banner banner banner
Дуо ибодатнинг мағзидир
Дуо ибодатнинг мағзидир
Оценить:
 Рейтинг: 0

Дуо ибодатнинг мағзидир


«Агар Аллоҳ таоло бир бандасини севиб қолса, унинг зору тазаррусини эшитиш учун уни (кўп фитна ва балоларга) гирифтор қилади».

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуони уч мартадан қайтарар эдилар».

Дуо ибодатдир. У банда билан Парвардигорининг орасини боғловчи ибодатдир. Дуо чин ихлос билан холис Аллоҳга ёлвориб, пок ниятда қилинса, Холиқу Зулжалол унга албатта ижобат этади. Бевосита Унинг Ўзидан сўрасангиз, Унга тавба-тазарру қилиб, дуога қўл очсангиз, У ноумид қолдирмайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» (Ғофир сураси, 60-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Парвардигори оламнинг ҳузурида энг икром қилинган нарса дуодир. Шунинг учун банда кўп дуо қилиши лозимдир.

Бу ҳадисдан дуо барча зикр ва тоатлардан афзал экани англанади. Дуо Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида мукаррам, даражаси юқори, қадри улуғ нарса ҳисобланар экан. Бас, уни қабул ва ижобат қилиши ҳам шунга қараб бўлади.

Шундан келиб чиққан ҳолда дуо икки қисмдан иборатдир, дея оламиз. Тил билан сўраш ва дил билан сўраш. Тил билан сўраш дилдагининг таржимасидир. Худди шу ҳолат – дил билан қасд қилиш ва уни тил билан таржима қилиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун энг мукаррам нарсадир. Шунинг учун банда Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилмоғи лозим.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо ибодатнинг мағзидир», дедилар».

Бундан «Дуосиз ибодат мағизсиз ибодат бўлади», деган маъно келиб чиқади.

Ибодатдан кўзланган асосий мақсад Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилигини топиш, ғазабидан сақланиш билан бирга ризқ ва шифо сўраш каби дунёвий ғаразларга ҳам эришишдир. Ибодатнинг мана шу жиҳатларини дуо дейиш мумкин.

Зотан, ибодатларнинг энг асосийларидан бири бўлган намоз араб тилида «солат» дейилади, бу сўз эса дуо маъносини англатади. Бу маънодаги дуо қалбан бўлади. Яъни сўров тилга олинмаса ҳам қалбида туради.

Ҳадиси шарифнинг арабча матнида биз «илик» деб таржима қилган сўз «муххун» лафзи ила келган. Бу сўз суяк ичидаги илик, бош чаноғи ичидаги мия, кўзнинг нозик жойи каби ҳар бир нарсанинг мағизи, асоси бўлган нарсаларни ифодалайди.

Бундан дуо ибодатнинг мағизи ва хулосаси экани келиб чиқади. Чунки одатда одам боласи кўпроқ бошқа нарсалардан умиди қолмаганда ўзини дуога уради. Ана ўша тавҳиднинг ва ихлоснинг ҳақиқатидир. Ундан устун бўладиган ибодат йўқдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳдан сўрамаса, У Зот ундан ғазабланади», дедилар».

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда «Аллоҳдан У Зотнинг фазлидан сўранг. Чунки Аллоҳ сўралишни хуш кўради», дейилган.

Ушбу ҳадисдан биз Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилишини, дуо қилиш эса банда учун фарзу вожиб амаллардан эканини билиб оламиз.

Банда ўзининг бандалигини тан олиб, ўзининг каттаю кичик ҳар бир ҳожатини ҳақиқий Хожаси Аллоҳ таолодан сўраб туриши лозим. Агар банда бундай қилмаса, ўзини ҳам, Роббини ҳам танимаган бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло бундай нобакор одамдан ғазабланиши турган гап.

Аллоҳ таолога дуо қилиб, У Зотдан ҳожатини сўрамаслик такаббурлик ва истиғнодир. Бу иш бандага тўғри келмайди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни қийинчилик ва ғам-ғуссалар пайтида Аллоҳ уни ижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин», дедилар».

Бу ҳақда имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи «Оройиш пайтида Аллоҳни танисанг, Аллоҳ сени шиддат пайтида танийди», деганлар.

Одатда биз – ожиз бандалар бошимизга мушкул ҳолат тушгандагина Аллоҳ таолога ёлвора бошлаймиз. Бошимизга тушган офатни тезроқ аритишини истаб қоламиз.

Аммо ишимиз ўнгланиб кетса, дуо қилиш эсимиздан чиқади. Худди ҳеч нарса бўлмагандек юраверамиз.

Мазкур нотўғри ҳолат Қуръони Каримнинг «Юнус» сурасида қуйидагича васф қилинади:

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида Бизга дуо ‎қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо ‎қилмагандек, кетаверадир. Исрофчиларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли ‎кўрсатилди» (12-оят).

Инсон боласининг иши юришиб турганида, ўзи соғ-саломат, тинч-омон ва роҳатфароғатда бўлганида ҳеч нарса билан иши йўқ, бу дунё ҳаётида мағрур бўлиб юраверади. Албатта, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган мўминмусулмонлар бундан мустасно.

Аммо мағрурланиб юрган ўша инсоннинг соғлиғига, тинчлигига ёки роҳатига путур етса, бошига мусибат келса, дарҳол ёдига Аллоҳ тушади. Ҳа:

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки ‎турган ҳолида Бизга дуо ‎қиладир».

Оғир кунда қолган инсон, ким бўлишидан қатъи назар, ёнбошлаган, ўтирган ёки тик турган ҳолида, яъни ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ёлворишни бошлайди. Ҳатто энг катта кофир, фосиқлар ҳаётида ҳам бундай воқеалар рўй берганига тарихда мисоллар кўп. Турли мусибатлардан кейин дин йўлига кирганларнинг кўплиги ҳам шу ҳолга далилдир. Аммо афсуски, кўпчилик бундан ўзига яраша хулоса чиқариб олмайди. Бошига мусибат тушганида Аллоҳга ёлворади-ю:

«Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверадир».

Яна аввалгидек, бу дунё ҳаётига ўзини уради. Аллоҳни унутади. Ўзининг бандалигини унутади. Бир кун келиб, бошига яна қайта мусибат тушиши мумкинлигини ҳам унутади. Ҳеч нарсадан тап тортмай, ибрат олмай, олдинги ҳолига тушиб қолади.

Бундай кимсаларни Аллоҳ таоло оятда «исрофчилар» деб атамоқда ва бошларига мусибат тушганида Аллоҳга ёлвориб, мусибат кўтарилганида ҳеч нарса бўлмагандек кетаверишларини «исрофгарчилик» деб васф қилмоқда. Ҳамда бу ишлари ўзларига зийнатли – чиройли бўлиб кўринишини таъкидламоқда:

«Исрофчиларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли кўрсатилди».

Аммо бунинг оқибати яхшиликка олиб бормайди. Бунга олдин ўтган исрофчиларнинг аҳволи ҳам далилдир.

Аслида эса ишимиз юришиб турган пайтда Аллоҳ таолога дуо қилиб туришимиз лозим. Ҳеч бўлмаса, юришиб турган ишимизнинг бардавом бўлишини сўраб дуо қилишимиз керак.

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Роббингиз ҳаёли ва каримдир. У Зот бандаси Унга икки қўлини кўтарса, уларни бўш қайтаришдан ҳаё қилади», дедилар».

Бу каби ҳадиси шарифлар жуда кўп. Демак, баъзиларнинг «Дуода қўлни кўтариб бўлмайди» деган фикрлари мутлақо ўринсиздир.

Фақат дуони ихлос билан, чин дилдан, фикрингизни бир жойга қўйиб қилинг, чунки ҳадиси шарифда: «Парвардигорингиз ғафлатдаги ва беҳуда хаёллар билан банд бўлиб турган қалбдан чиқаётган дуони қабул қилмайди», дейилган.

ДУОНИНГ ФАЗИЛАТИ

Зикр Аллоҳнинг бандасига берган тавфиқи бўлиб, у дуо билан биргадир. Зикр кўп ҳолларда дуодир, дуо кўп ҳолларда зикрдир. Зикр билан Аллоҳ таолога яқинлик пайдо бўлади. Дуодан мақсад, Аллоҳга яқин бўлишдир. Дуо вақтида Аллоҳ таолога ёлворилади, илтижо ҳосил бўлади. Зикрдан мурод шудир. Зикр билан дуонинг бирлигига ушбу ояти карима мисол бўлади: