banner banner banner
МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари
МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари
Оценить:
 Рейтинг: 0

МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари

МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари
Дарон Ажемўғли

Жеймс А. Робинсон

Нега айрим мамлакатлар фаровонроқ яшайди? “Мамлакатлар таназзули сабаблари” муаллифлари ушбу саволга ишончли ва изчил асосланган янги назария билан жавоб беришга бел боғлаган: фаровонлик сабаби иқлим, география ёки маданият эмас, балки мамлакатдаги институтлардир. Қадимги Рим ва тюдорлар давридан то замонавий Хитойгача бўлган тарихий ва замонавий мисолларга таянган етакчи олимлар – Дарон Ажемўғли ва Жеймс А. Робинсоннинг таъкидлашича, кучи ва маблағини тикиши учун одамлар қаттиқ меҳнат қилса, бойиши мумкинлигига ишониши зарур, бу эса инновацияга рағбат, барқарорлик ва тинчликни таъминловчи ишончли институтлар демакдир. Китоб муаллифлари ўзларининг ўн беш йиллик тадқиқотларига асосланиб, Макс Вебердан то Жеффри Сакс ҳамда Жаред Даймондгача бўлган қатор олимларнинг назарияларига жавоб берди.

Дарон Ажемўғли, Жеймс А. Робинсон

Мамлакатлар таназзули сабаблари: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари

ИСЛОҲОТЛАР УЧУН БОП ҚЎЛЛАНМА

Инсоният тараққиётини ва мамлакатларнинг ижтимоийиқтисодий ривожланиш даражаларидаги тарихий тафовутларни тушунтириш борасида турли хил ёндашув ҳамда қарашларни акс эттирувчи қатор илмий-тарихий ва эмпирик тадқиқотлар қилинган.

Масалан, кўп мурожаат этиладиган ёндашувлардан бири, Африканинг географик жойлашуви, иссиқ иқлими ва оғир колониал мероси минтақа мамлакатлари қолоқлигига сабаб сифатида келтирилади. Ёки Жануби-Шарқий Осиё давлатларининг ХХ асрдаги шитоб ривожланиши учун уларнинг иқлими, табиий бойликлари, уммонга яқинлиги ва ўша мамлакатлар аҳолисининг ўзига хос “менталитети” ва меҳнатсеварлигини сабаб қилиб кўрсатувчи назария ҳам мавжуд.

Албатта, бу ёндашувларнинг ҳар бирида мантиқ бор, лекин мазкур китобда таниқли иқтисодчи олимлар – Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон ўзларининг кўп йиллик илмий тадқиқотларига асосланиб, мамлакатлар нима учун ривожланиши ёки таназзулга юз тутиши сабабларини тушуниш учун юқорида келтирилган қарашлар етарли эмаслигини ва аксар ҳолларда иқлим, жойлашув ва “менталитет” каби омиллар у қадар муҳим бўлмаслигини бир нечта давлатлар мисолида далиллар билан кўрсатиб беришга ҳаракат қилган. Умуман, китобнинг тарихий компоненти жуда мустаҳкам. Фактлар бир-бирига боғланган ҳолда жуда қизиқарли ва изчил келтирилгани, турли назариялар мантиқан асослангани эътиборга лойиқдир.

Муаллифлар китобда кўпгина илмий тадқиқот хулосаларини мужассам қилган ҳолда, оддий, лекин ўта муҳим хулосага келадилар – мамлакатдаги сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги тартиблар, анъаналар, урф-одат ёки қонунчилик тизимлари орқали яратилган узоқ муддатли ҳамда барқарор хулқ-атвор намуналари, бошқача қилиб айтганда, давлат ва жамият институтларининг ривожлангани ва ишлаш принциплари иқтисодий тараққиёт учун асосий омил ҳисобланади. Шу билан бир пайтда, институтларнинг ривожланмагани тараққиёт учун тўсиқ бўла олиши ҳам очиб берилган.

Китобнинг афзаллиги шундаки, уни ўқиб тушуниш учун чуқур иқтисодий билимга эга бўлиш талаб этилмайди. Китобнинг тили ва услуби анча содда ва тушунарли ҳамда кенг омма учун мўлжалланган бўлса-да, иқтисодчилар учун ҳам бирдек қизиқ.

Умуман олганда, мазкур китобдаги ёндашув ҳамма саволга жавоб беради, деган фикрдан йироқмиз. Лекин фикр ва қарашларнинг хилма-хиллиги муваффақиятга эришиш учун объектив зарурият эканлигини кўпчилик савол остига олмаса керак, деб ўйлаймиз. Шунингдек, мазкур асар қўшимча билим манбаи сифатида ҳамда бошқа мамлакатлар тажрибасидан сабоқ олиш нуқтаи назаридан мақсад ва вазифаларни аниқлаштириб олиш имконини беради.

Ўйлаймизки, китоб кенг жамоатчилик ўқиб мутолаа қилиши учун муносиб. Айниқса, ҳозирги кунда ватанимизда олиб борилаётган кенг қамровли таркибий ва институционал ислоҳотлар ҳамда кутилаётган натижаларни таҳлил қилиш учун айни муддао бўлади.

Хулоса ўрнида, ушбу китобни ўзбек тилига ўгиришга бел боғлаб, бунинг уддасидан чиққан дўстларимизга китобхонлар номидан миннатдорлик билдирамиз.

    Жамшид ҚЎЧҚОРОВ
    Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, иқтисод фанлари номзоди

ТАРАҚҚИЙ ЭТИШГА УМИД БОР

“Нега айрим мамлакатлар бой, баъзилари эса камбағал?” деган саволга жавоб, аминманки, барча ўзбекистонликлар учун қизиқ. Жумладан, менга ҳам. Ватанимиз қандай қилиб фаровонликка эришиши мумкин, дейишга сабаблар етарли. Чиндан ҳам, нима учун дунёдаги баъзи мамлакатларда ҳатто ўртамиёна яшайдиган кишиларнинг турмуши, ҳаёти камбағал ўлкалардаги аксар инсонларникидан яхшироқ? Бу китоб шу ҳақда, яъни “Нега бир қанча мамлакат аҳолиси фаровон, тўқ яшаса, бошқа мамлакатдагиси қашшоқликда умр кечиришга маҳкум?” қабилидаги саволларга жавоб излайди.

Бунга жавоб тариқасида майдонга муаллифлар фойдаланган асосий тадқиқот манбаси – инсоният тарихи чиқади. Ўтмишда ҳам барча давлатлар бирдек фаровон кун кечирмаган, қадимги жамиятлар даромади бугунгига монанд бўлган. Қашшоқлик ва танглик ҳамманинг бўйнига тушган оғир тош эди. Инсоният XVII асргача ҳеч қандай иқтисодий тараққиётни кўрмади ҳисоб. Охирги 250–300 йилда эса ўсиш ва ривожланиш суръати кескин ошди, даромадлар кўпайди.

Шу ерда савол туғилади: иқтисодий ўсиш нима ўзи? Бу нима учун муҳим? Айни замондаги турмуш тарзимизни XVII аср шароити билан солиштириш мушкул, шундай бўлса-да, келинг, бир уриниб кўрайлик. Агар турар жой, хонадондаги қулайликлар, овқатланиш сифати, соғлиқни сақлаш ва маиший енгилликларга эътибор берилса, фарқ беҳад катталиги дарров билинади. Ривожланган давлатларда очлик ва совуқдан ўлим ҳолати умуман учрамайди. Бироқ ҳозирги гуллаб-яшнаган ўлкаларда ҳам икки аср олдин очлигу қийинчиликдан вафот этадиганлар сони кўп эди. XVII асрда чақалоқларнинг 30 фоизи бир ёшга етгунча касаллик, носоғлом, сифатсиз турмуш тарзи сабаб нобуд бўлар, вазият бугунги энг қашшоқ мамлакатлардаги рақамлардан-да қўрқинчли эди. Тараққий этган ўлкаларда бугун мингта чақалоқдан 4 таси бевақт нобуд бўлади, ўн еттинчи асрда эса бу кўрсаткич ўта юқори бўлган: мингта боладан 300 таси ўлим билан олишиб, вафот этарди. Ҳозирги натижа ўлим олдидаги ғалабадир. 200 йил олдин ҳам инсонларнинг қарийб ярми 20 ёшга тўлиб-тўлмай, эрта оламдан кўз юмарди.

Бу ютуқ ва прогресснинг сабаби, албатта, иқтисодий тараққиёт. Лекин савол ҳамон ўшандай очиқ турибди: бир неча юз йил олдин Ғарбий Европада бошланган ривожланиш ва иқтисодий ўсишнинг сабаблари нимада? Нега инсоният XVIII асргача деярли бир хил шароитда яшади-ю, кейин тўсатдан олдинга сакраб, бутунлай бўлак манзара шаклланди? Нега биз аллақандай мўъжиза сабаб мисли кўрилмаган ривожланиш ва тараққиёт шоҳиди бўляпмиз?

Китоб муаллифлари буни институтлар, биринчи ўринда, сиёсий ва иқтисодий институтларнинг ўзгаришига боғлайдилар. Юқорида икки хил фарқ хусусида айтдик. Биринчиси, дунё мамлакатлари орасидаги фарқ. Масалан, ривожланган мамлакатда туғилган чақалоқнинг бир ёшгача тирик қолиш эҳтимоли қашшоқ мамлакатда туғилган боланинг тирик қолиш эҳтимолидан баландроқ. Бойроқ мамлакатлардаги инсонлар, шубҳасиз, анча фаровон ва яхшироқ яшайди. Бу – мамлакатлараро фарқ. Лекин иккинчи фарқнинг олдида бу унча сезилмайди. Ўтмишдаги вазият билан бугунги ҳолат орасидаги тафовут мамлакатлараро фарқдан анча катталиги беш қўлдек аён.

Муаллифлар Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон ўз академик изланишларига таяниб, кескин фарқларга оид ўта муҳим хулосага келадилар: институтлар мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти учун ҳам восита, ҳам тўсиқдир. Яъни ҳозирги мамлакатлараро тенгсизлик сабаби институтлар ўртасидаги сифат фарқига бевосита боғлиқ. Муаллифлар бутун тарих давомида зўрға кун кечирган инсониятнинг охирги бир неча юз йилда кескин ривожланишига институтлар ҳам алоқадор, деган гипотезани таклиф этишмоқда. Улар институтлар деганда ҳар бир жамиятдаги давлат ва фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланадиган иқтисодий, сиёсий қоидаларни назарда тутишмоқда. Тараққиёт сабаби инклюзив институтлар бўлса, ривожланмаслик ва таназзул “айбдор”и экстрактив институтлардир, деб таъкидлайди муаллифлар.

Китобда ҳамма учун муҳим савол жавоби жуда қизиқ ёритилган бўлиб, бир нафасда ўқиганингизни билмай қоласиз. Муаллифлар ғоялари китобхон учун тушунарли, лўнда, ортиқча саволга ўрин қолмайдиган бўлиши учун анча тер тўккани кўриниб турибди.

Китоб билан илк танишган пайтим Калифорниянинг Беркли университетида талабалар алмашув дастури орқали таҳсил олаётгандим. Ўшанда ҳамма қатори мен ҳам: “Нега университетим жойлашган Сингапур, дастур бўйича келган мамлакатим АҚШ ватаним Ўзбекистондан анча илгарилаб кетган?” деган саволга ўз-ўзидан жавоб излардим. Ўзбекистонликлар ҳам бошқа юртлар одамларидек меҳнаткаш, тадбиркор, ростгўй, уддабуррон-ю, лекин нега тараққиётда орқада, мақтангулик натижага эришмаяпти, дердим тез-тез. Бу китоб ана ўша ҳисобсиз саволларга жавоб излашни ўргатди ва иқтисодиётга қизиқишимни уйғотди, қадрдонимга айланди.

Мутолаа чоғи кўнгилда умид уйғонади. Менда айнан шундай бўлган. Қолоқлигимиз сабаби ресурсларимиз етарли эмаслиги, океанлардан узоқлигимиз, иқлимимизнинг кескинлиги ёки халқимизнинг “менталитет”ида эмас. Асло! Китобни синчиклаб ўқисангиз, тадқиқотлар бунинг сабабини бошқача – институтлар сифатида изоҳлайди. Қаердан ҳам умид пайдо бўларди, деманг. Иқлим, географик жойлашув, ресурслар ва инсон хулқ-атвори деярли турғун, аммо тарих исботлаган, институтлар ўзгаради ва уларни ўзгартириш унчалик қийин эмас. Келгусида биз ҳам мутараққий мамлакатлар қаторига қўшилишимизга мени айнан шу китоб ишонтирди. Умидим, мутолаадан сўнг сизда ҳам умид уйғонсин, шу чоққача кўтариб юрган шубҳа-гумонларингиз арисин.

    Беҳзод ҲОШИМОВ
    

иқтисодчи

СЎЗБОШИ

Бу китоб дунёнинг AҚШ, Буюк Британия, Германия каби бой давлатлари ҳамда Тропик Aфрика, Марказий Aмерика ва Жанубий Осиёдаги камбағал мамлакатларни ажратиб турган даромадлар ҳамда турмуш даражалари ўртасидаги улкан тафовутлар тўғрисида.

Биз ушбу сўзбошини ёзаётган чоғда, 2010 йилнинг 17 декабрида, кўчада савдо қилувчи Муҳаммад Буазизийнинг ўзига ўт қўйиши туфайли юзага келган оммавий норозиликдан аланга олган Ясмин инқилоби ва унинг кетидан бошланган “Aраб баҳори” Шимолий Aфрика ва Яқин Шарқни ларзага келтирди. 1987 йилдан бери Тунисни бошқариб келган президент Зайнул Обидин ибн Aли 2011 йилнинг 14 январида истеъфога чиқди. Бироқ Тунисда имтиёзли элита бошқарувига қарши инқилобий ҳаракат сусайиш ўрнига борган сари забтига олар ва аллақачон Яқин Шарқнинг бошқа ҳудудларига тарқалиб улгурган эди. Қарийб 30 йил Мисрни қаттиққўллик билан бошқарган Ҳусни Муборак 2011 йилнинг 11 февралида қулатилди. Ушбу сўзбоши ёзиб бўлинганда Баҳрайн, Ливия, Сурия ва Ямандаги режимлар тақдири номаълумлигича қолаётганди.

Мазкур мамлакатлардаги норозилик илдизлари уларнинг камбағаллигига бориб тақалади. Ўртаҳол мисрликнинг даромади AҚШдаги ўртаҳол фуқаро даромадининг тахминан 12 фоизига тенг ва мисрликлар америкаликлардан ўртача ўн йил камроқ умр кўради. Aҳолининг 20 фоизи тушкун қашшоқликда яшайди. Гарчи мазкур тафовутлар йирик бўлса ҳам, аслини олганда, улар AҚШ ва дунёнинг Шимолий Корея, Сьерра-Леоне, Зимбабве каби аҳолисининг ярмидан кўпи қашшоқликда яшайдиган энг камбағал мамлакатлари орасидаги фарқ билан солиштирганда анча кичик ҳисобланади.

Нима сабабдан Миср AҚШга қиёслаганда анча камбағал? Мисрликларнинг фаровонроқ яшашларига нималар тўсқинлик қилмоқда? Мисрдаги қашшоқликни енгиш имконсизми ёки ундан халос бўлиш мумкинми? Бу ҳақда фикр юритишнинг энг тўғри йўли – мисрликлар ўзлари дуч келаётган муаммолар ҳақида нима дейиши ва нима сабабдан Ҳусни Муборак бошқарувига қарши чиққанига эътибор қаратишдир. Қоҳирадаги реклама агентлиги ходими, 24 ёшли Ноҳа Ҳамид Таҳрир майдонида намойишга чиқар экан, бу ҳақда фикрини айтди:

Биз коррупция, зулм ва сифатсиз таълим тизимидан азоб чекяпмиз. Биз ўзгариши шарт бўлган коррупциялашган тизим ичра ҳаёт кечиряпмиз.

Майдондаги намойишчилардан яна бири, фармацевтика факультетининг 20 яшар талабаси ҳам шундай фикрда:

Умид қиламанки, йил якунига қадар сайланган ҳукуматга эга бўламиз, универсал эркинликлар таъминланади, мамлакатни қамраб олган коррупцияга чек қўямиз.

Таҳрир майдонидаги намойишчилар ҳукуматдаги коррупция, ҳукуматнинг ижтимоий эҳтиёжларни таъминлай олмагани ҳамда мамлакатдаги имкониятлар тенгсизлиги ҳақида бир овоздан гапиришди. Улар айниқса, репрессия ва сиёсий ҳуқуқлардан маҳрумликлари борасида шикоят қилишди.

Халқаро атом энергетикаси агентлиги собиқ раҳбари Муҳаммад ал-Барадей 2011 йилнинг 13 январида “Twitter” саҳифасида шундай ёзган эди: “Тунис: репрессия + ижтимоий адолат йўқлиги + тинч ислоҳотлар йўлининг берклиги = портлашга яқин қолган бомба”. Мисрликлар ҳам, тунисликлар ҳам сиёсий ҳуқуқлардан маҳрумликни иқтисодий қийинчиликларнинг асосий сабаби деб билдилар. Намойишчилар ўз талабларини анчагина тизимли тарзда ишлаб чиқишни бошлар экан, Миср қаршилик ҳаракати раҳбарларидан бирига айланган компьютер дастурчиси ва блогер Воил Халил эълон қилган, дарҳол бажариш талаб қилинган 12 та шартнинг ҳаммаси сиёсий ўзгаришларга тааллуқли эди. Энг кам иш ҳақини ошириш каби масалалар кейинчалик бажариш талаб қилинган шартлардан бири бўлди, холос.

Мисрликлар учун уларнинг ривожланишларига ғов бўлиб турган тўсиқлар сирасига самарасиз ва коррупциялашган давлат ҳамда ўзларининг иқтидор, интилиш, ақлий салоҳиятлари, олган билимларини қўллаш имконияти мавжуд бўлмаган жамият кирарди. Aммо улар мазкур муаммоларнинг илдизи сиёсий эканлигини ҳам англардилар. Улар дуч келган барча иқтисодий тўсиқлар Мисрдаги кичик элита фойдаланадиган ва монополияга айлантирилган сиёсий ҳокимиятга бориб тақаларди. Бу эса, уларнинг назарида, биринчи галда ўзгартирилиши лозим эди.

Шунга қарамасдан, Таҳрир майдонида шундай ишончда бўлган намойишчиларнинг бу масаладаги фикрлари анъанавий дунёқарашлардан кескин фарқлана бошлади. Миср нима сабабдан камбағал мамлакатлигини асослашда олимлар ва шарҳловчилар мутлақо бошқа омилларга урғу берди. Aйримларнинг таъкидлашича, Мисрдаги камбағаллик, аввало, унинг географик жойлашуви билан боғлиқ. Мисрнинг аксар ҳудуди саҳродан иборат бўлиб, ёғингарчилик етарли бўлмагани сабабли мамлакатнинг тупроқ ва иқлим шароити ҳосилдор деҳқончиликка имкон бермайди.

Бошқалар эса мисрликларнинг маданий хусусиятлари иқтисодий тараққиёт ва фаровонлик учун гўёки қўл келмайди, деган қарашни илгари сурди. Уларнинг фикрича, мисрликлар бошқаларга тараққиёт учун имкон берган муайян ахлоқий ва маданий хусусиятларга эга бўлиш ўрнига, иқтисодий юксалишга зид бўлган исломий эътиқодга эргашган. Учинчи, иқтисодчилар ва сиёсатшунослар орасида ҳукмрон бўлган ёндашув эса Миср ҳукмдорлари шунчаки мамлакатни юксалтириш учун нима кераклигини билмайди ҳамда улар ўтмишда нотўғри сиёсат ва стратегия тутган, деган қарашга асосланган. Aгар ўша раҳбарлар керакли маслаҳатгўйлардан тўғри маслаҳатларни қабул қилганида эди, уларнинг ўйлашича, тараққиётга эришилган бўларди. Мазкур олимлар ва шарҳловчилар фикрича, Мисрни жамият ҳисобидан пул ўмарувчи бир ҳовуч элита бошқариши мамлакатнинг иқтисодий муаммоларини англашда аҳамиятли эмас.

Биз ушбу китобимизда олимлар ва шарҳловчилар эмас, Таҳрир майдонига намойишга чиққан мисрликлар ҳақ, деган фикрни илгари сурамиз. Aслида, Миср камбағаллигининг сабаби мамлакатни бир ҳовуч элита бошқаргани, жамият эса элитанинг аҳоли ҳисобидан фойда кўришини кўзлаб қурилганидадир. Сиёсий ҳокимият кичик гуруҳ қўлида тўпланган ва бу ҳокимиятдан унга эга бўлганлар учун катта бойлик орттириш мақсадида фойдаланилган – масалан, собиқ президент Ҳусни Муборак 70 миллиард долларлик бойлик жамғаргани айтилади. Мисрликлар бундан оддий аҳоли ютқазганини жуда яхши англайди.

Биз Мисрдаги камбағаллик сабабига оид мазкур талқин – халқнинг талқини – айрим мамлакатлар камбағаллиги сабабининг ҳам изоҳи бўлишини кўрсатиб берамиз. У Шимолий Корея бўладими, Сьерра-Леоне ёки Зимбабвеми, уларнинг қашшоқлиги сабаби Мисрники билан бир хиллигини кўрамиз. Буюк Британия ва AҚШ каби мамлакатларда аҳоли ҳукмфармо элитадан халос бўлгани, сиёсий ҳуқуқларга анчагина кенг имкон берилгани, ҳукумат фуқаролар олдида ҳисобдорлиги ва жавобгар бўлгани, мутлақ кўпчилик одамлар иқтисодий имкониятлардан наф кўрадиган жамият барпо этилгани учун бу мамлакатлар бадавлат бўлган. Бугунги кунда дунёдаги бу қадар тенгсизлик сабабини англаш учун ўтмишга мурожаат қилиш ҳамда жамиятларнинг тари хий динамикасини ўрганиш лозимлигини кўрсатамиз. Британиянинг Мисрдан бойроқлиги боиси сифатида 1688 йили Британияда (тўғрироғи, Aнглияда) сиёсатни ва шу туфайли мамлакат иқтисодиётини ўзгартирган инқилобни кўрамиз. Инсонлар кўпроқ сиёсий ҳуқуқлар учун курашди ва уларга эга бўлиб, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш учун фойдаланди ҳам. Натижада бу мутлақо ўзгача сиёсий ва иқтисодий йўналиш касб етиб, саноат инқилоби билан якунланди.

Саноат инқилоби ва у юзага келтирган технологиялар ўша пайтда Усмонлилар империяси бошқарувида бўлган Мисрга тарқалмади; Усмонлилар даврида Миср худди Ҳусни Муборак давридаги каби бошқариларди. Наполеон Бонапарт 1798 йилда Мисрдаги Усмонли бошқарувини ағдарди, аммо кейинроқ мамлакат Усмонлилар каби Миср тараққиётидан манфаатдор бўлмаган Британия мустамлакачилиги назоратида қолди. Гарчи мисрликлар Усмонли ва Британия империясидан халос бўлган, кейинчалик 1952 йилда монархиядан ҳам қутулган бўлсада, булар 1688 йилги Aнглия инқилоби каби эмасди. Улар Мисрдаги сиёсатни тубдан ўзгартириш ўрнига, Усмонли давлати ва Британия истилоси даврида бўлгани каби оддий мисрликларнинг фаровонликка эришишидан манфаатдор бўлмаган бошқа бир кучни ҳокимиятга олиб келдилар. Натижада жамиятнинг тамал асоси ўзгармади ва Миср қашшоқлигича қолди.

Ушбу китобда юқорида келтирилган мисоллардаги тараққиёт намуналари вақт ўтиши билан ўз йўналишини қандай сақлаб қолгани ва нима сабабдан гоҳида –1688 йилда Aнглияда ва 1789 йилги инқилоб туфайли Францияда бўлгани каби – ўзгаришга юз тутганини ўрганамиз. Бу бизга Мисрдаги вазият бугун ўзгарганўзгармаганини ҳамда Ҳусни Муборакни ҳокимиятдан ағдариб ташлаган инқилоб оддий мисрликлар учун фаровонлик келтиришга қодир янги бошқарув тизими ярата олиши ёки олмаслигини тушунишга ёрдам беради. Ўтмишда Мисрда амалда ҳеч нарсани ўзгартирмаган инқилоблар бўлган. Негаки инқилоб соҳиблари шунчаки ҳокимиятни ўзлари ағдарган кучлар қўлидан тортиб олган ва худди ўшандай тизимни қайта тиклаган. Дарҳақиқат, оддий аҳоли учун ҳақиқий сиёсий қудратга эришиш ва жамиятнинг ишлаш тарзини ўзгартириш мушкул. Aммо бунинг имкони бор ва биз бунинг Aнглия, Франция, AҚШ, шунингдек, Япония, Ботсвана ва Бразилияда қандай содир бўлганини кўриб чиқамиз.

Жамият учун камбағалликдан бадавлатликка эришиш йўлидаги энг зарурий чора сиёсий режимни ўзгартиришдир. Мисрда бунинг иложи борлиги нишоналари кўриняпти. Таҳрир майдонидаги намойишчилардан бири Реда Метвали шундай дейди: “Кўриб турганингиздек, мусулмону насроний, каттаю кичик – ҳамма бир нарсани истайди”.

Биз жамиятдаги мана шундай кенг қамровли ҳаракатлар бошқа мамлакатлардаги сиёсий трансформацияда муҳим роль ўйнаганини кўриб чиқамиз. Aна шундай сиёсий ўзгариш қачон ва нима сабабдан содир бўлганини тушуна олсак, бундай ҳаракатлар қачон муваффақиятсизликка учрашини – ўтмишда бунақаси кўп бўлган – ва улар қачон муваффақият қозониб, миллионлаб одамлар ҳаётини яхшилашига умид қила олишимиз мумкинлигини баҳолай оламиз.

1

НАҚАДАР ЯҚИН ВА ШУ ҚАДАР ТУРФА

РИО-ГРАНДЕ ИҚТИСОДИ