиз ёки қилаётган ишларимиз қалбимиздаги Аллоҳга бўлган ишончни қанчалик тасдиқлаб туради?

Атоқли адиб Л.Н. Толстой ўзининг “Ҳаёт йўли” китобида: “Мен ҳеч нарса билмайдиган, чек-чегараси, боши ва охири бўлмаган бу дунё ўзи нима?! Бу ҳаётдаги менинг тириклигим нима маънони беради ва мен бу ҳаётни қандай тарзда яшаб ўташим керак?” деган саволни қўяди ва: “Фақат кучли иймонгина ана шу саволларга жавоб бера олади” деб ўзи шу саволларга жавоб қайтаради.

Менинг ҳаётим маъносига қандай қилиб кучли иймон жавоб бериши мумкин? Бу дунёдаги менинг тириклигимнинг маъносига иймоннинг қандай алоқаси бор? Менинг бу дунёдаги ҳаётимда, қандай яшашимга иймоннинг – кучли иймоннинг қандай алоқаси бор? Кучли иймон нима? Қандай қилиб ўзим ҳақимдаги саволларга мен ўзим эмас, мендаги кучли иймон жавоб бериши мумкин? Иймон ўзи нима? У қаерда ? Иймоннинг ҳам кучли, кучсизи бўладими? Умуман, иймоннинг мен учун қандай аҳамияти бор? Иймон келтириш нима? Нима учун Аллоҳ “иймон келтириб, солиҳ амал қилганларга” жаннатни ваъда қилаяпти? Жаннат ҳақида биз ҳозирча, Одам алайҳиссаломнинг яратилган жойлари, Навоий асаридаги қушларнинг қийинчилик билан, машаққат чекиб етиб борган манзилини тушундик. Жаннат – Аллоҳнинг манзилимикан? Агар бу манзилга иймон келтириш, солиҳ амал қилиш билан бориладиган бўлса, бу инсон учун жуда осон иш эканку?! “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадан Расулуллоҳ” – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, у бир, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Унинг Расули, пайғамбари”, деб иймон келтирдик, ишондик, бўлди. Буни ҳеч қандай қийин жойи йўқ экан. Бўлди, борадиган жойимиз тайин – жаннат! Аслида эса шундаймикан?

Биз ҳали Руҳлар оламида эканлигимизда, бу дунёга келмасимиздан аввал Аллоҳга: “ Сен бизнинг Роббимизсан! Фақат Сенга итоат этамиз”, деб ваъда берган бўлсак, демак, биз аллақачон иймон келтириб бўлган бўламиз, шундайми? Унда нега Аллоҳ “ иймон келтирган, солиҳ амаллар қилган бандаларимга ҳушхабар беринг”, деяпти? Аллоҳ биздан нимани талаб қиляпти? Нима қилишимизни истаяпти? Якка-ёлғиз Аллоҳнинг борлигига шундоқ ҳам ишонсак, иймон келтирган бўлсак… Балки шунинг ўзи етарлидир.

Лекин шуниси ажабланарлики, Иблис ҳам Аллоҳнинг борлигига, якка Ўзи илоҳ эканлигига ишонган, иймон келтирган. У Аллоҳга, Унинг Қудратига иймон келтирган эди! Узлуксиз тоат-ибодатда бўлган эди! Лекин у иймон келтирган бўлса ҳам Аллоҳнинг лаънатига учради, Аллоҳ унга жаҳаннамни ваъда қилди. Нима учун бундай бўлди? Унинг келтирган иймони, тоат-ибодати қаерга кетди?

Ҳа, тақводор Жиннинг иймони бор эди, тоат-ибодатда эди. Унда иймон бор эди! Лекин у ўзини ҳаммадан ҳам афзал, деб билди. Ҳатто фаришталар ҳақида “Аллоҳ уларга ихтиёр ато этмаган, менга эса берган”, деб ўзини улар билан таққослади. Унда кибр бор эди. Одам яралгандан сўнг шайтоннинг аҳволига эътибор беринг: у энди Аллоҳни эмас, ўзини ўйлай бошлади: Наҳотки, Аллоҳ ундан афзалроқ махлуқни яратмоқчи?! Унинг назарида ундан афзали йўқ эди. Шунинг учун ҳам Одамни ундан афзал қилиб яратганлиги унга ёқмади. Дилида ҳасад уйғонди, кибр, “мен”лик устунлик қилди. “Чегарада” турган иймони эса кибр, ҳасад олдида кучсизлик қилди. Иймон суст бўлгани учун кибр, ҳасад бутун кўнглини эгаллаб олган эди. Натижада у Иблисга айланди. У мунофиқлик қилган эди. Астағфируллоҳ!

Иблиснинг кўнглидан кечган ва кўнглини эгаллаган нарса биз инсонларнинг ҳам кўнглимиздан кечади. Биз шуни яхшилаб билиб олишимиз керак. Агар иймонимиз “чегарада ухлаб қолса” иблис кўнглида ўрнашган нарса бизнинг ҳам кўнглимиздан жой олади, шундан сўнг “мен”лик қарор қабул қилишни бошлайди. Инсон шу тарзда ўзининг асл моҳиятини йўқота бошлайди, шайтон кўрсатган йўлни тута бошлайди, астағфируллоҳ! Шунинг учун кучли иймон ҳам, кучсиз иймон ҳам инсон ҳаётининг маъносини у ёки бу тарзда белгилаб беради.

Баъзи бир Худога ишонмайдиган одамлар у ёқда турсин, ҳаттоки ислом арконларини бажариб намоз ўқиб, рўза тутиб юрган одамлар орасида бир-бирига ҳасад қиладиган, ёмонлик қиладиган, фитна уюштирадиган, уриш-жанжаллар кўтарадиган одамлар бор. Бундай одамлар қалбларидаги иймонларига қулоқ солмайдилар, улар ўз “мен”ликлари йўлида шу ишларни қиладилар. Чунки чегарада турган иймон ухлаб қолган, суст…

Ҳозир қўлига қурол олиб, ўзга юртларда бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиб, юртни вайрон, уруш оловини ёқиб юрганлар ҳақида нима дейсиз? Ёки кўчаларда тинч юрган одамларга ўқ отиб, машина билан босиб кетиб ўлдиришларига, ёки черковлар, мачитларни ўққа тутишларига нима дейсиз? Улар Аллоҳнинг номини тилга олиб қотиллик қилишаяпти! Улар ҳам Аллоҳнинг биру борлигига иймон келтиришаяпти-ку?! Кўчада юрган тинч, бегуноҳ одамлар уларга нима ёмонлик қилган эди? Наҳотки Аллоҳнинг борлигига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг расуллигига иймон келтирганлар мусулмонман, деб бемалол қотиллик қилаверишса? Улар у дунёдаги абадий ҳаётдан ҳам бохабарлар-ку? Мунофиқларни кутадиган жазо нима эканлигини ҳам билишади-ку?! Аслида иймон уларни мана шу гуноҳ ишлардан қайтариши керак эди. Лекин қайтармади. Улар мублисун бўлиб иблиснинг лашкарига айланишди! Нима учун? Муаммо нимада?

Муаммо – тафаккур қилмасликда! Биз Аллоҳга, Унинг борлигига иймон келтирамиз, Аллоҳ бор, деймиз; пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг Расули эканлигига иймон келтирамиз, лекин ўзимиз Аллоҳнинг Илоҳий Зотини танимай туриб, Унинг 99 та исми сифати қандай кучга, сифатга эга эканлигини билмай туриб Аллоҳнинг борлигига иймон келтирамиз. Аллоҳни “қаёқлардадир” бор, деб ўйлаймиз. Лекин олаётган ҳар бир нафасимиз илоҳий – Аллоҳ билан боғлиқ эканлигини билмаймиз, тафаккур ҳам қилмаймиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарлигига иймон келтирамиз. Лекин У зотнинг сийратларини танимаймиз, у зотга юклатилган вазифа ортида ўзимиз турганлигимизни, Пайғамбар йўлидан юриш нима эканлигини англамаймиз. Бизнинг муаммоларимизнинг келиб чиқиш сабаби ҳам инсон сифатида тафаккур қилмаслигимизда, иймон сустлиги ва қалбда муҳаббатнинг йўқлиги туфайли юз беради. Инсоннинг гуноҳ кўчаларига кириб кетиши ҳам ақл чироғини ишлатмаслик, иймон сустлиги туфайли бўлади. Астағфируллоҳ!

Олтиннинг ҳақиқийлигини, тоза олтин эканлигини текшириш учун унга кислоталар қуйиб текширилганидек, иймонимизнинг қанчалик мукаммаллигини текшириш учун ҳам Аллоҳ бизга нафс берди. Ҳайвонларникидан фарқли ўлароқ, Қиёматда тирилиб сўроққа тутиладиган нафс берди. Жаннатдаги “ман қилинган” дарахт – бизнинг хилқатимиздаги нафсимиз. Агар ўз ҳолига қўйиб қўйилса чек-чегарани билмайдиган ҳам бизнинг “мен”лигимиз, нафсимиз. Нафс кўнгилнинг кўчасида ўз ҳолига қўйиб қўйилса, у бамисоли денгиз шамоли қаёққа ҳайдаса, ўша ёққа қараб кетадиган елкан каби беқарор бўлиб қолади, шамол уни ҳар қаёқларга учириб олиб кетади. Бу эса тўппа-тўғри ҳалокат йўлига бошлайдиган нафс – нафси аммора!

Агар “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб туриб инсоннинг ўзидаги “мен”лиги, нафси устун бўлиб турса, қалбида Аллоҳга, Расулга, одамларга меҳр-муҳаббати бўлмаса, минг марта иймон келтирса ҳам, инсоннинг шайтонга айланган жиндан фарқи қолмайди.

Зиммамизга юклатилган сир…

Имом Ғаззолий :“ Кимдаки иймон бўлиб, амал бўлмаса, ўткинчи шамоллар уни қулатиши тайин. Фақат кўз кўриб, ҳислар сезадиган нарсанигина тасдиқлайдиган бўлиб қолишдан сақлан. Бу ҳайвонларга хос табиат. Сен инсонни ҳайвондан ажратувчи Илоҳий СИРга эгасан. Бу СИР осмонларга, Ерга ва тоғу тошларга ошкор этилганда улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва қўрқдилар. Буни фақат инсон ўз зиммасига олган. Фақат кучли иймонгина бу вазифани бажаришга ёрдам беради”… деб айтадилар.

Инсон зиммасига қандай “сир” юклатилган,? Бу “сир”ни ечишда фақат кучли иймонгина ёрдам берса, иймоннинг ўзи нима? Қандай қилиб иймон кучли бўлиши мумкин? Ахир у ҳамма нарсани ҳал қилаяпти, ҳаттоки у менинг бу дунёда яшашим маъносини ҳам ҳал қилаяпти-ку!? Иймоннинг кучли ёки кучсизлигини қандай билиш мумкин?

Кучли ёки кучсиз иймон ҳақида фикр юритиш учун аввал исломдаги 6 та иймон устунлари ҳақида бир оз тўхталсак.

1. Аллоҳнинг борлигига ва якка Ўзи Илоҳ эканлигига ишониш. Бу шундай ишончки, Аллоҳга қалбнинг туб-тубидан бутун оламни, осмонлар-у Ерни, улар орасидаги мавжудотларни, Еру осмонлардаги ҳаракатни барпо қилувчи, Яратувчи сифатида иймон келтириш; Ундан Ўзга бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқлигига, фақат У зот ибодатга лойиқ эканлигига чин қалбдан ишониш. Барча оламларнинг Робби, Яратувчи Аллоҳнинг ризқ берувчи, ҳаёт ато этувчи ва қайтиб олувчи – ҳаёт ва ўлимни яратганлигини, ўта Раҳим ва Раҳмонлигини, бу ҳаётнинг ҳам, кейинги ҳаётнинг ҳам подшоҳи – Малик эканлигини, У жазо ва мукофот бериши муқаррарлигини, бу дунёга биз Унга ибодат қилиш учун келганимизга чуқур амин бўлган ҳолда ишониш, иймон келтириш;

2. Фаришталарга ишониш. Аллоҳ фаришталарни Ўз Ҳикмати билан нурдан яратган. Фаришталарда нафс йўқ. Улар емайдилар, ичмайдилар, уларни қон-қардошлик ажратмайди, уларнинг саноғини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Улар Аллоҳнинг амрига ҳеч қачон итоатсизлик қилмайдилар, доимо Унга таъзим, ибодатда бўладилар.

3. Аллоҳнинг туширилган Муқаддас Китобларига ишониш. Таврот, Забур, Инжил, Қуръон Аллоҳнинг сўзлари – Ваҳийси эканига ишониш.

Қуръон туширилгунга қадар унгача бўлган Муқаддас Китоблардаги сўзлар одамлар томонидан ўзгартирилган.

Ваҳий – турли хил замонларда, турли хил халқларга пайғамбарлар орқали етказилган Аллоҳнинг – Якка Илоҳнинг сўзлари Илоҳий сўзлар. Ҳар бир даврнинг ўз пайғамбарлари бўлган. Ҳар бир пайғамбарнинг қўлида Ваҳий бўлган. Мусо алайҳиссаломга Таврот берилган, Исо алайҳиссаломга Инжил берилган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон берилган. Ваҳий пайғамбарларга Руҳ ул-Қуддус – фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали етказилган.

4. Аллоҳнинг юборган элчилари – пайғамбарларга ишониш. Биз пайғамбарларни Аллоҳ одамларга йўл кўрсатиш, бошчилик қилиш учун Ўзи танлаб олганлигига, улар Аллоҳнинг ҳимоясидаги одамлар бўлганлигига ишонишимиз керак. Биз Одам алайҳиссаломдан бошлаб, юборилган барча пайғамбарларга ишонамиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги пайғамбар эканликларига ҳам ишонамиз.

5. Қиёмат кунига ишониш. Аллоҳ одамзодни йўқдан бор қилган Қудрат Эгаси. Худди шундай, Қиёмат кунида одамларни тирилтириб, абадий ҳаётга жўнатишига Қодир эканлигига – ўлимдан кейин ҳам абадий ҳаёт борлигига ишонамиз. Қиёматда тарози бўлишига, яхши, ёмон амаллари тарозида тортилиб кўришига (тарози – метафорик маънода), сўроққа тутилишимизга ишонамиз.

6. Тақдири азалга ишониш. Коинотда, Ерда бўладиган ҳамма жараёнларни Аллоҳ аввалдан тақдир қилиб қўйган. Ҳудди шунингдек, ҳар бир инсоннинг ҳам бу дунёдаги ҳаётини тақдири азалга битиб қўйганлигига ишонишимиз керак. Яхши ҳаёт кечирсак ҳам, қийналиб ҳаёт кечирсак ҳам шукр қилишимиз керак. Чунки, ҳар бир иш Аллоҳдан бўлиб, унда ҳикмат борлигини билишмиз ва ишонишимиз керак. Тақдири азал ўртада бўлади. Аллоҳ бизга танлаш ҳуқуқини берган. “ У хоҳласа, изсиз ўчиради”.

Булар иймоннинг энг асосий устунлари. Унинг бўғинлари ҳам бўлиб, булар ҳам иймон шартларига киради. Биз булар ҳақида биттама-битта тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз. Биз иймонга умумий жиҳатдан қарашга ҳаракат қиламиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иймон – бу қалбдан ишонилган сўз ва бу қалб ичидаги ишончни тил орқали баён қилиш. Иймон – сўз ва амал. У кўпаяди ва камаяди” (Ҳоким ва Табороний ривоят қилганлар), деб айтган эканлар. Иймон шартларидан бирортасига ишонч бўлмаса, ёки амал қилинмаса, иймон ҳақиқий бўлмайди. Уламолар: Ҳақиқий иймон келтирганларнинг йўли – пайғамбарлар, элчилар йўли, инсон учун ўз-ўзини қутқариш йўли, деб айтишади. Инсон қалбидаги иймон шундай қимматбаҳо хазина, неъмат эканки, уни худди қимматбаҳо юкларни туяларга ортиб, уни чўл, саҳролардан, шамол, бўронлардан, қароқчилар ҳужумидан эсон-омон олиб ўтиш учун ҳаракат қилинганидек биз ҳам ана шу тириклигимизда қалбимиздаги иймонимизни шундай эҳтиёт қилиб, асрашимиз керак экан. Ахир у кўпаяр ҳам экан, камаяр ҳам экан. Иймон йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин. Қандай қилиб? Аллоҳ қалбимиз ичига иймонни солиб қўйган бўлса, у қандай қилиб йўқолиши, камайиши ёки кўпайиши мумкин? У қалбимиз ичида туравермайдими? Йўқ. Бундай бўлмайди. У бизнинг чин дилдан қилган солиҳ амалларимиз сабаб жонланади, тирик бўлади, куч-қувватга тўлиб боради; ёки аксинча, агар қилаётган амалларимиз солиҳ бўлмаса, иймон кучсизланиб, кучсизланиб, охири инсон қалбидан йўқолиб қолиши мумкин. Инсон учун бундан-да оғир ҳалокат бўлмайди. Бундан ҳаммамизни Аллоҳ асрасин!

Иймон – Аллоҳнинг одамзодга берган улуғ, бебаҳо неъмати, қалб чироғи. Ана шу қалб чироғини янада ёруғ қилиш ҳам, унинг шуъласини хира қилиб қўйиш ҳам ёки бутунлай ўчириб қўйиш ҳам ўзингизнинг қўлингизда.

Аллоҳга бўлган ишонч, иймон – ҳар бир инсоннинг амали билан ҳақиқий кучли иймонга айланади. Иймоннинг биринчи устуни Аллоҳни таниш. Айтиб ўтганимиздек, Аллоҳни таниганда, унинг 99 зоти сифати билан таниш керак. Биз Аллоҳни Унинг Илоҳий Зоти билан ҳам танидик, дейлик. Масалан, Аллоҳнинг якка ёлғиз Илоҳлигини, барча нарсани Яратувчиси, Ҳолиқ эканлигини, Раҳмон, Раҳим сифатида таниш орқали бизнинг қилаётган амалимиз қандай бўлиши керак? Биз “Ла илаҳа иллоллоҳ”, деб бу калимани ҳаққи билан адо этаяпмизми? Ҳамма гап шунда!

Биринчи – Аллоҳ яратган Ер ҳақида, тупроқ ҳақида фикр қилинг, Раҳмон Раҳимлиги, Раззоқлиги билан ундаги биз учун яратиб қўйган сув ҳақида фикр қилинг, биз учун яратиб қўйган чорва моллари, барча неъматлари ҳақида фикр қилинг. Биз Аллоҳнинг Қудрати билан Ер устида гравитация ҳолатидамиз. Ерда тортишиш кучи бўлмаса, осмон билан Ер устида муаллақ ҳолда қолишимизни ўйлаб кўринг. Ер устида бемалол юриб, биз нима ишлар қилмаймиз?! Аллоҳ яратган Ернинг устида яшашимиз, ишлашимиз, ўқишимиз учун уйлар, бинолар қурамиз, ўзимиздан чиққан барча чиқиндиларни ташлаш учун ҳожатхона қурамиз; ўликларимизни кўмамиз, шу билан бирга Ердан деҳқончилик, боғдорчилик қилиб ўзимиз учун фойда оламиз. Ерга эккан экинларимизнинг униб чиқиши, ҳосил беришининг ўзи мўъжиза эмасми?

Сувнинг ҳаёт учун, инсон учун қандай бебаҳо неъмат эканлиги ҳақида ҳар қанча гапирмайлик, уни адо қила олмаймиз, чорва моллари нима учун кераклиги ҳақида ҳам бир дунё гап гапириш мумкин. Лекин биз Аллоҳ яратган шу нарсаларга қандай муносабатда бўлаяпмиз? Оёғимиз остига тўшаб қўйилган Ернинг – мўъжиза Ернинг қадрига етаяпмизми? Биз Ерга меҳр билан қарамаймиз, биз уни фақат суиистеъмол қиламиз, Ерга миннатдорчилик билдирмаймиз. Ер биз учун Аллоҳнинг берган неъмати эмасми? Энди бу ҳолатга иймон кўзи билан қаранг: Инсон “Ла илаҳа иллоллоҳ”, деб Аллоҳнинг якка Илоҳлигини, Қудратини, Раҳмон, Раҳимлигини англаган ҳолда, Ерни Улуғ Аллоҳ яратганлигига ишонган ҳолда у билан қандай муносабатада бўлаяпти?

Ер – Аллоҳ яратган “маҳсулот”. Лекин инсон бу илоҳий маҳсулотни мўл ҳосил олиш учун заҳарли моддаларни беравериб, Ернинг, тупроқнинг таркибини бузди. Энди эса аҳвол шу даражага бориб етдики, ерга ана шу заҳарли ўғитлар солинмаса, ер ҳосил бермай қўйди. Ер ўз аслини – Аллоҳ берган илоҳий аслини йўқотиб бораяпти. Ғарб давлатларида Ер яроқсиз ҳолга келиб бўлган. Худди наркотикдек, заҳарли ўғит сепилмаса, ер ҳосил бермайди. Бизда ҳам шундай ҳолатлар секин-аста юз бераяпти. Ер – Аллоҳнинг биз учун яратиб қўйган, омонат қилиб берган неъмати эди. Биз инсон зоти Ерни қандай аҳволга солиб қўйдик?! Ҳаттоки тўхтовсиз равишда радиация чиқиндилари ерга кўмилиб Ер заҳарланаяпти! Биз инсонлар Аллоҳ Улуғ Қудрати билан биз учун яратган Ерга, Аллоҳнинг, Раҳмон, Раҳимлик, Раззоқлик сифатига зулм билан жавоб қайтараяпмиз, берган неъматини суиистеъмол қиляпмиз, Аллоҳнинг Раҳмонлик сифатига куфрда бўлаяпмиз. “Ла илаҳа иллоллоҳ” деяпмиз, лекин қани амал? Иймон – амали билан-ку? Табиатни муҳофаза қилувчи ташкилотлар, деҳқонлар ўз иймонлари билан Ерни асрашга ҳаракат қилишаяптими? Ер заҳарланиб бораётганлиги ҳақида оммага бонг уришаяптими?

Худди шундай, етиштирилган дала ҳосиллари, мевалар ҳам албатта кимёвий ишланмалардан ўтиши керак. Асл Аллоҳ яратган меваларнинг асллиги қолмаяпти. Айниқса, ГМО (гени ўзгартирилган организм) деган офат нафақат ерни, меванинг хусусиятини, инсон соғлигини, балки унинг келажак авлодини ҳам бузишини ҳамма билади. Лекин шу ишни давом эттириб, ҳаттоки бизнинг ўлкаларга ҳам секин-аста олиб кирилаяпти. Бу нафақат инсониятга, балки ҳамма нарсанинг Яртувчиси бўлган Аллоҳга нисбатан адолатсизликнинг – куфрнинг кўринишидир. Бу ҳам иймонимизнинг амалда йўқлиги, иймонсизликнинг кўриниши. Бу нарсаларнинг ҳаётимизга кириб келишига, кўпайишига иймонсизлик сабаб бўлмаяптими?

Чорва молларини ҳам тез семириб етилиши учун уларни турли хил гормонлар билан боқишаяпти. Бу ҳам иймонсизликнинг белгиси. Чунки бу гормонлар бора-бора Аллоҳ яратган ҳайвонлар наслига, одамлар соғлиғига зарар етказиши ва етказаётгани аниқ.

Ейиш мумкин бўлмаган ҳаром бўлган ҳайвонларнинг гўштини маҳсулотларга қўшиб мусулмон одамларга едирган одамларнинг у дунёси ҳам бу дунёси ҳам куяди. Чунки нафс худди кислота каби бундай иш қилган одамларнинг иймонини куйдириб бўлган. Минг марта иймон келтиришса ҳам, мунофиқлик қилишаётган бўлади. Астағфируллоҳ!

Аллоҳ Ердаги ҳаётни таъминлаш учун Сувни яратди. Сув – Аллоҳнинг бебаҳо неъмати. Сувсиз бизнинг ҳаётимиз тамом бўлишини ҳамма билади. Лекин биз ўзимиз ҳар нафасда муҳтож бўлиб турган сувга қандай муносабатдамиз? Кранлардан бекордан-бекор оқиб ётган сувнинг исроф қилаётганимизни қай даражада тушунамиз? Заводлардан чиқадиган кимёвий чиқиндиларни дарёларга оқизишни қандай тушуниш мумкин? Одамлар уйидан чиққан чиқиндиларини дарёларга оқизишини, уйидан чиқадиган канализацияни кўчадаги ариққа улаб қўйишини қандай тушуниш мумкин?! Кўчадаги ариқ сувларида, дарёларда гиламларни, кирларни ювиб, мағзавасини сувга оқизишни қандай тушуниш мумкин? Ҳатто, баъзи бир мамлакатларда бинолардаги канализация тўғридан-тўғри денгизга уланган! Ахир сувни Аллоҳ яратган-ку?! У сувни бизга неъмат қилиб берса, биз унга қандай муносабатда бўлаяпмиз? Бу шаккоклик эмасми?! Бу иймонсизликнинг ўзи! Ўзингиз тафаккур қилиб кўринг: Инсон ўз Яратувчисига, Унинг Раҳмонлигига қарши ваҳшийларча иш қилаяпти! Наҳотки бунинг жавоби бўлмаса?! Худди шундай заводлардан чиқаётган заҳарли тутунлар ҳавони бузиб юборяпти. Бу деган сўз экинлар ҳам, сув ҳам, одамлар ҳам ҳалокатга учрайди, деган гап. Битта “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган билан инсон иймонга келмайди. Яратгувчи Зотнинг яратган неъматларига зулм қилиш иймон амалидан эмас – иймонсизлик.

Оддий битта атиргулни олинг. Атиргул – Аллоҳнинг илоҳий мўъжизаси. Унда Аллоҳнинг гўзаллигини, тароватини ҳис қила оласиз. Энди эса атиргул бизнеси туфайли унга ҳам турли хил кимёвий моддалар қўшилиши оқибатида асл моҳиятини – турфа исини йўқотди. Бу ниҳоятда ачинарли ҳол! Бу инсоннинг Аллоҳнинг марҳаматига қилган жавоби! Иймон амали билан йўқлиги!