banner banner banner
Ахлоқи кабир
Ахлоқи кабир
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ахлоқи кабир

Алишер Навоий «Садди Искандарий» достонида улуғ салтанат раҳбари Искандарнинг ўз устози Арасту билан суҳбатларини келтиради. Достоннинг XXII бобида қуйидаги шоҳбайтларни ўқиймиз:

Яна шоҳ Арастуға қилди хитоб,
«Ки, эй дониш-ойину ҳикмат-маоб!
Шаҳеким, эрур адлнинг жозими,
Не ишлар экан адлнинг лозими?»

Яъни, шоҳ устози Арастудан «Адолатли подшоҳ бўлишга жазм қилган одам адолатни қарор топтириш учун не ишлар қилиши зарур?» деб сўради.

Арасту ҳаким жавоб берди:

Деди: «Шаҳки, адл ўлса ойин анга,
Мусаххардурур дунёю дин анга…

Шаҳеким, анга адл бунёд ўлур,
Натижа буким, мулки обод ўлур.

Чу мулки ўлди ободу халқи ғаний,
Яқиндурки, маъмур ўлур махзани…

Яъни, агар подшоҳ адолатни бунёд этса, мулки – эл-юрти ҳам обод, халқи ҳам бадавлат ва шод, хазинаси ҳам мўл-кўл бўлади. Давлат хазинаси адолатсиз ундирилган бойлик билан тўлганида эса подшоҳ, вазирлар халқнинг қарғишига учрайди. Халқ бой-бадавлат, фаровон ҳаёт кечирганида хазина тўлса, давлат ҳам бойийди.

Навоий фикрича, агар шоҳ халқнинг дилини ранжитар экан, ўз жонини дўзах ўтига тайёр қилган бўлади. Халққа зулм қилган шоҳ ёки ҳоким аслида бу зулмлар ўзига қайтишини тушунмайди. Қуръон оятларида келганидек, «Улар фақат ўзларига зулм қилувчилардир». Навоий бундай одамлар ҳақида «Зулмкорликни ўзига мақсад қилиб олганлар эл кўнглига ёқмайдиган, номи бу дунёда ҳам (яхши маънода) тилга олинмайдиган бадном кишилардир», дейди. Бу тоифа шахслар, Навоий фикрича, бошқа оламдан ўзларига жой ахтариб ўтирмайдилар, чунки улар ҳеч қаерда тўхтамай, тўппа-тўғри жаҳаннамга равона бўлмоқлари лозим. Қайси шоҳ адолатдан узоқлашса, ўз жонига жабр қилади. Агар шоҳ ёки ҳоким адолат ҳунарини касб қилиб олса, унинг қўлидан фақат яхшилик келади.

Адолат булоғидан сув ичганлар бу табаррук булоқнинг кўзини очган раҳбарни доимо дуо қилиб, унга ҳамиша яхшилик, икки олам саодатини тилай дилар. Адолатпарвар инсон Навоий назарида абадий ҳаётда жаннат булоқларидан қониб сув ичади.

Арастунинг Искандарга яна бир насиҳати барча замонларда раият, халқ билан подшоҳ, ҳокимлар ўртасида чиқадиган низоларнинг олдини олиш учун муҳим аҳамиятга моликдир. Навоий «Садди Искандарий»нинг 26-бобида ёзишича, подшоҳ Арастудан «ҳар қандай низоларни хирад – ақл, донолик рад этади, бирор ноёб жойда – йўл топилғаймуки, анда низолар келиб чиқмаса?» – деб сўрайди.

Арасту бу саволга шундай жавоб беради: «Ақл низоларни рад этиши тўғри, аммо баъзида ақл низони ҳам зарур, деб билади. Биров (подшоҳ ёки вазир) нодилпазир – халқ кўнглига ёқмайдиган иш қилади (солиқларни ҳаддан оширади ва ҳоказо). Бундан норози томон дарҳол низо чиқармай, ўз норозилигини одоб, маданият билан айтиши зарур».

Аммо подшоҳ, вазир шунда ҳам ўжарлик қилиб, халқ ман этган ишни тарк этмаса, икки орада низо чиқиши табиийдур. Яхши одамларнинг подшоҳга насиҳати ҳам қаттиқ ва қўпол сўзлар билан эмас, мулойим оҳангда, аниқ қилиб айтилса яхши.

Форс адабиёти тарихида асрлар давомида ўқиладиган «Арастунинг Искандарга насиҳати»да анча қаттиқ гаплар ҳам учрайди. Аммо булар барчаси доно, фойдали насиҳатлардир.

Арастунинг бундай доно маслаҳатларига амал қилган Искандар адолат билан жаҳонни фатҳ этди. Бу – Навоий Искандари. Асл Искандар устози Арастунинг насиҳатларига ҳар доим амал қилганми?

Искандар ҳаётини ишончли манбаларга асосланиб тадқиқ этган австриялик атоқли тарихчи Фриц Шахермайер ўз китобида унинг подшоҳлик тахтига ўтириши билан қилган ишларини муфассал ёритган. Тарихчининг ёзишича, Искандар отаси Филиппга суиқасд қилиб ўлдирган жиноятчини топиб, қатл этгач, бу ишга алоқадор ва алоқасиз жуда кўп одамларни «келгусида тахтга даъвогар бўлмасин» деб, битта қолмай ўлдиртиради. «Буларнинг авлодлари мендан ўч олишга уринади», деб, уларнинг каттаю кичик барча фарзандларини ҳам бошини кестиради. Фақат отасининг сафдошлари – қўшинларда катта таъсир кучига эга бўлган Антипатр, Парменион ва бошқа саркардалар омон қоладилар. Улар кейинчалик Искандар учун жаҳон мамлакатларини забт этишда фаол қатнашадилар.

Ф.Шахермайер қадимият тарихчиси Плутарх асарига суяниб ёзишича, подшоҳ Филипп ва ўғли Искандарни йўқотиш режасини тузган фитначилар бошида малика Олимпиада турган. У мана шу фитна амалга ошса, Македония тахтига ўз авлодларини қўймоқчи эди. Аммо Искандар подшоҳлик тахтига чиқиши билан ўгай онасига қарши ҳеч қандай чора кўролмаган. Аксинча, жуда кўп айбсиз зодагонлар ва саркардаларни ўлимга ҳукм этган. «Ҳар қалай подшоҳ Александр ўз ҳукмдорлигини одамларни ўлдириш ва жиноий жавобгарликка тортиш ишлари билан бошлади, – деб ёзади Ф.Шахермайер. – Унинг бундай шафқатсиз чоралар кўришини давлат зарурияти деб ҳам оқлаш мумкин эмас … Бу шафқатсизликларни Александр жаҳл устида эмас, балки пухта ўйлаб амалга оширган».

«Қуръони карим»нинг (18) «Каҳф» сурасида золим подшоҳдан қочиб, Ғорда 309 йил ухлаб қолган ўсмирлар қиссасидан сўнг Зулқарнайн қиссаси келади: «Дарҳақиқат, биз унга (Зулқарнайнга) бу Ерда салтанат – ҳукмронлик бердик ва (ният қилган) барча нарсасига йўл – имконият ато этдик. Бас, у (аввал Ғарбга қараб) йўл олди. То кун ботадиган жойга етгач, у (Қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва у булоқ олдида бир қавмни учратди. (Бу кофир қавмлар янглиш эътиқод билан булоқдаги қуёш аксига сажда қилаётган бўлса керак). Биз: «Эй Зулқарнайн, ё (уларни) азобга дучор қилурсан ёки уларга яхши муомалада бўлурсан», дедик. У айтди: «Золим бўлган кимсани, албатта, азоблагаймиз. Сўнгра, парвардигорига қайтарилгач, у зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблар. Энди, иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат – жаннат мукофот бўлур…» (18-84-88). Шундан сўнг, Қуръон оятларида хабар берилишича, Зул-қарнайн халқнинг илтимоси билан Яъжуж ва Маъжужга қарши улкан девор қуриб беради. Алишер Навоий Қуръонни ва унинг тафсирларини жуда яхши билган, шунинг учун ўз достонини ҳам «Искандар девори» деб атаган.

Қуръонда «Зулқарнайн» сўзи бору, «Искандар» сўзи йўқ, бундан ташқари, Қуръонда Зулқарнайн пайғамбар эканлиги ҳақида ҳам сўз йўқ. У фақат Оллоҳ фармонига итоат этгувчи, даҳрийларни жазоловчи подшоҳ сифатида кўрсатилган. Шу сабабли Рабғузий ва бошқаларнинг тафсирларида ҳам Луқмон билан Зулқарнайн пайғамбарлигида ихтилофлар борлиги айтилади.

Хуллас, тарихдаги Искандарни буюк Низомий ўз «Хамса»сида Қуръондаги пайғамбар деб баҳоласа-да, биз бу шахслар бошқа-бошқадир, деб ўйлаймиз.

    Маҳкам Маҳмуд Андижоний, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фалсафа куллиётининг мударриси

САНЪАТ ВА АДАБ НАЗАРИЯСИНИНГ ИЛК ДУРДОНАЛАРИ

Арастунинг «Поэтика» («Нафис санъатлар ҳақида») китоби жаҳонда юзага келган энг биринчи адабиёт назариясидир. Бу асар ўз давригача шу соҳада қилинган ишларнинг энг мукаммали ҳисобланади. Арасту барча санъат турларини поэзия деб атаган; поэзиянинг драма, эпос, лирика каби турлари ва уларнинг кўринишларини тушунтирган. Унингча, поэзия асосида ҳаёт туради; шоир бўлиб ўтган, бўлаётган ва бўлиши мумкин бўлган ҳодисаларни акс эттиради. Шоир ҳодисаларнинг ўхшашини ижод этади ёки ҳодисаларни қайтадан гавдалантиради. Арасту поэтик санъатнинг ижтимоий-маърифий моҳиятини тўғри англади. У поэзия санъатининг эстетик-эмоционал кучини қадрлади.

Эстетик қарашлар кейинчалик мислсиз ўсди. Шунинг учун Арасту «Поэтика»сидан адабиётшуносликка оид бўлган ҳозирги замон қарашларининг ҳаммасини ҳам қидиравериш тўғри эмас.

Ҳозир турли жанрларда ёзилган асарларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳам, тузилишини ҳам, тор маънода, «Поэтика» деб аталмоқда. Аслида поэтика адабиёт назарияси дарсликларининг бир қисми, боби ёки масаласи эмас. Ҳозир «Поэтика» сўзи ўрнига «адабиёт назарияси» термини қўлланилаётир, поэтика, кенг маънода, нафис санъатлар назарияси демакдир.

«Поэтика» IX асрда сурёний тилига, 930-йилга яқин сурёний тилидан араб тилига таржима қилинган эди.

Абу Наср Муҳаммад ал-Форобий (873–950) Арасту «Поэтика»си таъсирида «Шоирлар санъати қонунлари ҳақида рисола» асарини ёзди. Бундан ташқари, Форобийнинг «Поэтика»га ёзган шарҳлари ҳам уни тушунишда қимматли аҳамиятга эга.

Арасту «Поэтика»си XII асрда Ибн Рушд (Аверроэс) томонидан араб тилида баён қилинган эди. Айрим таниқли форс-тожик ва ўзбек классик шоирлари ал-Форобий рисоласи билан, шунингдек, Арасту «Поэтика»сининг арабча таржимаси билан таниш бўлишлари мумкин. Буни Алишер Навоийнинг «Хамса» ва бошқа асарларидаги поэтика, қофия, шеърий нутқнинг оҳангдорлиги, таъсир кучи, ўлчовдорлигига доир бўлган мулоҳазаларидан ҳам сезса бўлади. «Поэтика»ни 1256 йилда Ибн Рушд баёнидаги арабча таржимадан Г. Аллеман лотин тилига, 1508 йилда венециялик Г.Валла юнончадан лотин тилига таржима қилиб, нашр этдилар. Арастунинг «Поэтика» асарини рус тилига турли вақтларда В.К.Тредиаковский, С.П.Шевырев, Б.И.Ординский, В.Г.Аппельрот, М.Л.Гаспаров ва бошқалар таржима қилганлар. Г.Э.Лессинг ва И. Хердер Арасту «Поэтика»сига юксак баҳолайдилар.

«Поэтика»нинг рус тилидаги намуналари ичида В.Г.Аппельротнинг 1893 йили қилган таржимаси ўз аниқлиги билан машҳурдир. Москвадаги ГИХЛ нашриёти 1957 йили бу таржимани эълон қилди. 1978 йилда Москвадаги «Наука» нашриёти томонидан асар М.Л.Гаспаров таржимасида қайта нашр этилди. Антик дунёнинг буюк олими Арастунинг эрамизгача 336–332 йилларда ёзган бу ажойиб китоби В.Г.Аппельрот ҳамда М.Л.Гаспаров таржималари асосида рус тилидан ўзбек тилига таржима қилинди. Изоҳларни Ф.А.Петровский, Т.А.Миллер, М.Л.Гаспаров, М.М.Маҳмудовлар тузган. Оддий қавслар матн мазмунига тегишли, бурчакли қавслар илгари «Поэтика» текстидан тушиб қолган деб тахмин қилинган тўлдиришларни ўз ичига олади, квадрат қавслар русча таржиманинг равшан бўлиши учун таржимон томонидан киритилган сўзларни англатади. Қадимги юнончадан рус тилига қилинган кейинги таржима муаллифи М.Л.Гаспаров асарнинг тушунилишини осонлаштириш мақсадида бўлимлар ва бобларга шартли ном қўйган. Ўзбекча таржима муаллифлари ҳам ана шу номлардан фойдаланишган.

Арастунинг Шарқ мутафаккирлари, хусусан Форобий ижодига таъсири ҳақида қимматли маълумотлар берган устоз шарқшунос Абдусодиқ Ирисовни миннатдорчилик билан эслаймиз.

ПОЭТИКА

I

АСАР МАЗМУНИ

Биз умуман, поэтик санъат тўғрисида, шунингдек, унинг алоҳида кўринишлари ва улардан ҳар бирининг имкониятлари, поэтик асарнинг яхши чиқиши учун фабула қандай тартибда тузилиши зарурлиги тўғрисида сўзлаймиз[1 - «Поэтика»нинг барча бобларига сарлавҳалар атоқли арастушунос ва таржимон М.Л. Гаспаров томонидан қўйилган. В.Г. Аппельрот таржимасида бу сарлавҳалар йўқ.]. Бундан ташқари, асарнинг нечта ва қандай қисмлардан иборат бўлиши, шу билан бирга, бу тадқиқотга тегишли бўлган ҳамма бошқа масалаларга тўхталиб ўтамиз. Табиийки, ўз сўзимизни бошланғич масаладан бошлаймиз.

ПОЭЗИЯ ЎХШАТИШ САНЪАТИ

Эпос ва трагедия, шунингдек, комедия ва дифирамба ижод этиш, авлетика ва кифаристиканинг катта қисми – бу ҳаммаси, умуман айтганда, ўхшатиш (мимесис) санъатидан ўзга нарса эмас; улар ўзаро уч жиҳатдан: (1) тасвирлашнинг турли воситалари билан; (2) НИМА тасвирланаётгани билан; (3) ранг-баранг, ўхшатиш усуллари билан фарқланади.

ТАСВИРЛАШНИНГ ТУРЛИ ВОСИТАЛАРИ

Баъзи кишилар маҳорат, баъзилар малака сабабли, яна баъзилар туғма истеъдодлари туфайли бўёқлар ва шакллар ёрдамида кўп нарсаларнинг тасвирини – ўхшашини тасвирлайдилар. Ҳозиргина эслаб ўтилган санъатларнинг ҳаммасида ҳам алоҳида ё ритм, ё сўз ва ёхуд гармония ёрдамида, ёки шуларнинг ҳаммаси уйғунлигида тасвирлайдилар. Авлетика ва кифаристика ҳамда мусиқа санъатининг бошқа хиллари фақат гармония ва ритмдан фойдаланади. Масалан, сурнай чалиш санъати, рақс санъатида хусусан гармониясиз, ритм ёрдами билан ўхшатадилар, чунки улар айни ифодали ритмик ҳаракатлар орқали характерлар, эҳтирослар ва воқеаларни қайта гавдалантирадилар. Бироқ вазнли сўз ёрдамида, шунингдек, бир неча вазнни аралаштириб ё улардан биронтасини қўллаш йўли билан юзага келувчи, ёхуд яланғоч (вазнсиз) сўз воситасида тасвирлаш санъати ҳозиргача (таърифланмай) қолаётир . Биров триметр, элегик ёки бошқа шунга монанд шеър турлари ёрдамида тасвирлайди. Шундай экан, биз Софрон ва Ксенарх мимларига ҳам, Суқротона суҳбатларга ҳам умумий ном бера олмаймиз. Фақат «ижод» тушунчасини вазн билан боғловчи кишиларгина ҳаётни қайта гавдалантириш моҳияти туфайли эмас, умуман, вазн туфайли (уларнинг ҳаммасини) шоирлар деб улуғлаб, баъзи бирларини элегиклар, бошқаларини эпиклар деб атайдилар. Мабодо, медицина ёки физикага оид қандайдир рисолани вазнга туширган ҳолда нашр этсалар, муаллифни одатда шоир деб атайдилар. Бу ўринда Ҳомер ва Эмпедокл[2 - Эмпедокл – мил.авв. V асрда яшаган, «Табиат ҳақида» поэмасининг муаллифи, Арасту бошқа бир ўринда уни «энг Ҳомерона» шоир дейди. Аммо, шунга қарамай, «акс эттириш предметига кўра» у шоир эмас, олимдир.] билан вазндаги яқинликдан бошқа ҳеч қандай умумийлик йўқ, шу боисдан ҳар иккисини шоир дейишдан кўра, биринчисини шоир, иккинчисини табиатшунос деб аташ адолатлидир. Шу билан баробар, Ҳеремон[3 - Ҳеремон – мил.авв. IV асрда яшаган, драма ижодкори.] «Кентавр»да барча вазнларни аралаш ҳолда қўллаб, рапсодияларни барча ритмик ўлчовлардан яратгани сингари кимдир ҳамма вазнларни қўшган ҳолда ишлатиб, асар ёзиб чиқарса, (уни) ҳам шоир деб аташга тўғри келади. Бу масала хусусида шу айтилганлар етарли бўлар.

Бироқ баъзи бир санъатлар борки, улар ҳамма айтилганлардан, яъни ритм, оҳанг ва вазндан фойдаланади, масалан, дифирамбик поэзия, комлар, трагедия ва комедия шулар жумласидандир. Булар шу билан фарқланадики, уларнинг баъзилари мазкур воситалардан бирданига, бошқалари эса айрим қисмларидангина фойдаланади, холос. Мен санъатлар ўртасидаги тасвирлаш воситаларига тааллуқли бўлган фарқларни шундай тушунаман.

II

ТАСВИРЛАНМИШ ҲАЁТНИНГ ХИЛМА-ХИЛЛИГИ

Санъаткорлар муайян шахсларни тасвирлайдилар, улар эса яхши ёки ёмон бўлиши мумкин. (Негаки, шахсларнинг қандайлиги шу билан белгиланади, зеро, ҳамма одамлар характерларидаги иллатлари ёки фазилатлари жиҳатидан фарқланадилар). Улар биздан яхшироқ ёки биздан ёмонроқ, ёки ҳатто биздек бўладилар. (Худди рассомлардагидек. Полигнот, масалан, энг яхши одамларни, Павсон – ёмонларни, Дионисий эса бизга ўхшаш кишиларни тасвирлайди.[4 - Машҳур Полигнот ва колофонлик Дионисий Юнон – Эрон урушлари даври (мил.авв. VI аср)да яшаган. Карикатурачи Павсон сал кейинроқ, Аристофан даврида ўтган.]) Чамаси, юқорида айтилган тасвирий усулларнинг ҳар бири ҳам ана шундай тафовутларга эга бўлади. Демак, хилма-хил предметларнинг тасвири ҳам ҳар хил бўлади. Чунки шунга ўхшаш фарқланувчи хусусиятлар рақсда ҳам, авлетикада, сурнай, кифара чалишда, наср ва оддий шеърда ҳам бўлиши мумкин. Ҳомер – энг яхшиларни, Клеофонт – оддий одамларни кўрсатади.[5 - Клеофонт – кейинроқ тубан поэзия вакили сифатида тилга олинади. Гегемон (V аср охири) ва Никохар (IV аср) комедиографлар.] Пародияларнинг биринчи ижодчиси фасослик Гегемон ёки «Делиада»нинг муаллифи Никохар ёмон одамларни гавдалантирган. Худди шу хусусият дифирамблар ва комларга ҳам оиддир. Аргант ёки Тимофей ва Филоксен «Киклоплар»да қандай қаҳрамонларни яратган бўлса, дифирамба ва комларда ҳам шундайларни яратиш мумкин[6 - Тимофей ва Филоксен – IV аср хор лирикасида янги услубнинг энг йирик вакиллари. Улар тубан нарсалар тасвири билан ҳайратлантиришган (Филоксеннинг машҳур одасида бир кўзли дев Полифемнинг севгиси кўрсатилади).]. Трагедия ва комедия орасида ҳам худди шундай тафовут мавжуд: комедия ҳозирги вақтда яшаётганлардан кўра ёмонроқ, трагедия эса, яхшироқ кишиларни тасвир этишга интилади.

III

ТАСВИРЛАШНИНГ ТУРЛИ УСУЛЛАРИ

Бу соҳада асарлар яна тасвирлаш усуллари жиҳатидан ҳам бир-биридан фарқланади. Зотан бир хил нарсани бир хил восита билан тасвирлаган ҳолда ё муаллиф воқеаларга аралашмай ҳикоя қилиши, ёки ўзини худди Ҳомердай тутиши мумкин. Ёки бутун ҳикоя давомида муаллиф ўзлигича қолиши, ёхуд барча акс эттирилувчи шахсларни гавдалантириши мумкин[7 - Бу ерда: а) қаҳрамонлар нутқи бериладиган эпос; б) дифирамба; в) драма санаб кўрсатилмоқда.].

Нима билан (қайси жанрда), нимани ва қандай акс эттириш усулидаги уч хил тафовут ана шулардан иборат.

Шундай қилиб, Софокл акс эттиришда бир жиҳатдан Ҳомерга ўхшаш бўлса (чунки уларнинг ҳар иккиси ҳам яхши одамларни тасвирлайди), бошқа жиҳатдан эса Аристофанга яқин, зеро, уларнинг иккови ҳам одамларни ҳаракатда, шу билан бирга, драматик ҳаракатда кўрсатади. Шунинг учун ҳам баъзилар драманинг ўзи ҳам ҳаракат, чунки у ҳаракат қилувчи шахсларни акс эттиради дейишади. Шу сабабга кўра доридаликлар трагедия ва комедияни ўзларида келиб чиққанлиги ҳақидаги даъволарини баён қилмоқдалар; мегараликлар[8 - Мегара – Афина яқинидаги дорийлар шаҳри. Сицилия Мегараси шу Мегаранинг Сиракуза яқинидаги мустамлакаси. Эпихарм мил. авв. 550-445 йилларда яшаган: афиналик илк комедиянавислар Хионид ва Магнет 488 ва 472 йилларда ижод этишган.], хусусан, тубжой кишилар сифатида комедиянинг гўё уларда демократия ўрнатилган вақтда келиб чиққанлигини даъво қилишмоқда, сицилияликлар ҳам Хионид ва Магнетдан хийла олдинроқ яшаган шоир Эпихарм ўзларидан бўлгани учун шундай даъво билан чиқмоқдалар. Пелопоннеслик дорийлар ҳам трагедияга оид даъволарини айтмоқдалар. Улар буни атамалар билан исбот қилишга уринмоқдалар. Уларнинг сўзларига қараганда комедия сўзи шаҳар атрофидаги қишлоқлар – комлар (афиналиклар демлар дегандай) сўзидан келиб чиққан; зеро, қизиқчилар – комедиантлар сўзи комадзейн (базм қилмоқ) феълидан эмас, балки шаҳарликлар томонидан қадр-қиммат қилинмаганларнинг комлар (қишлоқлар) бўйлаб дарбадар кезишидан келиб чиққан[9 - Афинада «комлар» деб қишлоқларни эмас, аксинча, шаҳар маҳаллаларини айтишган.]; шунингдек, «ҳаракат қилмоқ» тушунчаси ҳам уларда дран, афиналикларда эса праттейн сўзи билан ифодаланади. Шундай қилиб, акс эттиришдаги тафовутлар қанча ва қандай бўлиши тўғрисида етарли сўзланди.