banner banner banner
Ахлоқи кабир
Ахлоқи кабир
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ахлоқи кабир

Шундай қилиб, кўп нарсалар ҳақида айтилди; тил ва фикр ҳақида гапириш қолди, холос. Аммо фикрга тааллуқли нарсаларга риторикада тўхталиш керак эди, чунки булар риторика таълимотига тегишлидир. Сўз билан эришиладиган нарсаларнинг ҳаммаси фикр (соҳаси)га тегишлидир. Хусусан, бу соҳа – исботлаш ва рад этиш, эҳтиросли туйғуларни (бирга қайғуриш, қўрқув, ғазаб ва ҳоказолар каби) уйғотиш, шунингдек, улуғлаш ёки камситиш сингари вазифаларни ўз ичига олади. Табиийки, воқеаларни тасвирлаганда ҳам, аянчли ёки қўрқинчли, буюк ёки оддий нарсаларни кўрсатганда ҳам ўша тушунча (идеал)лардан келиб чиқиш керак. Лекин фарқ шундаки, (трагедияда) воқеалар равшан ва ўгит (дидактика)сиз кўрсатилиши лозим. Нутқ замиридаги фикрлар эса гапирувчи шахс орқали гавдаланади ва унинг нутқи давомида юзага келади. Ҳақиқатан, агар ҳамма иш қаҳрамоннинг нутқисиз ҳам битадиган бўлса, гапирувчи бу ерда нима қилар эди?

Нутққа тегишли бир масала борки, у (поэтикага эмас) талаффуз санъатига ва нутқ тузиш билимларига алоқадордир. Бу – нутқ майлларидир: буйруқ, илтижо, ҳикоя, дўқ-пўписа, савол, жавоб ва ҳоказолар. Бундай нарсаларни билиш ёки билмаслик поэтик санъат учун арзирли ҳеч қандай эътироз уйғотмайди. Маълумки, Протагор: «Куйлагил, маъбуда Ахилл ғазабин…» сўзларида Ҳомер илтижони ифодаламоқчи бўла туриб, буйруқни ифодалаган, ахир нима қилиш керагу, нима қилмаслик кераклиги буйруққа хос-ку, деб таъна қилган эди. Аслида бундай нарсаларни хато деб бўлмайди. Поэтикага эмас, бошқа фанга тааллуқли бўлгани учун бундай нарсалар устида тўхталиб ўтирмаймиз.

XX

НУТҚ БЎЛАКЛАРИ

Умуман, нутқ қуйидаги бўлакларга бўлинади: асосий товуш, бўғин, боғловчи, бўлак (аъзо), от, феъл, келишик, гап. Асосий товуш бўлинмас товушдир. Ҳар қанақа эмас, балки англанган товуш ҳарф бўла олади. Ҳайвонларда ҳам бўлинмас товушлар бор, аммо мен у товушларнинг биронтасини товуш демайман. Унли, ундош, унсиз товушлар бор. Лабнинг иштирокисиз эшитиладиган товуш унли бўлади, лабнинг иштирокида эшитиладиган товуш ундош бўлади. З ва R каби; (ҳатто) лабнинг иштироки билан ўзи жарангламай, бошқа товушлар билан келганида эшитиладиган товуш унсиз товуш бўлади. K ва T каби. Барча товушлар оғизнинг вазиятига, (пайдо бўлиш) ўрнига, нафаснинг қуюқлиги ва енгиллигига, узун ва қисқалигига, урғунинг ўткирлиги, оғирлиги ва ўртачалигига қараб бир-биридан фарқланади; аммо буларнинг тафсилотлари вазнда ўрганилади.

Бўғин унсиз товушлардан ва унли ёки ундош жарангли товушлардан ташкил топган маъносиз бирикмадир. Г, Р товушлари А сиз ҳам, А билан ҳам (ГРА) бўғин бўла олади. Дарвоқе, бўғинларнинг фарқларини ўрганиш ҳам вазнга тааллуқлидир.

Боғловчи (1) мустақил маънога эга бўлмаган кўп сонли товуш билан маънони билдирувчи бирон сўзнинг ясалишига халақит этмайдиган ва кўмаклашмайдиган сўздир. У гапнинг охирида ва ўртасида келиши мумкин, гап бошида эса мустақил келолмайди (фақат бошқа сўз билан қўшилиб келади). Боғловчи (2) бир неча (мустақил) маъноли сўзлардан битта (мустақил) маъноли гап туза оладиган (мустақил) маъноли (кўмакчи) сўздир.

Аъзо (бўлак) (1) гапнинг бошини, охирини ёки бирор бўлагини билдирувчи (мустақил) маъно англатмайдиган сўздир. Ёки (2) кўпгина сўзлардан иборат (мустақил) маъно англатувчи гап ясалишига халақит этмайдиган ва кўмаклашмайдиган, (мустақил) маъно англатмайдиган сўздир.

От – мураккаб, (а) маъно англатувчи, (б) замонни билдирмайдиган, (в) қисмлари ўз-ўзидан маъно англатмайдиган (г) сўздир. (Чиндан ҳам ясама сўзларда уларнинг қисмлари мустақил маъно англатмайди. Феодор сўзидаги «дор» мустақил (берди деган) маъно англатмайди. (Юнонча Феодор – Худойберди дегани.)

Феъл – мураккаб (а), маъно англатувчи (б) замонни англатувчи, (в) отлардаги каби, қисмлари маъно англатмайдиган (г) сўздир. Чунончи, «одам» ёки «оқ» (сўзлари) замонни англатмайди, «боряпти» ёки «келди» сўзлари бошқа хусусиятларидан ташқари, ҳозирги ёки ўтган замонни ҳам англатади.

Келишик. От келишиги ёки феъл келишиги – Кимни? Кимга? Ва ҳ.к. саволларга жавоб берувчи ёки бирлик, ёки кўпликни англатувчи (масалан, «кишилар» ва «одам») каби от келишиклари ёинки талаффуз оҳангини билдирувчи (сўроқ ё буйруқ «келдинг?» ёки «бор!» каби хилдаги) феъл келишикларидир.

Гап эса мураккаб (а) мустақил маъно англатувчи, (б) қисмлари ҳам мустақил маъно англатувчи (в) сўзлар йиғиндисидир (гарчи ҳар қандай гап феъллар ва отлардан тузилмаса-да, масалан, одамни сифатлаш каби феълсиз тузилса-да, бари бир гапда ҳамиша маъно англатувчи бўлаклар бўлади). Масалан, «Клеон келяпти» гапидаги «Клеон» сўзи. Гап битта бўлса ҳам турли маъноларда ё битта нарсани, ё кўп нарсаларнинг йиғиндисини ифодалаб келиши мумкин. Масалан, «Илиада» кўп нарсаларнинг йиғиндисини ифодаловчи битта сўз бўлса, инсонни сифатлаш эса якка нарсани англатади.

XXI

ОТЛАРНИНГ ТУРЛАРИ

От икки хил, содда ва мураккаб бўлади. Мен мустақил маънога эга бўлмаган қисмлардан ташкил топганини содда от деб атайман. Масалан, «тупроқ». Мураккаб от эса мустақил маъно англатувчи ва (яъни мазкур сўздан ташқарида мустақил маънога эга ёки эга бўлмаган), ёки бир неча мустақил маъно англатувчи қисмлардан ташкил топади. Бундай қисмлар учта, тўртта ёки ундан ортиқ бўлиши мумкин. Кўпинча «Гермокаикоксанф» каби дабдабали сўзлар шундай бўлади.

Ҳар қандай от кенг қўлланиладиган ёки ноёб, кўчма маъноли, ёки безакли, ёки тўқима, ёки узун, ёхуд қисқа, ёинки янги ясалган бўлиши мумкин.

Ҳамма ишлатадиган сўзларни кенг қўлланиладиган ва барча ишлатмайдиган сўзларни ноёб сўзлар деб атайман. Табиийки, бир сўз баъзи одамлар орасида кенг қўлланилиши, бошқа одамлар орасида кам қўлланилиши мумкин. Чунончи, дротик (ханжар) сўзини Кипр аҳолиси кенг истифода қилади, биз учун эса бу ноёб саналади.

Кўчма сўз (метафора) – нарсага хос бўлмаган, жинсдан турга ёки турдан жинсга, ёхуд турдан турга кўчирилган, ёинки ўхшатилган сўздир.

1. Жинсдан турга кўчирилган сўзларга «Ана, менинг кемам ҳам турибди…» жумласи мисол бўла олади. Бу ерда умуман «турибди» сўзи «лангарда турибди» хусусий маъносини англатади.

2. Турдан жинсга кўчирилган сўзлар. «Минглаб шавкатли ишларни қилди. Одиссей…» жумласидаги «минглаб» сўзи умуман «кўплаб»нинг хусусий ҳолати бўлгани учун бу ўринда «кўплаб» маъносини англатади.

3. Турдан турга кўчирилган сўзлар. Масалан, «Мис билан жонини бўшатиб» ва «сув заррасин чарчамас мис билан кесиб». Биринчи ҳолда «бўшатиб» сўзи «кесиб» маъносида, иккинчи ҳолда «кесиб» сўзи «бўшатиб» деган маънода келяпти.

4. Ўхшатилган сўзлар. Бу ерда мен иккинчи сўз биринчисига қанчалик алоқадор бўлса, тўртинчи сўз учинчисига шунчалик алоқадор бўлган ҳолни назарда тутаман. Шунинг учун (шоир) иккинчи сўз ўрнига тўртинчини ёки тўртинчи сўз ўрнига иккинчисини айтиши мумкин. Гоҳо бунга алмаштирилган сўзга алоқадор бўлган сўз ҳам қўшилади. Масалан, коса Дионисга қанчалик алоқадор бўлса, қалқон Аресга шунчалик алоқадор. Шунинг учун косани «Дионис қалқони», қалқонни эса «Арес косаси» дейиш ҳам мумкин. Ёки, масалан, қарилик билан умр алоқаси шом билан кундуз алоқасига ўхшайди. Шунинг учун шомни «кундузнинг» қарилиги (ёки Эмпедоклдаги каби), қариликни эса «умр шоми» ёки «ҳаётнинг сўниши» дейиш мумкин. Таққосланган тушунчаларнинг баъзилари доимий исмга эга бўлмаса ҳам ўхшатиш маъносида номланавериши мумкин. Масалан, деҳқоннинг уруғ сочишини «экиш» деймиз. Қуёшнинг нурларини сочиши алоҳида номланишга эга бўлмаса-да, «экиш» экувчига қандай қўлланилса, шу сўз қуёшга нисбатан ҳам қўлланилиши, «Тангри ато этган нурларни экиб» дейилиши мумкин. Бундай кўчма ибораларни бошқачасига ҳам тузиш мумкин. Бирон тушунчага хос бўлмаган сўзни қўшиб, унга хос бўлган сўзни айриб ишлатиш ҳам мумкин. Масалан, қалқонни «Арес косаси» дейиш ўрнига «вино қуйилмайдиган коса» деб ишлатиш ҳам мумкин.

Янги сўз – ҳеч қачон ҳеч ким қўлламаган, фақат шоир томонидан қўлланилган, ўйлаб топилган сўзлардир. Масалан, «шохлар», ўрнига «мугизчалар», «коҳин» ўрнига «дуогўй» кабиларнинг қўлланиши шунга монанддир.

Чўзилган ёки қисқарган сўзлар: 1. Узайган сўз унли товушни керагидан ортиқ чўзганда ёки ортиқча бўғин қўшганда ҳосил бўлади. (Масалан, «посбон»даги «о»ни чўзиб ёки «посибон» деб «и» қўшиб ўқиганда сўз чўзилади.) 2. Қисқарган сўзлар – баъзи сўзларнинг бир қисми вазн, оҳанг талаби билан тушириб қолдирилади. (Масалан, «лекин» ўрнига «лек», «ва лекин» ўрнига «вале» каби.)

Ўзгарган сўзлар – кўп ишлатиладиган сўзнинг бир қисми ўзича қолдирилиб, бошқа қисми тўқиб чиқарилади. Масалан, ўнгга дейиш ўрнига, ўнг кўкракка каби.

Номлар аслида эркакча, аёлча ва ўрта жинсда бўлади. Кўпинча, охири унсиз П, Н билан тугаган, шунингдек, Ф, Е билан бирга келувчи мураккаб сўзлар эркак жинсида бўлади. Аёл жинсидаги исмлар ҳамиша чўзиқ ва унлилар билан, чўзилувчилардан эса А товуши билан тугайди. Шундай қилиб, эркак ва аёл жинсидаги сўз охирларининг сони бир хил, чунки Ф ва Е ҳарфларининг ҳар иккиси ҳам бир хилдир. Ҳеч бир исм унсиз ва қисқа унли ҳарфлар билан тугамайди, И билан эса фақат учта исм тугайди (мис, камед, қалампир), У ҳарфи билан эса бешта, ўрта жинсдаги отлар эса юқоридаги ҳарфлар билан, шунингдек, (А), Н, (Р) Е билан тугайди.

XXII

СЎЗ ТАНЛАШ

Тубан бўлмаган, тушунарли нутқ қимматли нутқдир. Энг тушунарлиси ҳамма ишлатадиган сўзлардан тузилган нутқдир. Аммо бундай нутқ тубан бўлади. Масалан, Клеофонт ва Сфенел поэзияси шундай. Муносиб ва кўп ишлатилмаган ифода кутилмаган, ғалати сўзлардан фойдаланиш орқали келиб чиқади. Мен кўп қўлланиладиган ҳамма сўзлардан бошқасини; ноёб сўзлар, метафора, чўзилган ва бошқа сўзларни ғалати деб атайман. Лекин кимдир бутун нутқни шундай асосда тузса ё топишмоқ, ё варваризм келиб чиқади. Кўчма сўзлар, метафоралардан ташкил топса, топишмоқ, ноёб сўзлардан ташкил топса, варваризм юзага келади. Амалда топишмоқнинг моҳияти ҳақиқатан мавжуд бўлган нарса тўғрисида сўзлаш, шу билан бирга, бутунлай мумкин бўлмаган нарсаларни бирлаштиришдир. Бунга (кўп қўлланиладиган) сўзлар воситасида эришиб бўлмаса, метафоралар орқали мумкин, масалан:

«Қалқон билан инсонни олов-ла бириктирган Эрни кўрдим мен».

Ва бошқалар. Ноёб сўзлардан эса варваризм пайдо бўлади. Шундай экан, бу ифодаларни қандай бўлмасин, қориштириш лозим: бир томондан ноёб, кўчма маънодаги, безак ва бошқа қайд қилинган сўзлар нутқни сийқа ва тубан бўлишдан сақласа, бошқа томондан кўп қўлланадиган сўзлар (унга) аниқлик беради. Ифоданинг аниқ, равшан ва ажойиб бўлишини таъминлашда узайган, қисқарган ва ўзгарган сўзлар ҳам самарали таъсир қилади. Бундай сўзлар, кўп қўлланиладиган сўзлар, нисбатан, одатдагидан ўзгачароқ бўлиб, бошқачароқ эшитилади ва шунинг учун нутқни сийқалаштирмайди, одатдаги сўзлар билан муштарак бўлгани учун унга аниқлик киритади.

Шу маънода баъзиларнинг эътироз билдириб, бундай сўз қўллашни танқид қилишлари ва комедияларда шоирлар устидан кулишлари адолатдан эмас. Катта Эвклид унли товушларни ўз хоҳишимча узайтиришга рухсат этсалар, шеър ёзиш унча қийин иш эмас, деб шоирларни таҳқир қилган эди. Бу ифода усулини таҳқир этиб, у ўзи топган бўғинларда шеърлар ҳам ёзди:

Э – эпихарни мен Ма-арафон йўлида кўрдим…

У – унинг попук гули ме-енга ёқмайди…

Ҳар ҳолда бундай ифода усулидан бемеъёр фойдаланиш кулгили, зеро, ҳамма вақт ифоданинг турларида меъёр бўлиши лозим. Ҳақиқатан метафора, ноёб сўзлар ва бошқа сўзлардан кулги қўзғатиш мақсадида, дидсиз ва атайлаб фойдаланган киши Эвклиддек таъсирчанликка эришган бўлур эди. Лекин (бу ифодаларнинг) ўринли қўлланилиши бутунлай бошқа масала. Эпик поэзияда вазнга солинган ноёб сўзлар, метафора ва ифоданинг бошқа шаклларини кўп қўлланиладиган сўзлар билан алмаштириб кўрган ҳар қандай киши бизнинг сўзларимизнинг адолатли эканлигига ишонади. Масалан, Эсхилда ҳам, Эврипидда ҳам ямбда битилган бир хил шеърлар бор. Аммо шу шеърдаги биргина кўп қўлланиладиган сўз ўрнига ноёб сўз алмаштириб қўйилса, бир шоирнинг шеъри гўзал, бошқасиники дағал кўринади. Эсхил «Филоктет»ида:

«Оёғим суягин яра ейди абадий»,

– дейди. Эврипид эса «ейди» ўрнига «маза қилиб ейди»ни қўяди. Худди шунингдек:

«Нима? Мени пакана, таъвия, заиф одамча…»

мисраси ўрнига кимдир кўп қўлланиладиган сўзлар билан:

«Нима? Мени арзимас таъвия, арзимас киши…» дейиши ёки:

«Унга кўримсиз курси ва митти столни суриб» мисраси ўрнига кимдир:

«Унга хунук курси ва кичик столни суриб» дейиши мумкин.

Ёки «қирғоқ увлайди» бирикмаси ўрнига «қирғоқ қичқиради» деса ифода ўзгаради. Арифрад ҳеч ким томонидан суҳбатда ҳам қўлланмайдиган… каби ифодалардан фойдаланганликлари учун трагикларни масхара қилади. Аслида шунга ўхшаш ифодалар кам қўлланилгани учун нутқдаги сайқаллик йўқолади. Мазахчи эса буни билмайди. Кўрсатилган (ифода усулларининг) ҳаммасидан, мураккаб ва ноёб сўзлардан, айниқса, кўчма сўзлардан ўринли фойдаланишнинг аҳамияти катта: фақат бошқалардан кўчириб ишлатиш ярамайди.

Кўчимларни моҳирона ишлатиш истеъдод белгиси, яхши метафоралар кашф этиш учун нарсалардаги ўхшашликни пайқаш зарур. Мураккаб сўзлар кўпроқ дифирамба учун, ноёб сўзлар қаҳрамонлик шеърларига, метафоралар эса ямб шеърларига мос келади. Дарвоқе, юқорида санаб ўтилган сўзларнинг ҳаммасини қаҳрамонлик ҳақидаги шеърларда қўлланса бўлади. Жонли тилда фойдаланиладиган ҳамма сўзлар ямбдаги шеърларга мосдир, чунки бу (шеърлар) хусусан (жонли) тилга тақлид этади, кўп қўлланиладиган сўзлар, метафоралар ва безовчи сифатлашлар шундайдир.

Шундай қилиб, трагедия тўғрисида ва ҳаракат орқали акс эттириш ҳақида айтилганлар билан чегараланамиз.

XXIII

ЭПОС, УНИНГ РИВОЯТ ЖИҲАТИДАН ТРАГЕДИЯГА ЎХШАШЛИГИ

Вазн воситасида тасвирловчи ҳикоя қилиш санъати ҳақида гапирсак, шуниси равшанки, бундай поэзияни (ҳам) драматикроқ руҳда – яхлит ва тугал, яъни бошланиши, ўртаси ва охири бўлган, мукаммал ҳамда жонли мавжудот каби завқ берувчи муайян бир воқеа атрофида қуриш керак. Эпос асарлари оддий тарихларга ўхшамаслиги керак. Оддий тарихларда биргина воқеа тавсифланмайди, уларда бир вақтнинг ўзида юз берган, гоҳо бир-бири билан фақат тасодифий боғланишга эга бўлган, бир одамнинг ёки кўп одамларнинг бошидан ўтган барча воқеалар тавсифланаверади. Масалан, Саламин ёнидаги денгиз жанги ҳамда Сицилияда карфагенликлар билан бўлган жанг бир вақтда юз берганига қарамай, улар замирида ҳеч қандай умумий мақсад йўқ эди. Воқеалар турли вақтларда юз берганида ҳам ҳеч қандай ягона, умумий мақсад билан боғланмаган бўлур эди. Аммо шунга қарамай, деярли барча шоирлар худди шундай (тарихчилардай) иш тутишади. Аввал айтганимиздай, Ҳомер бу ерда ҳам бошқаларга таққослаганда арши аълода туради, у бутун уруш ҳақида асар ёзмади, ҳолбуки, урушнинг боши ва охири бор эди. (Негаки, (ўн йиллик) уруш жуда маҳобатли, қамраб олишга ноқулай, ўртача ҳажмда эса (ниҳоятда) қуроқ ва шу туфайли чалкаш эди.) Йўқ, Ҳомер урушнинг (фақат) бир қисмини олди, қолган қисмларидан эса асарни бўлакларга бўлиш учун қўшимча тафсилотлар сифатида фойдаланди, холос. Масалан, кемаларни санаб кўрсатиш, шунингдек, бошқа тафсилотлар. Қолган эпик шоирлар бир қаҳрамон, бир замон ҳақида ёзишди, бир воқеани тасвирлаганда эса «Киприяликлар» ва «Кичик Илиада» каби кўп қисмли қилиб ёзишди. Шунинг учун ҳам «Илиада» ва «Одиссея»нинг ҳар биридан бир-иккитадан трагедия тўқилгани ҳолда «Киприяликлар»дан кўплаб трагедиялар чиқди, «Кичик Илиада»дан эса саккиздан ошиқ – «Қурол баҳси», «Филоктет», «Неоптолем», «Эврипил», «Тиланчилик», «Лаконика аёллари», «Илионнинг қулаши», «Сузиб кетиш», шунингдек, «Синон» ҳамда «Троя аёллари».

XXIV

ТУРЛАР ВА ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАР УЙҒУНЛИГИ