banner banner banner
Ахлоқи кабир
Ахлоқи кабир
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ахлоқи кабир

Бундан ташқари, эпопея турлари худди трагедия турларидай (ё оддий, ё мураккаб тўқимали, ё характерлар эпопеяси, ё эҳтирослар эпопеяси), қисмлари ҳам трагедия қисмларидай (мусиқа ва томоша безагидан ташқари) бўлади. Чунки эпопеяда ҳам кескин ўзгариш (перипетия)лар, тўсатдан билиб қолишлар, изтироблар, фикр ва тил яхши бўлиши керак. Ҳомер шуларнинг ҳаммасидан биринчи марта ва аъло даражада фойдаланди. Унинг иккала поэмасидан бири «Илиада» кучли эҳтирослар эпопеяси, «Одиссея» эса мураккаб тўқимали (бутун поэма тўсатдан билиб қолишлардан иборат) бўлиб, характерлар эпопеясидир. Тил ва фикр жиҳатидан ҳам улар ҳамма достонлардан устун туради.

Эпопея трагедиядан таркиби узунлиги ҳамда вазни билан фарқланади. Бу узунликнинг чегараси (меъёри) ҳақида қуйида айтиладиган гаплар етарлидир: эпопеяда бир назар билан воқеанинг боши ва охирини қамраб олиш керак; эпопеялар таркиби қадимгилардан қисқароқ бўлиб, бир томоша вақтида кўрсатилувчи трагедиялар ҳажмига яқинлашсагина бу мумкин бўлади. Аммо эпопея ҳажмининг (худди шу) чўзиқлиги туфайли у муҳим бир хусусиятга эга бўлади. Трагедияда бир вақтда юз бераётган воқеаларнинг кўпгина қисмларини тасвирлаб бўлмайди, (трагедия) воқеанинг фақат саҳнада актёрлар томонидан кўрсатилаётган қисминигина тасвирлаши мумкин. Эпопея эса ҳикоя қилиш бўлгани учун бир вақтда юз бераётган кўпгина қисмларни (воқеаларни) тасвирлаши мумкин. Худди ана шу воқеалардан (агар улар ўринли бўлса) поэманинг ҳажми кенгая ди. Худди шу туфайли эпопея улуғворроқ бўлади, тингловчиларга ҳар хил таъсир кўрсатади, қўшимча тафсилотлари хилма-хил бўлади. Трагедиялар эса тез ғашга тегадиган бир хиллиги туфайли гоҳо муваффақиятсизликка учрайди.

Эпосда тажриба натижасида қаҳрамонлик вазни (гекзаметр) асосланиб қолди. Чиндан ҳам агар бирор шоир бошқа вазнда ёки кўпгина вазнларда ҳикоя қилса, у (асар) номутаносиб кўринади. Ҳақиқатан, қаҳрамонлик вазни энг барқарор ва асосли вазн бўлиб қолди, чунки унга ҳаммадан кўра ноёб ва кўчма сўзлардан фойдаланиш мос тушади, бу эса ҳикоячилик тасвирининг ўзига хос фазилатидир. Ямб (триметр) ва тетраметр эса – ҳаракатчан вазнлар бўлиб, бири саҳна тасвирлари учун, иккинчиси рақс учун қулайдир. Херемондагидек турли вазнларнинг қоришуви эса, янада ўринсиздир. Худди шунинг учун эпик асарларни ҳеч ким қаҳрамонлик вазнидан бошқасида ёзмаган. Таъкидлаганимиздек, табиатнинг ўзи бундай асарларга яраша вазн танлашни ўргатиб қўйган.

Ҳомер бошқа фазилатларидан ташқари яна шу билан ҳар қандай мақтовга сазоворки, шоирлар ичида биргина у (шоир) поэма яратиш учун нима қилиш зарурлигини яхши билган. Шоир (поэмада) иложи борича ўзи камроқ гапириши керак, чунки унинг тасвирлаши бунга мутлақ боғлиқ эмас. Бошқа шоирлар эса (ўз ҳикоя усулида) ҳамма соҳада ўзини кўрсатишга интилишади,фақат кичик, озгина нарсаларнигина акс эттиришади. Ҳомер эса кичик бағишлов тугаши биланоқ қаҳрамон (йигит ёки аёл) нинг муайян характерини оча бошлайди, у қаҳрамонларини, албатта, характери билан кўрсатади ва ҳеч кимни характерсиз кўрсатмайди!

Трагедияларда ажойиботларни ёзиш керак, бироқ эпопеяда яна ҳам кўпроқ ақл бовар қилмас нарсаларга йўл қўйилади, худди шу нарсалар ажойиботларни туғдиради. Бунинг сабаби шуки, (трагедияда) биз ҳаракат қилувчи шахсларни юзма-юз кўрмаймиз; саҳнада Гекторни қувиб юриш кулгили бўлур эди, ҳамма жойида туради ва қувмайди, бири бош ирғаб, уларга имо-ишора қилади, эпосда эса бундай камчилик сезилмайди.

Аслида ажойиботлар ёқимли бўлади, буни шундан ҳам билиш мумкинки, барча ровийлар тингловчиларнинг завқини келтириш учун лоф ишлатишади. Бундай лофларни қандай айтиш кераклигини Ҳомер бошқа барча шоирлардан кўра яхшироқ ўргата олади. Бу нарса сохта хулоса чиқариш натижасида содир бўлади. Одамлар, агар бир нарса бўлса (юз берса), бошқа нарса ҳам бўлади (юз беради), шунинг учун, кейинги нарса бор экан, олдинги нарса ҳам бор, деб ўйлашади. Бу эса нотўғри. Шунинг учун, агар биринчи нарса нотўғри бўлса, мабодо иккинчи нарса бўлса ҳам гўё биринчи нарса бор (юзага келади), деган ўйга бормаслик керак. Бизнинг қалбимиз охирги нарсанинг чиндан ҳам борлигини билиб туриб, биринчи нарсани ҳам гўё бор, деб сохта хулосага келади. «Ювиниш» саҳнаси бунга мисол бўла олади.

Умуман, ғаройиб, аммо эҳтимол тутилган нарса ишонарсиз бор нарсадан кўра ҳақиқатга яқинроқдир.

(Албатта) Ҳикояларни тасаввур қилиб бўлмайдиган қисмлардан тузиш яхши эмас: ҳикояларда тасаввур қилиб бўлмайдиган нарсалар бўлмагани яхши, агар бўлса ҳам улар (мазкур) ривоятдан ташқарида қолсин (Масалан: Эдипнинг Лаий қандай ўлганлигини билмаслиги воқеаси), драманинг ўзида эса бўлмагани яхши («Электра»да пифия ўйинлари ҳақидаги ҳикоя, «Мисияликлар»да Тегеядан Мисияга келган соқов киши воқеаси). Бошқача қилганда ривоят бузилади, дейиш кулгилидир, чунки ундай ривоятларга бошиданоқ қўл урмаган маъқул. Лекин модомики, бундай ривоятлар ёзилган ва шу тарзда талқин этилган экан, демак, мантиққа зид (ғаройиб) нарсага ҳам йўл қўйиш мумкин. «Одиссея»да ҳам (Итакада) кемадан тушиш шу қадар мантиқсизки, агар воқеани нодонроқ ёзувчи тасвирлаганида, унга ҳеч ким тоқат қилолмасди. (Ҳомердай) шоир эса бу мантиқсиз ҳолатга сездирмай, ҳар хил йўллар билан ишонтиради.

Эпопеянинг тили масаласига келсак, айниқса, ҳаракат йўқ бўлган, характерлар ва фикрлар жиҳатидан ҳам ўткир бўлмаган қисмларда тилга алоҳида сайқал бериш керак. Баъзан ҳаддан зиёд ялтироқ сўзлар характерларни ва фикрларни аксинча хиралаштириши мумкин.

XXV

ПОЭЗИЯДАГИ ҲАҚИҚИЙ ВОҚЕЛИК ТАСВИРИНИ ТАНҚИД ҚИЛГАНЛАРГА ЖАВОБ

Поэзияга қарши эътирозлар ва уларга раддияларга келсак, уларнинг неча турли ва қандай бўлиши қуйида кўриб чиққанларимиздан маълум бўлади.

(А) Модомики, шоир (мусаввир ёки бошқа тасвирловчилар сингари) ҳаётни акс эттирар экан, демак у, муқаррар равишда қуйидаги уч нарсадан бирини – (1) ҳаёт қандай бўлса, шундайлигича, (2) ё одамлар айтаётган ва тасаввур қилганича, (3) ё ҳаётнинг қандай бўлиши кераклигини тасвирлаши керак бўлади. (Б) Бу нарсаларга эса (ё оддий) тил билан, ё ноёб, ё кўчма маъноли сўзлар билан эришилади. Тилнинг жуда кўп ажойиботлари бор ва биз шоирларнинг булардан фойдаланишларига йўл қўямиз. (В) Бундан ташқари, поэзия ва сиёсатдаги ҳаққонийлик ўртасида поэзия ва санъатнинг бошқа турларидаги ҳаққонийлик ўртасида катта фарқ бор. Поэзиянинг ўзида ҳам хатолар икки турли бўлади: бир хиллари жуда аҳамиятли, бир хиллари жузъий хатолар. Агар шоир тасвир учун (тўғри нарсани) танлаган бўлсаю, уни тасвирлашга кучи етмаса, бу шоирнинг ўз камчилиги бўлади. Агар шоир тасвир учун нотўғри нарсани (масалан, бирданига иккала ўнг оёғини кўтарган отни ёки табобат, ё бошқа бир санъат нуқтаи назаридан нотўғри нарсани) танласа, бу поэзияга унчали тегишли хато эмас. (Танқидчиларнинг) эътирозларини рад этишга доир қарашлар шулардан иборат. (Г) Аввало, санъатнинг ўзига оид эътирозларга тўхталайлик.

(1). Албатта, агар шоир мумкин бўлмаган нарсани ёзса хато қилади; аммо у шу нарса туфайли санъатнинг юқорида айтилган мақсадига эришса, яъни асарнинг у ёки бу қисмини ўткирлаштирса, тўғри йўл тутган бўлади. Масалан, Гекторни қувлашни олайлик. («Илиада» достонида. – М.М.)

Лекин ана шу мақсадга мумкин қадар тегишли санъат – ҳунарларга зид келмайдиган йўл билан эришиш мумкин бўлса, шоирнинг хатога йўл қўйиши нотўғри. Чунки мумкин қадар хатога йўл қўймаган яхши.

(2). Сўнгра, хатолик санъатга доирми ёки тасодифийми, шунга ҳам эътибор бериш керак. Чиндан ҳам агар шоир оҳунинг шохи йўқлигини билмаса, бу унчалик хато эмас. Аммо (шохи йўқлигини билса ҳам) уни ёмон тасвирласа – буни кечириб бўлмайди.

(3). Шоир ҳаётда қандай бўлса, шундай тасвирламабди, деган таънага эътироз билдириб, шуни айтиш мумкинки, шоир ҳаётда қандай бўлиши кераклигини (ҳам) тасвирлайди: Софоклнинг айтишича, у одамларни қандай бўлиши керак бўлса, шундай тасвирлаган, Эврипид эса қандай бўлса, ўшандай тасвирлаган.

(4). Мабодо, иккала ҳолат ҳам назарга олинмаса, одамлар шундай дейишади деб қўя қолиш керак. Масалан, одамлар худолар ҳақида ҳақиқатдагидан яхшироқ гапиришмайди, эҳтимол ҳақиқатдагичалик ҳам гапиришмайди, балки Ксенофан ўйлаганидай гапиришади. Бироқ шунга қарамай одамлар (худолар ҳақида) шундай гапиришади.

(5). Бошқа нарсалар ҳақида ҳам одамлар асли қандай бўлса, ўшандан яхшироқ гапиришмайди. Ўша нарсалар бир вақтлар қандай бўлса, (ҳозир ҳам) ўшандай деб ўйлашади. Масалан, найза ҳақида: «Найзаларнинг ёғоч соплари ерга санчилган эди», деб ёзишади. Аммо найзалар илгари шундай қўйилар эди. Ҳозир ҳам иллирияликлар найзаларни шундай қўйишади.

(6). Кимдир алланимани яхши ёки ёмон дегани, аллақандай ишни яхши ёки ёмон қилгани ҳақида ҳукм чиқарганда – фақат айтилган ёки қилинган ишга қараб, муносиб ёки расво, деб ҳукм чиқармаслик керак. Бундай вақтда гапирувчи ёки бажарувчининг шахсига қараш, шу нарса ким учун, қачон, қандай ва нима учун айтилгани ёки қилинганига ҳам эътибор бериш лозим. Масалан, ўша нарса балки яхшилик учун ёки янада ёмонроқ фалокатнинг олдини олиш учун айтилгандир, ёки қилингандир.

(7). Баъзи таъналарга эътироз билдирганда тилнинг хусусиятига эътиборни қаратиш керак. Масалан, (бирор асарда) ноёб сўзлар ишлатилгандир, таъна қилувчи ноёб сўзнинг маъносини тушунмагандир. Масалан, «Аввало у (Аполлон) мескларга бало ёғдирди…» деган жумлада «месклар» улов (эшак) эмас, балки соқчилар бўлиши мумкин. Ёки Долон ҳақида «кўримсиз эди…» дейилади. Бу ерда заиф жусса эмас, балки хунук юз ҳақида гап бораётгандир? Критда «кўримли» сўзи «чиройли чеҳра» маъносида ишлатилади-ку. Ёки «винони яхшироқ қилиб суз…» сўзлари маст-аластлар ичадиган, сув қўшмай суз, деган маънони эмас, балки «чаққонроқ суз» деган маънони англатади.

(8). Баъзи гаплар эса кўчма маънода айтилади (аммо мунаққидлар буни англамай эътироз билдирадилар). Масалан, «Фароғатли тангрилар ҳам, қурол-яроғли суворийлар ҳам… Борлиқ ухлар бу кеча…» сатрларидан сўнг дарҳол: «Қанча қарамасин у трояликлар томон, ажабланар, найлару сурнайлар шовқинига…» дейилади. Аслида бу ерда «Борлиқ» сўзи «Кўпчилик» маъносида келяпти, чунки «борлиқ» гоҳо «кўпчилик»нинг хусусий кўриниши бўлади. Худди шунингдек, «Танҳо зот ҳам бегона энди…» сўзлари ҳам кўчма маънода ишлатилган. «Танҳо» бу ерда «Ҳаммага таниш» маъносида келяпти.

(9). Баъзи (англашилмовчиликлар) сатр устидаги зер-забарлар ўрни алмашганидан келиб чиқади. Фасослик Гиппий сўзларида шундай қилган эди.

(10). Баъзи англашилмовчиликлар тиниш белгиларининг ўзгариб қолганлигидан келиб чиқади. «Боқий зотлар энди ўткинчи, пок бўлганлар, аввал нопокдир».

(11). Баъзи эътирозлар сўзнинг бошқа маъносини тушунмасликдан келиб чиқади. Масалан, «туннинг иккидан кўп улуши ўтди» жумласида «кўп» сўзи «тўлиқ» маъносини билдиради.

(12). Баъзи эътирозлар тилимиздаги қонуниятлар билан боғлиқ. Чунончи, биз винога сув қўшилса ҳам вино деймиз. Қуйидаги мисол худди шу маънода: «Қўрғошин оёғингни алмаштирсанг ҳам, янгини ҳадя этсанг ҳам юриб кўраман».

Темирчи усталарни ҳам мискарлар деймиз. Шу маънода, «худолар» вино ичмаса ҳам Ганимедни Зевснинг «соқийси» деяверамиз. Эҳтимол, бу сўз кўчма маънода қўлланилгандир.

Ҳар ҳолда бирор сўзда мантиққа зидлик бордай туюлса, мазкур гапда шу сўз нечта маъно англатиши мумкинлигини ўйлаб кўриш керак.

«Найзани худди шу ушлаб қолди» деган гапдаги «ушлаб қолди» сўзи нечта маънода келади? Менимча, шундай йўл тутиш тўғрироқдир. Баъзилар эса тескари йўл тутишади. Баъзилар, Главкон айтганидай, ўзлари (асар ҳақида) нотўғри тасаввурга боришади, ўзлари ўша тасаввур қилган нарсаларини қоралашади, сўнгра маълум хулоса чиқаришади ва ўша хулоса ўзларининг фикрига тўғри келмаса, шоирга таъна қилиб, фалон-фалон (ёмон) фикрни айтибди, дейишади. Ҳолбуки, бу ўзларининг фикри бўлади. Икарий ҳақида ҳам шундай (нотўғри) фикрга боришган. Уни гўё лакониялик деб ўйлашиб, шу асосда нега у Лакадемонга келганида Телемах билан учрашмадийкин, деб ажабланишган. Лекин воқеа кефалленияликлар айтганидай бўлиши ҳам мумкин: Одиссейнинг хотини Кефаллениядан бўлиб (Пенелопанинг) отаси Икарий эмас, балки Икадий бўлиши ҳам мумкин. Чамаси шу хато туфайли эътироз келиб чиққан.

Умуман олганда, поэзиядаги мумкин бўлмайдиган нарсани «ҳаётдагидан яхшироқ» деган маънода ёки «ҳаёт ҳақида одамлар шундай ўйлашади», деган маънода тушуниш керак. Чунки поэзияда мумкин бўладиган нарсани одам ишонмайдиган қилиб тасвирлашдан кўра, мумкин бўлмайдиган нарсани ишонарли қилиб тасвирлаш яхшироқдир. Чунончи Зевксид тасвирлагандай одамлар ҳаётда бўлиши мумкин эмас, аммо шундай бўлгани яхши, негаки, санъат асари ҳаётдаги нусхадан кўра аълороқ бўлиши зарур. Поэзияда ақл бовар қилмай диган нарсаларни эса «одамлар шундай дейишади» деган маънода тушунмоқ лозим. Яна шу маънода тушуниш керакки, ақлга тўғри келмайдиган нарса ҳамиша ҳам ақлга номувофиқ бўлавермайди: ахир «мумкин бўлмаган нарсалар ҳам кўп содир бўлиши мумкин». Мантиққа зид гапларни ҳам одамларнинг ўзича ўйлашларини рад этганимиздай тушунтириш мумкин. Яъни, бир нарсанинг худди ўзи айтилганми, худди шу нарса ҳақида айтилганми, худди шу йўл билан айтилганми – мана шулар шоир ўзига қарши чиқаяптими, ўз-ўзига қарама-қарши чиқяптими – ҳаммасига жавоб беради.

Лекин агар шоир ҳеч бир заруриятсиз маънога зид (Эврипидда Эгейнинг пайдо бўлишидай) нарсани ёхуд ахлоққа зид («Орест»даги Менелайнинг тубанлиги каби) нарсани тасвирласа, уни чиндан ҳам шундай нарсаларни тасвирлаган деб айблаш асосли бўлади.

Демак, шоирга билдириладиган эътирозлар тўрт хил бўлади: (1) мумкин бўлмаган нарсаларни тасвирлагани учун; (2) ақлга зид нарсаларни тасвирлагани учун; (3) ўз фикрига зид нарсаларни тасвирлагани учун; (4) санъат қоидаларига зид тасвирлагани учун. Бу эътирозларни юқорида айтилган ўн икки жиҳатдан инкор этиш мумкин.

XXVI

ТРАГЕДИЯНИНГ ЭПОСДАН УСТУНЛИГИ

Эпик тасвир яхшими ёки трагик тасвирми, деган савол туғилиши мумкин. Унчалик оғир бўлмаган асар, албатта яхши, у энг яхши томошабинларга мўлжалланган. Ҳамма нарсани акс эттирувчи поэзия ҳамиша вазминроқ бўлади. Чунончи, баъзи ижрочилар, агар ўзларидан бирон нарса қўшмаса, диск отаётганини кўрсатмоқчи бўлиб, пириллаб айланадиган «Сцилла» трагедиясини ижро этаётганида корифейга ёпишиб оладиган баъзи бемаза найчиларга ўхшаб, мумкин қадар кўп ҳаракат қилишмаса, томошабин тушунмай қолади, деб ўйлашади. Илгариги актёрлар кейинги актёрлар авлоди ҳақида шундай фикр билдиришади. Масалан, аввалги актёр (Минниск) кейинги давр актёри Каллипидни ижрода ошириб юборгани учун маймун деб атаган эди. (Актёр) Пиндар ҳақида ҳам шундай фикр бор эди. (Эпос тарафдорлари) трагедия ҳақида ҳам шу каби фикрларни айтишади. Каллипид ва Пиндар каби актёрлар кейинги авлодга мансуб бўлганидай, бутун трагедия санъати эпосга нисбатан енгилроқдир, дейишади эпос тарафдорлари. Эпос тарафдорлари, – олижаноб одамларга мўлжалланган. Эпос актёрларнинг масхарабозларча имо ва ҳаракатларига зор эмас, трагедия санъати эса авом учун чиқарилган, дейишади.

Аммо, биринчидан, бу танқид поэзияга эмас, актёрлик санъатига дахлдордир. Ошиқча қилиқлар рапсодда ҳам учраши мумкин. Масалан, Сосистрат шундай бўлган. Ярашмаган қилиқларни лирик қўшиқлар ижрочиси опунтлик Мнасифей ҳам қилар эди. Сўнгра, (иккинчидан) умуман гавда ҳаракатларини инкор қилиш тўғри эмас. Акс ҳолда рақсни ҳам рад этиш керак бўлади. Бироқ истеъдодсиз актёрларнинг гавда ҳаракатларини инкор этиш керак, албатта. (Илгарироқ) Каллипидни ҳам, бошқа актёрларни ҳам эркин аёлларни ўхшатиб ўйнаёлмагани учун танқид қилинган ва ҳозир ҳам танқид қилинмоқда.

(Учинчидан) трагедия ҳар қанақа (ортиқча) ҳаракатларсиз ҳам ўз вазифасини эпопеядай бажара олади. Трагедияни ўқиганда ҳам унинг қандайли гини билиш мумкин. Шунинг учун ҳам трагедия барча жиҳатлардан устун экан, бу танқидни рад этиш мумкин. Қолган барча соҳаларда трагедия юқори мавқега эга. (Биринчидан) Эпопеяда бор ҳамма нарса трагедияда ҳам бор: у эпопеянинг вазнидан фойдаланиши мумкин; мусиқа ва театр жиҳозлари ҳам унинг бирмунча қисмини ташкил этади. Шу туфайли одамлар жуда катта лаззат оладилар. (Иккинчидан) трагедия ўқилганда ҳам, (саҳнада) қўйилганда ҳам чуқур таассурот қолдиради. (Учинчидан) трагедия ўз мақсадига анча кичик ҳажм билан эриша олади – узоқ вақтга чўзилган барча нарсалардан кўра муайян бир жойга йиғилган нарсалар ёқимлироқ таассурот қолдиради. Айтайлик, мабодо кимдир Софоклнинг «Эдип»ини худди «Илиада» каби қўшиқларга (бобларга) солиб ёзиб чиқса нима бўлар эди? Ниҳоят, (тўртинчидан) эпопея тасвирларида яхлитлик кам бўлади (бунинг исботи шуки, ҳар қандай поэмадан бир неча трагедия чиқарса бўлади), шунинг учун агар эпик шоирлар фақат бир ривоят билан чеклансалар, уларнинг асарлари ё воқеалар баёнининг ихчамлиги туфайли нисбатан қисқа, ёки вазни чўзилиб кетса – серсув бўлиб қолади… Агар (поэма) «Илиада» ва «Одиссея» каби, бир неча воқеалардан ташкил топса, улар бир неча қисмлардан ташкил топадики, буларнинг ҳар бири ўзига яраша ҳажмга эга бўлади. Тўғри, бу иккала поэма иложи борича гўзал ёзилган ва ягона воқеанинг аъло даражадаги тасвири бўла олади.

Шундай қилиб, агар трагедия юқорида айтилган барча жиҳатлардан аъло экан, бунинг устига ўз санъати билан ҳам таъсир этар экан, трагедия ҳам, эпос ҳам ҳар қандай эмас, балки биз айтгандай лаззат бағишлар экан, демак, ўз-ўзидан равшанки, трагедия эпопеяга нисбатан мақсадга мувофиқроқ бўлгани учун ҳам ундан аълороқдир.

ХУЛОСА

Трагедия ва эпопея ҳақида, уларнинг турлари ва қисмлари хусусида, (уларнинг) нечталиги ва бир-бирларидан фарқлари ҳақида, уларнинг яхши ва ёмон чиқиши сабаблари тўғрисида, поэзияга билдирилган эътирозлар ва уларни инкор этиш ҳақида шу айтганларимиз билан кифояланамиз…

Абу Наср ФОРОБИЙ

ШОИРЛАР САНЪАТИ ҚОНУНЛАРИ ҲАҚИДА

Бу ерда (келтирилаётган) мулоҳазалардан мақсадимиз ҳаким Арастунинг «Фи-с-синоат аш-шеър – («Шеър санъати» – «Поэтика») асарида айтган фикр-мулоҳазаларини исботлаб кўрсатишдан ва унинг маъноларига ишора қилишдан иборатдир. Зероки, ана шу мулоҳазалар билан шеърий санъат ишқибозларининг барчасини таништириш ниятидамиз. Шуниси ҳам борки, ҳаким Арасту ўзининг «Шеър санъати» у ёқда турсин, ҳатто софистика ҳақидаги мулоҳазаларини ҳам мукаммал баён қилиб улгурмаган эди. Шунинг учун бу борадаги гапларнинг ҳаммасини ипидан-игнасигача муфассал қилиб, тартиби билан битмоқчи эмасмиз. Чунки «Софистика санъати» асарининг охирги жумлаларида Арасту айтиб ўтган мулоҳазаларга қараганда, у бунинг сабабини аҳволни чинакамига ифодалаб бериш учун ўзидан олдин ўтганларнинг асарларига мувофиқ келадиган, (эскиларни) тартибга тушириб, улар асосида янгиларини пайдо қиладиган бирор усул ва қонун-қоидалар тополмагани билан изоҳлаган.

Ҳаким Арасту ўзининг шундай фазилати ва даҳоси билан тугатиб қўйишга жазм қилолмаган бир ишни биз ниҳоясига етказишга интилишимиздан кўра, бу санъатда фойда берадиган ва ҳозирги замонда учрайдиган қонун-қоидалар, мисол ва мулоҳазалар келтириш билан чеклансак яхшироқ бўлади.

Модомики шундай экан, биз деймизки, … маънони билдирадиган сўзлар содда ва мураккаб бўлади. Мураккаб бўлган сўзлар бирор мулоҳазани ё англатади, ё англатмайди. Мулоҳазани англатадиганларининг қатъий жазмлилиги ва жазмсизи бўлади. Қатъийлари ё тўғри, ё ёлғон бўлади. Ёлғонларининг баъзилари эшитувчилар зеҳнига маъноси билан ўрнашиб қолади, бошқалари эса киши онгида нарсаларнинг ўхшаши – акси билан ўрнашиб қолади. Мана шу нарса ўхшатиш – шеърий мулоҳазалар саналади.

Мана шу акс – ўхшашликларнинг баъзилари энг мукаммал бўлади, бошқалари нуқсонли бўлади. Уларнинг мукаммаллигини ё нуқсонли эканини аниқлаш шоирлар ва турли-туман тил ва шеъриятни ўрганаётган маърифат аҳлининг фикр доирасига киради. Лекин бундан ҳеч ким софистика билан акс этиш икковини бир сўз деб ўйламасин. Булар иккови ҳам баъзи сабабларга кўра бир-биридан бутунлай фарқ қилади.

Софистнинг мақсади билан тақлидчининг мақсади турлича, бир-биридан фарқ қилади. Софист эшитувчини ғалатга ундаб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган, нуқсонли нарсаларни (одамнинг) кўз олдига келтириб қўяди. Ҳатто у мавжуд нарсани номавжуд деб, номавжуд нарсаларни эса мавжуд деб тасаввур қилдиради.

Аммо тақлидчи бўлса нарсанинг тескарисини эмас, балки ўхшашини тасаввур қилдиради. Бунга ўхшаш нарсалар ҳисда ҳам учрайди. Ўз жойида турган киши шундай ҳолатга тушса, гўё ҳаракат қилаётгандай бўлади. Масалан, кемага минган киши кемадан тушиб қирғоқда қолганларга қараса ёки ёз чоғида осмондаги ой ва юлдузларга тез сузаётган булутлар ортидан қаралса шундай бўлади. Бундай ҳол одамларнинг ҳисларини чалғитади.

Аммо кўзгуга ёки ялтироқ силлиқ жисмга қараган кишининг ҳоли ҳам худди шундай бўлади, унга назар ташлаб, ўша нарсаларга ўхшаш нарсани кўраётгандай туюлади. Мулоҳазалар бир қанча бошқа қисмларга ҳам бўлиниши мумкин. Биз сенга айтсак, бу шулардан иборат: мулоҳаза ё қатъий, ё қатъий эмасликдан холи бўлмайди. Бордию, агар у қиёсий бўлса, у ҳолда билқувва табиатидан бўлади ё бўлмаса билфеъл ҳаракатидан бўлади. Бордию агар у унинг табиатидан бўлса, у ҳолда мулоҳаза ё истиқро (индуктив), ё тамсилий (аналогия) бўлади. Тамсил эса кўпинча шеър санъатида ишлатилади. Бундан аён бўлишича, шеърий мулоҳаза тамсил – аналогияга киради.

Қиёслар, умуман олганда, мулоҳазалар бошқа турларга ҳам бўлиниши мумкин. Айтишларича, мулоҳазалар ё бутунлай рост, ё бутунлай ёлғон бўлиши мумкин. Ё бунинг тескариси – тўғри ва ёлғон меъёри баб-баравар бўлиши мумкин. Буткул рост мулоҳаза, ҳеч сўзсиз, бурхоний – исботли деб аталади. Бордию, унинг рост томони кўпроқ бўлса, у ҳолда у жадалий – диалектик бўлади. Бордию, рост ва ёлғон иккови баробардан бўлиб қолса, у ҳолда у хитобий – риторик бўлади. Рост бутунлай камайиб бораверса, у ҳолда суфастоий – софистик бўлади, бутунлай ёлғон бўлса, у ҳолда уни, ҳеч шубҳасиз, шеърий деб аталади. Ушбу қисмларга бўлинишдан кўринишича, шеърий мулоҳаза на исботли, на диалектик, на хитобий-риторик ва на софистик эмасдир.