banner banner banner
Дуо ибодатнинг мағзидир
Дуо ибодатнинг мағзидир
Оценить:
 Рейтинг: 0

Дуо ибодатнинг мағзидир


Аллоҳим! Сен менинг Роббимсан, Сендан бошқа ибодатга лойиқ зот йўқ. Мени Сен яратгансан, мен сенинг қулингман! Кучим етганча сенга берган сўзу аҳдимни бажар япман. Қилган ёмонликларимдан Сенинг паноҳингга қочаман. Берган неъматларингга шукр қилиб, хатоларимдан Сенга илтижолар қиламан. Гуноҳларимни мағфират қилгин! Сендан бошқа мағфират қилувчи йўқ! Кўзимга, қулоғимга, бутун баданимга сиҳату офият бергин!

Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ! Аллоҳ турли нуқсонлардан покдир. Ҳамд Аллоҳга хосдир. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Аллоҳ ҳар нарсадан улуғдир. Тавфиқ Аллоҳдандир.

ТИЛОВАТ САЖДАСИНИНГ ДУОСИ

Одам боласининг бахт-саодати Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, сажда қилишидадир. Ана шу саждалар ичида тиловат саждаси ҳам бор. Чунки ҳар бир тиловат саждасида Аллоҳ таолога сажда қилиш ҳақидаги амрга бўйсуниш бор.

Шайтоннинг бадбахт бўлиб, Аллоҳ таолонинг лаънатига учрашининг асосий сабаби – Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунмасдан, У буюрган саждани қилмаганлигидир.

Демак, инсон боласи бахт-саодатининг асосий манбаи – унинг ўз Роббига қилган саждаси экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одам боласи сажда оятини қироат қилиб, сажда қилса, шайтон четга чиқиб, йиғлайди: «Вой, шўрим қурсин», дейди» дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Вой, шўрим! Одам боласи саждага амр қилинди ва сажда қилди. Энди унга жаннат берилур. Мен саждага амр қилиндим ва бош тортдим. Менга дўзах берилур», дейди», дейилган.

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Сажда оятини тиловат қилганда сажда қилиш кераклиги.

2. Одам боласи тиловат саждасини қилганда шайтон четга чиқиб, надомат чекиши.

3. Тиловат саждасининг фазли.

4. Сажда жаннатга киришнинг омили эканлиги.

5. Саждадан бош тортиш дўзахга киришнинг омили эканлиги.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Қуръон қироат қилиб берар, сажда (ояти) дан ўтсалар, такбир айтиб, сажда қилар эдилар. Биз ҳам у киши билан сажда қилар эдик».

Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қуръон қироат қилиб, сажда оятидан ўтган киши тиловат саждаси қилиши лозимлиги.

2. Сажда ояти тиловатини эшитган киши ҳам тиловат саждаси қилиши лозимлиги.

3. Тиловат саждасидан олдин такбир айтилиши.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси Қуръон (оятлари) саждасида қайта-қайта:

«Сажада важҳий лиллазий холақоҳу ва шаққо самъаҳу ва басороҳу биҳавлиҳи ва қувватиҳи» дер эдилар».

Маъноси:«Юзим ўзини куч ва қудрати ила халқ қилган, қулоғи ва кўзини очган Зотга сажда қилди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятда тиловат саждаси қилиб турганда ўқиладиган дуо ҳақида сўз бормоқда.

Ҳанафий мазҳаби бўйича тиловат саждаси қилмоқчи бўлган одам тиловат саждасини қилиш учун таҳоратли ҳолда қиблага қараб тик туради. Тиловат саждасини ният қилади, қўлларини қулоқларига кўтармасдан «Аллоҳу акбар» дея саждага кетади. Сажда бир марта қилинади. Саждада ушбу ривоятда келган дуони ўқийди ва яна такбир айтиб, бошини кўтаради. Ташаҳҳуд ва салом бўлмайди.

Сажда оятларини ўқувчига ҳам, эшитувчига ҳам сажда қилиши вожиб бўлади. Унинг вожиб бўлишининг шарти, намоз вожиб бўлишдаги аҳлийлик кабидир. Аҳлийлик – мусулмон, балоғат ёшига етган, таҳоратли (ҳайз ва нифосдан пок) бўлишдир. Сажда оятларидан бири ўқилгач, уни эшитувчи ва ўқувчи учун баъзан кенг фурсатда, баъзан тезлик билан сажда қилиб олиш вожибдир.

Агар сажда ояти намоздан ташқарида ўқилса ва ёки эшитилса, уни бажариш учун фурсат кенгроқ бўлса, уни кечиктирган киши гуноҳкор бўлмайди, кечиктириш макруҳи танзиҳийдир. Аммо умрининг оxиригача кечиктириб, уни адо этмасдан вафо этса, гуноҳкор бўлади. Агар сажда ояти намоз ичида тиловат қилинса уни кечиктириб бўлмайди, балки вақт ўтказмасдан сажда қилиш вожиб бўлади.

Агар қасддан сажда қилмаган бўлса гуноҳкор бўлади. Чунки уни адо қилиш фурсати оздир. Шу вақтнинг ўзида сажда қилиб қўйиши керак эди. Намоз ичида саждаи тиловат ўқилиб, сажда қилинмаса, намоздан сўнг унинг қазоси адо қилинмайди.

Сажда ояти суранинг ўртасида ёки оxирида бўлиши мумкин. Агар сажда ояти суранинг ўртасида бўлса уни қироат қилувчи намозxон уни қироат қилиш билан тўғри саждага бормоқлиги афзалдир. Бир марта сажда қилгандан сўнг яна қиёмга туриб сурани оxиригача ёки шу намозга кифоя қилгудек ўқийди ва рукуъга боради.

Агар сажда қилмаса, вақтни ўтказмай рукуъ қилади ва шу рукуъда тиловат саждасини ҳам ният қилиб қўяди. Шу рукуъ тиловат саждасининг ўрнига ҳам ўтади. Тўxтамасдан сажда қилган киши, тиловат саждасини ният қилиши шарт эмас.

Агар намозxон сажда оятини ўқигандан кейин тезлик билан рукуъ ёки сажда қилмай фурсатни ўтказиб қўйган бўлса, модомики у шу намоз ичида экан, рукуъ билан ҳам, сажда билан ҳам сажда оятини ўқиганлик учун қилинадиган саждани адо қилмайди, балки шу намознинг ўзида xос битта сажда қилади.

Агар сажда ояти сура оxирида бўлса, намоз ичида уни ўқиш билан орқасида саждани ҳам ният қилиб рукуъ қилиш афзалдир. Шу рукуъ тиловат саждасининг ўрнига ҳам ўтади. Аммо сура оxиридаги сажда оятини ўқиб, кейин тўғри саждага борса, саждадан кейин яна қиёмга қайтади, шу сурадан кейинги сурадан бир неча оят ўқиб кейин рукуъга боради.

Сажда оятини балоғатга етмаган ёш боладан, маймундан ёки магнитофонга ўxшаган нарслардан эшитса, сажда вожиб эмас.

Битта сажда оятини бир ўринда кўп бор такрорласа ҳам бир марта сажда қилади. Агар жой ўзгарса ҳар бир жой учун алоҳида-алоҳида сажда қилади.

Қуръони Каримнинг 15 та жойида сажда ояти келган. Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрича 14 та сажда ояти келган.

Қуръони Каримдаги сажда оятлари қуйидагилар:

1. «Аъроф» сураси (206-оят).

2. «Раъд» сураси (15-оят).

3. «Наҳл» сураси (48-оят).

4. «Исро» сураси (107-оят).

5. «Марям» сураси (58-оят).

6. «Ҳаж» сураси (18-оят).

7. «Фурқон» сураси (60-оят).