banner banner banner
Ибтидо
Ибтидо
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ибтидо


“Атеистлар ўз бейсбол кепкасини ишлаб чиқаряптими?” таажжубланди Лэнгдон.

Атрофида ғуж‐ғуж бўлиб юрган компьютер ишқибозларига кўз югуртираркан, Лэнгдон уларнинг аналитик ақллари Эдмондники сингари динга қарши эканини тахмин қилди. Бу оқшом аудитория диний тимсоллар профессорига эш бўлиши даргумондек кўринди.

Тўртинчи боб

ConspiracyNet.com

ШОШИЛИНЧ ЯНГИЛИК

Янгиланди: “ConscpiracyNet” сайтидаги “Куннинг медиа хабарлар топ ўнталиги”ни қуйидаги ҳавола орқали кўриш мумкин. Бизда, шунингдек, айни дамда содир бўлаётган энг шов-шувли воқеа ҳам ёритилган!

ЭДМОНД КИРШНИНГ КУТИЛМАГАН ЭЪЛОНИ?

Дунё технология саноати қироллари футуролог Эдмонд Кирш томонидан Гуггенҳайм музейида ташкилланган ёпиқ кечада иштирок этиш учун Испаниядаги Бильбао шаҳрига етиб келди. Киришдаги текширувлар жуда қаттиқ, меҳмонлар оқшомнинг асл сабабидан бехабар. Лекин “ConspiracyNet”га ички манбадан етиб келган маълумотга кўра, Эдмонд Кирш қисқача нутқ сўзлаб, меҳмонларни оламшумул илмий янгилик билан лол қолдирмоқчи. “ConspiracyNet” воқеалар ривожини кузатиб, сизларни янгиликлардан хабардор қилиб боради.

Бешинчи боб

Европадаги энг катта cинагог – яҳудийлар ибодатхонаси Будапештдаги Доҳани кўчасида жойлашган. Маврча услубда қўш минорали қилиб қурилган бинода уч мингдан ортиқ ибодатгўйлар учун жой бор. Одатда, ибодатхонанинг пастки қаватида кўпроқ эркаклар, балконларда эса аёллар ўтиради.

Cинагог ташқарисидаги боғда нацистлар босқини вақтида ҳалок бўлган юзлаб венгер яҳудийларининг таналари оммавий кўмилган маскан бор. У ерга махсус ёдгорлик қурилган. Айнан ана шу жойда япроқларига қурбон бўлганларнинг исми ёзилиб, рамзий маънода кўзёш тўкиб турган мажнунтол – бетакрор Ҳаёт дарахтининг металл ҳайкали ўрнатилган. Ҳар сафар шабада эсганда металл япроқлар бир‐бирига урилиб, бу ерда бўлиб ўтган хунрезликлар акс‐садосини бергандек бўлади.

Ўттиз йилдан ошдики, атоқли талмудшунос олим, каббалачи раввин Иеҳуда Кёвеш Буюк синагогнинг бош руҳонийси бўлиб келмоқда. Ёши ўтиб, соғлиғи ёмонлашганига қарамасдан, раввин Кёвеш нафақат Венгрия, балки бутун дунё яҳудийлар жамоасининг илғор аъзоси эди.

Қуёш Дунай дарёсига бош қўяр маҳали кексайган руҳоний синагогдан ташқарига чиқди. Доҳани кўчасидаги сирли қовоқхоналар, ойнаванд дўконлар ёнидан ўтиб, Марсиус 15 майдонида жойлашган уйи томон йўл олди. Унинг уйи 1873 йили расман бирлаштирилган қадимги Буда ва Пешт шаҳарларини боғловчи Элизабет кўприги биқинида эди.

Яҳудийларнинг пасха байрамига оз қолди. Одатда, бу кунларни йил давомида орзиқиб кутадиган Кёвешнинг кўнглига ҳозир байрам сиғмаяпти. У ўтган ҳафтада Дунё динлари парламенти йиғилишидан қайтгандан бери ҳаловатини йўқотган.

“Умуман бормасам бўларкан шу мажлисга…”

Руҳоний Вальдеспино, аллома Саид ал‐Фадл ва келажакшунос Эдмонд Кирш билан бўлган фавқулодда учрашув сўнгги уч кун давомида Кёвешнинг хаёлларини остин‐устун қилиб юборганди.

Уйга етиб келгач, раввин Кёвеш шошганича шинам ҳовлидан ўтиб, “házikó” деб аталувчи кичикроқ уйчанинг эшигини очди. “Házikó” соҳибининг илм ўрганиши, ибодат қилиши учун мўлжалланган хос жой бўлиб, у ерда диний китобларнинг залваридан букчайиб қолган баланд китоб жавонлари бор эди. Кёвеш илдамлик билан стол ёнига бориб ўтирди, олдидаги палапартишликдан хуноб бўлди.

“Столимни шу аҳволда кимдир кўрса борми, мени ақлдан озди деб ўйлаши турган гап.”

Ёзув столи устида эслатмалар ёпиштирилган тушунарсиз олтита диний матн сочилиб ётарди. Матнлар ёнидаги ёғоч лавҳларда Тавротнинг иброний, оромий ва инглиз тилидаги уч нусхаси турар, уларнинг барчаси бир саҳифада тўхтаганди.

Ибтидо.

Худо азалда осмонни…

Кёвешга Каббала космологияси ҳақида маъруза ўқиш ёки Зоар китобига илмий изоҳ бериш қанчалик осон бўлса, Ибтидони учала тилда ёддан айтиб бериш ҳам ҳеч қийинчилик туғдирмасди. Унинг даражасидаги диний олимнинг Ибтидони қайта ўрганиши Эйнштейннинг мактабга бориб, оддий арифметика дарслигини яна бир бор ўқиши билан баробар эди. Не тонгки, раввин бир ҳафтадан бери Ибтидо билан банд. Столи устидаги ён дафтарчага бўш жой қолдирмай ёзиб ташлаган тартибсиз белгиларни Кёвешнинг ўзи ҳам зўрға тушунаётганди.

“Шу кетишда ақлдан озаман.”

Раввин Кёвеш мутолаани насроний ва яҳудийлар учун умумий бўлган Тавротнинг биринчи китоби – Ибтидодан бошлади. “Худо азалда осмон ва ерни яратди.” Кейин Талмуднинг йўриқнома матнларига ўтиб, Маъасеҳ Берешит – Борлиқнинг Яратилиши тўғрисидаги раввинлик тушунчаларни қайта ўқиб чиқди. Шундан сўнг Мидрашни ўрганишга тутинди, оламнинг пайдо бўлиши ҳақидаги анъанавий ривоят атрофида келиб чиққан қарама‐қаршиликларни тушунтиришга уринган таниқли тадқиқотчиларнинг турли изоҳларини синчиклаб таҳлил қилди. Охир‐оқибат, Зоарнинг Каббала илми сирларига тааллуқли таълимотига шўнғиб кетди. Унда ёзилишича, инсон ақли билишга ожиз Худо ўзини ўн хил сефирот ёки ўлчам кўринишида намоён қилди. Унинг ўлчамлари Ҳаёт дарахтини шакллантирди, Ҳаёт дарахтидан эса бир‐биридан мустақил тўрт алоҳида борлиқ ўсиб чиқди.

Яҳудийлик таълимотидаги мураккабликлар Кёвешни шу вақтгача безовта қилмасди. Аксинча, Худо бу қоронғилик орқали инсоният ҳамма нарсани англашга ожиз эканини эслатиб тургандек эди гўё. Бироқ Эдмонд Киршнинг тақдимоти, унинг кашфиётидаги оддийлик ва аниқликни мушоҳада қилиб кўргач, раввин уч кун вақтини зиддиятлар тўпламини варақлашга сарфлагандек туюлди. Айни дамда унинг қўлидан келадиган ягона иш – қадимий қўлёзмаларни четга суриб, фикрларини жамлаб олиш учун Дунай дарёси бўйлаб сайр қилиш эди.

Қанчалар оғриқли бўлмасин, Кёвеш ҳақиқатни тан ола бошлади: Киршнинг кашфиёти ҳақиқатан барча иймонли қалбларга ҳаловатсизлик олиб келади. Олимнинг янгилиги ҳозиргача мавжуд бўлган ҳар бир диний таълимотга қарши туради ва буни рад қилиб бўлмас оддийлик билан ишончли тарзда бажаради.

"Сўнгги манзара ҳануз кўз олдимдан кетмайди, – дея ўйлади Кёвеш Киршнинг телефонида кўрган тақдимотнинг хулосасини ёдга олиб. – Бу янгилик фақат художўйларга эмас, бутун инсониятга таъсир қилади.”

Сўнгги кунларда тинимсиз мулоҳаза қилишига қарамасдан, Кирш берган маълумот ҳақида бир тўхтамга келолмай, Кёвешнинг боши қотганди.

Вальдеспино ҳам, ал-Фадл ҳам бу масалада бирор чора топгани эҳтимолдан йироқ. Учала эркак икки кун олдин қўнғироқлашганди, суҳбат асносида ҳеч қандай тўхтамга келинмади.

– Дўстларим, – гап бошлаганди Вальдеспино, – жаноб Киршнинг тақдимоти ташвишланишга арзийди… кўп жабҳаларда… Масала юзасидан менга қўнғироқ қилиб, муҳокама қилишини унга тайинлагандим, негадир дараги йўқ. Ўйлашимча, жиддий қарор қабул қилиш вақти етди.

– Мен нима қилишни биламан, – деди ал-Фадл, – Бу аҳволда жим ўтиролмаймиз. Вазиятни қўлга олмоғимиз зарур. Киршнинг қўлидаги маълумот эътиқодларга қирон келтирувчи бомба мисоли. Кирш бомбани ишга тушириб, динларни ерпарчин қилишидан аввал ўзимиз унинг кашфиётини ошкор қилмоғимиз даркор. Зудлик билан. Ҳодисани ўз фойдамизга буриб, иложи борича художўйларда таҳлика кўтармайдиган қилиб ёритишимиз керак.

– Бу вариантни олдинроқ муҳокама қилгандик. Бахтга қарши, Киршнинг кашфиётини ваҳима уйғотмайдиган тарзда маълум қилишнинг йўлини кўрмаяпман, – деб уҳ тортди Вальдеспино. – Қолаверса, эшитган ва кўрганларимизни қатъиян сир сақлаш ҳақида қасам ичганмиз.

– Эсимда, – ал-Фадл унинг фикрига қўшилди, – қасамни бузиш борасида камина ҳам иккиланяпман. Лекин ишонаманки, буюк мақсадлар қурбонликларсиз бўлмайди. Мусулмонлар, яҳудийлар, насронийлар, ҳиндуистлар – барчамиз хавф остидамиз. Жаноб Кирш ҳамма эътиқодлар учун умумий бўлган фундаментал ҳақиқатларни заифлаштирмоқчилигини ҳисобга олган ҳолда, кашфиётини шундай тақдим этайликки, жамиятларимизга асло зарар келтирмасин.

Насронийлар етакчиси эътироз билдирди:

– Бундан бир иш чиқмайди, деб қўрқаман. Киршнинг янгилигини оммага айтганга яраша, уни нотўғри бўлиш эҳтимолига далиллар кўрсатиб беришимиз ҳам керак. Ана ўшанда кашфиётнинг аҳамияти пасайиб, одамлар иймонларини сақлаб қолади.

– Нима-нима? – ҳаяжонга тушди ал-Фадл. – Бирор масалада ҳеч қачон хато қилмаган олимнинг кашфиёти нотўғри эканини исботлаймизми? Кирш билан учрашувда ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз‐ку, унинг тақдимоти бекам-кўст. Эътироз билдириш иложсиз.

– Галилео Галилей, Жордано Бруно ёки Коперник кашфиётларини эсланг. Динлар бу каби ҳолатларга биринчи марта дуч келиши эмас. Ҳозир ҳам ўша вақтда бўлганидек, эшигимизни илм‐фан қоқмоқда, – хўмрайди Вальдеспино.

– Ҳозир гап физика ёки астрономиядаги янгиликлардан кўра чуқурроқ масала устида кетяпти! – ал-Фадл хитоб қилди. – Кирш эътиқодларимизнинг илдизига болта урмоқда. Тарихда нима бўлганини истаганча эслатишингиз мумкин, лекин унутманг, Ватиканингиз босди‐босди қилишга қанчалик уринмасин, алалоқибат, Галилей ғалаба қозонди, унинг илми оламга ёйилди. Кирш билан ҳам шундай бўлади. У ҳам ғолиблик лаззатини тотади. Бунинг олдини олиб бўлмайди.

Ўртага оғир сукунат чўкди.

– Юзага келган вазиятга нисбатан муносабатим жуда оддий, – сукунатни бузди Вальдеспино. – Қанийди, Эдмонд Кирш шу кашфиётини умуман қилмаган бўлсайди… Унинг топилмаларини қабул қилишга тайёр эмасмиз. Шунинг учун Киршнинг янгилиги дунё юзини кўрмаслигини афзал биламан, – руҳоний бир зум тин олди. – Шу билан бирга, оламдаги ҳар бир ҳодиса Яратганнинг режасига биноан амалга ошишига ишонаман. Балки қилган илтижоларимиз Парвардигорга етиб бориб, Худонинг ўзи кашфиёт ҳақида оммага ошкор этмасликни Киршнинг қалбига солар.

Ал-Фадл қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди:

– Жаноб Кирш Худонинг кўрсатмаларини тинглашга қодир одамлар cирасига киради, деб ўйламайман.

– Бўлиши мумкин. Лекин мўъжизалар ҳар куни содир бўлади.

– Кечирасиз‐у, – ал-Фадлнинг фиғони фалакка кўтарилиб, пишқирди, – агар Худо Киршнинг жонини олмаса…

– Жаноблар! – гапга аралашди Кёвеш вужудга келган зиддият суронини пасайтириш учун. – Қарор қабул қилишда шошмаганимиз маъқул. Бу масала айнан бугун ҳал қилиниши шарт эмас. Жаноб Кирш янгиликни бир ойдан сўнг эълон қилишини айтганди. Келинглар, яхшиси, масалани ҳар биримиз алоҳида чуқур мулоҳаза қилайлик. Бир неча кундан сўнг фикр алмашамиз. Ҳиссиётларга берилмасдан қилинган мушоҳадалар тўғри йўлни кўрсатажак, албатта!

– Доно маслаҳат! – унинг фикрига қўшилди Вальдеспино.

– Лекин узоқ кутолмаймиз, – ал-Фадл вақт йўқотишдан хавотирланиб огоҳлантирди. – Икки кундан кейин қайта алоқага чиқамиз.

– Келишдик. Ўшанда сўнгги қарорга келамиз, – рози бўлди Вальдеспино.

***

Бу суҳбат бўлганига ҳам роппа‐роса икки кун ўтди. Бир тўхтамга келиш муддати етди.