banner banner banner
АСРОРНОМА
АСРОРНОМА
Оценить:
 Рейтинг: 0

АСРОРНОМА


Йиқилди барча ўтганлар шу кўйдин,

Етишди ўзгалар чун ўзга сўйдин.

На келгувчи бу сирга бўлди ошно,

На кетгувчи бу йўлдин эрди огоҳ.

Йўқолди бўйлаким ипнинг учи бот,

Ки излаб топмагай бир кимса, ҳайҳот.

Очолмас бу эшикни кимса бир дам,

Уролмас унга бармоғин учин ҳам.

70 Бўйин эгмак керакдир, бўйла фармон,

Сабр бирлан сукутдир бизга дармон.

Юрак борми, бу чун саҳройи тилсим,

Кечаркан ваҳмидин оҳ урмаган ким?

Сукутдин ўзга қисмат, фолимиз йўқ,

Гаҳи бир оҳ чекарга ҳолимиз йўқ.

Олиб бир қатра Одамдин, таратди,

Ўшал бир қатрадин халқни яратди.

Этиб ул қатра узра мунча фикрат,

Ҳама лол қолди, саргардони фитрат.

75 Ақллар қолди ҳайрон, билмади сир,

Ҳама ул қатрага ғарқ бўлди охир.

Чу ожизлик била деймизки, эй пок,

Ўзингсен орифу маъруф, билимнок.

Ики оламки гуфтор ичра қолмиш,

Ҳама тахмину тусмол ичра қолмиш.

Ҳама дерларки, биз изловчилармиз,

Унинг кўйида юрган йўлчилармиз.

80 Ажойиб улки, келди қатра бир сув,

Жавоҳирлар тўла денгиз эди у.

Ажаброқ улки, келди заррайи хок,

Анга қўл чўзди ул хуршиди афлок.

Магарким пашшадин ҳам каммисен, ҳай,

Ичарсен икки оламда нетиб май?

Юракни қон қилиб, ҳай, нетмадинг сен?

Вале бир бор тафаккур этмадинг сен.

Бу савдодин кеч энди, урма дамни,

Ўзингдин ташқари қўйма қадамни.

85 Бўлиб ожизлигингдин ғарқи ҳайрат,

Оқизгил кўзларингдин ашки ҳасрат.

Ки Ҳақдин ўзга Ҳақ йўқ, англа, эй дўст,

Не қилгай бир ҳовуч тупроқ – паю пўст?

Худо поку муназзаҳ, сен эсанг хок,

Не нисбат ичрадирлар хок ила пок?

Жаҳонда бир чумоли топса барҳам,

Жаҳон ортиқ эмас ё бўлмагай кам.

Урарлар бу эшикка мунчаким бош,

Эшикка не писанд, тош унда бардош.

90 Уриб эшикка бошин, бас, ютиб хун,

Очолмай, оқибат кўк кийди гардун.

Худойимга Худодек ёру дўст йўқ,

Муносибликда андин ўзга кас йўқ.