banner banner banner
Жавдарзордаги халоскор
Жавдарзордаги халоскор
Оценить:
 Рейтинг: 0

Жавдарзордаги халоскор

Жавдарзордаги халоскор
Жером Сэлинжер

Жером Сэлинжернинг “Жавдарзордаги халоскор” романи 1945—1946 йилларда серияли шаклда қисман нашр қилинган, 1951 йили алоҳида китоб бўлиб чиққан. Асар кўплаб тилларга ўгирилган. Шу кунгача 65 миллион нусхада сотилган. 2005 йил “Time” журнали асарни 1923 йилдан бошлаб инглиз тилида ёзилган 100 та энг яхши романлар рўйхатига киритган. “Modern Library” нашриёти эса романни XX асрнинг 100 та энг сара асарлари қаторидан жой олишга лойиқ топган. 2003 йил Би-би-сининг “The Big Read” (“Энг кўп ўқилган”) сўровномасида у 15-ўринни эгаллаган. Асарда бепарда сўзлар кўп учрагани боис, бир қанча мамлакатларда, жумладан, АҚШ мактабларида ҳам кейинчалик танқидга учраган ва узоқ йиллар нашр этилиши тақиқланган. “Жавдарзордаги халоскор” кўп бора цензурага учраган бўлишига қарамай, АҚШ мактабларида энг кўп ўқитилган асарлар рўйхатида 2-ўринда туради (1-ўринни Жон Стейнбекнинг “Сичқонлар ва одамлар ҳақида” новелласи эгаллаган).

Асарнинг бош қаҳрамони Ҳолден Колфилд ўсмирларнинг саркашлиги, исёни тимсолига айланишга улгурган. Роман, шунингдек, маъсумлик, асллик, ўзлик, йўқотиш, дахлдорлик, интим ва тушкунлик каби мураккаб масалаларга ҳам тегиб ўтади.

Жером Дэвид Сэлинжер 1919 йил 1 январда Нью-Йоркда туғилган ва 2010 йил 27 январда Нью-Ҳэмпшир штати Корниш шаҳрида вафот этган. Иккинчи жаҳон урушига сафарбар қилингунга қадар “Story” ва “The New Yorker” журналларида бир неча ҳикоялари чоп этилган. Аммо 1951 йил босиб чиққан “Жавдарзордаги халоскор” романи уни машҳур қилди. Нашрдан чиққач 2 ой муддатда оммалашиб кетган романда 16 ёшли ўсмир йигитнинг ўй-хаёллари, атрофидагиларнинг мунофиқлиги ва сохталикларидан безорлиги, ҳаётга бўлган очиқ муносабати ёритилган. Муаллифнинг ўзи 1953 йилги интервьюсида романни қисман автобиографик деб атаган.

Жером Сэлинжер

Жавдарзордаги халоскор

Онамга бағишланади

1

Ҳикоямни тинглашга қарор қилган экансиз, аввало, мен туғилган жой, ёқимсиз болалик йилларим, ота-онам мен туғилмасдан бурун нималар билан машғул бўлгани, хуллас, ўша Дэвид Копперфильдникига ўхшаш барча қуруқ сафсаталарни эшитишни истарсиз, ҳойнаҳой. Дангал айтсам, буларга батафсил тўхталишга ҳушим йўқ. Аввалан, бу роса зерикарли. Сониян, ота-онам ҳақидаги ўта шахсий маълумотларни сизга ошкор қилсам, уларнинг иккиси ҳам юрак хуружига йўлиқиши тайин. Ота-онамнинг бу борада сиркаси сув кўтармайди, айниқса, отамнинг териси юпқа. Улар яхши одамлар: ота-онамни ёмонлаш ниятим йўқ; шунчаки уларнинг таъби нозик. Боз устига, ўша лаънати таржимаи ҳолимни айтиб бошингизни қотириш ниятим ҳам йўқ. Сизга бор-йўғи мактабдан кетишга ва тобим қочиб, шу ерга келиб даволанишга мажбур бўлишимдан аввал, аниқроғи, ўтган мавлуд байрамида гувоҳи бўлганим баъзи бемаъни ишлар ҳақида сўзлаб бермоқчиман, холос. Мен Д.Б.га ҳам айнан шулар ҳақида айтиб бергандим. У менинг акам. Ҳозир Ҳолливудда яшайди. Ҳолливуд мен турган мана шу вайронадан унча узоқ эмас. Шу важдан акам деярли ҳар ҳафта дам олиш кунлари мени кўргани келиб туради. Келаси ой уйга борадиган бўлсам, у мени машинасида элтиб қўйиши мумкинлигини айтганди. Дарвоқе, акам яқинда “Ягуар” сотиб олди. Соатига уч юз километрдан ортиқ масофани кўрдим демай босиб ўтадиган ихчамгина жонивор. Инглизларники. Уни сотиб оламан деб акам нақд тўрт юз долларча пулнинг баҳридан ўтди-я, азамат. Ҳозир унинг соққаси мўл. Олдин унақа эмасди. Биз билан турганида у оддий бир ёзувчи эди. Кейин “Сирли олтин балиқ” номли кичик ҳикоялардан иборат ажойиб китоб ёзди (мабодо бехабар бўлсангиз билиб қўйинг дейман-да). Ҳикоялар ичидаги энг зўри ҳам ўша “Сирли олтин балиқ”нинг ўзи. Ҳикоя ҳеч кимни олтин балиқчасига яқин йўлатмайдиган жажжи болакай ҳақида. У ҳатто олтин балиқчасига қарашга қўймайди. Боиси у олтин балиқни ўз пулига сотиб олган эди-да. Мана буни ҳикоя деса бўлади! Энди бўлса акам Ҳолливудда, “ўзини фоҳишаларга ўхшаб сотиш”, аниқроғи сценарий ёзиб, истеъдодини пуллаш билан овора. Дунёда энг ёмон кўрган нарсам – кино. Олдимда кинони тилга ҳам ола кўрманг.

Ҳикоямни Пенси мактаб гимназиясидан кетган куним юз берган воқеалар билан бошламоқчиман. Пенси Пенсилвания штатидаги Эгерстаун шаҳарчасида жойлашган мактаб. Қулоғингизга чалингандир, ҳойнаҳой. Ҳеч қурса, рекламаларда кўрган бўлсангиз керак. Мактаб ҳақидаги эълонлар ўзиям минглаб газеталарда босилиб чиқади. Эълонда нуқул уддабурон бир йигитчанинг от миниб, тўсиқдан сакраб ўтаётган расми туради. Гўёки Пенсида фақат отда поло ўйнашдан бошқа ишимиз йўқдек. Мен умрим бино бўлиб мактаб теварагида лоақал бир дона от кўрган бўлсам, ўлай агар. Чавандоз бола тасвири остида доим “1888 йилдан буён бизнинг мактаб болакайларни ажойиб ва зукко йигит этиб тарбиялаб келмоқда”. Бемаъниликнинг ўзгинаси! Пенсининг бошқа мактаблардан заррача фарқи йўқ. Қолаверса, Пенсида бирорта ҳам ажойиб ва зукко ўқувчини кўрган эмасман. Ана нари борса, икки-учта ақлли йигит учраб қолар. Афтидан улар ҳам Пенсига келмасдан аввал ақлли бўлишган.

Хуллас, ўша шанба “Саксон Ҳолл” жамоасига қарши футбол ўйини бўладиган кун эди. Бу ўйин йилнинг энг сўнгги мусобақаси бўлгани сабабли Пенси учун жуда аҳамиятли эди. Агар мактаб жамоаси ютқазиб қўйса борми, жонимизга қасд қилаверсак ҳам бўларди. Соат тушки учларда Томсен тепалигида Шимолий Американинг Британия мустамлакачилигига қарши инқилоб урушидан қолиб кетган бир замбарак тўпининг ёнида туриб ўйинни кузатганим ёдимда. Тепаликдан бутун майдон кафтдек намоён эди. Икки жамоа ўйинчиларининг майдонда бир-бирини уриб-туртиб олға интилаётгани кўриниб турарди. Секторларни аниқ кўриб бўлмасди-ю, лекин ундаги томошабинларнинг Пенси жамоасини қўллаб-қувватлаб овози борича қичқираётганини эшитмай илож йўқ эди. Сабаби, мени ҳисобга олмаганда, бутун мактаб ўша ерда жам бўлганди. “Саксон Ҳолл” томондан эса борйўғи бир неча киши келганди, холос. Одатда меҳмон жамоа ўзи билан кўп мухлислар олиб келмасди.

Томошага қизлар аҳёнда келарди. Юқори синф ўқувчиларигагина ўзи билан қиз ўртоқларини олиб келиши мумкин эди. Қай тарафдан қараманг, Пенси ярамас мактаб эди. Мен ҳеч бўлмаса онда-сонда қиз болага кўзинг тушиб турадиган бирор мактабда ўқишни хоҳлардим. Ўша қизлар керишаётган, бурнини қоқаётган, борингки, ҳиринглаб кулаётган бўлса ҳам майли эди. Селма Турмер эса мактаб мудирининг қизи эди ва у ўйинларга тез-тез келиб турарди. Лекин уни ҳушни оладиган қадар кетворган деб бўлмасди. Шунга қарамай, у жуда яхши қиз эди. Бир марта мен у билан Эгерстаундан қайтаётган автобусда ёнма-ён ўтириб қолиб, гаплашиб келгандим. У менга ёққанди. Селманинг бурни катта, тирноқлари эса тишлаб ташланган, қонталаш эди. Кўкрагини каттароқ кўрсатиш учун алламбалолар тақиб юрарди. Негадир одамнинг унга раҳми келарди. Селманинг менга ёққан жиҳати – у отасининг қандай буюк одам эканлиги ҳақида ахлат гапларни айтиб ўтирмасди. Кўринишидан у ҳам отасининг қандайин муттаҳамлигини биларди.

Ўйинни ҳамма билан бирга эмас, тепаликдан туриб кузатаётганимнинг сабаби бор эди. Ўша вақтда қиличбозлик жамоамиз билан Нью-Йоркдан қайтиб келганимизга кўп бўлмаганди. Камина жамоамиз сардори эдим. Жуда “шарафли” иш, билсангиз. Ўша куни тонгда Мак-Берни мактаби билан қиличбозликда беллашиш учун Нью-Йоркка боргандик. Лекин беллашув бўлмади. Шу десангиз, мен рапираларни, барча махсус кийим ва қурол-аслаҳаларни метрода унутиб қолдирибман, жин урсин. Лекин атай қилмадим-ку! Тушадиган бекатимизни ўтказиб юбормай деб харитага қарайвериб юклар ёдимдан кўтарилиб кетибди-да. Хуллас, биз Пенсига оқшом пайти эмас, туш вақти соат икки яримларда қайтиб келдик. Қайтаётганимизда йўл бўйи бутун жамоа мени яккалаб қўйди. Бир тарафдан бу жуда кулгили ҳолат эди, сизга айтсам.

Ўйинни пастга тушиб томоша қилмаётганимнинг яна бир сабаби, мен тарих муаллимимиз қария Спенсернинг олдига хайр-хўшлашгани боришим керак бўларди. У грипга чалинганди ва қишки таътил бошлангунча уни қайтиб кўролмаслигим турган гап эди. Қария Спенсернинг ўзи уйга кетишимдан олдин мен билан кўришмоқчилигини айтиб, хат ёзиб қолди. У Пенсига қайтиб келмаслигимни биларди.

Ана холос! Айтиш буткул ёдимдан кўтарилибди-ку. Мени мактабдан ҳайдашганди. Тўртта фандан йиқилганим ва ўқишга лоқайдлигим учун қишки таътилдан сўнг мактабга қайтиб келмасам ҳам бўларди. Мени фанларга жиддий ёндашиш, қунт билан ўқиш ҳақида тез-тез огоҳлантириб туришарди. Айниқса, оралиқ назорат пайтлари ота-онам қария Турмер билан суҳбатга келганида. Лекин мен огоҳлантиришларга қулоқ солмадим. Шу боис улар қўлимга тўрва-халтамни тутқазишди. Пенсида бундай ҳолат тез-тез бўлиб туради. Мактабимизнинг академик рейтинги баланд-да! Чиндан ҳам шундай, ишонинг.

Қисқаси, ўшанда декабрь ойи бўлиб, ҳаво чақиб оладиган аёз, айниқса, мен турган ғалати тепалик ўлгудай изғирин эди. Эгнимда эса фақат икки тарафлама кийса бўладиган курткадан бўлак ҳеч вақо йўқ эди: на қўлқоп ва на бошқа нарса. Чунки ўша кундан бир ҳафтача олдин шундоқ хонамдан туя жунли палтомни ва унинг киссасидаги астари мўйнали қўлқопимни ўғирлатиб қўйган эдим. Пенсида безорилар кўп эди. Тўғри, ўқувчи йигитларнинг кўпи бадавлат хонадон фарзандлари эди. Шунга қарамай, киссавурлар ҳам талайгина эди. Мактаб қанчалик қиммат бўлса, унда ўғриваччалар ҳам шунча кўп бўлади, бор гапни айтяпман. Нима бўлганда ҳам мен кетимгача музлаб ўша ярамас замбарак олдида ўйинни томоша қилиб турардим. Ўйин мени унчалик қизиқтирмаётганди. Аслида мен ўзимча мактаб билан видолашаётгандим. Авваллари ҳам кўп жойлардан, дейлик, мактаблардан кетаётганимни ўзим билмай қолганман. Буни эса ёмон кўраман. Майли, дилгирлик ва ёмон хотиралар билан хайрлашай. Асосийси, бирор жойдан кетишингни аввалдан билсанг бўлди. Агар бундан ғофил қолсанг, жуда алам қилади.

Бу сафар омадим чопди. Нимадир бўлди-ю, бир воқеа эсимга тушиб қолди ва мана шу дўзахдан ҳайдалишимни ич-ичимдан ҳис қилдим. Октябрь ойларида Роберт Тичнер ва Пол Кембл билан мактаб биноси атрофида футбол тўпини ирғитиб ўйнаб юргандик. Улар жуда шинаванда йигитлар эди, айниқса, Тичнер. Вақт алламаҳал бўлиб қолган, кечки таом тортилишига оз қолган бўлса ҳам, биз тўп ирғитиш билан овора эдик. Атроф қоронғилашиб, ҳатто тўпни кўриш қийинлашиб қолганига қарамай, биз мароқли ўйинни ҳеч бузгимиз келмасди. Ахийри мажбур бўлдик. Биология муаллимимиз – жаноб Замбези мактаб деразасидан бошини чиқариб, ётоқхонага қайтишимизни ва кечки овқатга тайёргарлик кўришимизни тайинлади. Қисқаси, агар шундай эслашга арзигулик воқеалар бўлса, видолашиш вақти келганда хайр-хўшлашиб кетаверардим, кўпинча шундай бўлади ҳам. Шуни сезишим биланоқ ўгирилдим-да, тепаликнинг нариги томонига, қария Спенсернинг уйига қараб югура кетдим. У кампусда эмас, Энтони Уэйн хиёбонида яшарди.

Асосий дарвозанинг олдигача югуриб етдим, нафас ростлагани бир дам тўхтадим. Ҳақиқатни билай десангиз, айтиб қўя қолай: шунақа нафасим қисиб туради. Биринчидан, мен деярли кашандаман. Тўғрироғи, кашанда эдим, касалхонада чекишни ташлашга мажбур қилишди. Иккинчидан, ўтган йили бўйим яна ўн олти ярим сантиметрга чўзилганди. Мана шуларни деб мен деярли силга чалинаёзгандим ва шу ерга келиб, ўша лаънати тиббий назорату текширувлардан ўтишимга тўғри келганди. Аслини олганда, анча бардамман.

Шундай қилиб, сал ўзимга келишим билан яна 204-йўналиш бўйлаб югуришга тушдим. Йўл музлаб қолганидан ўта сирпанчиқ эди, йиқилишимга бир баҳя қолди, жин урсин. Очиғи, нега югуриб кетаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Назаримда, шунчаки югургим келганди. Йўлни кесиб ўтганимдан кейин ўзимни йўқ бўлиб кетаётгандек ҳис қилдим. Ўзи ўша кун бирам ғалати бўлдики, етмагандек изғирин совуқ, куннинг кўзи кўринай демасди. Одам ҳар гал йўлни кесиб ўтганида ўзини йўқ бўлиб қолаётгандек ҳис қилиши табиий эди.

Қария Спенсернинг уйига етиб боришим билан эшик қўнғироғини тўхтамай чалаверибман. Совуқдан қотиб қолгандим-да ўзи ҳам. Совуқ қотган қулоқларим оғрир, бармоқларимни эса деярли қимирлата олмасдим. Қани, бўлақолсангиз-чи! Очинг эшикни, деб юборибман бор овозим билан. Ва ниҳоят Спенсер хоним эшикни очди. Уларнинг оқсочи бўлмагани учун эшикни ўзлари очишарди. Оқсочни ёллашга ҳам пул керак-да! Спенсерларнинг эса ақчаси кўп эмасди.

– Ҳолден! – деди Спенсер хоним. – Сени кўрганимдан бирам хурсандманки! Келганинг соз бўлди-да. Қани, ичкари кирақол, азизим. Тоза совуқ егандирсан?

У мени кўрганидан суюниб кетганди, чамамда. У мени хуш кўрарди. Ҳар ҳолда, менга шундай туюларди.

Эшик очилиши билан ўқдай отилиб уйга кирдим.

– Ўзингиз яхшимисиз, Спенсер хоним? – дедим зўрға. – Жаноб Спенсер тузукмилар?

– Палтонгни менга берақол, азизим, – деди у. Ҳолаҳвол сўраганимни эшитмаган кўринади. Хонимнинг қулоғи оғирлашиб қолганди.

У палтомни залдаги деворга ишланган шкафга илиб қўйди. Мен сочимни бармоқларим билан ортга тараб, тўғрилагандек бўлдим. Одатда сочимни калта қилиб олдириб юраман – уни тараб ўтиришимга ҳам ҳожат қолмайди.

– Тузукмисиз, Спенсер хоним? – дедим яна эшитсин учун овозимни баландлатиб.

– Тузукман, Ҳолден, – деди у жавобан ва шкафнинг эшигини ёпиб қўйди. – Ўзингда ишлар қалай?

Овозидаги ачиниш оҳангидан қария Спенсер ҳайдалганимни унга айтганини билдим.

– Ҳаммаси жойида, – дедим мен ҳам. – Жаноб Спенсернинг аҳволи қалай? Тумовдан соғайиб кетдими?

– Тузалдими, дейсанми? Биласанми, Ҳолден, охирги пайтлар у ўзини шундай тутяптики, гўё бир… Ҳа майли, қўявер. Бор, у ўз хонасида, ёнига кирақол.

2

Хуллас, уларнинг хоналари алоҳида эди. Икковлари ҳам етмишни ёки ундан ҳам ортиқни уриб қўйганди. Бир оёғи гўрда бўлса ҳам, шубҳасиз, улар ҳаётдан завқланиб яшашни билишарди. Биламан, қулоққа ёқимсиз эшитилади, аммо мен ҳам ёмон маънода гапирмаяпман. Шунчаки, айтмоқчиманки, жаноб Спенсер ҳақида жуда кўп ўйлаб юборардим-да, агар сиз ҳам у ҳақида менчалик кўп ўйласангиз, нега у ҳамон яшаб юрганига бошингиз қотиши тайин. Гап шундаки, унинг қадди букилиб, қомати жуда хароб ҳолга келиб қолганди. Синфхонада доскага ёза туриб қўлидаги бўрни тушириб юборса, биринчи партада ўтирган бирор бола бўрни олиб, унинг қўлига тутқизишига тўғри келарди. Менимча, бундан баттари бўлмаса керак. Агар у ҳақда кўп ўйламасангиз, у унчалик ҳам ёмон яшамаяпти деган фикрга келиш мумкин. Масалан, қайсидир якшанба куни жаноб Спенсер мени ва бир нечта болаларни қайноқ шоколад билан меҳмон қилаётганида бизга эскириб, титилиб кетган Навахо адёлини кўрсатди. Жаноб Спенсер ва Спенсер хоним уни Йеллоустон боғида қандайдир ҳиндудан сотиб олишган экан. Қария Спенсер ушбу хариддан жуда мамнунлиги кўриниб турарди. Мен айнан шуни назарда тутгандим. Бундай адёл сотиб олишдан кекса Спенсердек ҳар қандай қариянинг боши осмонга етиши тайин.

Эшик очиқ бўлса ҳам, ишқилиб, одоб юзасидан номига тақиллатгандек бўлдим. Жаноб Спенсер ҳозиргина мен сизга сўзлаб берган адёлга бор бадани билан ўранганча катта чарм курсида ўтирарди. Эшик қоққанимда мен томон қайрилиб қаради.

– Ким у? – бақирди жаноб Спенсер, – сенмисан, Колфильд? Кирақол, йигитча.

Синфдан ташқари пайтларда у нуқул бақирарди. Баъзида бу асабга тегади.

Хонага кирганимга бир дақиқа ўтмай, бу ерга келганимдан афсуслангандек бўлдим. У “Atlantic Monthly” журналини ўқиб ўтирар, ҳапдори ва яна аллақандай дори-дармонлар атрофда ёйилиб ётар, хонадаги ҳар бир нарсадан Викс бурун томчисиникига ўхшаш ҳид келиб турарди. Манзара анчагина тушкун эди. Хасталарни унчалик ҳам жиним суймайди-да. Кўнглимни баттар хира қилган нарса жаноб Спенсернинг эгнидаги халат эди. Халат шу қадар эски ва яғир эдики, ҳойнаҳой қария бу матоҳни туғилганидан буён эгнидан қўймайди деб ўйлаб қоласан киши. Кексаларни пижама ва халатда кўришга кўзим йўқ. Уларнинг ғадир-будир кўкси доимо кўзга ташланиб туради. Уларнинг оёқлари… Қари кишилар пляж ва уйда қонсиз, туксиз оёқларини кўрсатиб юришади, бу шунчалик ёқимсизки…

– Салом, сэр, – дедим мен. – Қолдирган хабарингизни олдим. Катта раҳмат.

У таътилдан қайтмаслигимни билиб, кетиш олдидан хайрлашиш учун ёнига кириб ўтишимни сўраб хат қолдирган эди.

– Бундай қилишингиз шарт эмасди. Шундоқ ҳам сиз билан хайрлашмай кетмасдим.

– Ўтир, йигитча, – деди қария Спенсер каравотни кўрсатиб.

Мен ўтирдим.

– Тобингиз қалай, сэр?

– Ўғлим, агар бироз бўлса-да ўзимни яхши ҳис қилганимда эди, шубҳасиз, шифокорга борган бўлардим, – деди қария.

Касаллик силласини анча қуритган кўринарди. У ақлдан озгандек бўғиқ овозда кулди. Ниҳоят, ўзини тутиб олди.

– Нимага ўйиндамассан? – деди. – Ўйлашимча, бугун энг муҳим беллашув бўлиши керак эди.

– Ҳа, шундай. Яқиндагина жамоадошларим билан Нью-Йоркдан, қиличбозлик мусобақасидан қайтдим, – дедим мен. Уҳ, унинг каравоти нақ тошнинг ўзгинаси экан.

Жин урсин, жаноб Спенсер энди жиддийлаша бошлади. Шундай бўлишини билгандим.

– Шундай қилиб, сизларни ташлаб кетяпман дегин?

– Ҳа, сэр. Менимча шундай.