banner banner banner
Терговчи. Дорихонадаги қотиллик
Терговчи. Дорихонадаги қотиллик
Оценить:
 Рейтинг: 0

Терговчи. Дорихонадаги қотиллик

Терговчи. Дорихонадаги қотиллик
Комил Синдаров

Комил Синдаров – ўқувчиларга дастлаб шоир сифатида танил ган муаллифни бугун ўзбек китобхонлари яхшигина детектив устаси сифатида билишади. «Қимматга тушган хато», «Темурий лар кутубхонасининг сири» (ўзбек ва рус тилларида), «Амирлик нинг олтин тахти изидан» китоблари ўтган йиллар мобайнида «Ўзбек детективи» рукнида чоп этилиб, кенг китобхонлар омма сида илиқ қарши олинган. Мазкур янги китоб – «Дорихонадаги қотиллик» ҳам детектив жанрида бўлиб, ҳаётий ҳақиқатларни оқ ва қора рангларда яққол тасвирлайди. Синдаров қаҳрамонларини яхши ё ёмон, деб ажрат майди, ўқувчи мутолаа жараёнида фикрлайди, мулоҳаза қилади, атрофида содир бўлаётган воқеаларни жонли тасвирларда кўра ди ва ниҳояда, ўзи хулоса қилади. Муаллифнинг касбий фаолиятда бевосита рўбарў бўлган жи ноят тафсилотлари детектив ихлосмандлари учун ажойиб мавзу ва ёқимли мутолаа бўлишига ишонамиз. Дарвоқе, «Терговчи» деган умумий ном остида нашрга тайёр ланган мазкур детектив серия ёзувчи ижодининг ўнта китобини ўз ичига олади.

Комил Синдаров

Терговчи: дорихонадаги қотилликДетектив қисса

Мазкур асаримни 34 ёшида хасталикка чалиниб, жиноий бепарволик қурбони бўлган гўзал синглим Зулҳумор ОЙДИН қизининг порлоқ хотирасига бағишлайман.

СЎЗБОШИ

Муҳтарам ўқувчи!

Навбатдаги – еттинчи детектив асаримни сизларнинг одилона ҳукмингизга ҳавола этаётганимдан мамнунман.

Бу асар ҳам муқаддам нашр этилган «Қимматга тушган хато ёки қасоскор қалб исёни» (2013), «Темурийлар кутубхонасининг сири» (2015), «Кечиккан қасос» (2017), «Амирликнинг олтин тахти изидан» (2018), «Тунги қотиллик» (2019), «Ўғирланган болалик» (2020) сингари детектив асарларимизнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Асарда прокуратура терговчиларининг дорихонада содир этилган қотиллик ишини очишдаги сермашаққат меҳнати, касбий маҳорати, қонун устуворлиги ва адолатни ўрнатиш йўлидаги фидокорлиги қаламга олинади.

«Ўғирланган болалик» каби бу асар ҳам, асосан, юртимизда коронавирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин кунлари ёзилди. Тиббиёт ходимлари томонидан катта матонат ва қаҳрамонлик намуналари кўрсатилаётган ушбу даврда шифокорлар ҳақида аччиқ сўз айтиш чиндан-да оғир. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бу фидойи касб эгалари орасида ҳам виждонсиз, ўз вазифасини суиистеъмол қилувчи, очкўз кимсаларнинг учраши кишининг дилини хуфтон қилади. Ачинарлиси, нафс қутқусига учган бундай кишилар ўзинигина эмас, балки амали ва виждони эгнидаги оқ либоси сингари покдомон шифокорлар номига доғ тушираётир.

Ҳар қандай асар муаллифнинг сермашаққат меҳнати меваси саналади. Хотиралар китобини варақлаб, муносиб мавзу топиш, уни хаёлда пишириш, оққа кўчириш, ёзиш-чизиш, ўчириш, яна қайта ишлаш, такрор-такрор ўқиб чиқиш, ўзгартишлар киритиш муаллифдан мустаҳкам сабот, истеъдодни талаб қилади. Қанчадан-қанча уйқусиз тунларни бошидан ўтказади. Юрганда ҳам, турганда ҳам, дам олганда ҳам асар воқеалари, қаҳрамонлар сиймоси кўз ўнгидан кетмайди. Ўзини худди улар билан бирга яшаётгандай, ишлаётгандай, муаммоларни биргаликда ҳал этаётгандай, қувончу андуҳларига шерикдай ҳис қилади. Ниҳоят, асар ёзиб битказилади. Энди муаллиф олдида иккинчи қадам – нашриёт топиш ва асарни чоп этиш билан боғлиқ ташкилий ва молиявий муаммолар кўндаланг бўлиб, муаллифни қийнай бошлайди. Негаки, масаланинг бир учи маблағга бориб тақалади. Тўғри, таниқли ёзувчи ёки шоир бўлсангиз, масала ўз-ўзидан ҳал бўлади. Аммо ҳали унча танилмаган ижодкорнинг асарини ҳеч бир ноширнинг чоп этаман деб кўзи учиб турмаслиги аниқ. Кейинги икки асаримизни ёзиб бўлгач, каминани ҳам шу муаммо қийнаб турганди. Хайриятки, масаланинг ечими кутилмаган жойдан чиқиб қолди. Бир куни мухлисларимиздан бири, ўзбек ва рус адабиётини севиб ўқийдиган фидойи инсон Убайдулла ака билан учрашиб қолдик. У киши менинг барча детектив асарларимни ўқиб чиққан, ҳар доим «Янгиси чиқдими?» деб сўраб туради. Асар чоп этилиши билан ўзи келиб, китобни олиб кетар ва бир кун ичида ўқиб чиқиб, таассуротларини мен билан ўртоқлашар, қимматли фикрлар билдирарди. Бу сафар ҳам у киши «Тунги қотиллик» номли асаримни ўқиб чиққач, жуда таъсирланганини айтиб, ажойиб асар учун миннатдорлик билдирди. Узоқ суҳбатлашдик. Хайрлашиш олдидан: «Сиз ёзувчисиз, янги-янги китоблар ёзишингиз лозим. Китоб чоп этиш нималигини мен яхши биламан. Сизни молиявий масалалар ташвишга солмаслиги, ижоддан чалғитмаслиги керак. У масалаларни бизга қўйиб беринг», деди.

Таклиф менга қанчалик ёқмасин, муаммо йўқлигини айтиб, камтарлик қилишга уриндим. Убайдулла ака мендан нашриётнинг манзилини сўраб олганди. Бир неча кундан сўнг ношир менга қўнғироқ қилиб, китобни босиш ишлари бошлаб юборгани, кейинги икки китоб учун ҳомийлик ёрдами келиб тушганини билдирди. Суюниб кетдим. Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Убайдулла ака каби сахий, зиёли, китобсевар инсонларнинг борлигига шукроналар айтдим. Аллоҳдан уларга тани-сиҳатлик, тадбиркорлик юмушларига баракотлар сўрадим.

Таъкидлашим жоизки, ҳар бир асаримни нашр этишдан олдин қўлёзмани соҳа мутахассисларидан тортиб, оддий мухлисларимгача ўқишга бериб, уларнинг қимматли маслаҳатларини олишга ҳаракат қиламан. Улар томонидан билдирилган жўяли таклифларни бажонидил қабул қилиб, асарни сайқаллашга уринаман. Бу гал ҳам асарни ёзишда ўзининг маслаҳатлари, таклиф ва тавсияларини аямаган прокуратура фахрийси, навоийлик ҳамкасбимиз Мамасали Исомиддиновга, узоқ йиллар терговчи, судья сифатида фаолият юритган, юридик фанлари номзоди Беҳзод Мўминовга, мухлисларимиз – Божхона институтининг иқтидорли талабаси Гулидахон Олимжонова, ЎзННТМА кенгаши бош мутахассиси Зуҳра Абдуллаева ҳамда биология фанлар доктори, академик Бакриддин Зариповларга ўз ташаккуримни изҳор қилишни жоиз билдим.

Асарларим юзасидан қимматли таклиф ва мулоҳазаларингизни электрон манзилим (sindarov60@gmail.com) ҳамда фейсбукдаги саҳифам (komilsindarov)га юборишингизни сўраб қоламан. Шояд сизлар билдирган таклиф ва тавсиялар кейинги асарларимни янада такомилга етказишда қўл келади. Эҳтиром ила

    Комил СИНДАРОВ,
    юридик фанлари доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Санжарбек Тоҳир Ғафуровичнинг олдидан чиқиб, тўғри туман прокуратурасига қараб йўл олди. Унинг кайфияти аъло эди. Бунга сабаб биринчидан, Чиноздаги серияли ваҳшиёна қотилликни фош этгани учун раҳбариятнинг ташаккурномасига сазовор бўлгани бўлса, иккинчидан, навбатдаги хизмат сафарининг пойтахтда эканлиги билан боғлиқ эди. Тўғри-да, йил бўйи вилоятма-вилоят мусофирчиликда «ит ётиш, мирза туриш» қилиб юрган киши учун оиласи, фарзандлари олдида бўлиш, уларни бағрига босиб эркалаш, ишдан толиққан пайтлари «Ўз уйинг – ўлан тўшагинг»да ҳаловатда ором олиб, беканг тайёрлаган мазали таомларни тановул қилиш, суҳбатларидан баҳраманд бўлишдан улуғ бахт борми? Одам ҳеч қаерда, ҳатто олтин қасрда ҳам оиласи бағридагидек бахтиёр бўла олмас экан…

Шуларни хаёлидан ўтказган терговчи қўнғироқ қилиб, аёлини хушхабардан воқиф қилишга шошилди:

– Ассалому алайкум! Хоним, яхшимисиз?

– Ассалому алайкум, Санжар ака, ўзингиздан сўрасак?

– Табриклашингиз мумкин, бугундан биз яна хизмат сафарига жўнайдиган бўлдик…

– Аҳа-а, шунинг учун тўрамизнинг кайфиятлари аъло экан-да! Кейинги пайтларда хизмат сафарини сўраб оладиган бўлиб қолдилар чоғи? Иш баҳона – дийдор ғанимат… Ўша ёқлардан битта-яримтасини топиб олдиларми, деб қўрқиб қолдик. Бу сафар йўл бўлсин?

– Бу сафар анча олисга…

– Қорақалпоққами? Унда ойлаб… – Мафтунанинг кайфияти бузилаётгани овозидан сезилиб турарди.

– Йўқ, бу сафар Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманига.

– Вой, бунча яхши! – қичқириб юборди аёл. – Хайрият-ей! Болаларингиз ҳам шу хизмат сафарларидан юрак олдириб қўйишган… Ахир, соғинишади-да!

– Ўзлари-чи? Ўзлари соғинмайдиларми?

– Қўйинг-е… қачон қайтасиз… кечга палов дамламоқчи эдим…

– Бўлди, эртароқ қайтишга ҳаракат қиламан. Аммо, х-о-н-и-м, саволимга жавоб бермадингиз, ўйлаб туринг, кечда яна сўрайман…

Йигит оиласи даврасида ўтадиган кунларни ўйлаб, чуқур энтикиб қўйди. Мафтунанинг чўчиб кетганича бор. У ойлаб хизмат сафарида юради… Болалар ҳам безиллаб қолишган, ота меҳрига зор бўлиб улғаймоқда. Оиланинг юки хотинининг гарданида. Иш-иш деб ота сифатида болалар тарбияси билан ҳам шуғулланолмаяпти. Яхшиямки, хотини оқила аёл, ҳаммасини бир ўзи эплайди. Оиласидан кўнгли тўқки, бемалол хизмат сафарларига бориб келяпти…

Шундай хаёллар билан туман прокуратурасига етиб келганини ҳам сезмай қолган Санжарбек тўғри иккинчи қаватга – прокурор қабулхонасига кўтарилди. Ёшгина, чаққонгина котиб йигит меҳмонни таниди, шекилли, кимлигини сўраб ўтирмасдан раҳбарнинг олдига бошлаб кирди.

– Э, Санжар ака, яхши етиб келдингизми? – ёши элликлардан ошган, тўлачадан келган полковник либосидаги туман прокурори худди эски қадрдонлардай меҳмон билан қучоқлашиб кўришди. – Бой бўларкансиз, ҳозиргина сизни ўйлаб тургандим.

– Ассалому алайкум, Азамат Жўраевич! – Санжарбек ўзидан ёши улуғ одамнинг «ака» деб мурожаат қилиб, ортиқча мулозамат кўрсатганидан ҳижолат бўлса-да, самимий саломлашишидан енгил тортди.

– Муқаддам учрашмаган, шахсан таниш бўлмаган бўлсак-да, сиз ҳақингизда кўп яхши гапларни эшитганмиз, – прокурор меҳмонга жой кўрсатиб, ўзи унинг қаршисидаги стулга ўтирди. – Яқинда Чиноздаги мудҳиш серияли қотилликни қандай фош қилганлигингизни эшитдим, тасанно! Қойил қолдим! Терговчи шунақа бўлса-да! Жиноятни моҳирлик билан очиб ташласа! Фақат жиноят қидирув бўлимига ияк осиб олган терговчини терговчи, деб бўладими?

– Бир омадимиз чопиб, ўхшаб қолди-да! – камтарлик қилди Санжарбек.

– Тўғри, омад ҳам керак, аммо терговчи кенг фикрлайдиган, мантиқий хулосалар чиқароладиган, ҳар бир жараёнга синчковлик билан ёндашадиган, асосийси, ўз касбига фидойи бўлмоғи керак. Бу сифатларсиз ҳозирги замон жиноятчиларини тиз чўктириб бўлмайди. Бир пайтлар жиноятчилар ҳам қандайдир омироқ, соддароқ бўларди. Биз терговчилар уларни «дарахт шохи»дан қидириб топардик… Ҳозирги жиноятчиларни «дарахт барги»дан ҳам топиш амримаҳол бўлиб қолди.

– Ҳа, жиноятчилар йилдан йилга пухталашиб, маккорлашиб бормоқда, – прокурорнинг гапини маъқуллади Санжарбек. – Бу эса ҳар бир терговчидан касбий маҳоратни тинимсиз ошириб боришни талаб қилади. Ахир, жиноятчилар ўз устида «ишлаяпти», эскича усул, эскича дунёқараш билан уларни фош этиш қийин.

– Мана қаранг, биз ҳозир бир қарашда оддий, аммо чуқурроқ эътибор қаратилганда ўта мураккаб қотиллик жиноятига тўқнаш келиб турибмиз, – прокурор гапни айлантира-айлантира муддаога яқинлашди. – Бундан ўн кун муқаддам нейрохирургия институти ёнидаги «Кумушбиби» номли дорихона эгаси Луқмон Шарипов ўлдириб кетилган. Воқеа кеч соат саккизлар атрофида дорихонада содир бўлган. Гумондор сифатида Луқмоннинг синфдоши Самиғ Сайфиев исмли шахс ушланган. Бироқ у «Ўламан Саттор, Луқмонни мен ўлдирганим йўқ», дея оёқ тираб турибди. Қамоққа олишга санкция беришда уни ўзим ҳам сўроқ қилдим, бўйнига олмади. Ўзимда ҳам қандайдир иккиланиш бўлди. Терговчимиз ҳали хомроқ. Шунга Тоҳир Ғафуровичдан ёрдам сўрашга мажбур бўлдим.

– Самиғни гумондор сифатида ушлашга нима асос бўлганди? – қизиқсинди Санжарбек.

– Асослар-ку етарли, – прокурор қотиллик тафсилотларини очиқлашга ўтди. – Биринчи август куни Луқмоннинг ўғли Дониёр ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга имтиҳон топширган. Ота ўғлини қўллаб-қувватлаш учун кун бўйи у билан бирга бўлган. Имтиҳон тугагандан сўнг ота-бола соат ўн бешларда дорихонага қайтган. Бироздан сўнг ота ўғлига жавоб бериб, ўзи ишхонада қолган. Кеч соат тўққизлардан ўтгач, уйидагилар хавотир олиб, Луқмонни қидиришга тушган. Эри телефон қўнғироқларига жавоб бермаётганидан ташвишланган хотин ўғлини дорихонага юборган. Кеч соат тўққиз яримларда Дониёр дорихонанинг лабораториясидан отасининг кўкрагига пичоқ санчилган ҳолдаги мурдасини топган. Бахтга қарши ўша куни дорихонага ўрнатилган видеокузатув хотираси юлиб олинган экан. Шу сабабли дорихона ёнидаги озиқ-овқат дўкони пештоқидаги видеокузатув хотираси текшириб кўрилди. Жабрланувчининг ўғли Дониёр тасвирда кўринган одамлар орасидан фақат биттаси, яъни дадасининг синфдош ўртоғи – Самиғни таниди. Бошида гумондор ўша куни дорихонага, дўсти Луқмоннинг олдига келганини рад этди. Шу орада экспертлар воқеа жойи – дорихона лабораторияси эшигидан олинган бармоқ изларидан бири Самиғга тегишли эканини аниқлади. Фақат шундан кейингина у ўша куни синфдошининг олдига борганини тан олди. Самиғнинг айтишича, у дорихонага кирганда сотув залида ҳеч ким бўлмаган. Чиқиб қолар, деган ўйда бироз кутган. Шу орада дорихонага бир неча харидор кириб, сотувчини тополмай чиқиб кетишган. Сўнг балки дори тайёрлаётгандир, деган хаёлда лабораторияга ўтган ва кўксига пичоқ санчилган Луқмонни кўрган. Қўрқиб кетганидан нима қилишини билмай эсанкираб қолган, югуриб бориб, ўртоғининг кўксидан пичоқни суғуриб олмоқчи бўлган. Лекин пичоқда бармоқ излари қолса, боши балога киришини ўйлаб, орқага чекинган ва жон ҳолатда дорихонадан чиқиб кетган.

– Самиғнинг қотиллик қилишига, устига-устак ўз синфдошини ўлдиришига сабаб борми? Жиноятнинг мотиви нима?

– Асос бор, – деди прокурор меҳмонга чой узата туриб. – Маълум бўлишича, Самиғ ўтган йили ёзда ўғлини ўқишга киритиш учун синфдошига 25 минг АҚШ доллари берган экан. Лекин бола ўқишга киролмаган. Луқмон қўшимча ўрин – «супер контракт»га ўтказиб бераман, деган баҳонада беш-олти ой пулини қайтариб бермасдан ўртоғини сарсон қилган. Сўнгги пайтда ўқишдан тамомила умидини узган Самиғ Луқмондан пулини қайтаришни талаб қила бошлаган. Ўртада нифоқ кучайган. Воқеадан икки кун олдин синфдошлар қаттиқ «сан-ман»га боришган. Самиғ пулини ололмаса, ўғли бу йил ҳам ўқишдан қолиб кетишини айтиб, роса хуноби ошган ва икки кун ичида пулни қайтармаса, ёмон бўлиши, керак бўлса, тегишли жойга ёзиб беришини айтиб жиддий таҳдид қилган.

– Бармоқ изи топилган. Кўрсатмаларини бир неча марта ўзгартириб, терговни чалғитишга уринган. Қотилликка асос ҳам бор экан, – хулосалашга ошиқди Санжарбек. – Унда сизнинг шубҳангизга нима сабаб?

– Тўғрисини айтайми?

– Албатта!

– Самиғ одам ўлдирадиган йигитга ўхшамаяпти-да!

– Одамнинг оласи ичида! Балки яхшигина артистдир, – Санжарбек тилида эътироз билдираётган бўлса-да, дилида «олдин қамоққа олиб, кейин исботлаш» йўлига ўтиб олган ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ инсон тақдирига бефарқ бўлмаган бу прокурорга хайрихоҳ эди.

– Бўлиши мумкин, – деди прокурор босиқлик билан, – шу сабабли бизга сизнинг ёрдамингиз зарур бўлади. Гап инсон тақдири хусусида кетар экан, адашмайлик дейман-да! Бир бегуноҳ кишини қамаб юборгандан шу жиноят ўлгурнинг очилмай қолгани маъқул эмасми?

– Устозим Фахриддин Каримовичнинг ҳам шиори шунақа эди, қарашларингиз бир хил экан, – Санжарбек таниш ибораларни эшитиб, беихтиёр устозини эслади.

– Фахриддин Каримовични яхши танийман. Афсус, бошига ташвиш тушиб қолибди. Суди бўлдими?