banner banner banner
Ахлоқи кабир
Ахлоқи кабир
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ахлоқи кабир

IV

ПОЭЗИЯНИНГ ТАБИИЙ ПАЙДО БЎЛИШИ

Поэтик санъатнинг келиб чиқишига очиқ-ойдин иккита сабаб бўлиб, иккаласи ҳам табиийдир. Биринчидан, тақлид, ўхшатиш инсонга болаликдан хос бўлган хусусият. Инсон бошқа жонли мавжудотлардан ўхшатиш қобилиятига эга эканлиги билан ҳам фарқланади, ҳатто дастлабки билимларни у ўхшатишдан олади ва бу жараён самаралари барчага ҳузур бағишлайди. Буни қуйидаги далил ҳам исботлайди: биз ҳақиқатда ёқимсиз кўринган нарсаларга, масалан, жирканч жонивор ва мурдалар тасвирига завқ билан боқамиз. Бунинг сабаби шундаки, билим олиш фақат файласуфларгагина эмас, балки бошқа кишиларга ҳам жуда ёқади, фарқ шундаки, оддий одамлар билиш учун томоша қилмайдилар. Улар тасвирга завқланиб қарайдилар, чунки унга боқиб «манави нарса бундай экан», деб мулоҳаза юритишни ўрганадилар. Агар ўхшаши тасвирланган нарсани аввал кўрмаган бўлса, ўхшатишдан эмас, балки бичим, бўёқ ёки шунга ўхшаш бошқа бир нарсадан завқ туядилар.

Зероки, ўхшатиш гармония ва ритм сингари қадимданоқ одамларнинг табиатига хос хусусиятдир[10 - Ўхшатиш, акс эттириш табиийлиги ҳар қандай санъатнинг манбаи, гармония ва ритм табиийлиги – поэзия санъатининг манбаи.] (вазнлар – ритмнинг махсус тури эканлиги сир эмас), одамлар қадимданоқ табиатан ўхшатишга қобилиятлидирларки, улар буни оз-оздан тараққий эттира бориб, бадиҳа шеърлар (импровизация)дан ҳақиқий поэзияни юзага келтирганлар.

ПОЭЗИЯНИНГ ТАРАҚҚИЁТИ ВА БЎЛИНИШИ

Поэзия шоирларнинг шахсий характерига мувофиқ икки турга бўлинади: чунончи, жиддийроқ шоирлар гўзал қилиқлар ва унга монанд кишиларни тасвир этадилар. Худди олдингилари гимн ва мадҳ қўшиқлар яратганидек, кейингилари дастлаб ҳажвий қўшиқлар тўқийдилар. Шоирлар Ҳомергача ҳам кўп бўлган бўлса-да, биз Ҳомернинг «Маргит»и ва шу хилдаги асарларига монанд бирон асарни таъкидлай олмаймиз. Мана шу шеърларда энг қулай ямб ўлчови пайдо бўлдики, у ҳозиргача ямбик (истеҳзоли) вазн, деб аталади, чунки унинг воситасида кишилар бир-бирларига истеҳзо қилганлар. Натижада қадимги шоирларнинг баъзилари қаҳрамонлик вазни ва баъзилари ямбларнинг ижодкорлари бўлиб қолдилар.

Ҳомер поэзиянинг мураккаб турида ҳам шу қадар буюк эдики, у мукаммал шеър ижод қилибгина қолмай, балки драматик тасвирларни ҳам ярата олди[11 - Драматик тасвирлар – яъни драма сюжетидаги кескин ўзгариш, тўсатдан билиш ва бошқа унсурлардан иборат тасвирлар.]. У масхаралашга эмас, кулгили нарсага драматик пардоз бериб, биринчи марта комедиянинг асосий шаклларини ҳам бунёд қилди, бинобарин, «Илиада» ва «Одиссея» трагедияга қанчалик тааллуқли бўлса, унинг «Маргит»и комедияга шунчалик монанддир. Трагедия ва комедиялар вужудга келганида эса, табиатан поэзиянинг шу турларига мойил бўлган ямбчилар энди комик шоирлар, эпиклар эса трагиклар бўлиб қолдилар, чунки мазкур шакллар аввалгиларига нисбатан аҳамиятлироқ ва муносиброқ эди.

ТРАГЕДИЯНИНГ КАМОЛОТИ

Трагедия ўзининг ҳамма кўринишларида, ўз ҳолича ва театр томошаси сифатида етарли тараққиётга эришдими ёки йўқми, ҳозир бу ҳақда тўхтаб ўтиришнинг ўрни эмас[12 - Ўз ҳолича – ривоят, характер, нутқ ва фикрда ўз ҳолича, мусиқа ва саҳна безагида – театр томошаси сифатида.]. Илк пайтларда бадиҳагўйлик (импровизация) йўли билан – дифирамбани бошлаб бериш ва ҳозир ҳам кўп шаҳарларда яна қўлланилаётган фалл қўшиқларни бошлаб беришдан келиб чиққан трагедия ва комедия хос хусусиятларини аста-секин ривожлантириш йўли билан бир оз ўсди.[13 - Арасту хор қўшиқлари орасида куйловчи бошловчиларни биринчи актёрлар деб ҳисоблайди.] Хуллас, трагедия кўп ўзгаришларни кечиргач, ўзига хос табиий хусусиятларини кашф этган ҳолда етилиб қолди. Актёрлар иштироки масаласига келганда, Эсхил битта актёр ўрнига иккита киритди, хор қисмини озайтирди ва диалогни биринчи ўринга қўйди, Софокл эса актёрларни учтага етказди ва декорациялар киритди. Камолот масаласига келганда шуни айтиш керакки, кичик афсоналар ва кулгили ифода усулидан бошланиб, сатирик томошалар йўлини босиб ўтган трагедия аллақачон ўзининг улуғворлик босқичига эришди; унинг вазни ҳам (трохаик) тетраметрдан ямбга айланди (дастлаб тетраметрдан фойдаланилган вақтларда, поэзия асарлари сатирик руҳда ва кўпроқ рақсга мойил эди, диалог тез ривожлангандан сўнг эса, бу хусусият унга мувофиқ келувчи вазнни кашф этди, чунки ямб ҳамма вазнлар ичида жонли сўзлашув тилига энг яқин бўлиб қолди. Биз бир-биримиз билан қилган суҳбатда жуда кўп вақт ямб билан сўзлашишимиз бунинг исботидир, гекзаметр эса баъзан нутқ уйғунлиги бузилгандагина жуда сийрак учрайдиган ҳодисадир). Ниҳоят, қўшимча қисмларнинг кўплиги ва трагедияга зарур бўлган бошқа махсус безаклар ҳақида, биз юқорида айтилганлар билан чекланамиз, чунки ҳаммасини батафсил тушунтириш ҳаддан ташқари мушкулдир.

V

КОМЕДИЯНИНГ МОҲИЯТИ ВА ТАКОМИЛЛАШУВИ

Комедия эса, таъкидлаганимиздек, ёмон кишиларни бутунлай бадном қилиш маъносида бўлмаса-да, гавдалантиришдир, зеро, кулгили ҳолат хунукликнинг бир қисми, холос. Аслида, кулгили нарса – бу ҳеч кимнинг дилини оғритмайдиган ва ҳеч кимга зарар келтирмайдиган баъзи бир нуқсон ва мажруҳликдир[14 - «Хато» – хатти-ҳаракатда, «мажруҳлик» – характерда. Нуқсон трагедия асосида ҳам бор, лекин у ерда «дардли» ва «зарарли».]. Мисол излаб узоққа бормаслик учун шуни айтиш керакки, кулгили ниқоб азоб – (ифодаси) сиз, хунуклик ва айниганликни тасвирлашдир.

Шундай қилиб, трагедия соҳасидаги ўзгаришлар ва уларнинг айбдорлари бизга аён, комедиядаги ўзгаришлар эса бизга номаълум, чунки унга бошданоқ эътибор бермаганлар; ҳатто комиклар учун хорни эндигина архонт театри нисбатан кечикиб бера бошлади, дастлаб у ҳаваскорлардан ташкил топган эди[15 - Трагедияда хор VI аср охиридан, комедияда – 465 йилдан давлат ҳисобига ўтган. Бинобарин, Хионид ва Магнет у вақтда ҳаваскорлар орасида ижро этишган.]. У муайян шаклга эга бўлгандан кейин эса, унинг ижодкорларининг номлари эслана бошланди. Аммо ниқобни, прологни ким киритган, актёрлар миқдорини ким орттирган ва бошқа қатор масалалар номаълум бўлиб қолмоқда. Кулгили ривоятларни Эпихарм ва Формий ёза бошладилар. Бу кашфиёт даставвал Грецияга Сицилиядан ўтди, бироқ Афина комикларидан Кратет биринчи бўлиб ямб билан шеър ёзишни ташлаб, нутқ (диалог) ва умумий руҳдаги ривоятларни ярата бошлади.[16 - Эпихарм ва унинг издоши Формий илк марта «коҳиш» қўшиқларидан «кулгили» қўшиқларга ўтган шоирлар саналади. Кратет ҳам Аттика комедиясида шундай қилган.]

ТРАГЕДИЯНИНГ ЭПОСДАН ФАРҚИ

Эпопея муҳим воқеалар (шахслар ва хаттиҳаракатлар)ни акс эттиришга интилиб, дабдабали вазндан ташқари барча соҳаларда трагедияга эргашди. Эпопея трагедиядан вазннинг бир хиллиги ва баён услуби билан, шунингдек, ҳажми билан фарқланар эди. Зеро, трагедия иложи борича бир кунлик (ёки ундан сал ошиқроқ) вақт доирасига жойлашишга интилади, эпопея эса вақт жиҳатдан чекланмаган, асосий фарқ мана шунда; дарвоқе, дастлаб бу хусусият трагедия ва эпосларда бир хил эди. Трагедиянинг баъзи қисмлари эпопеяга муштарак, баъзи қисмлари эса фақат ўзига хос хусусиятларга эга. Шунинг учун яхши билан ёмон трагедияни фарқлай оладиган кимса эпосларнинг яхши-ёмонини ҳам ажрата олади. Чунки эпопеяда нима бўлса, у трагедияда ҳам мавжуд, аммо трагедияда нима бўлса, ҳаммаси ҳам эпопеяда мавжуд бўлавермайди.

VI

ТРАГЕДИЯ. УНИНГ МОҲИЯТИ

Гексаметрларда тасвирлаш санъати ва комедия ҳақида кейинроқ тўхталамиз. Ҳозир эса юқорида айтилганлардан муайян моҳияти англашилувчи трагедия ҳақида мулоҳазалар юритамиз. (Мана бу таъриф:) Трагедия муайян ҳажмли, турли қисмлари турлича сайқалланган тил ёрдамида, баён воситасида эмас, балки хатти-ҳаракат орқали кўрсатиладиган ва изтироб билан инсон руҳини покловчи муҳим ва тугал воқеа тасвиридир.

«Сайқалланган тил» деганда мен ритм, гармония ва мусиқийликка эга бўлган тилни назарда тутаман. «Турли қисмлари турлича сайқалланган» деганда эса, баъзи қисмлари фақат вазн билан, бошқа қисмлари ҳам вазн, ҳам мусиқийлик билан безалган нутқ англашилади.

ТРАГЕДИЯ. УНИНГ УНСУРЛАРИ

Тасвирлаш ҳаракат орқали ифодалангани учун зарурийлик нуқтаи назаридан трагедиянинг биринчи унсури (ёки қисми) манзара, кўриниш орасталиги бўлади, ундан кейин иккинчиси мусиқа қисми ва учинчиси тилдир. Фақат ана шу воситалар орқалигина акс эттириш содир бўлади. Тил деганда мен асарнинг вазн қурилишини кўзда тутаман. Мусиқа қисми нимани англатиши эса изоҳсиз ҳам равшандир.

Шундай қилиб, трагедия қилмиш тасвири бўлиб, у эса муайян характер ва фикрлаш тарзига эга бўлган қаҳрамонлар томонидан амалга оширилади. (Худди шунга мувофиқ биз уларни қандайдир қилмишлар деб атаймиз). Табиийки, бундан хатти-ҳа ракатнинг икки сабаби – характер (трагедиянинг тўртинчи унсури) ва фикр – ғоя (бешинчи унсури) келиб чиқади. Ана шу фикр ва характерга мувофиқ фаол шахслар муваффақиятга ёки муваффақиятсизликка учрайди.

Қилмиш тасвирининг ўзи эса (олтинчи унсур) фабула – воқеадир. Аслида ривоят (мифос) деб мен воқеалар оқимини, характер деб эса, биз ундай ёки бундай (феъл-атворни) деб атайдиган иштирок этувчи шахсларни назарда тутаман. Фикр (ғоя) деганда иштирок этувчиларнинг ниманидир исбот қилишлари ёки ўзига хос мулоҳаза(ҳукм)лари англашилади.[17 - Арасту асаридаги «ривоят», «миф» лотинча таржимада «фабула» деб олинди ва адабиётшуносликда кенг оммалашиб кетди.]

Шундай қилиб, ҳар қандай трагедияда олти унсур мавжуд бўлиши керак. Шунга мувофиқ трагедия ундай ёки бундай бўлади. Булар – фабула, характерлар, тил, фикр – ғоя, томоша ва мусиқа қисмлари. Бу қисмлардан иккитаси (тил ва мусиқа) тасвирлаш воситаларига, биттаси (томоша) – тасвирлаш усулига, учтаси (ривоят, характерлар, ғоя) тасвирлаш воситасига киради.

ФАБУЛА ВА УНИНГ МУҲИМЛИГИ

Бироқ бу қисмлардан энг муҳими – воқеалар оқимидир. Чунки аслида трагедия, кишиларни тасвирлаш эмас, балки ҳаракат ва ҳаёт, бахтлилик ва бахтсизликни тасвирлашдир, бахт ва бахтсизлик эса, доимо инсон (характери) ва қилмишидан бўлади[18 - «Бахт хатти-ҳаракат туфайли келади» – Арастунинг «Никомах ахлоқи» асаридаги фикр.]. Трагедияда акс эттиришнинг мақсади ҳам қандайдир фазилатни эмас, бирор воқеани талқин этишдир. Характер кишиларга фазилат бахш этади, фақат бирор воқеа оқибатидагина улар бахтли ва бахтсиз бўлишлари мумкин.[19 - Ҳамдардлик ва қўрқинч уйғотиб, дилни мафтун қилади. «Энг янги», Эврипиддан кейинги давр шоирлари, чамаси, анъанавий ривоятлардаги бир хилликдан қутулиш учун сюжетларни ишлашга алоҳида эътибор беришган бўлса керак.] Трагедияда ҳаракат фақат характерларни тасвирлаш учунгина амалга оширилмайди, улар (характерлар) хатти-ҳаракат орқали кўрсатилади, холос. Шундай қилиб, трагедиянинг асосий мақсадини фабула, воқеа ташкил этади, мақсад эса ҳаммасидан муҳимдир. Бундан ташқари, трагедия воқеасиз яшай олмайди, характерларсиз эса яшай олиши мумкин. Масалан, янги трагедияларнинг кўпчилигида характерлар тасвирланмайди. Умуман рассомлардан Зевксид ва Полигнот бир-биридан қандай тафовут қилса, кўпчилик шоирлар ҳам ўзаро шундай фарқланадилар. Полигнот ҳақиқатан ҳам характерларни аъло даражада чизгувчи эди. Зевксид асарларида эса характерлар умуман учрамайди[20 - Чамаси, Зевксид идеал гўзалликка эришмоқ учун характерли сифатлардан воз кечган шекилли.].

Сўнгра, кимки атайлаб кўплаб характерли, ўзгача иборалар, ажойиб ифода ва фикрларни қалаштириб ташласа, у трагедия олдига қўйиладиган вазифани бажара олмайди, аммо шулардан оз даражада фойдаланган, бироқ ривоят ва воқеалар оқимига эга бўлган трагедия ўз вазифасини нисбатан яхшироқ амалга оширади. Трагедиянинг руҳни мафтун этувчи қисмлари – перипетиялар, яъни бурилиш нуқталари ва ривоят-воқеа қисмларидадир. Яна бир далил. Трагедия ёзмоқчи бўлган ижодкор энг аввало тил, нутқ ва характерларда муваффақият қозониши мумкин (воқеада эса – кейин.) Қадимги шоирларнинг деярли барчаси шундай[21 - Энг қадимги шоирлардан бири Фриних бўлса керак.].

Шундай қилиб, трагедиянинг бошланиши, унинг қалби воқеа бўлиб, характерлар эса иккинчи ўринда келади. Рассомликда ҳам худди шунга ўхшаш ҳолни кўрамиз. Кимдир энг яхши бўёқларни чаплаштириб ташлагани билан кишига оддий суратчалик завқ бера олмайди[22 - Оддий сурат билан, ёки кейин бўяладиган дастлабки чизиқлар билан.]. Бунинг устига трагедиянинг инсон қалбини мусаффолантиришига қараганда ҳам энг зарури воқеа қисмининг моҳияти – кутилмаган ҳолатлар ва сирнинг очилишидир.

Трагедиянинг учинчи қисми фикр теранлигидир. Бу сиёсат ва нотиқлик санъатидаги каби, ишнинг моҳияти ва шароитларига тааллуқли бўлган нарсани сўзлай олиш маҳоратидир. Қадимги шоирларда шахслар сиёсатдонлардек гапирса, ҳозиргиларда эса нотиқлар сифатида тасаввур қилинади[23 - Янги трагиклар, чамаси, нутқ – тилдан асосан сюжетдаги ўзгариб турувчи вазиятларни тасвирлаш учун фойдаланишган.]. Инсон майлининг нимададир намоён бўлиши, кимнинг ниманидир афзал деб ҳисоблаши ё ниманидир ёқтирмагани – характердир; ёки гапирувчининг нимани маъқуллаши, ёки ёқтирмагани аниқ ифодаланмаган нутқда характер гавдаланмайди. Ғоя эса ниманингдир борлиги ёки йўқлигини исботлаш, ёхуд умуман ниманингдир ифодаланишидир. Сўз билан ифодалашнинг тўртинчи қисми нутқ, яъни сўз воситасида мулоҳаза юритишдир. Бу, юқорида айтилганидек, вазндагина эмас, насрий нутқда ҳам бир хил аҳамиятга эга бўлган сўз орқали тушунтиришдир. Қолган бешинчи, мусиқали қисм безакларнинг асосийсидир. Саҳнанинг жиҳозланиши–декорация эса қалбга таъсир этса ҳам, бироқ у поэзия санъатидан мутлақ ташқарида туради ва поэзияга камроқ тааллуқлидир, чунки трагедиянинг кучи декароциясиз ҳам, актёр (ўрни безалмаса) ҳам сезилади. Бунинг устига яна, саҳнани безашда шоирларга қараганда декоратор санъати кўпроқ аҳамиятга моликдир.

VII

ТРАГЕДИЯНИНГ ЯХЛИТЛИГИ

Бу хусусиятларни эътироф этгач, воқеаларнинг уйғунлашуви қандай бўлиши керак, деган масалага тўхталамиз, чунки бу трагедияда биринчи ва энг зарурий қисмдир. Трагедия муайян ҳажмга эга бўлган, тугал ва бир бутун воқеанинг тасви ри эканлигини эътироф этдик. Чунки (руҳиятда) ҳажмсиз яхлитлик ҳам бўлади[24 - Ҳажмга эга бўлмаган, яъни жуда кичик ҳажмли.]. Яхлит нарса ибтидоси, ўртаси ва интиҳоси бўлган нарсадир. Ибтидо бошқа нарсанинг кетидан келиши зарур бўлмаган, аксинча, табиат қонунига кўра, орқасидан нимадир келувчи ёхуд содир бўлувчи нарсадир; аксинча, интиҳо зарурият туфайли ёхуд одатга кўра, албатта, бошқа нарса кетидан келувчи нарсадир; ундан кейин эса ҳеч нарса бўлмайди; ўрта эса ўзи бошқа нарсанинг кетидан келувчи ва унинг кетидан ҳам бошқа нарсанинг келишига асосланган. Шундай қилиб, яхши тузилган ривоятлар дуч келган жойдан бошланиб, яна дуч келган жойда тугамаслиги, балки кўрсатилган қоидалар асосида бўлиши лозим.

ТРАГЕДИЯ ҲАЖМИ

Сўнгра, муайян бўлаклардан таркиб топган, тартибли ва айни чоғда ҳар қандай ҳажмга эмас, балки муайян ҳажмга эга бўлган мавжудот, ҳар қандай нарса гўзалдир; гўзаллик ҳажм ва тартибдан келиб чиқади, ҳаддан ташқари кичкина бўлган мавжудот гўзал эмас, чунки сезилар-сезилмас оз вақт ичида қаралганда унинг барча хусусиятлари аралашиб кетади. Ҳаддан ташқари катта нарса ҳам гўзал эмас, масалан, ўн минг стадияли нарсани бир нигоҳда қамраб олиш мумкин эмас; кўрувчилар учун нарсанинг бутунлиги ва яхлитлиги йўқолади. Шундай қилиб, жонли ва жонсиз гўзал нарсалар бир қарашда сезиб олинадиган ҳажмга эга бўлиши керак, бас, шундай экан, ривоятлар ҳам осон эсда қоладиган ҳажмга эга бўлиши лозим. Ривоятнинг узунлигини театр мусобақаси ва (томошабинларнинг) ҳиссий идрок этиши нуқтаи назаридан таърифлаш поэзия санъатининг иши эмас. Агар ўзишувда юзта трагедия кўрсатиш лозим топилган бўлса, сув вақти асосида мусобақалашган бўлур эдилар, илгарилари ҳақиқатан ҳам шундай бўлган дейишади[25 - «Одатдаги уч трагедия ўрнига юз трагедия» – яъни ҳар асарни қўйишга шу қадар кам вақт кетадики, у вақтни судда нотиқларга ажратилган вақт билан қиёслаш мумкин. Қадимги судларда вақт сув соати билан ўлчанган.]. Ҳажм асарнинг моҳиятидан келиб чиқади. Ҳар доим яхшироқ тушуниладиган нарса ҳажман ҳам гўзалроқ бўлади. Шу тариқа оддий таъриф берсак, шундай ҳажм қониқарлики, унинг ичида воқеалар ҳам эҳтимолият, ҳам заруриятга кўра тўхтовсиз давом этади, бахтсизликдан бахтга ёки бахтдан бахтсизликка томон кескин ўзгариш бўлиб туради, деб айта оламиз.

VIII

ВОҚЕА БИРЛИГИ

Ривоят, баъзилар ўйлаганидек, битта қаҳрамон атрофида айлансагина бир бутун бўлавермайди: чунки бир (шахс) билан алоқадор бўлган чексиз, сон-саноқсиз ҳодисалар юз бериши, ҳатто, уларнинг баъзилари ҳеч қандай бутунликка эга бўлмаслиги мумкин. Бир шахс хатти-ҳаракати ҳам худди шундай кўп миқдорлидир, улардан ҳеч қандай ягона воқеа яратиб бўлмайди[26 - Сокин одам қатнашадиган воқеа ва фаол шахснинг «хатти-ҳаракатлари» кейинги саҳифаларда кўрсатилади.]. Шунинг учун «Ҳераклеида», «Фесеида» ва шунга ўхшаш поэмаларни ёзган шоирлар янглишаётганга ўхшайди[27 - Манбаларда тўртта «Ҳераклнома» ва учта «Фесейнома» («Тесейнома») тилга олинади.]. Улар Ҳеракл битта эди, (у ҳақда) ривоят ҳам битта бўлиши даркор, деб ўйлашмоқда. Ҳомер, (ўзга шоирлардан бошқа барча соҳаларда фарқланганидай) чамаси, бадиий маҳорати ёки табиий истеъдоди туфайли бу масалага ҳам тўғри қараган[28 - Арасту бизгача етиб келмаган «Шоирлар ҳақида» асарида «истеъдод» ва «санъаткорлик», «маҳорат» тушунчаларини қиёслаган. Чамаси, у санъаткорликдан «истеъдод»ни устун қўйган.]. У «Одиссея»ни ижод этганида, қаҳрамон нималарни бошидан кечирган бўлса, ҳаммасини, масалан, у Парнасда қандай ярадор бўлганини, урушга ёрдам тўплаш вақтида қандай қилиб ўзини жинниликка солганлигини кўрсатмади, чунки бу воқеалардан бирининг орқасидан бошқаси рўй бериши учун ҳеч қандай зарурат (ёки) эҳтимоллик йўқ эди; ҳа, у «Одиссея»ни, шунингдек, «Илиада»ни ҳам биз айтган маънода бир воқеа доирасида яратди. Бинобарин, акс эттиришнинг ўзи, бошқа муқаллид санъатлардаги сингари, битта (нарса)га ўхшатувдир, шунингдек, ривоят ҳам битта ва айни вақтда ягона ва яхлит воқеанинг тасвири бўлиши лозим. Сўнгра воқеаларнинг қисмлари шундай жойлаштирилиши зарурки, бирон қисм алмаштирилганда ё олиб ташланганда яхлит нарса ўзгариб кетсин, ё ҳаракатга келсин, чунки мавжудлиги ё мавжуд эмаслиги сезилмаётган нарса бутуннинг узвий қисми бўла олмайди.

IX

ВОҚЕАДА ЎЗИГА ХОСЛИК ВА УМУМЛАШМА

Айтилганлардан шу нарса маълум бўладики, шоирнинг вазифаси ҳақиқатан бўлиб ўтган воқеа ҳақида эмас, балки содир бўлиши мумкин бўлган, демак, бўлиши тахмин этилган ё бўлиши зарур бўлган воқеа ҳақида сўзлашдир. Зеро, тарихчи ва шоир бир-биридан бири вазн – назмда, бошқаси эса насрда ёзиши билан фарқланмайди. (Ахир Геродот асарларини ҳам шеърга солиш мумкин. Бироқ унинг асарлари хоҳ назмда, хоҳ насрда бўлсин, бари бир тарихлигича қолаверади.) Тарихчи ва шоир шу билан тафовутланадики, уларнинг бири ҳақиқатан бўлган, иккинчиси эса бўлиши мумкин бўлган воқеа ҳақида сўзлайди. Шунинг учун поэзия тарихга қараганда фалсафийроқ ва жиддийроқдир: поэзия кўпроқ умумий, тарих эса алоҳида воқеаларни тасвирлайди. Поэзияда қандайдир характер эҳтимол ё зарурият туфайли бундай, ёки ундай сўзлаши, ҳаракат қилиши керак. Мана шуни умумлашув дейилади. Поэзия қаҳрамонларга исм қўйиш орқали умумийликка интилади. Энди, масалан, Алкивиаднинг нима қилгани, унга нима бўлгани эса – бу якка, алоҳида ҳодисадир. Комедияда шундайлиги ҳеч қандай шубҳа туғдирмайди[29 - Арасту «комедия» деганда қадимги, Аристофан давридаги ямбнавислик асарларини эмас, янгича комедияни назарда тутади.]. Унда шоирлар эҳтимоллик қонунлари асосида воқеа тузиб, қаҳрамонларга хоҳлаган исмларни қўядилар, улар ямбдан фойдаланувчи шоирларга ўхшаб, айрим шахслар учунгина (ҳажв) ёзишмайди. Трагедияда номларни ўтмишдан олишга риоя этилади, бунинг сабаби шуки, (фақат) содир бўлиш имконияти бор, эҳтимол тутилган воқеаларгина ишончли бўлади. Эҳтимоллиги, юз бериш имконияти йўқ воқеаларга эса ишонмаймиз, юз берган нарса, шаксиз ишончлидир, чунки у агар юз бериш имкони бўлмаганда содир бўлмаган бўлур эди. Шундай бўлса-да, баъзи трагедияларда битта ё иккита исм машҳур, қолганлари эса ўйлаб топилган, баъзиларида эса ҳатто битта ҳам машҳур ном йўқ. Масалан, Агафоннинг «Гул»ида воқеалар ҳам, номлар ҳам бир йўсинда тўқималигига қарамай, бу асар бари бир шуҳрат қозонмоқда[30 - Агафон – Эврипиднинг кичик замондоши, Афлотуннинг «Базм» асари қаҳрамони, трагик поэзияга муҳим янгиликлар киритган. Унинг пьесаси «Гул», «Анфей» (тўқима исм) деб ўқилиши мумкин.]. Шундай экан, трагедияга асос бўладиган анъанавий ривоятларга маҳкам ёпишиб олиш шарт эмас. Бунга интилиш ҳақиқатан кулгилидир, чунки ҳатто аён бўлган воқеа оз кишиларгагина тушунарли бўлса-да, бироқ ҳаммага бир хилда ёқади. Демак, бундан шу нарса маълум бўладики, шоир фақат вазнларни эмас, кўпроқ ривоятларни ижод этиши лозим, чунки у тасвир воситасида ҳаракатни гавдалантира олгани учун ҳам шоирдир. Ҳатто унга ҳақиқатан бўлиб ўтган воқеани тасвирлашга тўғри келганда ҳам у озми-кўпми шоир бўлиб қолади. Чунки ҳақиқатан бўлиб ўтган[31 - Ҳақиқатан юз берган – Эсхилнинг «Форслар» асари ва IV асрдаги бошқа тарихий трагедия намуналари.] воқеалардан айримларининг эҳтимоллик ва имконият туфайли қандай содир бўла оладиган бўлса, ўшандай содир бўлишига ҳеч нарса халақит этмайди. Бу жиҳатдан шоир уларнинг ижодкоридир.

Оддий ривоят ва воқеалардан энг ёмони эпизодикларидир. Эпизодик ривоят, деганда мен ривоятдаги эпизодларнинг ҳар қандай эҳтимолсиз ва заруриятсиз бирин-кетин келишини назарда тутаман. Бундай трагедиялар ёмон шоирлар томонидан, иқтидорсизликлари натижасида, яхши шоирлар томонидан актёрларни назарда тутиб ёзилади. Улар мусобақаларда актёрнинг имкониятларини кўрсатиш учун ички мазмунга зид тарзда, кўпинча воқеанинг табиий тартибини бузишга мажбур бўладилар.

(Трагедия) фақат тугал воқеанигина эмас, балки қўрқинч ва ҳамдардлик уйғотувчи воқеаларни ҳам тасвирлашдир. Охиргиси, айниқса, кутилмаган воқеа содир бўлган пайтда, қолаверса, бир воқеа ортидан кутилмаганда бошқа воқеа ёки шу йўсинда, ҳайрон қолдирадиган ҳодиса ўз-ўзидан ва тасодифан рўй бергандагина юзага келади. Чунки тасодифлар орасида кўпинча, атайин қилингандай тасаввур ҳосил қилувчи воқеалар нисбатан ҳайрон қоларлидир. Бунга Аргосдаги воқеа мисол бўла олади. Митий[32 - Аргослик Митий – Демосфен томонидан жанг арава эгаси деб тилга олинади. Митий мусобақа ғолиби сифатида ҳайкал ўрнатишга сазовор бўлиши мумкин.] ўлимининг айбдори унинг (Митийнинг) ҳайкалига қараб турганида, ҳайкал қулаб тушиб, уни ҳалок этади. Шунга ўхшаш нарсалар тасодифий кўринмайди. Шундай экан, шунга монанд ривоятлар зарур ва энг яхшидир.

X

МУРАККАБ ВА СОДДА ФАБУЛАЛАР

Асар воқеаси – фабулаларнинг айримлари оддий, бошқалари эса ўзаро чирмашиб кетган бўлади. Чунки ривоятларда акс этган воқеалар ҳам худди шундайдир. Мен, шундай тўхтовсиз ва ягона воқеани содда деб атайманки, ундай воқеа давомида (юқорида айтилганидек) тақдир ўзгариши кескин бурилишсиз ва тўсатдан англашсиз содир бўлади, чирмашган фабулада эса воқеалар кескин бурилиш ва тўсатдан англаш ёки уларнинг ҳар иккиси воситасида содир бўлади. Бунинг ҳаммаси воқеа мантиқидан, аввалги воқеанинг зарурият ё эҳтимоллик асосидаги давоми тарзида келиб чиқиши керак. Чунки бирон нарса сабабли бошқа нарсанинг келиб чиқиши билан бир нарсадан кейин бошқа нарсанинг юз бериши ўртасида катта фарқ бор.

XI

ТРАГЕДИЯНИНГ ИЧКИ БЎЛИНИШИ: МУШКУЛОТ, ТЎСАТДАН БИЛИШ, ЭҲТИРОС

Кескин бурилиш (перипетия), таъкидланганидек, воқеанинг қарама-қарши томонга ўзгаришидир. Айни вақтда, бу эҳтимоли кутилган ёки зарурий ўзгаришдир. Чунончи, «Эдип»да шоҳ Эдипнинг аслида кимлигини айтиб, хурсанд қилиш учун, шоҳни онасидан қўрқиш туйғусидан қутқазиш учун келган хабарчи амалда мутлақ зид натижага эришади; «Линкей»да[33 - «Линкей» – Арастунинг замондоши «Феодект» драмаси.] ҳам шундай, бировни ўлимга олиб кетишади. Данай эса уни ўлдириш учун орқасидан боради. Аммо воқеалар давомида бунинг тескариси бўлади, биринчи одам омон қолади, кейингиси эса ўлимга учрайди. Тўсатдан англаш, номидан ҳам кўриниб турганидек, билмасликдан билишга томон, бахтиёрлик ёки бахтсизликка маҳкум этилган шахсларнинг дўстлик ёки душманлик томон ўтишидир.

Тўсатдан билишнинг энг яхши намунаси худди «Эдип»да юз бергани сингари, мушкул аҳвол давомида содир бўлади. Албатта, ўзгача билиб қолишлар ҳам бўлади; чунончи, таъкидланганидек, жонсиз ва умуман ҳар қандай тасодифий нарсаларни ҳам, шунингдек, кимнингдир нимадир қилгани ёки қилмаганини ҳам англаш мумкин. Бироқ фабула учун энг зарури ва воқеа учун нисбатан аҳамиятлиси, юқорида айтилган, тўсатдан англашдир, чунки бундай англаш кескин бурилиш – мушкул аҳвол билан биргаликда ачиниш ёки қўрқувни юзага келтиради, трагедия эса худди шундай воқеаларни акс эттиради, бахт ва бахтсизлик ҳам худди шундай тўсатдан англаш билан бирга содир бўлади.

Тўсатдан англаш кимнидир билиш бўлгани учун ҳам гоҳо бир шахс фақат бир кишини билиши мумкин (агар иккинчисига биринчиси маълум бўлса), гоҳо икки киши бир-бирини тўсатдан англаши мумкин. Масалан, Орест Ифигенияни хат туфайли билади, лекин Ифигениянинг Орестни таниши учун ўзгача тўсатдан англаш ҳолати талаб қилинади.[34 - Эврипид. «Ифигения Таврида»да Ифигения Пиладга «Акамга элтинг», деб хат беради. Шунда Орест синглисини таниб қолади. Пилад эса хатни ёнида турган Орестга беради. Шунда Ифигения акасини таниб қолади.]