banner banner banner
Қадр кеча қатралари
Қадр кеча қатралари
Оценить:
 Рейтинг: 0

Қадр кеча қатралари


Шоира Муҳтарама Улуғова шундай эслайдилар:

– Марғилондаги мактабда ишлаб юрганимда «Саодат»га бир туркум шеърларимни юборгандим. Аввалига Зулфия опамлардан жуда илиқ, кишининг қалбига умид бағишлайдиган мактуб олдим. Гўё елкамга иккита қанот боғлаб қўйгандек эдилар. Дунёга бошқача қарайдиган, ҳар ишда ҳикмат кўрадиган бўлдим гўё. Шеърларим журналда босилгандаги менинг қувончимни кўрсангиз эди! Журнал ходимлари кейинроқ шеърлар билан чекланибгина қолмасдан, Марғилондаги ўз ҳамкасбларим, аёллар ҳақида меҳрли очерк ва лавҳалар ёзиб юборишни таклиф қилишди. Ёзганларим Зулфия опамларга ёқиши кераклигини ўйлаб бирам ғайрат қилардимки… Кўп ўтмай бинойи очерклар ёзадиган бўлиб қолдим. Кейин журналга ишга таклиф қилишди. Тошкентга келиб, биринчи бор зўр ҳаяжонда Зулфия опамлар хоналарига кирганимда, улар ўрниларидан туриб, мени бағриларига олиб шундай деганлари эсимда:

– Ҳа, «қатим тортар қизгина», биз билан бирга ишлашни хоҳлайсизми?

Муҳтарамахон устознинг «Саодат» саҳифаларида босилган ўзининг ҳали ғўр ҳисоблаган шеърлари сатрларини ёд айтганларидан ҳайратлангани, кейин Зулфия опамларнинг беназр меҳрлари унинг ҳаёти ва ижоди йўлини белгилаб бергани ҳақида ҳанузгача тўлқинланиб сўзлаб юрадилар.

Зулфияхоним тарбиялаб, оқ фотиҳа бериб, ижод йўлига солиб юборган шоира, журналист, ёзувчи, таржимонлар қанча! Уларнинг аксарияти эндиликда ҳар бири ўзича бир дунё, аммо бир чеккаси Зулфияхонимга бориб тақаладиган, ҳамон бу туганмас уммондан баҳраманд дунё!

– Сизларни кўриб қувнайман, – дегандилар бир куни Зулфия опамлар, уларни таваллуд кунлари билан табриклагани келганимизда. – Қачон ва қаерда бўлмасин, кўчадами, йиғиндами, сизларга ўхшаган «қизларим»нинг кўзида ўзингга нисбатан меҳрни, ардоғни кўриб, ҳис қилиб юриш кишига катта бахт экан. Мен чин дилдан ҳаммангизга ҳам ана шу бахтни – дўст меҳрини, эрингиз меҳрини, ўқувчи меҳрини ҳамиша туйиб юришингизни истайман!

Зулфия опамлар қалбларда иштиёқ уйғота билардилар, ҳаммамизни ҳаяжон билан яшашга ўргатгандилар. Киши бошига тушадиган ғам-ташвиш, дардларга чидаш кераклигини, уни енгишга ҳам матонатни ўз руҳимиздан, қалбимиздан, яъни ўзлигимиздан топиш кераклигини уқдирардилар. Зарра бахтда улкан шукроналикни кашф қилишни, ҳаётнинг яхши томонини кўра билишни юқтирар эдилар…

Устозимизнинг Қалблари, Истеъдодлари шундай буюк уммон эдики, ундан биримиз ёниқликни, биримиз ҳассосликни, биримиз жасоратни, биримиз енгувчанликни, биримиз қатьиятни, биримиз фидойиликни, биримиз… хуллас кўп фазилатни олдик. Ҳамон Зулфия опамларнинг кўп фазилатларини кашф қилиб, яна бу туганмас уммондан кўп қирраларини ўзимизга олаяпмиз, яъни «юқтираяпмиз»…

БОЙЧЕЧАК

Зулфия опамлар баҳорнинг илк кунида таваллуд топганлар. Ҳар йили шу қутлуғ кунда, маълум вақт – тушликда биз, у кишининг ибораси билан айтганда «Саодат» нинг саодатли қизлари» ва дўстлари устозимизни муборакбод этгани уйларига йиғиламиз. Ҳар биримиз таклифсиз, қўнғироқсиз шаҳри азим Тошкентнинг турли идораларидаги ўз ишимизни қўйиб, энтикиб-энтикиб келаверамиз… Кўпинча узоқ-яқин вилоятлардан имконини топган дугоналар ҳам етиб келишади.

Назарлари тўқ бўлгани учун Зулфия опамларга таваллуд кунлари нима совға олиб бориш ҳеч қачон муаммо бўлиб йўлимизни тўсган эмас. Энг яхши совға ҳамиша гул эди. Меҳмонхоналари доим гулга тўлиб кетарди. Яна у кишига энг катта совға – биронтамизнинг яқинда чиққан китобимиз, газета ёки журналда босилган туркум шеъримиз, публицистик мақоламиз бўларди. Шундай совға билан келганлар Зулфияхонимнинг бағриларига сингиб кетар, ўша куни у кишининг ёнларидан жой оларди. Бундай сийланишга ҳаммамиз неча мартадан сазовор бўлганмиз!

Ҳар шундай ташрифимизда гўзал, маъсум, виқорли гулдасталар ичида жажжи идишчадаги бойчечакка кўзимиз тушади. Ажабо, кейинги йилларда биз унинг катта гулдасталар орасида туришига шундай ўрганиб қолдикки, назаримда у ҳаётимизда мен ифодалаб бера олмайдиган бир маъно касб этди.

Табиат уйғониши, баҳор келишининг илк жарчиси ҳисобланган, сой бўйи-ю тоғу тошларда ҳали изғирин вақтидаёқ муз ёриб гуллайдиган бу мурғак чечак ҳаммамизни ҳаяжонга соларди. Унинг кишининг томирларида илиқ тўлқин уйғотадиган буюк қудрати бор эди. Зулфияхоним бу жажжи чечакни жуда яхши кўрадилар! Уни ҳаммамиз ҳам «Омонлик-омонлик!» дея кўзимизга суртамиз!

Биз яшайдиган шаҳри азимдан анча узоқ далаю даштлардами, тоғ ёнбағриларидами ҳали изғирин этагини тамом йиғиб олмай, баҳор эрка рухсорини дадил очмасидан туриб очилган ва Зулфияхоним севинсинлар, саксонинчи баҳорда «Омонлик!» деб кўзларига суртсинлар деб, бир сиқим жон озиғи – ўз тупроғи билан бирга юборилган табиатнинг бу бокира муждасига қараб ўйлайман… Ўйлайман…

Табиат, Ҳаёт, Гул, Зулфияхоним, Биз, Яралиш ва Яратиш ўртасида не ришталар бор?!

Ўйлайман…

Зулфия опамлар бизга дунёга бошқача қарашни ўргатмадиларми?

Юрагингга не зарбалар келиб текканида ҳам, деворларига не довул ва тўфонларнинг пўртана тўлқинлари келиб урилганида ҳам унинг ичидаги Ҳаётга, Табиатга, Онага, Ватанга, Муҳаббатга, Фарзанд деб аталмиш буюк ва сирли мавжудодга бўлган меҳр чироғини ўчирмай қолиш сирини бизга Зулфия опамлар ўргатмадиларми?

Ўйлайман…

Ўзи жажжигина бўлган бу чечак қалбимда катта ўйлар уйғотади. Ёнимдагиларга – «Зулфияхоним қизлари»га қарайман. Ҳар йили даврамиз яна ҳам кенгайганини сезаман. Назаримда, улар дилидан ҳам КАТТА ўйлар кечаётганга ўхшайди. Ёрқин, Эзгулик, Истиқбол ва Истиқлол ўйлари! Бу ўйларни шу чечак каби бокира асраб қолишда бизга Зулфия опамлар ва шу хонадондан тўйиб симирганимиз ажиб бир кўтаринкилик руҳи мадад беради.

«ЗУЛФИЯХОННИНГ ҚИЗИ»

Арпапоя кўчасидаги тушунтирилган дарвозани қоқдим.

Эшик очилиб, қаршимда тўладан келган, майда тароқ қора атлас кўйлак кийган, кўзлари кулиб турган аёл пайдо бўлди.

– Ассалому алайкум! Домла Ғафур Ғуломнинг уйларими? – сўрадим аста.

– Ваалайкум ассалом! Адашмадингиз, қизим, Ғафур Ғуломнинг уйлари, – менга ажабтовур куч бергувлик бир илиқлик билан жавоб берди аёл. – Қани, ичкарига марҳамат қилинг!

Гулу райҳонлар бош эгиб турган узун йўлкадан бораборгунча мен «Саодат» журналининг топшириғи билан келганимни, Мавлоно ваъда қилган шеърни олиб кетишим кераклигини тушунтирдим.

Муҳаррам опа (Ғафур Ғуломнинг умр йўлдошлари исмини Зулфия опамлар жуда иззат билан айтган эдилар) мени ёруғ ва шинам меҳмонхонага олиб кирдилар-да ўзлари тепага, Ғафур Ғулом ижодхонасига кўтарилдилар. Атрофга назар солар эканман, зина тепасидан у кишининг майин овозлари эшитилди:

– Зулфияхонга шеър ваъда қилган экансиз, олиб кетгани қизларини юборибдилар…

«Зулфияхоннинг қизи»… Ичимдан қандайдир иссиқ тўлқин кўтарилгандек бўлди. Сезиб турибман – юзларим ёниб кетаяпти.

– Ҳа, телпунда Зулфиябегим билан гаплашгандим. Озгина чаласи бор. Меҳмон қизни чой билан сийлаб турасиз, мен битириб берай…

Бу минбарлардан, радиодан кўп бора эшитганим, талай кишилар овози ичидан бехато ажратиб олса бўладиган Ғафур Ғуломнинг ўзига хос таниш овозлари эди. «Телпун» ҳам Ғафурона ибора.

Муҳаррам опа қайтиб тушиб столга дастурхон ёза бошладилар. Мен раҳмат айтиб, овора бўлмасликларини, агар ижозат берсалар, ҳовлидаги чиройли гулларни томоша қилмоқчи эканимни айтдим.

Муҳаррам опа илтимосимга жуда илиқ кулиб розилик бердилар. Кейин билсам, бу гулларнинг аксариятини у кишининг ўзлари ўтказиб, ҳаммасининг ўзига хос инжиқлигига қараб парвариш қилар эканлар. Анча суҳбатларини олдим.

Шеър битиб, Ғафур ака пастга тушганларида биз Муҳаррам опа билан ошхонада тушликка манти тугаётган эдик. Ғафур Ғулом саломимга алик олгач, билмадим ўзлари бот-бот «Саодат» га борганларида ўша ерда мени кўрган бўлсалар, таниганларига шаъма қилибми ёки аллақачон Муҳаррам опа билан апоқ-чапоқ бўлиб олганимдан мамнун бўлибми, Ғафурона думалоқ қилиб ўралган шеърни менга узатар эканлар:

– Ҳа, ҳақиқатан Зулфиябегимнинг қизи экан, – дегандилар.

«Зулфияхоннинг қизи»… Ҳамид Олимжоннинг волидаи муҳтарамалари Комила аядан, мавлоно Шайхзода, Собир Абдулло, Ойбек домла, Миртемир домла, устоз Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Асқад ака ва яна кўплардан бот-бот эшитардик бу иборани.

Меҳр билан айтилган бу сўзларни ҳар биримиз бир умрга татигулик мукофот сифатида қабул қилардик.

«…УЛАР БИЗНИ – БУЮК БИЛИШАДИ!»

Идорада Собиржон ака деган ҳайдовчимиз бор эдилар. Алишер Навоий кўчасидаги улкан бино олдида қатор турадиган «катталар»нинг енгил машиналари ичида Зулфия опамларнинг машиналари доим ярақлаб, бошқалардан ажралиб турарди. Республика бўйича биттагина аёл Бош муҳаррир эдилар-да! Собиржон аканинг ҳам ўзларига яраша феъллари бор эди. Машинага «эгаси»дан бўлак ходимларнинг минишини истамаётганлари шундай юзларидан билиниб турарди. Аммо Зулфия опамларни жуда ҳурмат қилар, ҳар топшириқларини сўзсиз ижро этардилар. Зулфия опамлар баъзан идорага келганларидан сўнг, биронтамиз пастга тушиб «Фалончи шоир ёки ёзувчиникига бориб келишимиз керак экан, журналга асарларидан беришни ваъда қилган эканлар!» десак, Собир ака албатта:

– Мен ўзим ҳам олиб келаверардим… – дер, аммо айтганни бажарардилар.

Таниқли адиблар, муаллифлар билан муомала масаласида Зулфия опамлар жуда «қаттиқ» турардилар. Журналга топширилган асар ҳақида икки-уч кун ичида муаллифга фикр билдирилар, яхши асари билан табриклаб, биз билан ҳамкорлиги учун миннатдорлигимизни айтардик. Бу – биз учун асосий қоида эди. Айтиш керакки, катта адибларнинг ҳам журналга, журнал ходимига муомаласи шунга яраша ҳурматли бўларди. Ғафур Ғулом, Ойбек домла, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Саида Зуннунова, Мирзакалон Исмоилий, Музайяна Алавия каби элимиз севган адиблар журнал учун ўз асарларини олиб келишганда, аввал тегишли бўлим ходимига учрашишар, кейин биргаликда Зулфия опамлар ҳузурларига кирардик. Адиблар журнал топшириғини бажарганлигидан хурсандликларини айтишар, журнал ва адабиёт, жаҳон адабиётида довруқ бўлган янги асарлар ҳақида гаплашиб, бирпас чақчақлашиб кетишарди. Эркак ёзувчи ва шоирлар билан хонада ёлғиз қолишни ўзларига эп билмайми ёки бу суҳбатлар бизга жуда кераклигини ҳис қилибми, Зулфия опамлар кўпинча бизга ҳам «кириб ўтиринглар» деб ишора қилардилар. Асарни биринчи бўлиб ўқиганимиздан, журналда ўз ўрнимиз борлигидан хурсанд бўлардик. Айтиш керакки, бу ҳам «Зулфия мактаби»нинг ўзига яраша сабоғи эди. Бундай суҳбатлардан кейин биз, ёшларнинг одимимиз дадилроқ, фикримиз тиниқроқ, қаламимиз ўткирроқ, ўзимизга ишончимиз кучлироқ бўларди.

Адиблардан журнал учун тайёрлаб қўйган асарларини шунчаки олиб келиш керак бўлса, бу ишни бажариш ҳайдовчимиз қўлидан келарди, албатта. Аммо Зулфия опамлар адибнинг уйига журналнинг тегишли бўлим бошлиғи ёки ходимини юборардилар. Биз эса даврнинг буюк адиблари билан учрашиб, катта адабиётга дахлдорлигимизни ҳис қилардик. Бундай учрашувлар ҳали ҳам қалбимизни илитади.

– Абдулла ака даволаниш учун эртага Москвага учиб кетяптилар, – дедилар Зулфия опамлар менга эрталаб ишга келганларида. – Кеча хайрлашиб келай деб, уйларига ўтгандим. «Муҳаббат» қиссаларини ёзиб тугатибдилар. Бугун нашриётга топширар эканлар. «Саодат»га парча беришни илтимос қилгандим. Эрталаб тайёрлаб қўйишни ваъда қилдилар. Ўзингиз уйларига ўтиб, олиб келсангиз яхши бўларди…

1968 йил баҳори эди ўшанда. Абдулла Қаҳҳорнинг шаҳар марказидаги коттеж уйларига кириб борганимда ҳовлида бир туп настарин қийғос гуллаган экан. Кибриё опа мени меҳмонхонага бошлаб кирдилар-у «Мен ҳозир…» деганларича шошиб ошхонага кириб кетдилар. У ердан қизиган ёғда пиширилаётган қатламанинг ёқимли иси келарди…

Салом бериб меҳмонхонага кирганимда, у ерда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти директори ёзувчи ва шоир, драматург Ҳамид Ғулом ва «Шарқ юлдузи» журналининг бош муҳаррири ўринбосари Ваҳоб Рўзиматовлар ўтиришарди. Беихтиёр Зулфия опамларнинг «Эртага қиссани нашриётга топширар эканлар» деганлари ёдимга тушди. Таниқли адиблар ҳам хайрлашгани, ҳам асарни олиб кетгани ўзлари келишганини тушундим. Домла Абдулла Қаҳҳор чуқур креслода, қалин адёлга ўралган иккала оёқларини иккинчи креслога узатганларича ўтирардилар. Биз ҳамиша нурли кўришга ўрганган юзлари салқиган, кўз остлари сал қорайгандек эди. Домла оғриқни билдирмасликка уринар, шунданми лаблари ингичкалашиб, қимтилган эди…

– Зулфияхон «қизларим олиб кетишади», дегандилар. Кибриё опангиз билан кечқурун «Саодат»га аталган парчани машинкадан чиқариб қўйдик. Ҳозир Кибриёхон олиб берадилар. Маъқул бўлади, деб умид қиламан… Агар қиссанинг ўзи билан тўлиқ танишмоқчи бўлсангиз, ана, Ҳамиджон ўқишга бериб турадилар…

Сўнгги гап билан Абдулла ака «агар мен танлаган парча Зулфияхонга маъқул келмай, бошқа парча танламоқчи бўлсангиз…», демоқчи эканларини тушундим, албатта. Зулфия опамлар журналда бериладиган ҳар бир асарга жуда талабчан эдилар. Буни муаллифлар ҳам яхши билишарди. Абдулла аканинг сўзларига жавобан, Ҳамид Ғулом бош ирғаб қўйдилар. Бу розиликдан мен тез кунда фойдаланганим ҳам эсимда. Абдулла ака Кибриё опа билан тайёрлашган парча журналнинг икки сонида берилди. Лекин севимли ёзувчимизнинг қиссалари китоб бўлиб чиққунича ёки «Шарқ юлдузи»да тўлиқ босилгунича (у вақтлар бунга кўп ойлар кетарди) сабрим чидамай, нашриётдан қўлёзмани бир кечага олиб, ўқиб чиққанман.

Матн ниҳоятда текис ва озода эди. Кўз олдимга икки кекса ижодкорнинг тун оғгунча машинка чиқиллатиб ўтирганлари келди. Катта ёзувчиларда аввало ўқувчи олдида, таҳририят олдидаги масъулият жуда кучли эди. Ҳозирги ёшлар ижод қилганда қалам-қоғоз билан ишламай, матнни тўғридан-тўғри компьютерга ёзадилар. Кейин уни флешкага кўчириб, чўнтакларининг бир четида ёки қўл телефонларининг қулоғига илиб таҳририятга олиб борадилар. Ходим кўрсатган файлга кириб бир зумда асарларини таҳририят компьютерига кўчириб, «иш топширадилар». Улар туни билан машинкани чиқиллатиб чиқиш азобини билишмайди… Ижод қилишнинг «ибтидоий» гашт-сурурини, қоғознинг, сиёҳнинг ажиб ҳидини билишмайди… Қолаверса, асарни папкага солиб, фарзандингни қучгандек бағрингга босиб, нашриётга олиб боришнинг ҳам ўзига яраша гашти бор!

Кўп ўтмай Кибриё опа ошхонадан бир лаган иссиқ балиш кўтариб чиқдилар. Ҳаммамизни дастурхонга яқинроқ ўтиришни таклиф қилдилар.

– Балиш пиширишда опангиз татар аёлларидан ҳам ўтиб кетади! – хонада ҳукм сурган вазминликни тарқатиш учунми ҳазиллашдилар Абдулла ака.