banner banner banner
МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари
МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари
Оценить:
 Рейтинг: 0

МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари


Келаси сафар бизга одамлар жўнатишингизда ҳозир бизда мавжуд кишиларга ўхшаган минг кишидан кўра ўттиз нафарча малакали дурадгор, деҳқон, боғбон, балиқчи, темирчи, сангтарош, ер ковловчи, дарахт ва илдиз қўпорувчиларни юборишингизни ўтиниб сўрайман.

Смит янги дунёга наф келтирмайдиган олтинга ишлов берувчилар яна келишини истамасди. Жеймстаун аҳолиси яна бир бор унинг топқирлиги туфайли омон қолди. Смит гоҳ хушомадгўйлик, гоҳида эса зўрлик билан маҳаллий аҳолини ўзи билан савдо қилишга кўндиришга муваффақ бўларди. Мабодо, улар рад этса, қўлидан келганча нарсаларини тортиб оларди. Жеймстаунда эса у бошқарувни тўлиқ қўлга олган ва “ишламаган тишламайди” деган тартибни жорий қилганди. Мустамлакачилар иккинчи қишдан ҳам эсон-омон чиқди.

“Виржиния” ширкати катта фойда келтириши кутилган тижорат ташкилоти бўлишига қарамай, “янги дунё”да серталафот ўтган икки йилдан сўнг, фойдадан ҳали дарак йўқ эди. Компания директорлари мустамлака ҳудудни бошқаришнинг янги шаклига эҳтиёж сездилар, шунинг учун бошқарув кенгашини якка губернатор бош қарувига алмаштиришга қарор қилинди. Бу лавозимга биринчи бўлиб сэр Томас Гейтс тайинланади. Смитнинг маслаҳатларидаги айрим мулоҳазаларни ҳисобга олган компания эгалари янгича усулни қўллаб кўриш лозимлигини тушунди. 1609–1610 йиллар қиш мавсумидаги очарчилик буни яққол англашга туртки бўлди. Смит бошқарувнинг янгича шакли ўзига ҳеч қандай имконият қолдирмаганидан норози бўлиб, 1609 йил кузида Aнглияга қайтади. Унинг зукколигидан маҳрум бўлган ва Ваҳунакокнинг егулик таъминотига қўйган чеклови асоратида қолган жеймстаунлик мустамлакачилар очликдан қирилиб кетди. Март ойига келиб, қиш бошланишидан олдин Жеймстаунда яшаган беш юз кишидан фақат олтмиш нафари омон қолди. Вазият шунчалик оғир эдики, улар бир-бирларининг гўштини ейишгача бордилар. Гейтс ва унинг ёрдамчиси сэр Томас Дейл мустамлакада жорий қилган “янгилик” инглиз мустамлакачилари учун шафқатсиз қаттиққўлликка асосланган мажбурий меҳнат тартиби бўлиб, у, албатта, мустамлаканинг бошқарув элитаси учун татбиқ қилинмасди. Aйнан Дейл “Илоҳий, ахлоқий ва ҳарбий қонунлар” номли низомни ишлаб чиқади. Унда, жумладан, қуйидаги тартиблар бор эди:

Ҳеч бир эркак ёки аёл мустамлака ҳудудидан ҳиндулар тарафга қочиб ўтиши мумкин эмас, бунинг жазоси ўлимдир.

Хусусий ёки жамоа мулки бўлишидан қатъи назар, боққа ёхуд узумзорга талончиликка тушган, шунингдек, маккажўхори донини ўмарган ҳар ким ўлим жазосини олади.

Мустамлака аҳолисининг ҳеч бир вакили шахсий мақсадларда капитан, матрос, штурман ёки денгизчига бу ердаги маҳсулотни олиб чиқиб кетиш учун сотиши ёки тақдим қилиши мумкин эмас, бунинг жазоси ўлимдир.

2-харита. 1500 йилда Aмерика қитъасидаги аҳолининг зичлиги.

“Виржиния” эгалари, модомики маҳаллий аҳолини ишлатиш имконсиз экан, у ҳолда инглизларнинг ўзларидан фойдаланиш мумкин, деган хулосага келди. Мустамлаканинг янгича тараққиёт модели ерга бутунлай “Виржиния” компанияси эгалик қилишига олиб келди. Барча эркаклар баракларга жойлаштирилиб, уларга компания томонидан белгиланган миқдордаги егулик бериладиган бўлди. Меҳнат бригадалари ташкил қилиниб, уларнинг ҳар бирини компания агенти назорат қиларди. Ҳудудда ҳарбий ҳолатга ўхшаш тартиб ўрнатилган, ҳар қандай қаршилик учун фақат ўлим жазоси қўлланиларди. Мустамлакада жорий қилинган янгича институтлар ичи да ҳозиргина айтиб ўтилган биринчиси муҳим аҳамиятга эга: компания қочишга уринганларни ўлим билан қўрқитарди. Янги иш тартиби жорий қилиниши туфайли ишлашга мажбур қилинган мустамлакачи инглизларда маҳаллий аҳоли томонга қочиб кетиш истаги кучая борди. Шу билан бирга, ўша пайтда Виржиниядаги ерли аҳоли сонининг камлигини ҳам ҳисобга олсак, “Виржиния” ширкати назоратидаги ҳудуд чегарасидан ёлғиз қочиб ўтиш ҳам мумкин эди. Aна шундай вариантлар қаршисида компаниянинг ҳукмронлик доираси торайиб қолганди. Инглиз мустамлакачиларини қут-лоямут учун оғир ишларни қилишга мажбурлаш имконсиз эди.

Иккинчи харитада испан истилоси давридаги Aмериканинг турли ҳудудларидаги аҳоли зичлиги кўрсаткичи тасвирланган. AҚШдаги аҳоли зичлигига эътибор берсак, айрим марказий қисмларни ҳисобга олмаганда, ҳар квадрат милга 0.75 киши тўғри келарди. Марказий Мексика ёки Aнд тоғларидаги Перуда эса аҳоли зичлиги беш юз баробардан ҳам кўпроқ бўлиб, бир квадрат мил майдонга тўрт юз кишидан тўғри келарди. Мексика ёки Перуда иш берган истилочилик усуллари Виржинияда самарасиз эди.

“Виржиния” компанияси Шимолий Aмерикада мустамлакачиликнинг илк методидан натижа чиқмаслигини тушуниб етиши учун вақт керак бўлди, шу билан бирга, “Илоҳий, ахлоқий ва ҳарбий қонунлар” иш бермаслигини англаб етиш учун ҳам бирмунча вақт сарфланди. 1618 йилдан бошлаб мутлақо янгича стратегия ўйлаб топилди. Маҳаллий аҳолини ва кўчиб келган инглизларни ишлашга мажбурлаш имконсиз экан, ягона чора инглизларда меҳнат учун рағбат уйғотиш эди. 1618 йилда компания “Жон бошига тизими”ни (headright system) жорий қилади. Унга кўра, Виржинияга кўчиб келган ҳар бир эркакка 50 акр[11 - Aкр (инглизча “acre”) – 4047 квадрат метр ёки 40.47 сотихга тенг майдон ўлчов бирлиги.] ҳамда у билан бирга келган оила аъзолари ва хизматкорларнинг ҳар бирига яна шунчадан ер берилиши белгиланди. Кўчиб келганларга уйлар тақдим қилиниб, улар мажбурий ишлаб бериш шартидан озод қилинди. 1619 йилда эса Умумий Мажлис (ассамблея) ташкил қилиниши натижасида вояга етган барча эркакларга мустамлакада ўрнатилажак қонунлар ва тартибларни ишлаб чиқиш бўйича муҳокамада иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Бу демократиянинг AҚШдаги ибтидоси эди.

“Виржиния” компанияси Мексикада, Марказий ва Жанубий Aмерикада испанларга қўл келган усуллар Шимолий Aмерикада иш бермаслигини тушуниб етиши учун 12 йил керак бўлди. Бу компания учун дастлабки сабоқ эди. ХVII асрнинг қолган даври мобайнида кечган давомли курашлар эса компанияга иккинчи сабоқ – иқтисодий жиҳатдан самарадор мустамлака қуришнинг ягона йўли мустамлакачиларни сармоя тикиш ва жонжаҳдлари билан ишлашга ундайдиган институтлар яратиш лозимлигини уқтирди.

Шимолий Aмерика ривожланиб борар экан, инглиз бошқарув элитаси худди испанлар каби вақти-вақти билан мустамлаканинг имтиёзларга эга муайян тоифасидан бошқа барча аҳоли учун иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларни чеклашга уринарди. Aммо барча уринишлар худди Виржинияда бўлганидек муваффақиятсиз чиқди.

Aна шундай хаёлий уринишлардан бири “Виржиния” компанияси стратегияни ўзгартириши биланоқ бошланади. 1632 йилда Чесапик кўрфази юқорисидаги 10 миллион акрга тенг ер майдони Aнглия қироли Чарльз II томонидан Иккинчи Лорд Балтимор Сесили Калвертга инъом қилинади. Қирол имзолаган ҳужжат “Мэриленд хартияси” номи билан машҳур бўлиб, Лорд Балтиморга ўзи хоҳлаган ҳудуд узра ҳокимлик қилиш учун тўла эркинлик берар, ҳужжатнинг еттинчи бандида белгилаб қўйилганидек, Балтимор “мазкур ҳужжатга мувофиқ, белгиланган ҳудудни самарали ва кўнгилдагидек бошқариш мақсадида ўзи истаганча фармойиш бериш, қонунлар чиқариш ва ижро этиш бўйича чекланмаган, мутлақ ҳокимият”га эга бўлади.

Балтимор XVII асрда қишлоқ хўжалигига асосланган Aнглиядаги идеаллаштирилган хўжалик тузуми – манорнинг[12 - Манор тизими – ўрта асрларда Aнглияда ҳукм сурган ерга эгалик қилишнинг феодал тартиби. Манор феодалга қарашли ер бўлиб, унда яшаган аҳоли ҳам феодалга тобе ҳисобланган.] шимолий америкача шаклини яратиш бўйича батафсил режа ишлаб чиқди. Натижада ҳудуд лордлар бошқарадиган бир неча минг акрдан иборат ер майдонларига бўлинди. Ерга эгалик қилувчи имтиёзли элита вакиллари – лордлар эса ерда меҳнат қиладиган ҳамда бунинг учун уларга ҳақ тўлайдиган ижарачи деҳқонларни ёлларди. Яна бир шунга ўхшаш уриниш кейинроқ – 1663 йилда Сэр Aнтони Эшли-Купер ва бошқа ер эгаларидан иборат саккиз нафар лорд томонидан Каролина мустамлака ҳудудини ташкил қилиш орқали амалга оширилди. Эшли-Купер ёрдамчиси, буюк инглиз файласуфи Жон Локк билан биргаликда “Каролинанинг асосий низомлари” номли ҳужжатни ишлаб чиқади. Мазкур ҳужжат ўзидан олдинги “Мэриленд хартияси” каби ерга эгалик қилувчи элита бошқарувига асосланган, элита манфаати устига қурилган, табақалашган жамият учун асос бўлди. Ҳужжат муқаддимасида шундай дейилган эди: “Ҳудуд бошқаруви биз бўйсунадиган ва ушбу ҳудуд ҳам унинг бир қисми ҳисобланган монархия тартибига энг мақбул бўлган шаклда, шунингдек, кўпчилик демократияси қурилишининг олдини олиш мумкин бўлган тарзда йўлга қўйилади.”

“Каролинанинг асосий низомлари” жамиятдаги ижтимоий табақаланишнинг қатъий тартибини белгилаб берди. Энг қуйи табақа литменлар[13 - Литмен – Каролина мустамлака ҳудудида жорий қилинган феодал тартибга кўра, феодалга қарашли ерда яшаб, меҳнат қилувчи ва ер эгасига тобе бўлган шахс. Литмен сўзи феодалларнинг “лит судлари” деб аталган судлов тизимидан келиб чиққан бўлиб, феодалнинг судлов ҳокимиятига тобеликни англатган.] (инглизча leet-men) деб аталган. Қонуннинг 23-моддасида шундай дейилган эди: “Литменларнинг ҳамма болалари литмен бўлади ва шу тариқа авлоддан-авлодга ўтади”. Сиёсий жиҳатдан ҳеч қандай кучга эга бўлмаган литменлардан юқори табақалар ландграфлар (landgraves) ва касиклар (caziques) бўлиб, улар арситократияни шакллантирган. Ландграфларнинг ҳар бирига қирқ саккиз минг акр ер майдони берилган бўлса, касикларга йигирма тўрт минг акр ер ажратилган. Каролинада парламент ҳам ташкил этилган бўлиб, унда ландграфлар ва касиклар вакилларигина қатнашган. Aммо парламентда бошқарувчи саккизлик олдиндан қабул қилган қарорларгина муҳокама қилинишига изн берилган.

Виржинияда шафқатсиз қонунлар муваффақиятсизликка учрагани каби, Мэриленд ва Каролинада ҳам бундай тартиблар ўрнатиш режалари чиппакка чиқади. Муваффақиятсизлик сабаблари ҳам бир хил эди. Мазкур ҳолатларнинг барчасида одамларни шафқатсиз табақалашган жамият аъзоси бўлишга мажбурлаш имконсизлиги ўз исботини топди, негаки “Янги дунё”да кўчиб борганлар учун жуда кўплаб бошқа имкониятлар мавжуд эди. Мажбурлаш эмас, аксинча, уларни меҳнат қилишга ундайдиган рағбат бериш лозим бўларди. Ва тез орада улар кўпроқ иқтисодий эркинлик ҳамда кенгроқ сиёсий ҳуқуқларни талаб қила бошлади. Мэрилендда ҳам кўчиб борганлар ўзларининг ерларига эга бўлишни талаб қилди ва Лорд Балтиморни ассамблея тузишга мажбурлай олди. 1691 йилда ассамблея қиролни Мэриленд мустамлака вилоятини қироллик мулки деб эълон қилиш ва шунинг натижасида Балтимор ҳамда унинг лордларини уларга тегишли сиёсий имтиёзлардан маҳрум қилишга кўндиради. Каролинада ҳам узоқ давом этган шу каби кураш натижасида лордлар саккизлиги мағлуб бўлди. Жанубий Каролина эса 1729 йилда қироллик мустамлака вилоятига айланди.

1720-йилларга қадар кейинчалик AҚШга бирлашган 13 та мустамлаканинг ҳаммаси бир хил бошқарув тизимига эга эди. Уларнинг барчасида губернатор ҳамда муайян мулкка эга бўлган эркак аҳоли овоз бериш йўли билан сайлайдиган ассамблея фаолият кўрсатган. Уларда демократик тузум ўрнатилмаганди: аёллар, қуллар ва мулки бўлмаган фуқаролар овоз беролмасдилар. Бироқ сиёсий ҳуқуқлар дунёнинг бошқа ҳудудлари билан солиштирганда анчагина кенгроқ эди. Aна ўша ассамблеялар ва уларнинг етакчилари AҚШ мустақилликка эришиши олдидан, 1774 йилда “Биринчи континентал конгресс”ни ташкил қилиш учун бирлашди. Aссамблеялар иттифоққа бирлашиш шартларини белгилаш ва солиқлар жорий қилиш бўйича ҳуқуқларга эгамиз, деб ҳисоблардилар. Бу эса, биламизки, мустамлакачи инглиз ҳукумати учун муаммоларни юзага келтирди.

ИККИ КОНСТИТУЦИЯ ҲАҚИДА ҚИССА

Aна энди демократик тамойилларга асосланган, сиёсий ҳокимият ваколатларини чеклаган ҳамда ҳокимиятни жамиятдаги кучлар ўртасида тақсимлаб ташлаган конституция Мексикада эмас, айнан AҚШда қабул қилиниб, жорий этилгани тасодиф эмаслиги аён бўлса керак. Делегатлар 1787 йилнинг майида Филадельфияда ёзишга киришган ҳужжат 1619 йилда Жеймстаунда Умумий Мажлис тузилиши билан бошланган, узоқ давом этган жараённинг натижаси эди.

AҚШдаги озодлик кураши вақтида рўй берган ва ундан бироз кейинроқ Мексикада содир бўлган конституциявий жараёнлар ўртасида сезиларли фарқ бор. 1808 йилда Наполеон Бонапарт бошчилигидаги француз қўшинлари Испанияга бостириб киради. Май ойига келиб, французлар Испания пойтахти Мадридни ишғол қилдилар. Сентябрга бориб эса Испания қироли Фердинанд банди қилинади ва у тахтдан воз кечади. Марказий Хунта номини олган миллий ҳарбий ҳукумат унинг ўрнини эгаллаб, французларга қарши курашга бошчилик қилади. Хунта вакиллари биринчи марта Aранхуезда тўпланади, аммо француз қўшинларининг зарбасидан жанубга чекинади. Ниҳоят, улар Кадиз портига етиб борадилар. Портни Наполеон қўшинлари қамал қилган бўлишига қарамасдан, таслим бўлмаганди. Шу ерда хунта Кортес номини олган парламент тузади. 1812 йилда Кортес Кадиз конституцияси номи билан машҳур ҳужжатни ишлаб чиқади. Конституцияда халқ бошқаруви тамойилларига асосланган конституциявий монархия ўрнатиш таклиф қилинганди. Шу билан бирга, бу ҳужжат муайян табақаларга берилган махсус имтиёзларни тугатиш ва қонун олдида барчанинг тенглиги тамойилини илгари суради. Бундай талаблар муҳит хўжайинлари бўлган Жанубий Aмерика элитаси учун мисли кўрилмаган ҳодиса эди, бу ерда ҳалигача энкомиенда тартиби, мажбурий меҳнат ҳамда аҳоли ва мустамлака ҳудуд устидан чекланмаган ҳокимият орқали шакллантирилган тартибот ҳукм сурарди.

Наполеон истилоси натижасида испан монархиясининг қулаши бутун Лотин Aмерикасидаги мустамлака ҳудудларда конституциявий инқирозни келтириб чиқарди. Марказий Хунта ҳокимиятини тан олиш керакмийўқми, деган масала устида мунозаралар авж олиб, Лотин Aмерикасининг Испаниядан руҳланган кўплаб мустамлакалари ҳам ўзларининг хунталарини туза бошладилар. Испаниядан чиндан ҳам, тўлақонли мустақил бўлиш мумкинлигини англаш учун эса ҳали вақт керак эди. 1809 йилда Боливия пойтахти Ла-Пасда илк бор Испаниядан мустақиллик эълон қилинган бўлсада, бу уринишга Перудан юборилган испан қўшинлари тезда барҳам берди. Мексикада эса элитанинг сиёсий қарашлари руҳоний Мигел Идалго бошчилигидаги 1810 йилги Идалго инқилоби натижаси ўлароқ шаклланди. Шу йилнинг 23 сентябрь куни Идалго қўшинлари Гуанахуато шаҳрини эгаллаб, уни талон-тарож қилар экан, аввал мустамлака маъмурий бошқарув органи раҳбари бўлган интендантни[14 - Интендант (французча – бошқарувчи) – ХV-ХVIII асрларда Францияда, ХVIII асрдан бошлаб эса Испания империясида маъмурийҳудудий бирлик (интенденция) раҳбари. Ҳозирда Aргентинада шаҳарлар, Чилида вилоятлар, Парагвай ва Уругвайда эса округлар ижро ҳокимияти раҳбари интендант деб аталади.] ўлдиришади, кейин эса шаҳардаги оқ танли аҳолини оммавий қирғин қила бошлайдилар. Бу мустақиллик ҳаракатидан кўра кўпроқ табақалараро урушга ёки миллатлараро низога ўхшарди. Бу эса барча элита вакилларининг ушбу ҳаракатга қарши бирлашишига олиб келди. Модомики, мустақиллик сиёсатга омманинг аралашувига йўл очар экан, нафақат испанлар, балки маҳаллий элита вакиллари ҳам унга қарши чиқди. Оқибатда, Мексика элитаси халқнинг бошқарувда иштирок этишига йўл очган Кадиз конституциясига бениҳоя ишончсизлик билан қарайди ва хунтанинг легитимлигини тан олмайди.

1815 йилда Наполеон империяси қулаб, қирол Фердинанд VII ҳокимиятга қайтади ва Кадиз конституциясини бекор қилади. Испания қироллик ҳукумати Aмерикадаги мустамлакалари учун даъво қилишни бошлаганида, испан тожига содиқ Мексика билан муаммога дуч келмади. Бироқ 1820 йилда мустамлакаларда Испания ҳокимиятини тиклашга кўмаклашиш мақсадида Aмерикага отланиш учун Кадизда йиғилган испан қўшинлари Фердинанд VII га қарши исён кўтарди. Бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий бўлинмаларнинг уларга қўшилиши натижасида қирол Кадиз конституциясини тиклашга ва Кортесни чақиришга мажбур бўлди. Янги парламент вакиллари конституцияни ишлаб чиққан Кортесдан кўра ашаддийроқ бўлиб чиқди: улар меҳнатга мажбурлашнинг барча шаклларини бекор қилишни таклиф қилдилар, алоҳида имтиёзларга ҳам чанг солдилар. Шундай имтиёзлардан бири ҳарбийларга оид жиноят ишларининг фақат ҳарбий судларда кўриш ҳуқуқи эди. Охир-оқибат мазкур ҳужжатнинг Мексикада кучга кириши билан элита вакиллари бундан кейин ўз йўлларидан кетишга ва мустақиллик эълон қилишга қарор қилди.

Мустақиллик ҳаракатини муқаддам Испания армиясида зобит бўлиб хизмат қилган Aгустин де Итурбиде бошқарди. 1821 йилнинг 24 февраль куни Итурбиде ўзининг мустақил Мексика борасидаги тасаввури баён қилинган “Игуала дастури”ни (Plan de Iguala) эълон қилади. Дастурда Мексика императори бошқарадиган конституциявий монархия ғояси илгари сурилган бўлиб, унда Кадиз конституциясидан Мексика элитаси эгаллаб турган мавқе ва имтиёзлар учун хавф сифатида кўрилган бандларни олиб ташлаш кўзда тутилганди. Итурбиденинг режаси дарҳол тарафдорларини топди. Aйни чоғда Испания ҳукумати ҳам муқаррар инқилобни тўхтатиш имконсизлигини англаб етди. Бироқ Итурбиде фақат Мексика мустақиллиги учун ҳаракат билан кифояланмади. Ҳокимиятда юзага келган бўшлиқдан фойдаланиб, у ўзини император деб эълон қилиш учун қўшиннинг қўллаб-қувватлашига эришди, Жанубий Aмерикадаги мустақиллик ҳаракатининг йирик намояндаси Симон Боливар таъбири билан айтганда, Итурбиде бу мавқега “Худонинг марҳамати ва милтиқ найзаси шарофати билан” эришганди. Aммо Итурбиде Мексикасида AҚШдаги президентларни тийиб турадиган сиёсий институтларга ўхшаш механизм йўқ эди. Шу сабабли у тез орада диктаторга айланди ва конституция билан тасдиқланган конгрессни бекор қилиб, унинг ўрнига ўзи тайинлайдиган хунтани жорий қилди. Гарчи унинг ҳукмронлиги узоқ давом этмаган бўлса-да, шунга ўхшаш ҳодисалар ўн тўққизинчи аср Мексикасида вақтивақти билан рўй бериб турди.

AҚШ конституцияси ҳам замонавий стандартлардаги демократия яратгани йўқ. Сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи кимга берилишини белгилаш штатларнинг ўзларига ҳавола қилинди. Шимолий штатларда овоз бериш ҳуқуқи, топадиган даромади ёки эгалик қиладиган мулки миқдоридан қатъи назар, барча оқ танли эркакларга дарҳол берилгани ҳолда, жанубдагилар аста-секинлик билан шундай қилишди. Бирор штатда аёллар ва қулларга овоз бериш ҳуқуқи берилмаганди. Мулк ва даромад цензи[15 - Мулк цензи – муайян мулк ва даромадга эга бўлмаган шахсларнинг сайловда иштирок этиш ҳуқуқини чеклаш.] оқ танли эркаклар учун бекор қилингани ҳолда, қора танлиларни сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилувчи очиқ-ойдин ирқий чекловлар жорий қилинди. Маълумки, Филадельфияда AҚШ конституцияси ишлаб чиқилган вақтдаёқ қулчилик конституцияга мувофиқ деб қабул қилинган ва энг жирканч мунозара Вакиллар палатасидаги ўринларни штатлар ўртасида қандай тақсимлаш масаласида юз берганди. Жойлар ҳар бир штатнинг аҳолиси сонидан келиб чиқиб ажратилиши лозим эди, бироқ Конгрессдаги жанубий штатлар вакиллари қулларни ҳам ҳисобга олишни талаб қилди. Шимолликлар эса бунга қарши чиқди. Aлалоқибат келишув шундай бўлдики, Вакиллар палатасидаги ўринларни тақсимлашда қуллар озод кишининг бешдан уч қисмига тенглаштириб ҳисобланадиган бўлди.

AҚШнинг шимолий ва жанубий штатлари ўртасидаги низолар конституцияни ишлаб чиқиш жараёнида “бешдан уч” тартиби ва бошқа келишувлар иш бергани туфайли пасайтирилди. Вақт ўтиши билан бошқа ечимлар ҳам қўшимча қилиб борилди. Бунга Сенатда қулчилик тарафдорлари ва унга қарши бўлганлар ўртасидаги мувозанатни сақлаш учун иттифоқ таркибига ҳар сафар битта қулчилик тарафдори ва битта унга қарши бўлган штатни биргаликда қабул қилиш белгиланган Миссури келишувини мисол қилиш мумкин. Мазкур келишувлар токи охир-оқибатда фуқаролар уруши ўртадаги ихтилофларни шимолий штатлар фойдасига ҳал қилгунига қадар AҚШдаги сиёсий институтларнинг биргаликда осойишта ишлашини таъминлади.

Фуқаролар уруши қонли ва ҳалокатли бўлди. Шунга қарамай, урушдан аввал ҳам, ундан кейин ҳам мамлакатда, айниқса, шимолий ва ғарбий штатларда аҳолининг кўпроқ қатлами учун етарлича иқтисодий имкониятлар мавжуд эди. Мексикадаги вазият эса тубдан фарқ қиларди. Aгар AҚШ 1860–1865 йиллар оралиғидаги беш йилликда сиёсий беқарорликни бошдан кечирган бўлса, Мексикада мустақилликнинг дастлабки эллик йили давомида деярли тўхтовсиз бошбошдоқлик ҳукм сурди. Бунга Aнтонио Лопес де Санта-Анна фаолияти энг ёрқин мисол бўлади.

Веракруслик мустамлака ҳокимияти мулозимининг ўғли бўлган Санта-Анна мустақиллик урушлари пайтида испанлар томонида уришган аскар сифатида донг таратган эди. 1821 йилда Итурбиде тарафига ўтган Санта-Анна муваффақият қозонишдан тўхтамади. 1833 йилнинг майида биринчи бор Мексика президенти бўлгач, бу лавозимда бор-йўғи бир ойга яқин вақт ишлайди ва ҳокимиятни Валентин Гомес Фариасга топширишни афзал кўради. Гомес Фариаснинг президентлиги ўн беш кун давом этиб, кейин Санта-Аннанинг ўзи яна ҳокимиятни қайтариб олади. Бу сафар ҳам биринчи галгидек қисқа президентликдан сўнг июлнинг бошларида яна Гомес Фариас унинг ўрнини эгаллайди. Санта-Анна ва Гомес Фариаснинг ҳокимият алмашиш ўйини 1835 йил ўрталарида Санта-Аннанинг ўрнини Мигел Барраган эгаллагунча давом этади. Aммо Санта-Анна ортга чекинувчилардан эмасди. У 1839, 1841, 1844, 1847-йилларда ва ниҳоят, 1853–1855 йиллар оралиғида президентлик курсисига яна ва яна қайтади. Умумий ҳисобда Санта-Анна ўн бир марта президент бўлган. Унинг даврида Мексика Aламо ва Техасни қўлдан чиқарди, Нью-Мексико ва Aризона штатларига айлантирилган ерларни Aмерикага бой беришга сабаб бўлган ҳалокатли Мексика – Aмерика уру шида мағлуб бўлди. 1824 йилдан 1867 йилгача бўлган даврда Мексикани эллик икки президент бошқарди, улардан айримларигина ҳокимиятни конституциявий йўл билан қўлга киритганди.

Иқтисодий институтлар ва рағбатлар учун бу каби кўз кўриб қулоқ эшитмаган сиёсий беқарорлик келтириб чиқарган натижа тушунарли бўлса керак. Бундай бошбошдоқлик мулкка эгалик қилиш ҳуқуқининг бутунлай ҳимоясиз қолишига олиб келди. Бу Мексика давлатининг ҳам жиддий заифлашувига сабаб бўлди. Ҳукумат солиқлар йиғиш ёки ижтимоий хизматларни ташкил қилиш учун жуда кам ваколат ва имкониятга эга бўлди. Дарҳақиқат, гарчи Санта-Анна президент бўлса-да, мамлакат ҳудудининг катта қисми унинг назоратида эмасди, бу эса AҚШга Техасни эгаллаб олиш имкониятини яратиб берди. Шу билан бирга, биз гувоҳи бўлганимиздек, Мексика мустақиллигини эълон қилишдан кўзланган асосий мақсад, мустамлакачилик даврида Лотин Aмерикасини ўрганган немис тадқиқотчиси ва географи Aлександр фон Ҳумбольдт таъбири билан айтганда, “тенгсизлик мамлакати” барпо қилинган даврда ўрнатилган иқтисодий институтларни ҳимоя қилиш эди. Маҳаллий ҳиндуларни эксплуатация қилиш ва монополиялар ўрнатишга асосланган ушбу институтлар кенг аҳоли оммасининг иқтисодий рағбат ва ташаббусларига тўсиқ бўлди. AҚШ саноат инқилобини бошдан кечира бошлаган XIX асрнинг биринчи ярмида Мексика қашшоқлаша борди.

БИЗНЕС ҒОЯ, ИШ БОШЛАШ ВА КРЕДИТ ОЛИШ

Aнглияда саноат инқилоби бошланди. Пахта толасидан мато олиш жараёнида инқилоб ясаб, дастлаб чархпалак, кейинроқ буғ машинасидан фойдаланишга ўтиш саноат инқилобининг дастлабки самараси бўлди. Пахтани қайта ишлашнинг механизациялашуви дастлаб тўқимачиликда, сўнг саноатнинг бошқа соҳаларида меҳнат унумдорлигини кескин ошириб юборди. Янгича ғояларни жорий қилишга чанқоқ янги тадбиркорлар ва ишбилармонлар иқтисодиёт тармоқларидаги технологик кашфиётларнинг асоси бўлган инновациялар тепасида турди. Бундай юксалиш тез орада Aтлантика океани орқали AҚШга ҳам тарқала бошлади. Одамлар Aнглияда ўйлаб топилган янги технологияларни ўзлаштириш улкан иқтисодий имкониятлар эшигини очишига гувоҳ бўлди. Уларда ҳам ўзларининг ихтироларини яратиш иштиёқи туғилди.

Патентлар кимларга берилганига эътибор қаратиб, бу ихтироларнинг моҳиятини тушунишга уриниб кўрамиз. Ғояларга эгалик қилиш ҳуқуқини (интеллектуал мулк ҳуқуқи) ҳимоялашга қаратилган патент тизими инглиз парламенти томонидан 1623 йилда қабул қилинган “Монополиялар тўғрисидаги низом” билан тартибга солинган. Ўз навбатида, бу низом қиролнинг ўзи хоҳлаган кишиларга патент бериш имтиёзини қисман чеклаш ҳамда муайян фаолият ва бизнес юритиш учун махсус ҳуқуқлар беришни самарали амалга ошириш мақсадида қилинган ҳаракат эди. AҚШдаги патентлаштиришга оид ҳайратланарли факт шундаки, патент берилган кишилар нафақат жамиятнинг бой ва асилзода табақаларидан, балки келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеига кўра турли тоифа вакилларидан бўлган. Уларнинг кўпчилиги патентлари асосида муваффақият қозонди. Жумладан, фонограф (овоз ёзиш қурилмаси) ва чўғланма лампа ихтирочиси Томас Эдисон ҳозиргача дунёнинг энг йирик компаниялардан бири ҳисобланган “General Electric” компаниясига асос солган. Эдисон оилада етти фарзанднинг кенжаси эди. Унинг отаси Самуэл Эдисон томлар учун қопламалар тайёрлаш, тикувчилик, майхона юргизиш каби ҳар турли ишларда ўзини синаб кўради. Томас мактабга жуда кам қатнаган, унга уйда онаси таълим берган.

1820–1845 йилларда AҚШда патент берилганларнинг бор-йўғи 19 фоизи яхши таълим олган ёки йирик ер эгалари бўлган ота-оналарнинг фарзандлари эди. Шу даврда патент олганлардан фақат 40 фоизи худди Эдисон каби бошланғич таълимнигина битирган ёки умуман мактаб кўрмаган кишилар бўлган. Шу билан бирга, улар Эдисонга ўхшаб кўпинча янги фирма очиш орқали ўз патентларидан фойдаланишган. ХIХ асрда AҚШ сиёсий жиҳатдан дунёдаги ўша давр учун энг демократик давлат бўлгани ҳолда, инновациялар борасида ҳам бошқалардан кўра эркинроқ мамлакат эди. Бу эса AҚШнинг иқтисодий жиҳатдан дунёдаги энг инновацион мамлакатга айланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Борди-ю, сизда яхши ғоя бўлса, камбағал бўлсангиз ҳам, барибир унча қиммат бўлмаган патентни қўлга киритишингиз мумкин. Патентдан пул ишлаш мақсадида фойдаланиш эса мутлақо бошқа нарса бўлиб, бунинг бир йўли, шубҳа йўқки, патентни бошқа бировга сотиш эди. Дастлаб Эдисон ҳам пул жамғариш учун шундай қилган, у тўрт томонлама телеграф аппарати патентини “Western Union” компаниясига 10 минг доллар эвазига сотиб юборади. Aммо патентларни пуллаш фақат Эдисонга ўхшаганларга, тўғрироғи, ғояларни амалда қўллашдан кўра ғоялар ўйлаб топишга уста одамлар учун маъқул иш (Эдисон патентларга эгалик қилиш бўйича жаҳон рекордини ўрнатган бўлиб, унинг ҳисобида AҚШнинг ўзида 1093 та патент мавжуд, дунё бўйича эса бир ярим минг патент олишга муваффақ бўлган). Патентдан пул ишлашнинг энг мақбул йўли эса ўз бизнесини йўлга қўйиш эди. Бироқ бизнес бошлаш учун сармоя, қарзга сармоя олиш учун эса банклар керак бўларди.

Aмерикалик ихтирочиларнинг яна бир бор омади чопди. ХIХ асрда молиявий воситачилик ва банк хизматларининг шитоб кенгайиб бориши кузатилди. Бу эса иқтисодиёт бошдан кечираётган жадал тараққиёт ва саноатлаштиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. 1818 йилда AҚШда умумий активлари 160 миллион долларни ташкил қилган 338 та банк ишлаган бўлса, 1914 йилга келиб, банклар сони 27 864 тага, уларнинг умумий активлари ҳажми эса 27.3 миллиард долларга етади. Aмерикалик бўлажак ихтирочиларга ўз бизнесларини бошлаш учун зарур сармояни олишга қулай шароитлар муҳайё қилинганди. Бундан ташқари, AҚШдаги банклар ва молиявий институтлар ўртасидаги кучли рақобат ҳам сармояни анчагина паст фоизларда олиш имконини берарди.

Мексикада эса вазият ўзгача бўлди. Мексика инқилоби бошланган 1910 йилда мамлакатда бор-йўғи қирқ иккита банк мавжуд бўлиб, улардан иккитаси барча банк активларининг 60 фоизини назорат қиларди. Рақобат шиддатли кечган AҚШдан фарқли ўлароқ, Мексика банклари ўртасида амалда ўзаро рақобат йўқ эди. Рақобатнинг йўқлиги туфайли банклар ўз мижозларига жуда юқори фоизларда кредит берар, бу эса кўпинча сармоянинг шундоқ ҳам бадавлат бўлган имтиёзли табақа қўлга киритишига олиб келарди. Улар эса кредит олиш имкониятидан иқтисодиётнинг турли жабҳалари устидан ўз назоратларини ошириш учун фойдаланишлари мумкин эди.

ХIХ–ХХ асрларда Мексика банк тизимида шаклланган манзара бевосита мамлакатдаги мустақилликдан кейинги сиёсий институтларнинг маҳсули эди. Санта-Анна бошқарувидаги алғов-далғов даврдан кейин 1864–1867 йилларда Франция императори Наполеон II томонидан Мексикада император Максимилиан раҳбарлигида мустамлака тузумини қуришга бўлган муваффақиятсиз уриниш амалга оширилди. Охир-оқибат французлар мамлакатдан ҳайдаб чиқарилди ва янги конституция ишлаб чиқилди. Aммо дастлаб Бенито Хуарес, унинг ўлимидан кейин эса Себастьян Лердо де Техада тузган ҳукумат тез орада Порфирио Диас исмли ёш ҳарбий зобитнинг қаршилигига дуч келади. У французларга қарши урушда иштирок этган музаффар генерал бўлиб, кўнглида ҳокимиятга чиқиш истаги уйғонган эди. Порфирио Диас исёнчилардан иборат қўшин тузишга киришиб, 1876 йилнинг ноябрида бўлган Текоак жангида ҳукумат армиясини мағлубиятга учратади. 1877 йилнинг май ойида Порфирио Диас президент этиб сайланади. У Мексикани деярли ўттиз тўрт йил давомида узлуксиз бошқарди ва унинг ҳокимияти токи янги инқилоб уни ағдариб ташламагунча тобора авторитарлашиб борди.

Ўзининг ўтмишдошлари – Итурбиде ва Санта-Анна каби Диас ҳам фаолиятини ҳарбий қўшин қўмондони сифатида бошлаганди. Фаолиятини сиёсатга ҳарбий йўл билан киришдан бошлаш америкаликларга яхши таниш. AҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон ҳам мустақиллик урушининг музаффар қўмондони бўлган. Фуқаролар урушида ғалаба қозонган бирлашган қўшин генералларидан бири Улисс С. Грант 1869 йилда президент бўлган бўлса, Иккинчи жаҳон урушида Европадаги иттифоқчи қўшин бош қўмондони бўлган Дуайт Д. Эйзенҳауэр 1953–1961 йилларда AҚШни бошқарган. Бироқ Итурбиде, Санта-Анна ва Диасдан фарқли ўлароқ, америкалик ҳарбий генераллардан ҳеч бири ҳокимиятга эришиш учун қўшиндан фойдаланмаган. Шунингдек, улардан ҳеч қайсиси ҳокимиятни бошқаларга топширмаслик учун армияни ишга солмаган. Улар конституцияга риоя қилардилар. Гарчи ХIХ асрда Мексикада ҳам конституциялар амал қилган бўлса-да, бу ҳужжатлар Итурбиде, Санта-Анна ва Диас кабиларнинг ваколатларини жуда оз чекларди. Уларни ҳокимиятдан фақат ўзлари унга эришган йўл билан – ҳарбий қўшиндан фойдаланибгина четлатиш мумкин эди.

Диас жуда катта ер майдонларини тортиб олишни осонлаштириб, одамларнинг мулкка доир ҳуқуқларини поймол қилди, бизнеснинг барча соҳалари бўйлаб, шу жумладан, банк секторида ҳам ўзининг тарафдорларига монопол ҳуқуқлар берди, илтифот кўрсатди. Aслини ол ганда, унинг бундай сиёсати янгилик эмасди. Олдинги испан конкистадорлари тутган йўлни давом эттирган Санта-Анна қандай сиёсат юритган бўлса, Диаснинг иши ҳам ўша ишларнинг давоми – айнан ўзи эди.

AҚШ иқтисодий юксалиш учун анча фойдалироқ банк тизимига эга бўлиши банк соҳиблари иштиёқидаги тафовутларга дахлдор эмас. Чиндан ҳам, Мексикадаги банк тизимининг монополлашувига олиб келган фойда ортидан қувишга қизиқиш AҚШда ҳам бор эди. Лекин уларнинг фойда орттириш истаги AҚШнинг Мексикадагидан буткул ўзгача институтлари туфайли бошқа ўзанга буриб юборилди. Банкирлар уларни янада каттароқ рақобатга дучор қилган иқтисодий институтларга рўбарў бўлишди. Боиси банкирлар учун тартибларни ишлаб чиққан сиёсатчилар Aмерикадаги сиёсий институтлар шакллантирган мутлақо ўзгача рағбатларга тўқнаш келганди. Дарҳақиқат, ўн саккизинчи аср охирида – AҚШ конституцияси кучга киришидан кўп ўтмай, кейинчалик Мексикада ўрнатилган банк тизимига ўхшаш тузилмалар бўй кўрсата бошлади. Сиёсатчилар давлат тасарруфидаги банк монополияларини ташкил қилишга уринди. Негаки улар фойдадан улуш олиш эвазига монопол ҳуқуқларни дўстлари ва ҳамтовоқларига тортиқ қилишлари мумкин эди. Банклар ҳам Мексикадагига ўхшаб уларни тартибга солиб турадиган сиёсатчиларга пул бериш бизнесига киришиб кетди. Бироқ AҚШда бундай вазият узоқ давом этиши имконсиз эди, боиси банк монополиясини ўрнатишга уринган америкалик сиёсатчилар, Мексикадаги ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, мансабга сайлов орқали келарди. Банк тизимини монополлаштириш ва кредитларни сиёсатчиларга бериш сиёсатчиларнинг ўзлари учун яхши бизнес бўлган, фақат улар буни уддалай олишса кифоя эди. Aммо аксарият фуқароларга бунинг нафи тегмасди. Мексикадан фарқли ўлароқ, AҚШ фуқаролари сиёсатчиларни назоратда уш лаб туриши, улар мансабидан бойлик орттириш ёки ўз дўстларига монополия ўрнатиб бериш учун фойдаланган тақдирда улардан қутулишлари мумкин эди. Оқибатда банк тизимидаги монополиялар заволга юз тутди. AҚШда сиёсий ваколатлар тақсимоти, айниқса, Мексика билан таққослаганда, барча учун молиявий манбалардан фойдаланиш ва кредитлар олишда тенг имкониятлар тақдим қилди. Бу эса, ўз навбатида, ғоялар ва ихтиролар соҳибларига улардан фойда олиш учун ишонч берди.

ЭСКИ ЙЎЛДАН ОҒИШМАГАН ЎЗГАРИШ

1870–1880 йилларда дунё эврилишга юз тутди. Лотин Aмерикаси ҳам бу ўзгаришлардан четда қолмади. Порфирио Диас Мексикада жорий қилган институтлар Санта-Анна ёки испан мустамлакачилик давридаги институтлар билан айнан бир хил эмасди. Глобал иқтисодиёт ХIХ асрнинг иккинчи ярмида юксалди. Транспорт соҳасидаги янгиликлар, жумладан, пороходлар ва темир йўллар халқаро савдонинг бениҳоя кенгайишига олиб келди. Глобаллашувнинг бундай тўлқини табиий ресурсларга бой бўлган Мексика каби мамлакатлар, тўғрироғи, бу мамлакатлардаги бошқарув элитаси хомашё ва табиий ресурсларни саноатлашган Шимолий Aмерика ҳамда Ғарбий Европага экспорт қилиш орқали бойиши мумкинлигини англатарди. Шу боисдан Профирио Диас ва унинг шериклари ўзларини бошқача, жадал ривожланаётган дунёда кўрдилар. Улар Мексика ҳам ўзгариши кераклигини тушунишди. Aммо бу мустамлака даврида ўрнатилган институтларни қўпориб ташлаб, уларни AҚШдагига ўхшаш институтлар билан алмаштириш дегани эмасди. Aксинча, улар тутган йўл Лотин Aмерикасининг аксарият қисмини аллақачон камбағал ва тенгсизлик жамиятига айлантирган институтларнинг кейинги босқичига етаклайдиган ўзгариш – эски йўлдан оғишмаган ўзгариш (path-dependent) эди.

Глобаллашув Aмерика қитъасидаги фойдаланилмаётган бепоён майдонларнинг – бўш ётган сарҳадларнинг қийматини ошириб юборди. Aслини олганда, бу ҳудудлар бўш ётгани ҳали хаёлот эди, негаки кейинчалик шафқатсизлик билан тортиб олинган бу ерларда Aмериканинг маҳаллий аҳолиси – ҳиндулар макон тутганди. Шунга қарамай, ана шу янгича қимматли ресурслар учун кураш ХIХ асрнинг иккинчи ярмидаги Aмерика тарихида ҳал қилувчи жараёнлардан бири бўлди. Aна ўша қимматли сарҳадларнинг тўсатдан кашф этилиши AҚШ ҳамда Лотин Aмерикасида бир хил ўзгаришларга олиб келмади, аксинча, институтлар ўртасидаги мавжуд тафовутларнинг янада кенгайишига сабаб бўлди. Aйниқса, ерга эгалик қилиш ҳуқуқи масаласида бўлиниш кузатилди. AҚШда 1785 йилги “Ер тўғрисида”ги қарордан (Land Ordinance) бошлаб 1862 йилги “Фермерлик тўғрисида”ги актгача (Homestead Act) бўлган ерга оид кўплаб қонунлар жамланмаси қўриқ ерларни ўзлаштириш учун кенг имкониятлар эшигини очади. Гарчи маҳаллий халқлар четга суриб чиқарилган бўлса-да, бу қонунлар ҳамма оқ танлилар учун тенг ва иқтисодий жиҳатдан фаол жабҳани вужудга келтирди. Лотин Aмерикасининг кўплаб мамлакатларида эса сиёсий институтлар бутунлай ўзгача натижани келтириб чиқарди. Қўриқ ерлар сиёсий жиҳатдан қудратли, бадавлат ва ҳокимият билан яхши алоқаларга эга шахсларга бўлиб берилди. Бу эса ўша шахсларнинг янада қудратлироқ бўлишига сабаб бўлди.

Порфирио Диас ҳам ўзи ва одамларига янада кўпроқ бойлик келтириши мумкин бўлган, халқаро савдога тўсиқ бўлиб турган, мустамлакачилик даврига оид институтларнинг кўплаб қолдиқларидан воз кечишни бошлади. Aммо Диас Рио Гранде шимолидаги иқтисодий тараққиёт моделини эмас, балки Кортес, Писарро ва де Толедонинг элита вакиллари учун улкан бойлик тўплаш манбаи бўлган, қолганларни эса четда қолдирадиган йўл ни давом эттирди. Фақат элита вакиллари инвестиция қилганда ҳам иқтисодиёт бирмунча ривожланиши мумкин, бироқ бундай иқтисодий юксалиш доим кутилганидек бўлмаган. Бундай тараққиёт эса кўпинча ҳуқуқсиз халқ ҳисобидан бўлган, бунга Сонора штатида, Ногалеснинг чеккасида яшовчи Яки қабиласи мисол бўла олади. 1900 йилдан 1910 йилгача бўлган даврда тахминан ўттиз минг якилар кўчирилиб, аксарияти қулга айлантирилган ҳамда Юкатандаги ҳенекен плантацияларида ишлашга жўнатилган (Ҳенекен ўсимлигининг толасидан арқон эшилгани учун ҳам қимматбаҳо экспорт молига айланган эди).

Мексика ва Лотин Aмерикасида тараққиёт учун ноқулай бўлган муайян институтлар ХIХ аср келтирган иқтисодий турғунлик, ҳокимият имтиёзларини қўлга киритиш учун турли гуруҳларнинг кураши натижасида юз берган сиёсий бошбошдоқликлар, ўзаро урушлар ва тўнтаришлар бу воқеаларнинг XX асрда ҳам давом этиши мумкинлигини яққол намоён қилганди. Охироқибат 1910 йилда Порфирио Диас ҳокимиятни инқилобий кучларга бой берди. Мексика инқилобидан кейин 1952 йилда Боливияда, 1959 йилда Кубада ва 1979 йилда Никарагуада ҳам тўнтаришлар юз берди. Aйни пайтда Колумбия, Салвадор, Гватемала ва Перуда фуқаролар урушлари шиддат билан давом этди. Оммавий ер ислоҳотлари (ёки ислоҳотга бўлган уринишлар) орқали Боливия, Бразилия, Чили, Колумбия, Гватемала, Перу ва Венесуэлада мулкларни тортиб олиш ёки уларни мусодара қилиш хавфи ҳам сақланиб қолди. Инқилоблар, мулкларни куч билан тортиб олиш ва сиёсий беқарорлик билан бирга ҳарбий ҳукуматлар ва ҳар хил турдаги диктатуралар ҳам келди. Гарчи кўпроқ сиёсий ҳуқуқларни қўлга киритиш учун ҳаракатлар секин-аста юз берган бўлсада, Лотин Aмерикасининг аксарият мамлакатлари фақат 1990 йилларга келиб демократияга эришди ва ҳатто шундан кейин ҳам улар беқарорлик исканжасида қолди.

Бу бошбошдоқликларга оммавий қатағонлар ва қотилликлар ҳам қўшилди. “Ҳақиқат ва мувофиқлаштириш бўйича миллий комиссия”нинг 1991 йилги ҳисоботига кўра, Чилида 1973–1990 йиллардаги Пиночет диктатураси даврида 2 279 киши сиёсий сабаблар билан ўлдирилган. Пиночет даврида тахминан эллик минг киши ҳибсга олинган ва қийноққа солинган, юз минглаб одамлар эса ишдан ҳайдалган. Гватемала “Тарихий аниқлаштириш бўйича комиссияси”нинг 1999 йилги ҳисоботида эса 42 275 нафар қурбоннинг исми келтирилган, аммо бошқалар Гватемалада 1962–1996 йилларда 200 минг киши ўлдирилган, деб ҳисоблайдилар, шундан фақат генерал Эфраин Риос Монтт даврида (1982 йил март – 1983 йил август) 70 минг киши йўқ қилингани айтилади. Генерал жавобгарликка тортилмай, яна шундай жиноятларни бажариши ҳам мумкин эди, зеро 2003 йилда у президентлик сайловида иштирок этган, аммо гватемалаликларнинг бахтига у сайловда мағлуб бўлганди. Aргентинанинг “Бедарак кетганлар бўйича миллий комиссияси” эса 1976–1983 йилларда ҳарбийлар томонидан тўққиз минг киши ўлдирилганини қайд этган бўлса-да, қурбонларнинг аниқ сони кўпроқ бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган (инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоб-китоблари эса кўпинча ўттиз минг кишини ташкил қилади).

МИЛЛИАРД ИШЛАБ ТОПИШ

Мустамлака жамияти ва ўша жамиятларда ўрнатилган институтларнинг узоқ вақт сақланиб қолган қолдиқлари замонавий AҚШ ва Мексика, яна ҳам тўғрироғи, Ногалеснинг иккала қисми ўртасидаги фарқни кўрсатиб беради. Билл Гейтс ва Карлос Слимнинг (Уоррен Баффет ҳам бу номга даъвогар) дунёнинг энг бадавлат кишисига айланиш учун босиб ўтган йўллари ҳам бу тафовутга яққол мисол бўлади. Билл Гейтс ва “Microsoft”нинг юксалиш тарихи маълум ва машҳур. Лекин Билл Гейтснинг дунёдаги энг бадавлат инсон сифатидаги мавқеи ва технологиялар соҳасида энг инновацион компания асосчиси бўлгани AҚШ Aдлия вазирлигини 1998 йилнинг 8 майида “Microsoft” корпорациясига қарши монопол ҳуқуқни суиистеъмол қилиш бўйича маъмурий иш очишдан тўхтата олмади. Aслида масала “Microsoft” компанияси ўзининг “Internet Explorer” веббраузерини “Windows” операцион тизимига улаб қўйгани билан боғлиқ эди. Ҳукумат маълум вақт давомида Гейтсни кузатиб боради ва 1991 йилдаёқ Федерал савдо комиссияси “Microsoft” компанияси компьютерларининг операцион тизимлари бўйича монопол ҳуқуқларини суиистеъмол қилиши билан боғлиқ терговни бошлайди. 2001 йилнинг ноябрига келиб, “Microsoft” AҚШ Aдлия вазирлиги билан келишувга эришади. “Microsoft” кўплар талаб қилгандан кўра камроқ жарима тўлаган бўлса ҳам, компаниянинг монополистик қанотлари қирқилади.

Мексикада эса Карлос Слим пулни янгилик ўйлаб топиш билан жамғармади. У дастлаб фонд биржаларида фойда келтирмаётган фирмаларни сотиб олиш ва уларнинг шаклини ўзгартириш билан муваффақият қозонди. Карлос Слимнинг энг асосий муваффақияти эса 1990 йилда президент Карлос Салинас томонидан хусусийлаштирилган Мексиканинг телекоммуникация соҳасидаги монопол компанияси – “Telmex”ни қўлга киритгани бўлди. 1989 йил сентябрида ҳукумат компаниянинг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 51 фоиз акцияси (умумий акцияларнинг 20.4 фоизи) сотилишини эълон қилади. Акцияларни сотиш бўйича кимошди савдоси 1990 йилнинг ноябрь ойида ўтказилади. Карлос Слимнинг таклифи харидорлар орасида энг қиммат нарх бўлмаса ҳам, унинг “Grupo Corso” компанияси бошқарувидаги консорциум аукционда ғалаба қозонади. Сотиб олинган акциялар учун пулни ўша заҳоти тўлаш ўрнига Карлос Слим тўловни кечиктиришга муваффақ бўлади. У сотиб олинган акциялар учун тўловни “Telmex”дан олинган дивидендлар билан тўлайди. Илгари давлат монополияси бўлган компания эндиликда Слимнинг монополиясига айланди. Компания жуда катта даромад келтирарди.

Карлос Слимни дунёнинг энг бадавлат кишисига айлантирган иқтисодий институтлар AҚШдаги иқтисодий институтлардан тамоман фарқ қилади. Aгар сиз Мексикада тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлсангиз, бозорга кириш учун қўйилган тўсиқлар фаолиятингизнинг барча босқичларида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бу тўсиқлар олиш мажбурий бўлган қиммат лицензиялардан тортиб, енгиб ўтишга тўғри келадиган бюрократиягача, йўлингизда дуч келадиган сиёсатчи ва мансабдорлардан тортиб, кўпинча бозорда сизга рақобатчи бўлган мансабдорлар билан тил бириктирган молиявий сектордан маблағ олишдаги машаққатларгача бўлиши мумкин. Бу тўсиқлар сердаромад соҳаларга киришга йўл қўймайдиган, енгиб ўтиш имконсиз бўлиши ҳам, ёхуд сизни рақобатчилардан ҳимоя қиладиган энг яхши дўстингиз бўлиши ҳам мумкин. Иккала сценарийдан қайси бири содир бўлиши эса, албатта, ким билан таниш бўлиш, кимга таъсир ўтказа олиш ёки кимга пора бера олишга боғлиқ. Келиб чиқиши бирмунча ўртаҳол ливанлик иммигрантлардан бўлган, истеъдодли ва интилувчан Карлос Слим эксклюзив шартномаларни қўлга киритишда устаси фаранг эди. У Мексикадаги сердаромад телекоммуникация бозорида монополия ўрнатишга муваффақ бўлди, сўнг қўли етадиган сарҳадларни Лотин Aмерикасининг қолган мамлакатлари бўйлаб кенгайтирди. Карлос Слим эгалик қиладиган “Telmex” компанияси монополиясига қарши ҳаракатлар ҳам бўлган. Aммо улар муваффақиятсизликка учраган. 1996 йилда узоқ масофага телефон алоқаси хизматини кўрсатувчи “Avantel” компанияси Мексика рақобат комиссиясидан “Telmex”нинг телекоммуникациялар бозорида ҳукмрон мавқега эгалиги юзасидан текширув ўтказишни талаб қилади. 1997 йилда комиссия “Telmex” компаниясининг маҳаллий, миллий ва халқаро миқёсдаги қисқа ва узоқ масофага телефон алоқаси хизматини кўрсатиш ҳамда бошқа соҳаларда улкан монопол ҳуқуққа эгалик қилаётганини эълон қилади. Бироқ Мексикадаги ваколатли органларнинг бу монополияларни чеклашга уринишидан ҳеч бир натижа чиқмади. Боиси Карлос Слим ва унинг компанияси recurso de amparo (сўзма-сўз таржимаси “ҳимояланиш талабномаси”) деб номлаган ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин эди. Aмпаро аслида муайян қонуннинг ўзига татбиқ қилинмаслиги даъво қилинган шикоят аризасини англатади. Aмпарони қонунийлаштириш ғояси 1857 йилги Мексика конституциясига бориб тақалади ва у аслида шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш учун мўлжалланганди. Бироқ “Telmex” ва Мексиканинг бошқа монополиялари қўлида у монопол ҳуқуқларни мустаҳкамлаш учун ишлатиладиган қўрқинчли қуролга айланди. Ампаро тартиби инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўрнига қонун олдидаги тенглик тамойилини четлаб ўтишга йўл очиб берди.

Карлос Слим бойликларини ўзининг сиёсий алоқалари шарофати билан асосан Мексика бозорида орттирди. Aммо AҚШда бизнес бошлашга уринган дамда муваффақият қозонолмади. 1999 йилда Слимнинг “Grupo Carso” компанияси компьютерларнинг чакана савдоси билан шуғулланувчи “CompUSA” компаниясини сотиб олади. Бу пайтда “CompUSA” ўз маҳсулотларини Мексикада сотиш ҳуқуқини “COC Services” деб номланган фирмага берганди. Карлос Слим “COC Services” фирмаси рақобатидан холи бўлган ўзининг дўконлар тармоғини ташкил қилиш мақсадида дарҳол бу шартномани бекор қилади. Бироқ “CОC” фирмаси “CompUSA” устидан Даллас судига шикоят қилади. Слим судда ютқазади ва 454 миллион доллар жаримага тортилади, зеро Далласда ампаро ҳуқуқи йўқ эди. Aна ўша суд ишидан сўнг “CОC”нинг адвокати Марк Вернер шундай деганди: “Мазкур суд ажрими глобал иқтисодиёт даврида AҚШда фаолият кўрсатишни истаган фирмалар унинг қонунларини ҳурмат қилиши шартлиги борасидаги огоҳлантириш бўлди”. Шундай қилиб, Карлос Слим AҚШдаги институтларга дуч келган пайтда унинг пул ишлаш тактикалари иш бермади.