banner banner banner
Аслингиздек бўлишга тайёрмисиз?
Аслингиздек бўлишга тайёрмисиз?
Оценить:
 Рейтинг: 0

Аслингиздек бўлишга тайёрмисиз?


Аллоҳ бутун Оламни, Еру осмонларни яратган экан, уларнинг ҳаммасини бир-бирига муҳтож – азваж қилиб яратганлиги ҳақидаги Эслатмага тўхталиб ўтган эдик. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дарахтларни қатъиян кесмасликка буюрган эдилар. Дарахт фақат ўзидан кислород чиқариб, нафақат бизнинг нафас олишимизга, қуёш тафтидан бизни сақлаб турибгина қолмайди. Дарахт – Ернинг камари! Аллоҳнинг яратиб қўйган дарахтлари Ер сатҳи билан денгиз сатҳининг мувозанатини ушлаб турувчи восита ҳисобланади. Ҳозир дарахтлар беаёв кесилаётганидан денгиз сатҳининг ер сатҳидан кўтарилишига олиб келаяпти. Зарар фақат зарарни келтириб чиқаради. Сув тошқинларининг йилдан-йилга кўпайиши, экологиянинг бузилиши инсоннинг табиатга зарари туфайлигина содир бўлаяпти. Ислом арконларида бировга ёки бирор нарсага зарар етказиш ҳаром ҳисобланади. Табиатга зарар келтириш ҳам ҳаром. Аллоҳ ”кимки менинг неъматларимни зое қилса, Мен бу одамларни неъматимдан маҳрум қиламан”, деб айтган экан. Аллоҳ яратган табиатга, неъматга зарар келтириб, яна қандай қилиб инсон Аллоҳга иймон келтириши мумкин? Мана, муаммо қаерда! Биз аксариятимиз Аллоҳни танимай туриб, иймонни ҳаққи билан келтирмаймиз.

Неча минг йиллар аввал одамлар сиғинган Зардуштийлик динига қаранг: улар “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейишни билмаган, лекин она Табиатни қандай асраган, Ерни қандай парваришлаган! Қанчалик меҳр билан парваришлаган! Сувни қандай эъзозлаган! Муқаддас деб билган! Қани ўзингиз айтингчи, “Ла илаҳа иллоллоҳ” дейишни билмаса ҳам иймон кимда кучли бўлган?!

Демак, инсон Аллоҳнинг Қудрати билан Яратган неъматларига, меҳрибонлигига зулм билан жавоб қайтарар экан, “Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммадан расулуллоҳ” дегани билан иймонли бўлиб қолмайди. Аллоҳни, У яратган барча нарсани севмайдиган, эҳтиёт қилмайдиган одам қалбида иймон бўлмайди, у золим, мунофиқ бўлади. Астағфируллоҳ!

Энди инсоннинг бир-бири билан бўлган ўзаро муносабатида иймонининг амали қандай эканлиги ҳақида озроқ тафаккур қиламиз.

Келинг, аввало “Аллоҳ учун жанг қиламиз” деяётганлар ҳақида иймон нуқтаи назаридан чуқурроқ ўйлаб кўрайлик. Барча нарсаларни яратувчиси Аллоҳ. Барча инсонларни ҳам яратган Аллоҳ. Биз ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва Унга яна қайтиб борамиз. Фараз қилинг: биз меҳмондамиз. Меҳмонга келган одамлар меҳмондорчилик вақтида ўзларини қандай тутадилар? Бир-бирлари билан яхши гаплашиб, ҳушчақчақлашиб ўтиришади, кейин мезбонга миннатдорчилик билдириб, уй-уйларига қайтишади. Қандай қилиб, бировнинг уйига меҳмонга келган одамлар бир-бирлари билан уриш қилиб, бир-бирларини ўлдиришлари мумкин? Улар ахир меҳмон бўлиб кетишга келишган! Худди шундай, биз ҳам Аллоҳнинг Ерига меҳмон бўлиб келганмиз, яна қайтиб Аллоҳ буюрган уйимизга борамиз. Фақат битта фарқи бор: бизнинг у дунёдаги ҳақиқий уйимиз қандай бўлиши бизнинг бу дунёдаги амалларимизга боғлиқ. У дунёдаги уйимизни биз бу дунёда яшаб туриб барпо қилар эканмиз.

Ўзингиз ўйлаб кўринг: Аллоҳнинг Ерида бировнинг юртига бориб, ҳеч қандай ёмонлиги тегмаган одамларни ўлдириш, уйларини вайрон қилиш, болаларни етим қолдириш, оналарни фарзандидан жудо қилиш, аёлларни тул қолдириш қайси динда бор? Қайси Муқаддас Китобларда битилган? Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари қайси юртга бориб ҳамма ёқни вайрон қилишган? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар бирор юртни вайрон қилганини биласизми? Улар курашган бўлса, Аллоҳнинг динини, ўзларини ҳимоя қилиш учун курашганлар. Ҳимоя қилиш учун! Қилич билан бостириб бориш билан, қиличдан ҳимояланишнинг фарқи бор. Қуръонда битта одамнинг бегуноҳ тўкилган қони ер юзидаги барча одамларни ўлдиришнинг гуноҳи билан баробар эканлиги алоҳида қайд этилган. Бу қанчалик мудҳиш жиноят! Қотиллик қилиб, бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган, уруш оловини ёқиб, юртларни вайрон қиладиганлар яхши билиб қўйсинлар: минг марта иймон келтирсалар ҳам, улар мусулмон эмаслар. Чунки, мусулмон одам бундай ишларни ҳеч қачон қилмайди! Миллион марта “Оллоҳу Акбар” деб бақирмасинлар, улар инсоният олдида, Аллоҳ олдида жиноятчидирлар! Ўта мунофиқдирлар! Бундай одамларнинг ўзини мусулмон деб билиши дунё мусулмонлари учун бу катта фожиа!

Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар орқали ўзларини диндор деб кўрсатган баъзи бир одамлар дин ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиб, ёшларни нотўғри йўлга бошлаяптилар. Яна ўз каналларига “Аллоҳ Буюкдир”, “Фатҳ” “Иймон ТВ”, “Қуръон ва суннат ТВ”, “Иймонли қалб” деб одамларни жалб қилиш учун номлар қўйиб олишган. Шуни яхшилаб эсда тутингки, кимлардир ҳақида ёмон гап гапириб, фитна қиладими, бундай одамларнинг дилида бузуқлик бор. Бундай одамларни ўтакетган билимсиз, динни, қалбни, иймонни заҳарловчи одамлар деб билинг. Ҳақиқий илм одами, иймони бутун инсон Аллоҳ бандалари ҳақида ёмон сўзлар гапирмайди, одамларнинг дилига гумон, салбий фикрларни солмайди. Аллоҳнинг суйган олимлари дилингизга яхшиликни олиб кирадилар. Нуъмон Али Хон динни, қалбни заҳарловчи “даъватчи”ларга: “Агар дилингизда заррача бировга ёмонлигингиз бўлса, Аллоҳ учун ҳеч кимни даъват қилманг, ундан кўра бошқа фойдали иш қилинг”, дейди. Қалбингизни, онгингизни, динингизни, ҳаётингизни заҳарламаслик учун, мусулмонларнинг орасидаги ўзаро биродарлиги бузилмаслиги учун, фитна, ёмонликлардан қочиш учун бундайлардан узоқ юринг. Шунда иймонингизни сақлаган бўласиз. Чунки, улар ҳам одамни тўғри йўлдан адаштирадиган Иблиснинг лашкарларидир!

Муаммолар қаердан пайдо бўлаётганини билаяпсизми? Қалбда иймон уйғоқ эмас, “мен”лик уйғоқ, ақл-нафс ҳукмрон, тафаккур чироқлари ўчган, меҳр-муҳаббатдан йироқ…

Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бир жуда ҳам ёлғончи, найрангбоз одам бўлган экан. У ўғрилик қилар, ароқ ичиб зино йўлига юрар экан. Бир куни иймони уйғониб, қилиб юрган ишлари қанчалик гуноҳ эканлигини англаб етибди. Нима қилсам, Аллоҳ гуноҳимни кечирар экан, деган ўй билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига борибди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ гуноҳингни кечиришини чин дилдан истасанг, ёлғон гапирма”, дебдилар. Шунда ҳалиги одам: “Бўлдими, ахир мен ўғрилик қилганман, одамларга бўҳтон қилганман, маст-аласт юрганман, ҳаромдан қўрқмаганман, қолган гуноҳларим нима бўлади? деса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат Аллоҳ учун ёлғон гапирма, бўлди” дебдилар. Ҳалиги одам шу кундан бошлаб ёлғон гапиришни ташлабди. Ҳар ишда тўғри гапни сўзлабди. Вақт ўтиши билан, секин-аста ўғриликни, қаллобликни, найрангбозликни, ароқ ичишни ва бошқа ҳаром ишларни ўз-ўзидан тарк қила бошлабди. Қиссадан ҳисса шуки, барча ҳаром, ёмон ишларнинг боши – ёлғон.

Фақат кучли иймон эгасигина ёлғондан нари бўла олади, “ман этилган дарахт” ёнига умуман бормайди.

Кучли иймон одамни тўғриликка, ҳалолликка етаклайди. “Ватанни севмоқ – иймондан”. Кучли иймон эгаси бошлиқларга лаганбардорлик қилиб, ёқиш учун эмас, ўз виждони, иймонини пок сақлаш, ўз Ватани учун, унинг тараққиёти учун хизмат қилади. Ўз мансаби, лавозими имкониятидан фойдаланган ҳолда янги ғоя, билим, ташаббусларни жамият тараққиёти учун амалда қўлланишига ҳаракат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлда одамларга халақит берадиган нарсаларни олиб ташлаш иймон шартларига киришини айтганлар. Бу йўлда ётган фақат тош, хаслар эмас. Бировнинг тинчлигини бузиш, кун бермаслик, дилига озор бериш, ишларини чиппакка чиқариш, душманлик қилиш, мансабни ўйлаб турли ёмонликлар қилиш – булар инсон ҳаёти йўлидаги тўсиқлардир. Бундай тўсиқларни кучли иймон эгаси йўлдан олиб ташлай олади.

Агар бирор соҳа бўйича таълим олаётган талаба номига ўқиса, биринчидан ўзини, ота-онасини, Давлатни алдаётган бўлади, ўзига ва уларга нисбатан адолатсизлик қилган бўлади. Бу – иймон сустлигидир. Аллоҳ берган умрини, имкониятни беҳуда ўтказишдир. Керакли билимга эга бўлмаган “мутахассис” эртага чаласавод – делитант бўлади. Делитантлик – жамиятни, давлатни жарга қулатади. У жамиятни қулашига ўз ҳиссасини қўшган бўлади. Бу ишга керакли таълим бера олмаган,“таниш-билиш” қилиб баҳоларни қўйиб бериб, делитантларни тайёрлаган ўқитувчилар, домлалар ҳам ҳисса қўшган бўладилар. Бу ҳам иймон шартларининг бузилиши. Керакли билим ва тафаккурга эга бўлмаган инсон ҳаётда қандай иш тутишни билмайди. Шунинг учун қаерга борса лаганбардорлик қилади, “хўжа кўрсин”га иш қилади, кимларгадир халақит беради, унинг қиладиган иши фақат зарардан бошқа нарса бўлмайди. Ўз касби-кори орқали ўсиб, унмайди, ўз-ўзини ярата олмайди. Демак, делитантлик ҳам илоҳий томондан иймонсизлик, мунофиқликка киради. Жамият тараққиёти учун эса делитант ниҳоятда хавфли “мутахассис”дир. Агар иймонсиз, мунофиқ бўлиб қолишдан қўрқсангиз – иймони кучли мутахассис бўлинг! Ўқинг, ўрганинг, изланинг! Жамиятни турли бало ва офатлардан қутқариб қолган бўласиз.

Инсоннинг вужудида уят, андиша бўлиши бу ҳам иймон шартларига киради. Уят, андиша ҳисси инсоннинг юз, кўзида намоён бўлиб туради. Турли хилдаги сериалларга ошиқ бўлган ёшларимиз ҳаё, андиша нима эканлигини унутишлари иймонларининг емирилишига олиб келади. Инсон ўзлигини, ким эканлигини унутишининг ўзи бир фожиа. Шарқона ҳаё, урф-одат гўзаллигига ҳеч нарса тенг келмайди. Лекин Ғарбга тақлид қилиб бу гўзалликни бой бериш, уят, ор-номус, андишани унутиш – бу ҳам иймонсизлик. Ютуб каналларида, ижтимоий тармоқларда уятли, ошкор қилиб бўлмайдиган нарсаларни очиқ-ойдин гапириш, “маслаҳат” бериш, тарғибот қилиш, уят, беҳаё сўзларни ишлатиш, сўкиниш – иймонсизликнинг белгилари бўлиб, ҳаром саналади.

Иймон қалбимизнинг бебаҳо хазинаси, Аллоҳнинг берган неъмати. Агар мунофиқлик қилиб юқоридаги каби иймон шартларига амал қилмасак, биз уни ҳар бир қадамда заифлаштириб, йўқотиб бораверамиз. Астағфируллоҳ!

Шундай қилиб, қалбингизга солиб қўйилган иймон ўз-ўзича кучайиб қолмайди. У қалбингизда жонланиши, ўсиб, такомилланиши керак. Иймон инсонларнинг солиҳ амаллари, ахлоқий, маънавий, инсонпарварлик, ватанпарварлик қарашлари ва адолатли ишлари билангина кучаяди, жонланиб туради. Ана шундагина Одамни одам даражасига фақат жонланиб турган кучли иймон етказади!

Ҳадисларда келишича, Қиёмат куни ҳамма ёқ зулматга айланиб, қоронғида ҳамма ўзига йўл қидиришга тушар экан. Шунда солиҳ амаллар билан тўлиб-тошган, ҳамиша жонланиб турган иймонимиз кўксимиздан чиқиб, жаннатга олиб борадиган йўлимизни ёритар экан. Қалбимиздаги кучли иймон энди нурга айланиб йўлимизни ёритар экан. Солиҳ амалларимиз Қиёмат кунида қўлимизда йўл ёритувчи чироқ бўлар экан. Субҳоналлоҳ!

Ўша куни Аллоҳга тили билан иймон келтириб, амалда ёмон ишлар қилган мунофиқларнинг эса ҳеч қаеридан нур чиқмас экан. Улар ўзларига ўзлари адолатсизлик қилишган. Улар бу дунёда иймонларини йўқотишган. Шунинг учун ҳам улар қоронғиликда қолиб, йўл тополмас эканлар. Баъзиларининг нурлари хира бўлар экан. Шу даражада хира бўлар эканки, оёқларининг тагини кўрмас эканлар, кейинги қадамларини қаёққа босишни билмас эканлар. Шу вақтда улар узоқдан иймонининг нури билан кетаётганларни кўриб, улар билан бирга йўлни топиб олмоқчи бўлар эканлар ва уларга қарата: “Тўхтанглар, бизлар ҳам сизлар билан биргамиз, у дунёда ҳам бирга эдик”, дейишар экан. Иймон нури билан кетаётганлар эса, уларга қарата: “Қайтинглар, ўзингизга нур изланглар” дейишар экан. Қоронғида қолганлар бир амаллаб уларнинг ёруғидан фойдаланмоқчи бўлар экан. Шунда Аллоҳ буларнинг ўртасига катта девор тўсиқ ташлаб қўяр экан. Бу ҳақда Қуръоннинг Ҳадид сураси,12–16-оятларида баён қилинган (Нуъмон Али Хон тафсири).

Аллоҳнинг Зотини Унинг сифатлари билан таниш, чин дилдан амин бўлиш ва бу ишончга амал билан жавоб қилиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини, у зотнинг зиммаларига юклатилган вазифа нима эканлигини англаш, у зот меросининг ҳақиқий вориси бўлишга интилиш инсонни солиҳ бўлишига, гуноҳ ишлар қилмасликка ундайди. Атроф-оламга, табиатга бефарқ бўлмайди, дангасалик қилмайди, илм, ҳунар ўрганишга астойдил ҳаракат қилади, бировлардан ёрдамини аямайди, оғирини енгил қилади. Энг муҳими – атрофидаги одамларни ким бўлишидан қатъи назар, қандай миллатга мансуб лигидан, ирқи, дини-эътқодидан қатъи назар ҳурмат назари билан қарайдиган бўлади, ёмонлик қилишдан, масхара қилишдан, зулм қилишдан, Аллоҳ ман қилган ишлардан ўзини нари қилишга ҳаракат қилади. Чунки, Аллоҳни Унинг Зоти билан таниш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий вориси бўлиш – инсон қалбида кучли иймоннинг барпо бўлишига сабаб бўлади, кучли иймон сабаб инсон қалбида меҳр-муҳаббат, биродарлик, бирлик ҳисси уйғонади; кучли иймон сабаб жамият ривожланади, гуллаб-яшнайди.

Нафси қудсия – иймон кучи билан йўғрилган нафсимизни тоза ҳолича Аллоҳга тақдим этиш нақадар бахт!

Шунинг учун ҳам бизга “…қандай яшаш кераклигини фақат кучли иймонгина ўргатади”. Иймон бу бизнинг кундалик ҳаётимизда, қилаётган ишларимизда, гап-сўзларимизда, хатти-ҳаракатимизда, меҳнатларимизда жонланиб, намоён бўлиши керак. Нима деб ўйлайсиз, сиз учун солиҳ амаллар қилиш қийин иш эканми? Наҳотки жаннатга шунчалик қийин йўл билан борилса? Наҳотки сиз ва биз учун солиҳ амаллар қилиш қийин бўлса?

Йўқ, қийин эмас! Агар сиз кучли иймон эгаси бўла олсангиз, бу йўл сиз учун қийин бўлмайди. Аллоҳга, Унинг Расулига, теварак-атрофга, одамларга бўлган меҳр-муҳаббатингиз, севгингиз сизни фақат солиҳ амаллар қилишга, ўз-ўзингизни ўзгартириб, такомиллаштириб боришга бетиним ундайди.

Жалолиддин Румий: “ Мусулмон бўлиш учун 1000 йиллик йўлни босиб ўтиш керак, Одам даражасига етиш учун эса, яна шунча йил керак бўлади” деб айтган эканлар. Одам даражасига етишиш учун 2000 йиллик йўлни босиб ўтиш! Тушунаяпсизми? Одам бўлишлик шунчалик қийинми?

Аслида, иймон нима? деган саволга: “ Одамийлик пойдеворига қўйилган қадам”, деб жавоб бериш мантиқан тўғри бўлса керак. Демак, Одамнинг ҳақиқати – унинг кучли иймонида. Фақат кучли иймонгина инсонни Одамийлик пойдеворини мустаҳкамлаб, юксалиш сари қадам қўйишга ундайди.

Зиммамизга юклатилган сир нимада эканлигини озроқ англаётгандакмиз.

Ҳаёт денгизида шўнғишга шай турган муҳтарам ўқувчи! Сиз ўз ҳақиқатингиз – асл моҳиятингиз сари юксалиб боришга журъат қила оласизми?…Алҳамдулиллаҳ! Қила оласиз!

V. ПАЙҒАМБАРЛАР ҲАҚИҚАТИ

Аллоҳнинг Даргоҳига йўл кўрсатувчи мураббийлар

Одам ато билан момо Ҳавво илк бор Ерга тушганларидаги уларнинг аҳволларини тасаввур қила оласизми? Уларнинг кимсасиз Ердаги илк ҳаётлари қандай кечган экан? Нималарни бошларидан ўтказиб, қандай қийинчиликларни кўришмаган экан? Ахир Ер юзида улардан бошқа ҳеч бир одам йўқ эди-ку?! Лекин Аллоҳ уларни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Улар ўзлари ўташ керак бўлган ҳолатларни Ҳайй ва Қойюм бўлган Аллоҳнинг Паноҳида ўтаган эдилар.

“Аллоҳ мўминларни сизлардаги ҳозирги ҳолатдек ўз ҳолларига ташлаб қўювчи эмас!…Аллоҳ ўз пайғамбарлари ичидан хоҳлаганларини (илми ғайбдан қисман билдириш учун) танлаб олади..”.(Оли Имрон сураси, 179-оят).

Аллоҳ бандасини ҳеч қачон уни ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Раҳмон ва Раҳим эгаси бўлган Аллоҳ инсонни яратибдики, унга зиммасидаги вазифасини англатиш учун, қандай йўлдан юришни кўрсатиш учун ҳар бир авлодга йўлбошловчи – пайғамбарларни юборган. Пайғамбарлар орқали пок-нопокликни, оқ-қорани ажратишни ўргатган.

Агар пайғамбарлар яратувчи ягона Аллоҳ борлиги ҳақида, биз яшаётган моддий оламдан бошқа, ўзимизнинг асл ватанимиз бўлган ғайб олами ҳақида, ўлимдан кейин яна ҳаёт борлиги ҳақида, ҳалол ва ҳаром, яхшилик ва ёмонлик, инсоннинг бу дунёдаги вазифаси ҳақида хабар беришмаганида одамзод бу дунёга худди ҳайвонларга ўхшаб “шундай келиб, шундай кетган” бўлар эди. Шунинг учун ҳам пайғамбарларнинг бу дунёга юборилишида, пайғамбарларнинг маълум бир қийинчиликларни бошларидан ўтказишларида ва бизга “ўзлари ўтаган йўлни” кўрсатишларида Аллоҳнинг улуғ Ҳикмати борлигини биз англашимиз зарур.

Аллоҳ пайғамбарлар орқали бизни “илми ғайбдан қисман” бўлса-да огоҳ бўлишимизни истайди. Ғайб олами билан биз яшаётган моддий олам ҳаёти бир-бири билан параллел равишда кечади ва улар бир-бири билан боғлиқ.

Шу сабаб ҳам У Ер юзига Унинг Даргоҳига олиб борадиган йўлбошловчиларни – пайғамбарларни юборди, Ваҳий юборди, Муқаддас Китобларни туширди. Марҳаматли, Раҳмон, Раҳимлик сифати билан бизга ердаги ҳаётимиздан бошлаб, то Ўзининг Даргоҳигача олиб борадиган йўлни пайғамбарлар орқали кўрсатиб қўйди.

Аллоҳ – мутлақ Мукаммал. У бандаларини ана шу Мукаммаллик сари интилишларини, етишишларини истайди. Бу – ўз-ўзини англамоқлик, огоҳ бўлишлик демакдир.

Улуғ Аллоҳ Ўзи яратган бандасини Ўзининг Даргоҳида бўлишини истайди, жуда ҳам истайди. У бизларни “Лисонут тайр” асаридаги “йўлга чиқмаган” қушлардек бўлиб қолишимизни ёки шира йиғадиган бармоқчаларидан айрилиб, асал қилиш моҳиятидан ва ўз уйидан маҳрум бўлган асаларига ўхшаб қолишимизни истамайди. У бандасининг иймон кучи билан, меҳр-муҳаббат билан йўғрилган топ-тоза биллурдек қалбида Ўз жамолини кўришни истайди.

Балки одамзоднинг Ерда яшаши Аллоҳнинг Қаламида шу мақсадда битилгандир? Қалби биллурдек ярқироқ, олтиндек соф бўлиши учун ҳам инсон пешонасига синовлар битилгандир? Биллур ҳеч қачон ўз ҳолича биллур бўлмаган. Шиша биллурга айланиши учун қандай қийин жараёнлардан ўтади? Олтин ҳам қанча ишловлардан, қанчалик қийин, мураккаб жараёнлардан ўтиб, олтинга айланиши керак! Темир ўз ҳолича қолиб кетса, занглаб чириб кетиши аниқ. Аслида эса одам ҳам “занглаб қолмаслик” учун худди шундай “жараёнлардан соғ-омон ўтиб, ўз ҳолини ўзгартирсагина, ҳақиқий ОДАМ даражасига ета олади. Ҳақиқий одам даражасига етишиш, ана шу синовлардан омон ўтиш учун одамга ҳақиқий йўлбошловчи керак бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ инсониятга пайғамбарлар юборди, Ваҳий туширди. У бизга пайғамбарларга эргашишни буюрди. Чунки, Пайғамбарларнинг йўлиОДАМ даражасига етишишга, ўзидан-ўзигача – Аллоҳнинг Даргоҳигача олиб борадиган йўлдир.

Пайғамбарлар ана шундай синов йўлларидан сабот билан ўтган Аллоҳнинг расуллари. Шунинг учун ҳам Аллоҳ фақат пайғамбарларга эргашишни буюрган.

Сиз “Аллоҳ пайғамбарларни юборди”, “Аллоҳ осмонлардан Ваҳий – Муқаддас Китобларни туширди” сўзларини қандай қабул қиласиз? Бу сўзлар сизни бирор марта жиддий ўйлантирганми? Пайғамбарлар билан боғлиқ ҳодисаларни, жараёнларни сиз қандай тасаввур қиласиз? Аллоҳ Ер юзига пайғамбарлар юборганига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги пайғамбар эканликларига, осмонлардан Ваҳий келганига сизнинг ўзингизнинг қалбингизда тўлиқ ишонч борми? Ёки кимлардир айтгани учун ишонасизми? Бу ҳақда ҳам бир тафаккур қилиб кўринг.

Айтишларича, “Биринчи бўлиб Аллоҳ Пайғамбарлик Руҳини яратади. Бу Руҳни Аллоҳ ўз Нуридан яратган экан. Аллоҳ Ўзи ҳақида бандаларини огоҳ этиш учун Ер юзига юборган пайғамбарларининг барчаси ана шу Руҳдан яратилган эканлар. Шунинг учун ҳам Ер юзига юборилган пайғамбарлар бутун дунёга ажойиб равишда таъсир кўрсата олганлар. Дунё бўйлаб ёруғликни, нурни кўтариб юра олишлари ва атрофга тарата олишлари учун Аллоҳ уларга куч берган эди”. Аллоҳ: “Агар Мен пайғамбарлик Руҳини яратмаганимда, дунёни яратмас эдим”, деб айтган экан. Аллоҳ Пайғамбарлик Руҳини яратганида, у ниҳоят даражада ёрқин ва қайноқ бўлган ва Аллоҳ олдида уялиб, хижолат чекканидан, андиша қилганидан ундан терлар оққан экан. Бу тердан муаттар ҳид таралган экан. Ана шу тердан Аллоҳ атиргулнинг руҳини яратган. Атиргул ҳидининг ажойиблиги, муаттарлиги, қалбларда муҳаббат уйғотувчи кўркамлиги ҳам ана шундан”… деб айтадилар шайх раҳматуллоҳи алайҳ Ҳаким Моинуддин Чиштий ҳазратлари. (Чиштия тариқати асосчиси


Вы ознакомились с фрагментом книги.
Для бесплатного чтения открыта только часть текста.
Приобретайте полный текст книги у нашего партнера:
Полная версия книги
(всего 40 форматов)