banner banner banner
Ибтидо
Ибтидо
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ибтидо


Уинстоннинг қиёсий таҳлили Лэнгдонни ҳайратга солди. У айни дамда барча талабалари Микеланжелонинг ушбу санъат асари ҳақида ана шундай аниқ-тиниқ тушунчага эга бўлишини орзу қилди.

– Маман ҳам Довуддан деярли фарқ қилмайди, – давом этди Уинстон. – Унда кўҳна ёндашувларни зидлаштириш орқали таққослаш ифодаланган. Табиатан, “қора бева” ўргимчаги жуда қўрқинчли мавжудот. У қурбонларини тўр ёрдамида тутиб, маҳв этади ва улар билан озиқланади. Қаршингиздаги “қора бева” аёл жинсида бўлиб, кўриб турганингиздек, унинг қопи тухумга тўла. Йиртқичлигига қарамай, у янги ҳаёт инъом этишга тайёрланмоқда. Яъни “қора бева”да ҳам қотил, ҳам жон ато этувчи образ мужассам. Унинг баҳайбат танасига номутаносиб ингичка оёқлари яна бир қарама-қаршиликни ифодалаб, қувват ва мўртлик рамзини беради. Маманни ҳеч иккиланмасдан замонавий Довуд деб аташингиз мумкин.

– Мумкин эмас, – табассум қилди Лэнгдон, – аммо тан оламан, сизнинг таҳлилларингиз фикрий озуқа берди менга.

– Ажойиб! Ундай бўлса, рухсатингиз билан яна бир экспонатни кўрсатсам. Шахсан Эдмонд Киршнинг ўзи яратган.

– Йўғ‐е? Эдмонд рассомликка қизиқишини билмас эканман, – ажабланди профессор.

Уинстон кулиб юборди ва кўтаринки оҳангда деди:

– Бунга ўзингиз баҳо берақолинг яхшиси.

Йўлбошловчи кўрсатмасига биноан Лэнгдон деразалар ёнидан ўтиб, кенггина тахмон томон юрди. У ерда бир гуруҳ меҳмонлар деворга осилган бир бўлак лой олдида тўпланиб турганди. Бир қарашда, қотирилган лой парчаси профессорга бошқа музейлардаги ҳайвон ва ўсимликларнинг тош қотган қолдиқлари кўргазмасини эслатди. Бироқ бу лойда ҳеч қандай қолдиқ йўқ, унинг юзаси янги ётқизилган цементга ёш болалар чўпда чизадиган тушунарсиз белгилар билан қопланганди.

Кузатувчиларнинг юзида ҳайрат аломати сезилмасди негадир.

– Наҳотки, шу нарсани Эдмонд қилган бўлса? – энсаси қотиб сўради малласоч аёл. Унинг лаблари сунъий шиширилган, елкасига мўйна ташлаб олган эди. – Умуман маъносини тушунмадим.

Лэнгдоннинг муаллимлиги тутиб, аёлнинг гапини бўлди:

– Бу экспонат ҳозиргача музейда кўрганларим ичида энг яхшиси, унда ғиж-ғиж маъно яширин.

– Шунақами? – малласоч хоним ўгирилиб, профессорга беписанд кўз ташлади. – Балки менга тушунтириб берарсиз?

– Жоним билан! – жавоб қайтарди Лэнгдон ва лой юзасига ўйилган белгилардан иборат санъат асарига яқинлашди.

– Дастлаб эслатиш жоизки, Эдмонд лойга битган белгилар инсониятнинг энг биринчи ёзуви – миххат шаклидадир.

Аёл ниманидир тушунмагандек кўзларини пирпиратди.

– Ўртадаги учта йўғон белги, – давом этди профессор, – Оссурия тилида “балиқ”ни ифодалайди. Диққат билан қарасангиз, ўнг томонга қараб очилган балиқнинг оғзи, унинг давомида учбурчак тангачали балиқ танаси кўз олдингизда намоён бўлади. Турли расмлар ёрдамида сўзларнинг ифодаланиши “пиктограмма” дейилади.

Aтрофида йиғилганлар қизиқсиниб, битикни қайта ўрганишга тушди.

– Балиқнинг ортига чизилган изларга қаранг, – давом этди Лэнгдон суратнинг чап томонидаги нуқтачалар кетма-кетлигига ишора қилиб. – Бу орқали Эдмонд балиқнинг қуруқликка томон бўлган тарихий эволюцион йўлини кўрсатмоқда.

Томошабинлар тасдиқ ишорасида бошларини қимирлатишди.

– Ва ниҳоят, балиқнинг озуқаси сифатида тасвирланган ўнгдаги асимметрик юлдузчани кўряпсизми? Бу – Худонинг энг қадимий рамзларидан бири ҳисобланади.

Малласоч хонимнинг қовоғи уйилди.

– Балиқ Худони еяптими?

– Шунақага ўхшайди. Балиқ – эволюция динни ютиб юбориши Дарвин назариясининг қизиқарли варианти сифатида баҳоланиши мумкин, – елка қисди Лэнгдон. – Айтганимдек, жуда маъноли сурат бу, – у гапини тугатиб, анграйиб қолган малласоч хонимга табассум қилди‐да, даврани тарк этди. Унинг ортида тўпланганларнинг ҳайратомуз шивир-шивири эшитилиб турарди.

Йўл-йўлакай Уинстон хахолаб кулиб юборди.

– Қойилмақом, жаноб профессор! Эдмонд ҳозирги маърузангизни эшитганда эди, боши осмонга етган бўларди. Бу суратнинг асл маъносини камдан-кам одам илғай олади.

– Нимаям дердим, – жилмайди Лэнгдон. – Менинг ишим шу.

– Нима учун жаноб Кирш сизни олиймақом меҳмон ҳисоблашини энди тушундим. Дарвоқе, Эдмонд сизга бугунги оқшомга йиғилган меҳмонларнинг ҳеч бири муваффақ бўлмайдиган бир нарсани кўрсатишимни сўраганди.

– Ростданми? Нима экан?

– Асосий деразаларнинг ўнг томонидаги йўлакка ўтиш жойини кўряпсизми? Устунчалар билан тўсиб қўйилган.

– Кўряпман.

– Жуда соз. У ҳолда кўрсатмаларимга эргашинг.

Лэнгдон ажабланган кўйи йўлбошловчисининг кўрсатмаларига бўйсунди. У йўлакнинг кириш жойига борди, атрофга сездирмай аланглаб, ҳеч ким кузатмаётганига икки марта ишонч ҳосил қилгач, эҳтиёткорлик билан устунчалардан ҳатлаб, кўздан панадаги йўлакка ўтиб олди.

Музейнинг асосий залини ортда қолдириб, бир неча метр юргач, қаршисида кодланган қулф ўрнатилган металл эшикка дуч келди.

– Олтита рақамни теринг, – деди Уинстон зарур рақамларни айтаркан.

Лэнгдон бир сўз демай унга бўйсунди. Кодни тергач, қулфнинг шиқирлаб очилгани эшитилди.

– Жуда соз, профессор. Ичкарига марҳамат!

Лэнгдон бир сония тараддудланиб турди. Сўнг ўзини қўлга олиб эшикни итарди. Олдинда деярли зулматга чўмган бўшлиқ пайдо бўлди.

– Ҳозир чироқларни ёқаман, – деди Уинстон. – Илтимос, ичкарига кириб, эшикни ёпсангиз.

Профессор бир қадам ичкарига кириб, қоронғилик аро ниманидир илғашга уринди ва атрофга разм солди. Ортдаги эшикни ёпганда чиққан шиқирлаган товуш эшик қулфланганидан дарак берди.

Аста-секинлик билан хонанинг турли бурчакларида чироқлар кўрина бошлади. Лэнгдоннинг кўз ўнгида баҳайбат учоқлар кутиб олиниб, кузатиладиган ангар сингари бепоён кенглик намоён бўлди.

– Хона майдони уч минг юз квадрат метрни ташкил этади, – профессорнинг ҳайратини сезгандек изоҳ берди Уинстон.

Бу хонага солиштирганда музейнинг кириш зали митти гномча эди.

Чироқлар ёришаркан, Лэнгдон полдаги улкан шаклларни пайқади. Етти-саккизтача келадиган баҳайбат қорамтир шарпалар ярим тунда ўтлаётган динозаврларни ёдга соларди.

– Ё қудратингдан!.. Нималарни кўряпман ўзи?

– Кўраётганингиз “Вақт материяси” деб аталади, музейимиздаги энг оғир экспонат саналади. Унинг вазни тўққиз юз тоннадан зиёдроқ, – тантанали оҳангда изоҳ берди Уинстон.

– Бу ерда ёлғиз нима қиляпман?

– Айтганимдек, жаноб Киршнинг шахсан ўзи сизга ушбу ажойиботларни кўрсатишимни сўради.

Уинстон гапини тугатар экан, чироқлар бор кучи билан нур тарата бошлади ва бепоён зални оппоқ ёғду чулғаб, олис қисмлари ҳам кафтдагидек намоён бўлди. Қаршисидаги манзарага чексиз ҳайрат‐ла тикиларкан, Лэнгдоннинг тили калимага келмас, хаёлида битта ўй айланарди.

“Мен бутунлай бошқа дунёга кириб қолдим.”