banner banner banner
Ибтидо
Ибтидо
Оценить:
 Рейтинг: 0

Ибтидо


Хосхонасида ўтирган Кёвешнинг юраги бесаранжом урарди. “Негадир кечикишяпти…” Ўн дақиқа ўтди, қўнғироқдан дарак йўқ.

Фикрлар уммонида сузиб юрган раввин телефоннинг асабий жиринглашини эшитиб, гўшакка ёпишди.

– Хайрли кеч, раввин, – нариги томондан руҳоний Вальдеспинонинг хавотирланган овози келди. – Ушланиб қолганим учун узр. Аллома ал-Фадл суҳбатимизга қўшилолмайди, деб қўрқаман.

– Нима? Қанақасига? – ташвишга тушди Кёвеш. – Унга нима бўлди?

– Хабарим йўқ… Кун бўйи ал-Фадл билан боғланиш учун қилган уринишим бесамар кетди. Аллома… изсиз йўқолганга ўхшайди. Бирор тирик жон унинг қаерда эканини билмайди.

Кёвешдан совуқ тер чиқиб кетди:

– Бу яхшилик аломати эмас…

– Ҳақсиз. Ҳозирча ваҳима қилмай турайлик. Ишқилиб, жони соғ бўлсин. Бу ҳали ҳаммаси эмас, – руҳонийнинг овози тундлашди. – Ҳозиргина хабар топдим… Эдмонд Кирш кашфиётини дунёга эълон қилиш учун махсус тадбир ўтказмоқда экан… Шу бугун…

– Шу бугун?! – Кёвеш қулоқларига ишонмади. – Ахир… Ахир, бир ойдан сўнг деганди-ку?

Епископ алам билан пичирлади:

– У бизни алдабди!

Олтинчи боб

Уинстон назокатли оҳангда тушунтира кетди:

– Олдингиздаги, профессор, музейимиздаги энг катта сурат. Лекин кўпчилик ташриф буюрувчилар уни дарҳол пайқамайди.

Лэнгдон рўпарасини диққат билан кўздан кечирди. Лекин эътиборга молик улкан расмни кўрмади:

– Ҳмм… Кўпчилик қаторида эканман чоғи, мен ҳам кўрмаяпман суратни.

– Гап шундаки, у бироз ноодатий ўрнатилган, – деди Уинстон кулги аралаш. – Полдаги санъат асарини девордан қидириш бефойда, ахир.

“Эртароқ пайқашим керак эди”, ўйлади Лэнгдон. У пастга қаради ва оёқлари остида тош устига тортилган тўртбурчак брезентни кўрди.

Ҳақиқатан ҳам, анчагина жойни эгаллаган сурат бир хил – тўқ мовий рангдан иборат эди. Атрофдаги томошабинлар чуқур ҳовуз тубига қараётгандек қизиқсиниб пастга боқарди.

– Бу санъат дурдонасининг майдони деярли беш юз олтмиш квадрат метр, – маълумот берди Уинстон.

“Кэмбриждаги уйимдан ўн марта катта экан”, деб ўйлади Лэнгдон ҳисоблаб кўриб.

– Сурат муаллифи – Ив Клайн уни “Чўмилиш ҳавзаси” деб атаган.

Лэнгдон тан берди: маҳорат билан ишлатилган тўқ кўк бўёқ суратга шўнғиш мумкиндек таассурот уйғотарди.

– Асар рангини Клайннинг ўзи ихтиро қилиб, “Халқаро Клайн Кўки” номи билан патентлаштирган, – давом этди Уинстон. – Муаллифнинг айтишича, айнан мана шу тўқ мовий ранг унинг тасаввуридаги номоддий ва чексиз дунёни ифодалайди.

Лэнгдон Уинстоннинг маълумотларни ўқиб бераётганини сезди.

– Ив Клайн ўзининг монохром кўк суратлари билан донг таратган. Шунингдек, уни “Тубсизлик сари” деб номланган фотосурати орқали ҳам яхши танишади. 1960 йил намойиш этилганда “Тубсизлик сари” одамлар орасида яхшигина ваҳима уйғотганди.

Нью-Йоркдаги Замонавий санъат музейида сақланувчи “Тубсизлик сари” асарини Лэнгдон аввал кўрганди. Пўрим кийинган эркак баланд бино деворидан ўзини ташлаб, пастдаги йўлакка бамайлихотир қулаётгани тасвирланган фотосурат кишини бир қарашда ҳаяжонга солиб қўяди. Лекин расм ҳақиқий бўлмай, “Фотошоп” чиқмасдан анча аввал қайчи, устара ва елимдан усталик билан фойдаланиб амалга оширилган эди.

– Бундан ташқари, Клайн “Монотон сукунат” номли мусиқий асар басталаган. Композицияда симфоник оркестр йигирма дақиқа давомида фақат ре мажор нотани чалади.

– Кимдир эшитадими буни?

– Минглаб одамлар. Ре мажор композициянинг бир қисми, холос. Иккинчи бўлимда оркестр тош қотганча ҳаракатсиз ўтиради ва навбатдаги йигирма дақиқани “жимжитлик” куйини ижро этиб ўтказади.

– Ҳазиллашяпсиз-а?

– Албатта, йўқ. Айтиш жоизки, “Монотон сукунат” сиз тасаввур қилганингиздан кўра қизиқарлироқ бўлган. Масалан, саҳнада танасига кўк бўёқ билан ишлов берилган учта яланғоч аёлнинг баҳайбат суратлар атрофида айланиши ўзгача жозиба касб этган.

Лэнгдон ҳаётининг каттагина қисмини санъатни ўрганишга сарфлаган бўлса‐да, замонавий санъатнинг олий кўринишларини қай тарзда баҳолашга ҳанузгача боши қотар; авангард жозиба сири мавҳумлигича қолганди.

– Нотўғри тушунманг-у, Уинстон, бирхилликдан иборат ишни қандай қилиб “замонавий санъат дурдонаси” деб аташ мумкинлигини унча тушунмайман.

– Тўғри, бу савол кўпчиликни қийнайди, – жавоб берди Уинстон. – Мумтоз санъатда рассомнинг ижро маҳорати, айтайлик, унинг бўёқ ва мўйқалам билан моҳирона ишлай олиши баҳоланади. Замонавий санъатда эса ижродан кўра ғоя асосий ўрин эгаллайди. Мисол учун, ҳозир битта нота ва жимликдан иборат қирқ дақиқалик композицияни ҳар ким осон ёзиши мумкин. Лекин бу ғоянинг асосчиси Ив Клайнлигича қолади.

– Ҳақиқатан ҳам…

– Бўлмасам‐чи! Ташқарида кўрганингиз – “Туманли ҳайкал” ҳам замонавий санъатнинг ёрқин намунаси. Рассом кўприк остига тешилган қувурларни ўрнатиб, улардан сув юзасига тутун чиқариш ғоясини беради. Бу ғояни маҳаллий чилангарлар амалга оширади. – Уинстон бир зум тўхтади. – Тумандан код сифатида фойдаланиш ғояси учун рассомга қойил қолмасдан илож йўқ.

– Туман кодми?

– Худди шундай. Музей архитекторига аталган кодли бағишлов.

– Френк Геригами?

– Френк О. Герига! – тўғрилади Уинстон.

– Ақлли фикр.

Лэнгдон деразага яқинлашаркан, Уинстон сўради:

– Шу ердан ўргимчак яққол кўринади. Келаётганингизда Маманга кўзингиз тушдими?

– Ҳа. Маманни кўздан қочириш иложсиз, – жавоб қайтарди профессор ташқаридаги “Қора бева” ҳайкалига тикилиб.

– Дидингизга ўтирмагандек гапиряпсиз?

– Мен ҳаракат қиляпман, лекин… – тин олди Лэнгдон. – Тўғриси, мумтоз санъат ҳақида гап кетганда ўзимни океандаги наҳангдек бемалол ҳис қиламан. Бу ерда эса бебош тўлқинлар дастидан соҳилга итқитилган балиқчага ўхшаб қолдим.

– Қизиқ! Сиздек шахс Маманга етарли баҳо бера олади, деб ўйлагандим. Чунки у классикага доир таққослаш тушунчасининг мукаммал намунаси саналади. Келаси сафар шу тўғридаги маърузаларингизда Маманни мисол келтиришингиз мумкин.

Лэнгдон ўргимчакка қайта назар соларкан, классикага тааллуқли ҳеч вақони пайқамади. Анъанавийликни афзал билган профессор таққослаш мавзусини тушунтиришда Довудга етадигани йўқлигини кўринмас ҳамроҳига таъкидлади.

– Албатта, Микеланжело – олтин стандарт, – кулиб жавоб қайтарди Уинстон. – Довуднинг аёлларга хос тик турган гавдаси ва рогатка тутган ўнг қўли бевосита аёллик заифлигига ишора беради. Аммо унинг қувват ёғилиб турган танаси, кўзларида қотиб қолган қатъият, Голиафдан қасос олиш илинжида бўртиб чиққан ўқ томирлари ҳамда чайир пайлари эркаклик қудратини яққол намоён этади. Ҳақиқатан, Довуд бир вақтнинг ўзида ҳам аёлга хос нафислик, ҳам эркакча кучга йўғрилган. У ўзида нафосат ва ҳалокатни жам қилган.