banner banner banner
Терговчи. Дорихонадаги қотиллик
Терговчи. Дорихонадаги қотиллик
Оценить:
 Рейтинг: 0

Терговчи. Дорихонадаги қотиллик

– Аслида, шубҳа-гумонга сира ўрин йўқ, – ишонч билан гап қўшди Маъмур. – Самиғ ҳақиқий шақал! Тергов давомида бир неча марта кўрсатмасини ўзгартирган ёлғончининг гапига ишониб бўладими? Бунақалар жазодан қутулиб қолиш учун ўзини ҳар кўйга солишдан тап тортмайди. Шунинг учун унинг айбини тан олмагани ҳеч нарсани англатмайди. Ишни бемалол судга оширавериш лозим.

– Майли, ҳозирча ҳар ким ўз фикрида қола турсин, – Санжарбек мунозарага нуқта қўймоқчи бўлди, – менга бир кун вақт берасизлар. Иш тафсилотлари билан яқиндан танишиб чиқай, Самиғ билан гаплашиб кўрай, кейин баҳсни давом эттирсак бўлади. Умиджон, Маъмур ака, сизлардан илтимос, менга Самиғнинг шахси, оиласи, яқинлари тўғрисида батафсил маълумот қилиб берсангиз.

Гуруҳ аъзолари янги раҳбарнинг биринчи «мажлиси»дан кўнгиллари тўлмай, тарқалишди.

* * *

Санжарбек айбланувчини сўроқ қилишга обдан тайёрланди. Самиғ тарбия топган муҳит – ота-онаси, оиласи, ёшлиги, меҳнат фаолияти, қизиқишлари, яқинлари, алоқалари ҳақидаги маълумотларни қунт билан ўрганиб чиқди. Терговчи бўлажак «суҳбат»да жиноятчидан беш-олти қадам олдинда бўлиш, унинг кўнглига йўл топиш, дил қулфини очиб юбориш осон иш эмаслигини яхши биларди. Унга устози Фахриддин Каримовичдан ўтган бу иш услуби доимо қўл келиб, энг ўжар, оғзи маҳкам жиноятчилар билан «дўстлашиш», «сирлашиш» имконини берарди. Шу сабабли у терговчининг энг катта хатоси муҳим гувоҳ ёки гумондор ёхуд айбланувчини сўроқ қилишга ҳеч қандай тайёргарликсиз киришишида, деб ҳисобларди. Устозини ёдга олиши билан Санжарбекнинг кўнгли алланечук беҳузур бўлди: бечора, нима қилаётган бўлса! Бекободдаги қамоқхонага ўтказишганларига ҳам бир ойча бўлди. Тутқинликка ўрганиб қолдимикан? Ёки тушкунликка тушиб, ўзини олдириб қўйдимикан? Йўқ, йўқ, у иродали инсон! Ҳар қандай шароитга кўника олади, курашдан чарчамайди, умидсизликка берилмайди. Шу кунларда Назира янга устозни кўришга Бекободга бормоқчи эди, бордимикан? Ишқилиб, яхши хабарлар олиб келсин-да!

Шу пайт Санжарбекнинг қўл телефони жиринглаб қолди. Бўрини йўқласанг қулоғи кўринади, деганларидек Назира қўнғироқ қилаётганди:

– Ассалому алайкум, янгажон! – Санжарбек ташаббусни қўлга олди. – Бой бўларкансиз, ҳозиргина сизларни эслаб тургандим.

– Санжаржон, яхшимисиз? Келин, болажонлар омонми?

– Раҳмат, янгажон! Ўзингиз яхшимисиз? Давронбек, Достонбеклар қалай?

– Аллоҳга шукур! Ҳаммамиз яхшимиз, – Назиранинг овози қандайдир мунгли эшитилди. – Кеча акангизнинг ёнига… бориб келгандим…

Санжарбекнинг юраги «шиғ» этиб, қинидан чиқиб кетай деди. Бир зумда кўнглидан бир дунё нохуш хаёллар ўтди: устоз омонмиканлар? Ё бетоб бўлиб қолдимикан? Ёки…

– Тани-жони соғ экан, кайфияти ҳам ёмон эмас… Тўқишни ўрганибди… Давронжонга ўз қўллари билан жемпер тўқибди, – аёлнинг ўксиб-ўксиб йиғлаётгани сезилиб турарди.

– Э-э шунақами? – Санжарбекнинг юраги тўлиб, томоғига тош қадалгандай бўлди, ўзини тутишга ҳарчанд ҳаракат қилмасин кўзларида ёш қалқиди. – Буни қарангга, вой соддагина устозим-эй! Вой тинчимаган одамлар-эй! Иқтидорли киши ҳар нарсада иқтидорли, деганлари рост экан-да!

– Роса хўрлигим келди! Шундай одам…

– Янгажон, тўғри, эшитган қулоққа эриш туюлади… Аслида, бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Нима биландир банд экан, демак, тушкунликка тушмаган, ҳаётга қизиқиши сўнмаган, бошга тушган ташвишни енгишга ҳаракат қиляпти, курашяпти… Аксинча, Худо кўрсатмасин, ҳамма нарсадан совиб, яшашдан безиб ўтирса, нима қилардик!

– Тўғри-куя, лекин одамга алам қиларкан, – Назиранинг қалби сал ёришгандай бўлди. – Қайси қилган гуноҳлари учун шунақа аҳволга тушиб қолганига ҳайронман… Сизга кўпдан-кўп салом айтдилар.

– Саломат бўлсинлар, – Санжарбекнинг тағин ўпкаси тўлди, – устозни роса соғиниб кетдим… Насиб қилса, кейинги ҳафтада ёнларига ўтиб келишни режалаштириб турибман.

– Йўқ, йўқ, ҳозирча келмай турсин, дедилар. Сизга гап тегиб қолишидан хавотирдалар…

– Эй, шу ишиниям… гап тегса-тегар! Майли, янгажон, сиз ташвиш чекманг, бир амалларман…

– Укажон, эҳтиёт бўлинг-да! Йўқ жойдан тағин бошингиз балога қолиб ўтирмасин, дейман.

– Ўзларингиз яхши ўтирибсизларми? – Санжарбек гапни бошқа ёққа бурди. – Иш билан овора бўлиб, сизлардан ҳам хабар ололмай қолдим…

– Биз яхшимиз, хижолат чекманг, амаллаб турибмиз.

– Янгажон, зарурат бўлса, тортинмай қўнғироқ қилаверинг.

Санжарбек аёл билан илиқ хайр-хўшлашиб, жойида ўтирганча ўйланиб қолди… У ҳамон аёлнинг гапларини ҳазм қилолмай қийналарди. Буни қаранг-а, Фахриддин Каримович ўз қўллари билан жемпер тўқиганмиш… Эсиз! Шундай одам-а! Қанчадан-қанча мураккаб жиноятларни фош этган, оддий терговчиликдан вилоят прокуратураси раҳбари даражасигача кўтарилган инсон бугун шу кўйга тушиб ўтирса-я! Бу Абдулла Қаҳҳор айтганидек, атомнинг кучини ўтин ёришга сарфлашдай беъманилик эмасми? Ишонгинг келмайди… Бир тарафдан ўзига машғулот топиб, нима биландир андарман бўлгани ҳам маъқул. Тушкунлик ботқоғига ботиб қолишдан Яратганнинг ўзи асрасин!

Эшик тақиллаб, милиция ходимлари хонага қорачадан келган, бўйдор, сочларига қисман оқ оралаган, қирқ ёшлардаги бадқавоқ кишини олиб кирдилар ва қўлидаги «кишан»ни ечиб, чиқиб кетдилар. Қисқа муддатли танишувдан сўнг Санжарбек мулойимлик билан гап бошлади:

– Самиғ ака, соғлиғингиз яхшими? Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

«Айбланувчи» бунақа муомалани кутмаган, шекилли, бир муддат нима дейишини билмай анқайиб қолди. Сўнг ундан иқрорлик хатини олиш учун қилинаётган навбатдаги найранг бўлса керак, деган ўйга бориб, қовоғини очмасдан тўнғиллади:

– Раҳмат, ўтирибмиз Худо деб. Ҳар кимга инсофни Аллоҳнинг ўзи берсин!

– Фарзандлардан нечта? – терговчи атайлаб «рақиб»ни нозик жойидан тутишга уринди.

– Раббимга шукур, икки қиз, икки ўғлимиз бор, – кутилгандек Самиғнинг чеҳраси сал ёришгандай бўлди.

– Ўғилларингизнинг ёшлари нечада? – терговчи худди ҳеч нарса билмайдигандай савол беришда давом этди.

– Каттаси Омонжон йигирмага чиқди, кичкинаси Валижон саккизинчи синфда ўқийди, яқинда ўн тўртга тўлди.

– Ота-онангиз, ака-укаларингиз борми?

– Тўрт укам, икки синглим бор. Ҳаммаси уйли-жойли бўлиб кетишган. Мен оилада тўнғич фарзанд эдим, – терговчининг берилиб тинглаб туриши Самиғни руҳлантириб юборди. – Ўн тўрт ёшга кирганимда отамиз оғир хасталикдан вафот этди. Нашриётда оддийгина ишчи бўлсалар-да, отам ҳаёт пайтида қийинчилик билмай яшаган эканмиз. Бир ўзи ишлаб, жўжа бирдай жон – шунчамизни қийналмасдан боқиб келган эканлар… Оила юки мен билан онамнинг гарданига тушди. Онам амаллаб қўшни маҳалладаги мактабга фаррош бўлиб ишга кирди. Ука-сингилларим ёш бўлгани сабабли мен ишлашга мажбур бўлдим. Ўқишларим ҳам ўлда-жўлда қолиб кетди. Кўчамизнинг бошидаги новвойга шогирд тушдим, нон ёпдим, кўчама-кўча изғиб, нон сотдим… Ҳали мени – тўнғичини уйлантиришга ҳам улгурмай онам шўрлик ҳам бандаликни бажо келтирди… Катта рўзғор менга қолди. Саккизинчи синфгача аъло баҳоларга ўқигандим. Орзуларим бисёр эди. Мактабни тамомлаб институтга ўқишга кирмоқчи, олим бўлмоқчи эдим. Ҳаммаси саробга айланди… Умримнинг кўп қисми ҳам ота, ҳам она ўрнида ука-сингилларимни оёққа турғизиш, уйлантириш, турмушга беришга кетди. Сал улғайгач, укаларим ёнимга киришди. Топганимиз қора қозонга зўрға етарди. Шу сабабли на укаларимни, на сингилларимни ўқитиш имкони бўлди. Биласизми, мен қашшоқлик билимсизликнинг ҳосиласи, деб ҳисоблайман. Илмсиз кишини сўқирга ўхшатаман. Умр бўйи адашиб, борар манзилини тополмай юраверади. Бобом саводсиз бўлган, отам ўқимаган, мен ва укаларим ҳам таассуфки, ўқий олмадик. Оқибати маълум, бир умр қўл учида кун кўришга маҳкум бўлдик. Шу ёқимсиз анъанани бузишга ҳаракат қилдим. Бўлмади. Шароит тўғри келмади. Қўл калталик қилди. Бундай бахт укаларимга ҳам насиб қилмади. Ягона умид фарзандларимдан эди.

Айбланувчи бироз жимиб қолди. Сўнг фикрларини жамлаб олди, шекилли, «гапираверайми?» дегандай терговчига тикилди.

– Марҳамат, гапираверинг, эшитяпман, – деди терговчи.

– Йигирма саккиз ёшда уйланиш насиб қилди. Аллоҳ икки қиз, кетидан икки ўғил берди. Қизлар мактабни битиргач, амал-тақал қилиб узатиб юбордик. Бор умидим тўнғич ўғилим Собирдан эди. У мактабда аъло баҳоларга ўқирди. Бундан ташқари, уч йил пулли қўшимча дарсларга қатнади. Унинг ота-боболаридан мерос келаётган илмсизлик, қашшоқлик занжирини узишига, авлодимизни илмнинг нурли чўққиларига олиб чиқишига, сулоламизни камбағаллик сиртмоғидан озод этишига ишонардим… Кимдир бу ишни қилиши лозим эди-ку! Лекин камбағални эшакнинг устида ҳам ит қопади, деганлари рост экан. Собиржон қаторасига икки йил тиббиёт академиясига ўқишга топшириб, кира олмади. Тест деганлари ҳам аҳмоқона нарса экан. Биринчи йил тўрт балл, иккинчи йил уч балл етмай қолди. Бошида бола яхши тайёргарлик кўрмаган экан-да, деган ўйга бориб, унчалик аҳамият бермадим, бу йил бўлмаса, келаси йил яхшилаб тайёргарлик кўриб, ўқишга киришига умид қилдим. Кейинчалик Собирнинг мактабни зўрға «уч»га битирган икки бойвачча синфдоши айнан шу тиббиёт академиясига ўқишга кириб кетганини эшитиб, хунобим ошди, ўз-ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Бу қандай адолатсизлик! Билимли ўқишга киролмаса! Талабалар сафи илмсиз, аммо пулдор йигит-қизлар билан тўлдирилса! Келажакда инсонлар ҳаётини кимларга ишониб топширамиз! Алам устида мен ҳам «танка» қидира бошладим. Шу баҳонада Луқмоннинг олдига бориб қолгандим. Бу томонда ишлар чаппа айланиб кетди… Қош қўяман деб, кўз чиқариб ўтирибмиз.

Самиғ «Қолган гаплар сизларга аён» дегандай жимиб қолди.

– Давом этинг, давом этинг! – терговчи ҳаммасини ўз қулоғи билан эшитиш учун ҳамсуҳбатини гапиришга ундади.

– Одам қуриб кетгандай ўртоғим, деб дардимни Луқмонга айтибман, – Самиғ терговчи узатган сувдан томоғини ҳўллаб, гап бошлади. – Марҳумлар ҳақида ёмон гапириш гуноҳ бўлсаям айтмасам бўлмайди, ўртоғим аллақачон одамгарчиликдан чиқиб кетганини билмаган эканман. Бошида у роса устимдан кулди. «Пул бермасанг болангни қора кўзига қараб ўқишга олишадими?» дея мени зиқналикда айблади. «Олдинроқ мени топганингда, ҳозир боланг иккинчи «курс»ни битирган бўларди», деб ичимни куйдирди. Гап сўнгида «Майли, ҳечдан кўра кеч, бу йил ўғлинг биринчилар қаторида ўқишга киради», деб қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдирди. «Жон ўртоқ, гаплаш, уйимни сотсам ҳам пулини қилиб бераман», дедим қувончдан юрагим ёрилиб. «Бошқалардан кўкида 30 минг оламиз, сен 25 минг берсанг бўлди, болангни ўқишга кирди, деб ҳисоблайвер», деди у катта кетиб. Суммани эшитиб, ичимдан зил кетдим. Менда бунақа пул йўқ эди. Бундай катта маблағни қаердан топишни ҳам билмасдим. Аммо ўғлимни ўқишга киритиш хоҳишим шунчалик баланд эдики, Луқмоннинг айниб қолишидан хавфсираб «Бўлди, мен ўша пулни сенга топиб бераман», деб юборганимни ҳам сезмай қолдим. Қўл беришдик. Ваъда беришга бериб, уйга келиб, дўппини бошдан олиб, чамалаб қарасам шунча пулни топишнинг сира ҳам имкони йўқ. Лекин лафз қилиб қўйдим, ер қазиб бўлса-да, пул топишим шарт эди. Излаган имкон топади деганларидек, укаларим билан кенгашиб, бисотимизда қўлга илинадиган нарсаларни сотишга қарор қилдик. Тўрт-беш кун ичида ўртанча укамнинг эскироқ машинасини, мен ва кичик укам ишлаб турган новвойхонани сотиб, устига катта укам ўғлини уйлантириш учун тўйга йиғиб қўйган пулини қўшиб ҳисоблаганда 20 минг АҚШ доллари тўпладик. Етмаган қисмига маҳалламиздаги Сабина тиллачидан яхшигина фоизли қарз кўтаришга тўғри келди. Хуллас, лафз қилинган пулни Луқмонга етказдим. У пулни қуртдай санаб олиб, «Ҳаммаси жойида, Собиржонни талаба бўлди, деб ҳисоблайвер», деди. Мен нафақат ўзим, бутун оилам, балки жигарларимни ҳам бор-будидан ажратиб ўтирганимдан қанчалик кўнглим ғаш бўлмасин, ишим битгани, ўғлим ўқишга кираётганидан мамнун эдим. Топадиганимни йўқотганимдан пеш билдим. Тўғри-да, нимадандир кечмасанг нимагадир эришиб бўладими? Кўп ўтмай тест синовлари бошланди. Бошқалар қатори Собиржон ҳам тест топшириб чиқди. Аммо у ҳамма саволларни ўз билганича белгилагани, четдан ҳеч қанақа ёрдам бўлмаганини айтиб, таъбимни тирриқ қилди. Аксинча, улар тест топширган гуруҳдан назоратчилар уч-тўрт кишини хонадан олиб чиқиб кетиб, ёрдам қилганини, беш-олти кишига ўқитувчилар тайёр жавобларни киритиб берганини, яна кимларгадир бошқа абитуриентлар ечиб берганини, хуллас, имтиҳон роса от ўйини бўлганини айтди. Югуриб дўстимнинг олдига бордим, бўлган воқеани тушунтирдим. У эса пинагини ҳам бузмасдан «Хавотир олма, ҳаммаси назоратда, бу ёқда ёрдам беролмаган бўлса, тест марказида тўғрилашади», дея мени тинчлантирди. Кўнглим бироз таскин топиб, ортга қайтдим. Орадан бир ҳафта ўтиб, тест натижалари эълон қилинди. Надоматлар бўлсинки, ўқишга қабул қилинган талабалар сафида ўғлимнинг исми чиқмади. Собиржон бу гал ҳар сафаргидан ҳам катта балл олган бўлса-да, тўлов шартномаси асосида ўқишга кириши учун 9 балл етишмай қолганди. Негаки, кириш балли жуда юқори бўлиб, ҳатто тест саволларига 80 фоиздан зиёд тўғри жавоб берган абитуриентлар ҳам ўқишга киролмаганди. Ўғлим тест топшириб чиққандан сўнг айтган «от ўйинлари» ёдимга тушиб, ғазабим қайнади, юрагим эзилди. Оёғимни қўлга олиб, дарғазаб ҳолатда Луқмоннинг олдига бордим. У: «Оғайни, бунча ичинг тор бўлмаса, сал англашмовчилик бўлса бўлгандир, пулини жиғилдонига сингдирганларнинг ўзи ҳаммасини тўғрилайди, намунча ташвиш чекмасанг!» деб кўнглимни кўтармоқчи бўлди. Гапларига ишонқирамай «Жавоблар чиққан, энди қандай қилиб тўғрлайди?» дея унга ёпишдим. «Эй, сен қишлоқи, ўқимаган, «қўшимча қабул» деган нарсалар бор, ҳозир бир йўналишга юз киши олган бўлса, «қўшимча»га камида тағин шунча абитуриент ўқишга қабул қилинади. «Тем более» ўғлинг рўйхатнинг тепасида турибди, биринчилар қаторида ўқишга ўтади, сенга ўқишга кирса бўлдими?» деди у ҳазиломуз. Кўндим. Кўнмасдан иложим ҳам йўқ эди! Менга қандай қилиб бўлмасин ўғлим ўқишга кириши керак эди-да! Шу сабабли оғайнимга қаттиқ гапирмадим, нега ундай, нега бундай, дея таъна қилмадим. Луқмон қўшимча қабул бир ойлар ичида ҳал бўлади, деганди. Сентябрь ойи бошида яна дўстимнинг эшигини қоқдим. Ҳали вақти келмади, кутамиз, деди. Тағин бир ой кутдик. Натижа бўлмади. Шу тахлит йил охирлади. Мен чориғимни судраб қатнашдан, оғайним эса турфа баҳоналар билан мени алдаб-сулдаб, тинчлантиришдан, авраб-алқаб умидлантиришдан чарчамади. Қуриб кетсин! Йил алмашиб, январь ҳам адоғига етди. Қўшимча қабулдан эса дарак бўлмади. Мен бир-иккита тушунадиган одамлардан сўраб-суриштирдим. Улар биринчи «сместр» тугади, энди ҳеч қандай қўшимча қабул бўлмайди, дейишди. Луқмонга айтсам, шу пайтгача «Ўғлинг шу йил талаба бўлади», деб юрган одам кўзини лўқ қилиб: «Нима ўқиш қочиб кетяптими, бу йил бўлмаса, келаси йил бўлар!» деса бўладими? «Унда бор-будимни сотиб, қулоғимгача қарзга ботиб, оиламни, укаларимнинг оиласини азобга қўйиб нима қилиб аҳмоқ бўлиб юрибман!» дея бақириб кетдим. Луқмон менинг важоҳатимни кўриб яна тулкиликка ўтди. «Ўртоқ, бунақа бўлишини қаердан билай, мен ҳам «окахон»ларнинг гапига ишониб қолдим. Қўй хафа бўлма, икки-уч ойдан сўнг ўқишга қабул бошланади, ўғлингни биринчилар қаторида ўтказамиз», деди безрайиб. «Оғайни, ростини айтсам, одам-подам эмас экансан, пулни қайтар!» дедим ҳафсалам пир бўлиб. Луқмон эса «Бўлди, «окахон»лардан олган заҳоти сенга қўнғироқ қиламан, олиб кетасан», деди елкамга қўлини қўйиб. Бир ҳафта кутдим, қўнғироқ бўлмади. Ўзим телефон қилдим. «Окахон» хизмат сафарига кетганди, келиши билан ҳал қиламан», деб мени тинчлантирди. Шу тариқа тағин икки-уч ой ўтиб кетди. Мен бўзчининг мокисидай қатнашдан, Луқмон эса баҳоналар тўқишдан чарчамади. Бақириб-чақирсам «Нима, сен шунча пулни еб кетади, деб ўйлаяпсанми?» дея зарда қиладиган, яхши гапирсам у ёқдаман, бу ёқдаман, ҳали у, ҳали бу, деб ўзини олиб қочадиган бўлиб қолди. Сабр-бардошим тугаб, бир-икки марта ғиппа бўғзидан олиб ҳам кўрдим. «Эртага пул қўлингда бўлади», деб қасам ичиб қутилиб қолди.

Хом сут эмган банда эканмиз-да! Қўлим билан бериб, оёғим билан ололмай юрганимдан хўрлигим келиб кетарди. Пулинг ошиб-тошиб ётган бўлса-куя, майли, қачон берса берар, деб арқонни узун ташлаб юраверсанг. Бир эмас, бир неча оиланинг ризқини қийиб, бору йўғингни сотиб, бир муттаҳамнинг қўлига берсанг-у, у бемаза, бетофиқ ишингни битирмагани етмагандай пулингни ҳам қайтармай, ойлаб сарсон қилиб юрса, жинни бўлиб қолишинг ҳеч гап эмас экан… Бу томонда жигарларимнинг оилаларида ҳам муоммолар сизиб чиқа бошлади. Укаларим дарди ичларида – жим юрганлари билан келинлар минг бир ниятда, не-не азобда йиққан маблағларидан ажралиб қолганларидан қаттиқ изтиробга тушиб қолишганди… Хуллас, янги ўқув йили ҳам яқинлашиб қолди. Собиржон яна тиббиёт академиясига ўқишга ҳужжат топширди. Пулни қайтариб олсам, бирорта ишончли одам билан гаплашишни кўнглимга туйгандим. Қаерда дейсиз, Луқмондан пулни қайтаришнинг иложи бўлмади. Сўнгги пайтларда у мендан ўзини олиб қочадиган, қўнғироқларимга жавоб бермайдиган бўлиб қолди. Уни кута-кута уйидан ёки дорихонадан топиб олардим. «Нега бунақа қиласан, нега мендан қочасан?» деб жаҳл қилсам, «Мен ҳам қараб турганим йўқ, ўша пулни қайтариб олиш илинжида чопиб юрибман», дерди. Яхши гапириб, муомала қилиб ҳам кўрдим, фойдаси бўлмади. Тўполон ҳам кўтардим. Наф қилмади. Сабр косам тўлди, пичоқ суякка қадалди… Нима қилишга ҳам ҳайрон бўлиб қолдим. Тегишли жойга ёзиб берай десам, бу ёғи ўзбекчилик… Бир томондан синфдошим: қамалиб-нетиб кетса, уволига қоламан. Ўша воқеадан икки кун олдин борганимда қанчалик босиқ бўлишга ҳаракат қилмайин жаҳлимни жиловлай олмадим, «Пулни қайтармайдиган бўлсанг, чавақлаб ташлайман», деганим ҳам рост. У ҳам ўшқирди! Менинг ўрнимда ким бўлсаям шундай қилган бўларди. Лекин Луқмонни ўлдириш хаёлимнинг бир четига ҳам келмаган. Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, уни ўлдирсам менга пулимни ким қайтаради?

– Ўша куни нима бўлганини батафсилроқ айтиб берсангиз, – терговчи мақсадга яқин келди.

– Нимасини айтай… – Самиғ бошини қашлади, – ўша куни қандай фалокат босиб, дорихонага келиб қолдим, билмайман… Бўлмаса, икки кун олдин жанжаллашиб кетгандим. Келишга, учрашишга юрагим безиллаб қолганди. Лекин уйда ҳам тинчлик йўқ эди. Келмасам ҳам бўлмасди-да! Келишдан мақсад вазиятни юмшатиб, ҳеч бўлмаса, пулни қачон қайтаришини оғзидан эшитиш эди. Бахтимга ҳаммаси тескари кетди. Ўша куни соат саккизлар атрофида дорихонага кирдим. Сотув залида ҳеч ким кўринмади. Ичкарига кириб кетган бўлса керак, деган хаёлда бироз кутдим. Шу орада дорихонага бир неча харидор кириб, бир муддат кутиб чиқиб кетди. Тахминан ўн дақиқалар кутгач, лабораторияда бўлса керак, деган ўйда ичкарига кирдим… Не кўз билан кўрайки, Луқмон кўкрагига пичоқ санчилган ҳолда креслода чўзилиб ётарди… Жон-поним чиқиб кетди… Югуриб бориб, пичоқни мурданинг кўксидан суғуриб олмоқчи бўлдим… Шу пайт миямга яшиндай «Аҳмоқ, нима қиляпсан, бу тузоқ-ку!» деган ўй келди. Негаки, ўртоғим жонсиз ётарди, ўлгани аниқ эди. Балки унда ҳаёт белгилари кўринганда ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмай ёрдам беришга шошилган бўлардим. Тирик қолса, нима бўлганини ўзи айтиб берарди. Ўликлар эса гапирмайди… Менинг бу тузоқдан чиқиб кетишим қийин бўларди! Бу тарафдан уришганмиз, ўртада пул муаммоси бор… Шартта ортимга бурилиб, қочиб қолдим. Яхшиямки, залда ҳеч ким йўқ экан. Уйга келиб роса сиқилдим. Бир ёқдан жондай дўстим, бир ёқдан шунча пулга куйиб ўтирганим…

– Сиз дорихонага кираётганингизда бирор шубҳали одамга кўзингиз тушмадими?

– Йўқ, дорихонага киришда ҳеч кимни кўрмадим.

– Дорихонада кутиб ўтирган пайтингизда ичкаридан ҳеч қанақа овоз эшитилмадими?

– Ичкарида нимадир тарақлагандай бўлди. Шундан Луқмон лабораторияда нимадар қилаётган экан-да деган ўйга бордим.

– Балки сиз кирган пайти қотил лабораторияда яшириниб тургандир? Эътибор қилмадингизми?

– Йўғ-э, мен савдо залида кутиб турганимда лабораторияга ҳеч ким кирмади…

– Нима сабабдан сиз турлича кўрсатмалар бериб, терговни чалғитиб келдингиз? – деди Санжарбек жиддий оҳангда.